Киши камолотида аёлнинг ўрни
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

مَنْ عَمِلَ صَالِحًا مِنْ ذَكَرٍ أَوْ أُنْثَى وَهُوَ مُؤْمِنٌ فَلَنُحْيِيَنَّهُ حَيَاةً طَيِّبَةً وَلَنَجْزِيَنَّهُمْ أَجْرَهُمْ بِأَحْسَنِ مَا كَانُوا يَعْمَلُونَ.

«Эркагу аёл – ким мўмин ҳолида яхши амал қилса, Биз унга яхши ҳаёт кечиртирамиз ва албатта, уларни қилиб юрган амалларининг энг гўзалига бериладиган ажр ила мукофотлармиз»(Наҳл 97-оят).

Меҳрибон ва раҳимли Аллоҳ таоло номи ила

Кифоя қилувчи Аллоҳ таолога ҳамд, танлаб олган бандаларига дуруду саломлар бўлсин.

أَعُوذُ بِاللَّهِ مِنَ الشَّيْطَانِ الرَّجِيمِ بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ مَنْ عَمِلَ صَالِحًا مِنْ ذَكَرٍ أَوْ أُنْثَى وَهُوَ مُؤْمِنٌ فَلَنُحْيِيَنَّهُ حَيَاةً طَيِّبَةً وَلَنَجْزِيَنَّهُمْ أَجْرَهُمْ بِأَحْسَنِ مَا كَانُوا يَعْمَلُونَ.

Аллоҳ таолодан тошбўрон қилинган шайтон (ёмонлиги)дан паноҳ сўрайман. Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. «Эркагу аёл – ким мўмин ҳолида яхши амал қилса, Биз унга яхши ҳаёт кечиртирамиз ва албатта, уларни қилиб юрган амалларининг энг гўзалига бериладиган ажр ила мукофотлармиз» (Наҳл 97-оят). سُبْحَانَ رَبِّكَ رَبِّ الْعِزَّةِ عَمَّا يَصِفُونَ (١٨٠) وَسَلامٌ عَلَى الْمُرْسَلِينَ (١٨١) وَالْحَمْدُ لِلَّهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ (١٨٢) «Сенинг Роббинг – иззат Робби улар қилган васфдан покдир. Ва Пайғамбарларга салом бўлсин! Оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!» (Соффат. 180-182 оятлар). Эй, Аллоҳим! Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ва саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оиласига салавоту саломлар юбориб, барака бер(ёғдир)гин. Эй, Аллоҳим! Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ва саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оиласига салавоту саломлар юбориб, барака бер(ёғдир)гин. Эй, Аллоҳим! Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ва саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оиласига салавоту саломлар юбориб, барака бер(ёғдир)гин.

Ҳақиқий банда ким?

Инсон – бу дунёда бир неча кунлик меҳмон. У бу дунёга на ўз хоҳиши билан келади ва на ўз хоҳиши билан кетади. Банданинг бу оралиқ вақтда тўхтаб, ўз хоҳиш-истакларича ҳаёт ўтказишга ҳаққи йўқдир. Унинг Ҳожаси ва Яратувчиси, уни йўқдан бор қилди. Бас, Унинг амри билан бу дунёга келади ва бу дунёдан кетади. Унинг амрларига қулоқ солиб амал қилса, нажот топади. Яшашдан мақсад Аллоҳ таолога бандалик қилиш, ҳаётдан мақсад эса Аллоҳ таолони зикр қилишдир. Аллоҳ таолога қулликни ўз ўрнига қўйган киши ҳақиқий маънодаги бандадир. Аксинча, бошдан-оёқ Аллоҳ таоло буюрмаган ишларга одатланиб қолган нопок банда алдов ва фириб исканжасида ўзини-ўзи еб битиради. Эркак ва аёл Аллоҳ таолога муқарраб бўлишда тенгдир

Аллоҳ таоло эркагу аёлга қурбиятни ҳосил қилиш эшикларини очиб қўйган. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай марҳамат қилади: مَنْ عَمِلَ صَالِحًا مِنْ ذَكَرٍ أَوْ أُنْثَى وَهُوَ مُؤْمِنٌ فَلَنُحْيِيَنَّهُ حَيَاةً طَيِّبَةً وَلَنَجْزِيَنَّهُمْ أَجْرَهُمْ بِأَحْسَنِ مَا كَانُوا يَعْمَلُونَ. «Эркагу аёл – ким мўмин ҳолида яхши амал қилса, Биз унга яхши ҳаёт кечиртирамиз ва албатта, уларни қилиб юрган амалларининг энг гўзалига бериладиган ажр ила мукофотлармиз» (Наҳл 97-оят). Аёлларда «Валийлик даражасига кўтарилиш – эркакларнинг ишлари» деган нотўғри тушунча мавжуддир. Улар намоз ўқиш, рўза тутиш ва уй юмушлари билан машғул бўлиш бизнинг ишларимиз деб, ҳаётни шу тарзда ўтказиб юборадилар. Ислом тарихига назар солсак, бу умматнинг аёллари Ислом майдонида қанчалар камолот топганлари ва илм денгизида қанчалар шўнғиганлари бизга кундек равшан бўлади. Аёллар дин ишларида кечаю кундуз банд бўлганлар ва валоят даражасини топишда эркаклардан ортда қолмаганлар. Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш, Уни таниш ва розилигига эришиш эркакларга қанчалар муҳим бўлса, шунчалар аёлларга ҳам аҳамиятлидир. Бу муҳим истакларга эришиш учун диний илмларни ўрганиш ва уларга ихлос билан амал қилиш талаб этилади.

