БАҚИЪ ҚАБРИСТОНИ
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Биласизми?


Ҳаж ва Умра зиёратига борсангиз, Мадинаи мунавварага ташриф буюрасиз. У ерда Масжиди Набавийда ибодат қиласиз. Шунингдек, у ерда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламни ва саҳобаларни эслатиб турадиган бир маскан ҳам бор. У Бақиъ ал-ғарқад қабристони!


Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хонаи саодатга кирдилар. Кўп ўтмай, туриб чиқиб кетдилар. У зотнинг орқасидан эргашдим ва Бақиъ ал-ғарқадда топдим. У зот мўмину мўмина ва шаҳидлар ҳақига мағфират сўраётган эдилар. Дилимда: “Ота-онам сизга фидо бўлсин”, дедим. Ортимга қайтиб, ҳансираган ҳолда хонаи саодатга кирдим. Расулуллоҳ алайҳиссалом етиб келиб: “Бу нима аҳвол, эй Ойша?” дедилар. Мен: “Ота-онам сизга фидо бўлсин! Ҳузуримга кириб, чиқиб кетганингиздан сўнг ортингиздан бордим. Сизни Бақиъ қабристонида нима қилаётганингизни кўрдим”, дедим. У зот: “ Жаброил алайҳиссалом келиб: “Бу кеча шаъбоннинг ўн бешинчиси. Бу кечада Аллоҳ таоло Калб қабиласи қўйларининг жунларини ададича кишиларни дўзахдан озод қилади. Лекин бу кечада Аллоҳ таоло мушрик, қалбида гинаси бор, қариндош-уруғ ришталарини узгувчи, пойчасини ошиғидан тушириб юргувчи, ота-онасига оқ бўлган, ароқ ичишни одат қилган кишиларга раҳмат назари билан қарамайди”, деди. Эй Ойша! Бу кечани бедор ўтказишга менга изн берасанми?” дедилар. Розилик билдирдим».


Оиша онамиздан ривоят қилинган бу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан олдин зиёрат қилиб, қабрдагилар ҳаққига истиғфор айтган қабристон Бақиъ ал-ғарқад қабристони эди.  Лексикографларнинг маълумотича, дастлаб бу ер “ал-ғарқад”, яъни, қақраган буталар билан қопланган. “Бақи” сўзи “турли хил дарахтларнинг илдизлари бўлган жой”ни англатган. Кейинги пайтларда “Жаннат ал-Бақиъ” номи билан машҳур бўлган бу қабристонга биринчи бўлиб ансорий Асад ибн Зурората розияллоҳу анҳу дафн этилган.


Бақиъ қабристони Мадинаи мунавварада жойлашган энг қадимги ва энг машҳур катта қабристон бўлиб, у ерга минглаб саҳобийлар, тобеъинлар ва авлиёлар дафн этилган. У Масжиди Набавийнинг жануби-шарқ томонида жойлашган.


Дастлаб Масжиди Набавий билан Бақиъ қабристони ўртасида ҳеч қандай тўсиқ бўлмаган. У ерга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўққизта аёллари, яъни мўминларнинг оналари ва жориялари дафн этилган.


Улар:

1. Ойша розияллоҳу анҳо.

2. Ҳафса розияллоҳу анҳо.

3. Савда розияллоҳу анҳо.

4. Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳо.

5. Зайнаб бинти Хузайма розияллоҳу анҳо.

6. Умму Салама розияллоҳу анҳо.

7. Жувайрия розияллоҳу анҳо.

8. Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо.

9. София розияллоҳу анҳолардир.


Шунингдек, бу ерда Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг қизлари Фотима, Руқайя, Зайнаб, Умму Кулсум розияллоҳу анҳолар, ўғиллари Иброҳим, набиралари Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳум дафн этилган. Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг куёвлари, саҳобий, учинчи халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ҳам бу қабристонга дафн қилинган. Уммавийлар  давлатининг асосчиси бўлган Муовия ибн Суфён Усмон ибн Аффоннинг қабри устига биринчи мақбарани қурдирган. 1925 йилда подшоҳ Абдул Азиз ибн Абдурраҳман  Ал-Сауднинг буйруғи билан қабристондаги барча мақбаралар  бузиб ташланган.


Бақиъ қабристони шарафли жой ҳисобланиб, у дунёдаги қабристонларнинг энг афзалидир. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан ким Мадинада вафот эта олса, шундай қилсин. Чунки мен бу ерда вафот этган кишини шафоат қиламан”, дедилар” (Термизий ривояти).


Баъзи ривоятларга кўра, Бақиъ қабристонига дафн этилганлар қабр азобидан эминда бўладилар, деб таъкидланган.


Интернет манбалари асосида Райҳона тайёрлади.


Муаллиф
Манба
Мавзуга оид мақолалар
Адҳам фақирона ҳаёт кечирарди. Уни таниганлар «Адҳам ямоқчи» дейишади. Тирикчилиги ёнатрофдаги давоми...

21:00 / 15.11.2019 3487
Ўзбекистонлик зиёратчиларнинг 175 кишидан иборат бўлган 1гуруҳи кичик ҳажумра зиёрати учун «Ўзбекистон Ҳаво давоми...

07:16 / 22.01.2017 3497
 Ҳасад, айтиш жоиз бўлса, маънавий жиноятдир. Бу жиноятнинг асосий қурбони ҳасадгўйнинг ўзи. Ҳасадгўйларни давоми...

06:01 / 24.11.2016 4314