Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Буюк соҳибқирон Амир Темур Хитой урушидан қайтгандан сўнг Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратларининг шарафига атаб мадраса ва мақбара қуришни ният қилади, аммо уни амалга ошира олмайди. Бу эзгу ниятни кейинчалик Мирзо Улуғбек амалга оширади. 1433 йилда ёшларнинг Қуръон, ҳадис, фиқх ва тафсир илмларини ўзлаштириши учун Улуғбек мадрасасини, Ғиждувон шаҳрида кутубхона ва тошҳаммом қурдиради.
Кейинчалик Бухоро амири Абдуллахон Абдулхолиқ Ғиждувоний шарафига атаб масжид, минора ва ҳовуз барпо этади. Абдуллахон II даврида Жўйбор шайхи Хожа Саъд томонидан бутунлай қайта тикланган ва йирик маданият ва маърифат маскани вазифасини ўтаган.
Собиқ шўролар даврида, 1957 йили ҳовуз кўмиб ташланади, масжид ва мадраса селитра, аммафос каби кимёвий ўғитлар сақланадиган омборхонага айлантирилади.
Юртимиз мустақилликка эришгач, 2003 йили Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратларининг қабрининг устида ўн устунли айвон янгидан барпо қилинди. Мақбара ёнида 1500 кишини сиғдира оладиган янги жоме масжид қурилиб, шўролар даврида кўмиб ташланган ҳовуз ва қудуқ қайта тикланади...
Мана шундай узоқ йиллик тарихни жамлаган Абдухолиқ Ғиждувоний меъморий мажмуасида қурилган “Хожаи Жаҳон” жоме масжиди бош имом-хатиби Ориф Амонов хайрли ишга қўл урди. Масжид ёнида жойлашган Улуғбек мадрасаси ичида кутубхона очилишига бош-қош бўлдилар.
Кўпчиликни “Бу кутубхонага китоблар қаердан олиб келинди?” деган савол қизиқтириши табиий. Энг ҳайратланарлиси, бу китобларни вилоятимизнинг турли туманларидан бўлган илмсевар юртдошларимиз тақдим этдилар. Қалбларни қувончга, шукуҳга тўлдирадиган яна бир томони шуки, илмсевар юртдошларимизнинг аксарияти муслима опа-сингилларимиз бўлишди. Улар ўзлари яхши кўрган китобларини кутубхона учун садақаи жория қилдилар.
Садақаи жория нима дегани? Савоби доимо оқиб турувчи хайрли иш. Халқ учун хизмат қиладиган манфаатли бирор нарса дегани! Садақа сўзи “сидқ” сўзидан олинган. Яъни, банда мана шу қилган иши билан ўзининг Аллоҳ таолога бўлган садоқатини кўрсатади, дегани!
Халқимизнинг диний-маърифий билимларини мустаҳкамлашда, динимиз мусаффолигини таъминлашда ташаббус кўрсатган, қолаверса, ўзининг Аллоҳга бўлган садоқатини кўрсатган юртдошларимизга, хусусан, муҳтарама опа-сингилларимизга Аллоҳ таоло ажрларини ёғдирсин. Шунингдек, кутубхона очилишида бош-қош бўлган мутасаддиларимиздан, кутубхонани қуришда ҳормай-толмай меҳнат қилган уста ака-укаларимиздан Аллоҳ рози бўлсин. Юртимиз, халқимиз учун қилган садақаи жориялари икки дунё саодатига сазовор қилсин.
Шаҳноза Назарова,
Ғиждувон тумани бош отинойиси