Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бахт бойликнинг кўплиги, мансабнинг катталиги, фарзанднинг кўплиги, бирор фойдага эришиш ва моддий илмда эмас.
Бахт маънавий тушунча бўлиб, уни кўз билан кўриб бўлмайди, ҳажм билан ўлчаб бўлмайди, уни бирор хазина сиғдира олмайди, доллар ёки тиллога сотиб олиб бўлмайди.
Бахт бу инсон ҳис қиладиган нафс софлиги, қалб хотиржамлиги, кўнгил кенглиги ва инсон ички дунёсининг роҳат олишидир.
Бахт инсоннинг ичидан отилиб чиқади. Ташқаридан олиб келинмайди. Агар бахтни дархат деб ўйласак, у ўсадиган жой инсон нафси ва қалбидир. Аллоҳ таолога ва охират кунига имон келтириш бу дарахтнинг ичадиган суви, озуқаланадиган таоми, нафас оладиган ҳавоси ва тобланадиган нуридир.
Мисрлик адиб Мустафо Лутфий Манфалутий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Дунёда бахтли бўлиш учун ички олам чиройли бўлиши, хотиржам нафс ва олийжаноб қалбнинг бўлиши кифоя”.
Шоир айтади:
Мен бахтни бойликдан ахтармам асло,
Молу мулк жамлашда йўқдир саодат.
Бутун хайрларнинг тамали тақво,
Унинг соҳиблари бахтли бағоят.
Ривоят қилинишича, эр хотинига ғазаб ва жаҳл билан: “Сени албатта бахтсиз қиламан”, дебди. Хотин хотиржамлик билан: “Мени бахтли қила олмаганингиз каби бахтсиз ҳам қила олмайсиз”, деб жавоб берибди.
Эр янада қутириб: “Қандай қилиб бу иш қўлимдан келмас экан?!” деди.
Хотин ишонч билан: “Агар бахт ойлик нафақада бўлса, уни бермаслигингиз мумкин ёки тақинчоқ ва зеб-зийнатда бўлса, улардан маҳрум қилишингиз мумкин. Лекин бахт сизнинг ҳам, бутун инсониятнинг ҳам қўлида эмас!” деди.
Эр ҳайратдан лол бўлиб сўради: “Унда бахт нима экан?”.
Хотин аниқ ишонч билан: “Мен бахтимни имонимдан топаман. Имоним эса, қалбимда. Қалбимга эса, Парвардигоримдан ўзга ҳеч ким эгалик қила олмайди!” деб жавоб берди.
Ривоят қилинишича, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Аллоҳ таолога дуо қилиб, ўзларига кампирларнинг имони каби имон сўраган эканлар! У зот олимларнинг имони каби имон сўрамаганлар. Чунки кампирларнинг имони хотиржам, сокин ва чуқур имон бўлиб, унга гумон ёки шак аралашмайди. Бу имон оддий ва содда имондир. Улар Аллоҳ таолога имон келтиришни қуйидагича идрок этадилар: “Аллоҳ таоло барча нарсани яратган, ҳар бир нарсани бошқаради, яхши кўрган бандасига яхшиликни инъом қилади, Ўзига имон келтирмаган кишига ўша заҳоти ёки келажакда, албатта жазо беради”.
Ким илтижо қиладиган, суянадиган куч ва мусибатларда ёрдам оладиган зот Аллоҳга имон келтирмаса, бамисоли пойдевори ва устунлари йўқ уйга ўхшайди.
Шу сабабдан, ҳаётдаги энг бахтсиз инсонларнинг кўпи худосизлар эканини кузатишимиз мумкин! Улар кўп бойликка эга, тўкин-сочин ризққа ҳам эга. Лекин бошига бирор мусибат тушиши билан ўзини тўхтата олмайди. Чунки нафснинг табиати шундайки, у йўқ бўлишдан қўрқади. Мўмин киши эса, хурсандчилик вақтида ҳам, хафачилик вақтида ҳам, бошига қандай кулфат тушмасин, Аллоҳга ҳамд айтади. У улуғ кучга, мустаҳкам қўрғонга таянади. Агар дунёда бирор яхшиликка эриша олмаса, охиратда эришишни умид қилади. Агар бугун унинг омади келмаган бўлса, Аллоҳ таоло эртага омадини беришини умид қилади...
Давоми бор
Доктор Ҳассон Шамсийнинг "Бахт улашинг" китобидан
Раҳматуллоҳ Махсумхонов таржимаси
T.me/muslimaatuz