Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аёл киши бу ўз эрки ва ихтиёрига эга бўлган мустақил шахс. Кўп ҳолатларда ажралиш қиз болани унинг хоҳиш ва ихтиёрига зид равишда, у билан заррача ҳисоблашмаган ҳолда эрга бериш туфайли рўй беради. Шундай ҳолатда эрта ёки кеч бу оила бузилиш хавфида қолади. Ёки аёл ўз ота-онасининг обрўси тўкилмаслиги ва сиқилмасликлари учун ўзини қурбон қилади, ўз ҳаётини ва ёшлигини барбод қилади. Бу жуда адолатсиз ва аянчли воқелик.
Ислом дини шариатига кўра, қиз бола ёки аёл унинг истагисиз, у хоҳламаган кишига мажбурлаб эрга берилмайди. Унинг хоҳишига қаралади, фикри эътиборга олинади.
Тезроқ эрга бермаса, ўтириб қолади, деган нотўғри тушунчага қаттиқ ёпишиб, ўз қизини у истамаган кишига турмушга бераётган ота-оналар ўз фарзандларига зулм қилаётганларини билмайдилар.
Қиз боланинг индамаслиги ҳар доим ҳам розилик аломати ҳисобланмайди. Ўз хоҳиши ва истагини ота-онасига дадил айта оладиган оилада бу розилик аломати бўлиши мумкин. Аммо ота-онасига ичидагини гапиришга журъат қилолмайдиган қизнинг сукути розилик сукути бўлмаслиги мумкин.
Мен яқиндан таниган бир оила уйларига йиллар давомида совчи келса ҳам қизларига маъқул бўлмагани туфайли йиллар давомида совчиларни рад қилишди. Қанча одам таънаю маломат қилди, қиз болани тез эрга бериш керак, деб. Лекин, ота-она уларга "қизимизга маъқул бўлмаса, мажбурлай олмаймиз-ку, ахир?! Ўз ҳаётига тааллуқли нарсада ўзи қарор бериши керак", дейишди. Бу оила жуда ҳам динни тушунган оила эди. Охири, қизларига ҳам муносиб бўлган жойдан совчи келди. Куёв бўлмиш унга маъқул келди ва тўй ҳам бўлди. Мана ҳозир, алҳамдулиллаҳ, жуда бахтли ва саодатли умр кечиришяпти.
Айтмоқчи бўлганим, қиз фарзанд ҳам худди ўғил фарзанд каби ўз ҳаётига тааллуқли орзу ва истакларга эга бўлган мустақил ва лаёқатли шахс саналади улуғ динимиз таълимотига кўра. Уни "ўтириб қолади" деган қўрқув туфайлигина дуч келган одамга мажбурлаб узатиш унга нисбатан зулмдир. Ҳатто, жоҳилият араблари ҳам қизларини мажбурлаб эрга бермаганлар.
"Тинч ҳаёт кечириш" деганда ўз ҳаётидан норизо бўлса-да, зулм ичида эзилса-да, товушини чиқармай, ота-онасининг зоҳирий обрўсини ўйлаб сабр қилаётган аёл тушунилмайди. Тарозунинг иккита палласи бор. Динда ажралиш жорий қилинишининг сабаби ҳам мана шундай ҳолатдаги инсонларни қутқариш учун бўлган. Аёл киши ўз ҳаётини заҳарлаб, заққумни ичига ютиб, бутун умрини қурбон қилиб, "тинч ўтириши" мақталган ва тарғиб қилинган иш эмас.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ўз эридан хулъ йўли билан ажралиш учун келган айрим аёлларнинг кўрсатган сабаби ниҳоятда иккинчи даражали бўлиб кўринадиган сабаблардан бўларди баъзан. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни койиб, насиҳат қилиб, ўтир сабр қилиб, демасдилар. Хоҳишини инобатга олиб, ажралиш сабаби аёлдан бўлаётгани учун маҳрни қайтариш эвазига орасини ажратиб қўярдилар.
Ислом дини ифрот ва тафрит орасида мўътадил бўлган диндир. Албатта, оила бузилиши мусибат. Аммо, ичидан бузилиб бўлган, эр ҳам, аёл ҳам бир-бирига тоқат қилолмайдиган оилани сунъий равишда, мажбурлаб ушлаб туриш динимизга мувофиқ бўлган иш эмас. Аксинча, баъзан ажралиш даво бўлади.
Ажрашиш мутлоқ ёмонлик бўлганда бу иш асло машруъ қилинмаган ва умматнинг энг афзали бўлган инсонлар ҳаётида рўй бермаган бўларди.
Юқорида келтирганим қизларининг хоҳишини инобатга олган ва охири яхшилик билан якун топган оила муқобилида яна бир оилани биламан. Хуллас, қизлари узатилган жойда йиллар давомида зулмда яшаган. Ҳар сафар зулмдан тўйиб, ота-онасининг (аслида ўз уйи) уйига келганда ота-онаси уришиб койиб, зўрлаб олиб бориб қўяверишган. Тур йўқол уйингга, бизни эл-юртга шарманда қилма, ўтир овозингни чиқармай, дея ўзларининг мазлума, ожиза қизларини эшитишмаган. Охири, бирдан шу қиз ўша келин бўлиб тушган жойида ўзини осиб, аччиқ ҳаётига нуқта қўйган. Албатта, ўзини ўлдириш гуноҳи кабира. Аммо, аёл кишининг руҳияти бузилиб, қаттиқ стресс ва руҳий травма оқибатида нима қилаётганини чуқур ўйлашдан ожиз қолади. Шу аёлнинг норасида гўдаклари етим қолди.
Бунга сабаб эса унинг дардини эшитмаслик, масалани адолат билан ҳал қилмаслик ва онгимизга сингиб қолган нотўғри тушунчалар, бузуқ стереотиплар, сохта обрўларга қурбон қилиниши бўлган эди.
Қиз боланинг ота уйига зулм кўргани туфайли ажрашиб қайтиб келиши ҳаётда учраши мумкин бўлган ҳолат. Бу - эвазига ўз фарзандини қурбон қилишни оқлайдиган даражада уят ва иснод эмас. Балки, тақдир тақозоси, ҳаётнинг пасту баландларидан биридир. Ҳатто, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг айрим қизлари адоват туфайли қайтарилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни икром қилиб, босим ўтказмасдан вақти келганда қайта узатганлар. Баъзи ҳадисларида қайтарилган қизни икром қилган инсонга Аллоҳнинг марҳамати насиб бўлишини сўраб дуо қилганлар.
Алишер Султонходжаев