Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Баъзан аёл киши турмуш ўртоғи уни илгаригидек севмаслигини ёхуд ўрталаридаги масофа анча узоқлашиб, муносабатлари чигаллашганини ҳис қилади.
Ишончимиз комилки, сиз ҳам аёл сифатида буни тезда пайқайсиз.
Сизга қуйида эрнинг аёлига бефарқлигига далолат қиладиган омилларни баён қиламиз:
Зерикиш
Ушбу ҳолат эр-хотин ўртасида бўладиган илиқ алоқаларда кўзга ташланади. Мисол учун турмуш ўртоғингиз сиз билан узоқ ўтиришни, суҳбатлашишни истамаслиги ёки ёнгинангизда ўтирса ҳам, гапларингизга аҳамият қилмаслиги мумкин. Шунинг учун баъзида сукут сақлаганингиз афзал.
Баъзи эркаклар эса аёлларига улар билан ўтиришдан ёки улар билан яшашдан зерикканларни очиқ айтадилар.
Беэътиборлик
Эрнинг аёлига баъзи байрамларда ҳадя бермаслиги, аёли кўчага чиқиб, узоқ қолиб кетса ҳам, ундан хавотир олмаслиги унинг турмуш ўртоғига бефарқлигига далолат қилади. Албатта, илк турмуш қурган вақтларидан табиати шундай бўлган эркаклар бундан мустасно. Шунингдек, кийимларингиз ёки ташқи кўринишингизга аҳамият қилмаслиги, ҳозирлаган таомларингизга эътибор бермаслиги ҳам шулар жумласидандир.
Турмуш ўртоғингиз сиз билан ўтирганида телевизорга бутун эътиборини қаратиши, электроник ўйинлар ўйнаши ёки ҳар хил газета-журналлар ўқиш билан машғул бўлиши эрнинг аёлидан қочишининг йўлларидандир.
Танқид қилиш
Эрнинг аёлини кўп тергаши, арзимас нарсаларни катта деб ҳисоблаши, халқ тилида айтганда, “пашшадан фил ясаши” унинг ҳис-туйғулари салбий томонга ўзгарганига далолат қилади. Агар турмуш ўртоғингиз ҳар сафар сизни кўрганида урушса ёки ҳақоратласа, сизни беҳурмат қилиб, туйғуларингизни жароҳатлаган вақтида ўзингиз билан эрингиз ўртасида масофа сақланг.
Қовоқ солиш ва қарамаслик
Қовоқ солиш сиқилиш ва безовталик аломатларидандир. Турмуш ўртоғингизнинг сизга умуман қарамаслиги эса ёлғон ёки бефарқликка далил бўлади. Эрнинг аёлига умуман қарашни хоҳламаслиги, ундан юз-кўзини олиб қочиши ўша эркакнинг аёлидан совуганига далолат қилади. Сиз эрингизнинг бундай қилишини асло қабул қилманг.
Эр-хотинлик алоқасидаги совуққонлик
Эр-хотин ўртасидаги энг муҳим алоқалардан бўлган ушбу мулоқотда эрнинг аёлига совуққонлиги унинг аёлидан совуганига энг яққол далилдир. Баъзида ушбу совуққонликнинг сабаби жинсий заифлик бўлиши ҳам мумкин. Ҳар қандай ҳолатда ҳам аёл турмуш ўртоғидан бунинг сабабини очиқ сўраши лозим. Чунки ҳар бир эрнинг аёл устида ҳаққи бўлгани каби аёлнинг ҳам эрида ҳақлари бор.
Эҳтиромнинг йўқолиши ҳамда озор берувчи хатти-ҳаракатлар
Турмуш ўртоғингизнинг сизга қасддан озор беришга ҳаракат қилиши унинг муҳаббати сўниб, ўрнини нафрат эгаллаганига далилдир. Буни сиз билан совуққонлик-ла гаплашиши ёки таҳқирловчи танбеҳлар бериши, фарзандларингиз ва оилангиз олдида ҳам беҳурматлик қилишидан сезишингиз мумкин. Эркак киши аёлини бошқалар олдида, хусусан, оиласи ва дўстлари олдида таҳқирлаши эр аёлини ортиқ севмаслигини таъкидлайди.
Бу ҳолатда турмуш ўртоғингиздан босиқлик билан бундай қилишни тўхташини талаб қилишингиз керак. Чунки сиз эрингиз қўлидаги Аллоҳнинг омонатисиз.
Бахиллик
Аёлига нафақа беришдан қочиш, унинг олдида пулини кўрсатишни хоҳламаслик, имкони бўла туриб ўзининг ночорлигини даво қилиш аёлнинг эри ҳаётида аҳамияти, қадр-қиммати йўқлигига далолат қилади.