Ҳаж ва умра сабоқлари
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


Ҳаж ва умра сабоқлари

2-САБОҚ

Ҳажнинг фарз амал эканлигига Қуръони Каримдан далил қуйидаги оятдир:

وَلِلَّهِ عَلَى ٱلنَّاسِ حِجُّ ٱلۡبَيۡتِ مَنِ ٱسۡتَطَاعَ إِلَيۡهِ سَبِيلٗاۚ وَمَن كَفَرَ فَإِنَّ ٱللَّهَ غَنِيٌّ عَنِ ٱلۡعَٰلَمِينَ
«Одамлардан йўлга қодир бўлганларга Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилмоқ бурчдир. Кимки куфр келтирса, Аллоҳ оламлардан беҳожатдир» (Оли Имрон сураси, 97-оят)

Ҳажнинг фарз амал эканлигига суннати Набавиядан қуйидаги ҳадис далил ҳисобланади:

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ислом беш нарсага бино қилингандир: «Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ», деб шаҳодат келтириш, намозни тўкис адо этиш, закот бериш, ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасини тутиш», дедилар».
Бухорий, Муслим, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар.

Кишига ҳаж фарз бўлиши учун қуйидаги шартлар мавжуд бўлиши керак:
1.Мусулмон бўлиш;
2.Балоғат ёшига етган бўлиш;
3.Оқил бўлиш;
4.Ҳажга қодир бўлиш;
5.Соғ-саломат бўлиш;
6.Ҳукумат ман қилмаган бўлиши;
7.Йўлда омонлик бўлиши;
8.Аёл кишининг маҳрами бўлиши.

Кимда ушбу шартлардан бирортаси топилмаса, ҳаж фарз бўлмайди.
Ҳажнинг шартлари умра учун ҳам шартдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Аллоҳ учун ҳаж қилса, фаҳш сўз айтмаса ва фисқу фасод қилмаса, худди онаси уни туққан кундек қайтади», дедилар».
Шарҳ: Яъни ҳаж ибодати даврида уят сўзларни айтмай, фисқу фасод ишларни қилмай юрган кишилар худди онадан туғилгандек бегуноҳ ҳолга қайтадилар. Бу ҳақиқатни ҳажга борувчи ҳар бир киши энг зарур нарсалар қатори қалбига сингдириб олмоғи лозим.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Умрадан кейинги умра иккисининг орасидаги нарсаларга каффоратдир. Ҳажжи мабрурнинг мукофоти жаннатдан бошқа нарса эмас», дедилар».
Иккисини бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
Шарҳ: Бу ривоятда ҳам умранинг, ҳам ҳажнинг фазли ҳақида сўз бормоқда. Кейинги умра ўзидан аввалги умрадан буён содир этилган Аллоҳ таолонинг ҳаққига оид бўлган маълум гуноҳларнинг ювилиб кетишига сабаб бўлар экан. Агар ҳажжи мабрур бўлса, унинг мукофоти жаннатдан бошқа нарса бўлмас экан.
Ҳажжи мабрур – риё ва гуноҳ ишлардан холи бўлган, сахийлик ҳамда ҳусни хулқ ила адо этилган ҳаждир.

Барно Саидраҳмон

Манба
Мавзуга оид мақолалар
Олимлар зулҳижжанинг аввалги ўн куни афзалми, ёки рамазон ойининг охирги ўн куни афзалми, деган савол давоми...

06:00 / 31.07.2020 2211
1. Ҳаж сафарига отланувчи киши ўзидан кўнгли ранжиган кишиларнинг кўнгилларини овлаши, уларни рози қилиши давоми...

00:58 / 24.06.2023 1074
16САБОҚСоч кесиш ва эҳромдан чиқишСафо ва Марва тепаликлари орасида саъй қилиб бўлгач, умра қилган эркаклар давоми...

06:33 / 04.02.2023 1733
15САБОҚЗамзам сувидан ичиш, Сафо ва Марва орасида саъй қилишУмра қилувчи мақоми Иброҳимда намоз ўқиб, дуолар давоми...

06:04 / 31.01.2023 1324