Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Эй бир бандани эшитса, бошқасини эшитишдан машғул бўлиб қолмайдиган Зот!
Эй сўровчиларнинг кўплиги туфайли чалғиб қолмайдиган Зот!
Эй бандалари тинмай сўрайверса ҳам толиқиб қолмайдиган Зот!
Бизга раҳматинг лаззатини татишни, ижобатинг сийловини татишни насиб қилгин!
Аллоҳим, узоқ давом этаётган ушбу шиддатдан кейин кушойишни тезлатиб бергин!
Аллоҳим, узоқ давом этаётган ушбу қийинчиликдан кейин осончиликни тезлатиб бергин!
Аллоҳим, бу қийинчиликларнинг тубидан тезда келувчи осончиликни кечиктирмай чиқариб бергин!
Аллоҳим, сўзларимизни эшитиб турибсан, маконларимизни кўриб турибсан, сиру ошкоримизни билиб турибсан!
Эй ҳеч нарса ожиз қила олмайдиган Зот!
Эй барча нарса ҳузурига қайтадиган Зот!
Эй оламларнинг Робби, бизни лутфинг мўъжизаларидан бири ила сийлагин!
Аллоҳим, Ўзинг биримизни муваффақ қилиб, кейин Ўзинг мақбул қилган солиҳ амаллар ила Сенга васила қиламиз.
Аллоҳим, Ўзинг қабул қилган ушбу амал ила дуоимизни ижобат қилишингни сўраймиз!
Аллоҳим, бизни ғазабингдан асрагин, қийинчилигимизни осончиликка, шиддатимизни кушойишга ўзгартиргин.
Аллоҳим, саййидимиз, уммийлар набийси ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ёрлақагин!
Одинахон Муҳаммад Содиқ таржимаси