Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Турмуш ўртоғимнинг хиёнатидан чарчадим...
Ассалому алайкум. Турмуш қурганимда яқинда саккиз йил бўлади. Ўн беш ёшли вақтимда ота-онам шу хонадонга узатишган. Шу йиллар давомида жуда кўп воқеалар бўлиб ўтди. Уларни эслашни ҳам хоҳламайман. Бу даврда турмуш ўртоғим кўп бора хиёнат қилган. Иккинчи аёлга ҳам уйланди. Мени қийнайдиган нарса хаёлимда фақат турмуш ўртоғим ва ўша аёл. Балки ундан ташқари яна бошқа аёллари ҳам бормикан, деган хаёл тинчлик бермайди. Менинг нимам кам? Бу хаёллардан қутула олмаяпман. Кечалари тушларимга ҳам кириб чиқади. Бу гапларни бировга айта олмайман. Ўзимни еб тамом қилаяпман. Мен покиза, пазанда аёлман. Қўлимдан ҳамма иш келади. Турмуш ўртоғимни кўчадан уйга кирганида чиройли кутиб оламан, чиройли кузатаман, ширин гапираман. Унинг телефонларини ҳам титмайман. Турмуш ўртоғимга нима етмайди, тушуна олмаяпман. Унга нисбатан умуман ишончим қолмади. Учта фарзандим бор. Ҳаётимдан чарчаб кетдим. Бу хаёлларимдан қандай қутулай?
Психолог жавоб беради:
- Ва алайкум ассалом. Ўйлашимча, турмуш ўртоғингизга қаттиқ боғланиб қолгансиз. Бу ҳаётдаги асосий мақсадингиз, қарашингиз турмуш ўртоғингиз бўлиб қолган. Тўғри, турмушингизда кўп синовларга учрагансиз. Лекин нима сабабдан шу ишлар бўлаяпти, деб “мағзини чақиб” кўрмагансиз. Ҳаёт фақат турмуш ўртоқдан иборат эмас. Одам вафот этганида қабрига ёлғиз қўйилади. Ҳар бир инсон ўзининг ҳаёти учун ўзи жавобгар. Эркак киши аёл кишининг жуфти ҳалоли, фарзандларининг отаси, бу ҳаётдаги умр йўлдоши холос. Эр-хотин бу ҳаётда бирга яшаб, гуноҳ ишларни қилмаслик учун бир-бирларига муҳофазачи бўлиб яшайдиган ва авлод қолдирадиган, уларга таълим-тарбия бериб жамиятга етук инсонларни етиштириб берадиган кишилардир. Аёл киши учун унинг ҳаёти фақат эрдан иборат бўлиши ёки эркак киши учун унинг умри фақат аёл кишидан иборат бўлмаслиги керак. Ҳар бир шахснинг ҳаёти давомида қурган оиласининг ичида ўзининг шахсий ва мустақил ҳаёти ҳам бор. Бу ҳаётида турмуш ўртоғидан ташқари унинг шахсий ибодатлари, савоб амаллари, илм олиши, соғлигига қараши, севган машғулотлари, касб-ҳунарлари ва ҳоказолар ҳам бор. Аёллар аксарият ҳолларда турмушга чиққанидан кейин ўзининг шахсий ҳаётини унутиб, турмуш ўртоғининг ҳаётида буткул ботиб “чўкиб” кетадилар. Бундай қилганларидан сўнг эркак кишидан ҳам шундай қурбонликни талаб қиладилар. Аммо эркак киши ҳеч қачон бундай қилмайди. Чунки унинг психикаси бутунлай бошқача ташкил топган. Эркак киши аёл кишидан фарқли ўз хоҳишини биринчи ўринга қўяди. Албатта эркак киши масъулиятли шахс. Шунинг учун ҳам у ўз ҳаётига масъулият билан ёндашади ва ўзини қийноқларга кўмиб ташлаб “қурбон” шахсга айланиб қолмайди. Сиз турмуш ўртоғингизга ёқадиган аёл бўлишни истасангиз, аввал ўзингизга ёқишингиз керак. Бунинг учун сиқилишларни, фақат турмуш ўртоғингизни ўйлашни бас қилинг-да аввал ўзингизга эътибор қилинг.
Бунинг учун қуйидаги саволларга жавоб беринг: Бу ҳаётда яшашдан мақсадингиз нимадан иборат? Кейинги беш йил ичида ўзингизни қандай кўрасиз? Кимсиз, қаердасиз, кимлар билансиз, қўлингиздан нима ишлар келади, билимларингиз қай даражада, қандай савоб амалларни бажардингиз, қайси китобларни ўқиб чиқдингиз? Шу беш йил ичида болаларингизга нима бера олдингиз? Болалар тарбияси учун қилаётган амалларингизга яна нималарни қўша олдингиз? Чунки сиз ўзгармасангиз, тарбия ҳам яхшиланмайди. Болалар ота-онанинг гапига қараб тарбияланмайди, балки ота-онанинг амалларига қараб тарбияланади. Шундай экан, сизнинг амалларингиз нималардан иборат? Болаларингиз келажакда ким бўлишини истайсиз? Бунинг учун сиз нималар қилишга тайёрсиз? Сиз она экансиз, демак, зиммангизда жуда катта масъулият бор. Учта инсоннинг келажаги сизнинг қилаётган амалларингиз, ишларингиз, ўзингизга бўлган муносабатингизга боғлиқ. Агар сиз ўзингизни бахтсиз ҳис этсангиз, билингки, болаларингиз ҳам шундай бўлишади. Агар сиз бу ҳаётда хушчақчақ, бахтли, қайсидир маънода ташвишларга нисбатан бироз беғам, билимли бўлиб, билимларга интилиб, ўзингизнинг тақдирингиздан рози бўлиб яшасангиз, билингки, болаларингиз ҳам шундай умр кўрадилар.
Валлоҳу аълам