Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Меҳмонхонада:
1. Меҳмонхоналарда 2, 3, 4 кишилик хоналар берилади. Одатда битта хонага иккитадан пластик картага ўхшаш калит беришаркан. Сиз ҳар бирингизга биттадан беришларини сўранг. Ҳеч қандай муаммосиз беришаркан. (Мен буни бугун билдим.) Шунда шерикларингизни кутиб ўтирмасдан, истаган пайтингизда кириб, чиқиб, қулфлаб кетаверасиз.
2. Нонушта ва кечки таомга охиргироқ вақтида чиқсангиз, бемалол овқатланасиз. Таомхона очилган вақтда чиқсангиз, таом олишга ҳам, чойга ҳам навбат жуда катта бўлади. Жой топиш ҳам муаммороқ.
3. Таомни ўзингизга етарлисини олинг. Ортиб қолган тоза егуликларни ахлатга ташлашяпти.
4. Масжидга келганингизда замзам сувидан кичик идишларда ўзингиз билан олволинг. Чой ўрнига замзамдан тўйиб-тўйиб ичинг.
5. Меҳмонхоналарда кир ювиб бериш хизмати бор экан. Администраторлардан сўрасангиз, кимга мурожаат қилишни айтишади. Араб ёки инглиз тилини билмаганингиз учун қандай тушунтиришни билмасангиз, телефондаги Google программасининг таржимонидан фойдаланиб, телефонда чиққан ёзувни кўрсатинг. Дарров тушунишади ва ёрдам беришади.
6. Имкон қадар ерга судраладиган кийим кийманг. Акс ҳолда таҳортхоналарда ноқулай бўлади. Шунингдек, меҳмонхонадаги таомхонада столнинг устидаги нон ушоқлари, овқат қолдиқларини шундоқ полга артиб туширишаркан.(Шуниси мени ҳайратга солди.)
7. Самоварнинг жўмрагига стаканни тўнкариб қўйилгани сувнинг ҳали қайнамаганини билдирар экан. Буни билмасдан, қайнамаган сувдан чой дамлаб ичганлар ҳам бўлди.
8. Меҳмонхонада бошида айтганим — пластик картага ўхшаган калит билан эшикни очгач, ичкаридаги чироқлар, электр асбоблари ҳам ана шу калит ёрдамида ишга тушади. Кондиционер ҳам ўз-ўзидан ишлаб кетади. Лекин кондиционерни ўчирадиган ва ёқадиган тугма бор экан. Хоҳлаганда ишлатиб, хоҳлаганда ўчириб қўйиш мумкин экан.(Биз хонадошларимиз билан буни бугун билибмаиз.)
9. Меҳмонхонада ювиниш хонасига авалдан қўйиб қўйилган шампунь ва совун тугаб қолса, ходимлардан сўранг, ҳеч бир эътирозсиз беришади.
10. Меҳмонхонадан чиқишни намоз вақтига тақаманг. Айниқса фарз намозларни жамоат билан Байтуллоҳнинг атрофида, асосий тавоф қилинадиган жойда ўқимоқчи бўлсангиз, камида бир соат олдин боринг. Ундан кейин тўсиб қўйишар экан ва сиз бунда юқори қаватлардан, масжиднинг орқа ҳовлиларидан жой топишингиз мумкин.
Давоми бор...
Барно Саидраҳмон