Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Саодатли хонимлар
CАВДА БИНТ ЗАМЪА
розияллоҳу анҳо
1-савол: Хадижа розияллоҳу анҳонинг вафотидан кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уйланган биринчи аёл ким бўлган?
Жавоб: Савда бинт Замъа.
2-савол: У кишининг онасининг исми нима бўлган?
Жавоб: Шаммус бинт Қайс ибн Зайд.
3-савол: Савда бинт Замъа Қурайшнинг қайси қабиласидан эди?
Жавоб: Бану Омир қабиласидан бўлган.
4-савол: Савда бинт Замъанинг насаби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг насаблари билан қайси боболарида бирлашади?
Жавоб: Тўққизинчи боболари Луайда туташади.
5-савол: У киши қаерда туғилган?
Жавоб: Маккаи мукаррамада.
6-савол: Савда бинт Замъанинг биринчи турмуш ўртоғи ким эди?
Жавоб: У кишининг биринчи турмуш ўртоғи амакиваччаси Сакрон ибн Амр розияллоҳу анҳу бўлган.
7-савол: Савда розияллоҳу анҳо Исломни қачон қабул қилган?
Жавоб: Савда розияллоҳу анҳо ва у кишининг турмуш ўртоғи Сакрон розияллоҳу анҳу пайғамбарликнинг илк даврларидаёқ Исломни қабул қилганлар.
8-савол: Савда розияллоҳу анҳо биринчи турмуш ўртоғи Сакрон розияллоҳу анҳу билан биргаликда қайси ҳижратда[1] иштирок этган?
Жавоб: Улар Ҳабашистонга қилинган иккинчи ҳижратда иштирок этганлар.
9-савол: Савда розияллоҳу анҳонинг турмуш ўртоғи Сакрон розияллоҳу анҳу қачон вафот этган?
Жавоб: Ҳабашистондан Маккага қайтгач.
10-савол: Савда розияллоҳу анҳонинг куняси нима эди?
Жавоб: У кишининг куняси Уммул Асвад бўлган.
11-савол: Савда розияллоҳу анҳонинг турмуш ўртоғи Сакрон розияллоҳу анҳу қачон вафот этган?
Жавоб: У Ҳабашистондан Маккага қайтгач вафот этган.
12-савол: Савда розияллоҳу анҳога уйланишни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга ким тавсия қилган?
Жавоб: Ҳавла бинт Ҳаким розияллоҳу анҳо тавсия қилган.
13-савол: Ҳавла бинт Ҳаким Савда розияллоҳу анҳонинг отасига Пайғамбаримиз алайҳиссалом учун совчилик қилиб борганида у киши қандай жавоб берди?
Жавоб: Савда розияллоҳу анҳонинг отаси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам қизига жуда муносиб эканларини, лекин Савда розияллоҳу анҳонинг хоҳишини сўраб кўришни айтди.
14-савол: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Савда розияллоҳу анҳога қачон уйланганлар?
Жавоб: Ҳижратдан аввалги тўртинчи йил / нубувватнинг ўнинчи йили шаввол ойи / милодий 619 йилнинг май-июнь ойларида.
15-савол: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Савда розияллоҳу анҳога уйланганларида бу мўминлар онасининг ёши нечада эди?
Жавоб: У киши эллик ёшда эди.
16-савол: У кишига берилган маҳр миқдори қанча бўлган?
Жавоб: 400 ёки 500 дирҳам бўлган.[2]
17-савол: Хадижа розияллоҳу анҳонинг вафотидан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёш қизларини ким бағрига олиб, уларга ғамхўрлик қилган?
Жавоб: Мўминлар онаси Савда розияллоҳу анҳо.
18-савол: Мўминлар оналари орасида энг баланд бўйли ва энг тўла бўлгани ким эди?
Жавоб: Улар ичида энг баланд бўйлиси ва энг тўладан келгани Савда розияллоҳу анҳо эди.
19-савол: Мўминлар оналари орасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга турмушга чиққан вақтда ёши энг каттаси бўлган аёл ким эди?
Жавоб: Савда розияллоҳу анҳо.
20-савол: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилаётган вақтларида никоҳларида нечта аёл бор эди ва уларнинг исмлари нима эди?
Жавоб: Бу пайтда никоҳларида иккита аёллари бор эди. Улар: мўминлар оналари Савда ва Оиша розияллоҳу анҳумо. Лекин Оиша розияллоҳу анҳо у зотга никоҳлангани билан ҳали биргаликдаги оилавий ҳаётни бошламаган эди.
[1] Аввал айтиб ўтилганидек, «ҳижрат» сўзи кўчиб ўтиш деган маънони билдириб, Макка мушриклари Исломга ва мусулмонларга шиддатли қаршилик кўрсатаверганидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даврларида учта ўзга юртларга кўчиб ўтиш – ҳижрат бўлган: икки марота Ҳабашистонга, бир марта Мадинаи мунавварага.
[2] 200 дирҳам (кумуш танга) ёки 20 динор (тилла танга) закот нисобидир. Демак, Савда онамизнинг маҳри 2-2.5 нисоб миқдорича бўлган экан. Аксар оналаримизнинг маҳрлари шунча бўлган.