Илм олиш амри олдида эркагу аёл тенгдир

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон эркак ва аёлга фарздир». Илм талаб қилиш эркакларга қанчалар зарур бўлса, аёлларга ҳам шунчалар зарурдир. Балки мен ожиз банда: «Бир одамнинг ўғил ва қиз фарзандлари бўлса, иккисидан бирини ўқитишга қурби етса, қизини ўқитиши керак бўлади», дейман. Чунки ўғил боланинг ўқиши ўзига, аёл кишининг ўқиши хонадонгадир, яъни қиз бола ўқиса, хонадон ўқийди. Аёлларда умумий тарзда диний саводхонлик ортса, келгуси насл тарбияли ва илмли бўлади. Сиз етук шахслар ортида ким турганлиги ҳақида бир оз фикр юритсангиз, албатта, нигоҳингиз бир аёлга олиб боради. У аёл гоҳо  хотини, гоҳо онаси, гоҳо синглиси ва гоҳо қизи шаклида намоён бўлади. Камолот чўққисига кўтарилган шахслар ҳаётини ўрганиб чиқсак, доимо бу шахслар ортида қайсидир бир аёлнинг кўмаги, тарбияси кўзга ташланади. Буюк шахслар ортидаги аёл меҳнати

Бир етук шахс ортида сизга аёлнинг меҳнати кўринади. Бу гоҳо хотин, гоҳо она, гоҳо сингил ва гоҳо қиз шаклида намоён бўлади. Унинг бир неча мисоллари кўз олдингизга келади.

1. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг маҳбуби, аввалги ва охиргиларнинг саййиди ва фаришталар имомидирлар. Аллоҳ таоло у Зотга шундай мартаба берган: Аллоҳ таолодан кейин улуғлик Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламгадир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга илк ваҳий нозил қилинганда у Зот безовта бўлдилар. Уйларига келиб:«Мени ўраб қўйинглар, мени ўраб қўйинглар», дедилар. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам илк мартаба Жаброил алайҳиссаломни ўз суратида кўрган эдилар ва илк бор ваҳий нозил қилинишини бошдан кечиргандилар. Қалбларида қаттиқ қўрқинч пайдо бўлиб, бир нарсадан хавфсирай бошлаган эдилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига бирор кор-ҳол етишидан қўрқаётганларини Хадича розияллоҳу анҳога айтдилар. Хадича онамиз Расулуллоҳга тасаллий бериш мақсадида: «Ҳаргиз бундай бўлмайди. Сиз силаи раҳм (қариндош-уруғ ҳолидан хабар оласиз) қиласиз, йўқчиликни ўзингизга лозим тутгансиз, меҳмонга икром кўрсатасиз, ночорларнинг ҳолидан хабар оласиз ва ҳақдорларга ёрдам қўлини чўзасиз. Бу яхши хислатлар сизда бор экан, Аллоҳ таоло ҳаргиз сизни ташлаб қўймайди», дедилар. Аёлларининг гапларини эшитган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига бир оз хотиржамлик етди. Расулуллоҳ ҳаётларида аёл меҳнати хотин қиёфасида гавдаланади. Хадича онамиз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга тасалли бериш билан бир қаторда, барча молу дунёларини у Зотнинг оёғи остига ташладилар ва ушбу ҳадя Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга илк Ислом даврида жуда фойда берди.

2. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳақларида Аллоҳ таолонинг маҳбуби Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «ғордаги шериклари», «сафардаги ҳамроҳлари» деб айтилади. Сиз ҳижрат сафарига эътибор берсангиз, унинг ортида ҳам аёл меҳнати қиз шаклида намоён бўлади. Ҳадисларда келишича, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу уйларига ташриф буюриб, ёлғиз суҳбатлашишни истаётганларини билдирдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг маҳбуби, аёлим ва икки қизимдан ўзга ҳеч ким йўқ», дедилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хотиржам бўлиб: «Ҳижрат қилишга амр бўлди», дедилар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг катта қизлари Асмо розияллоҳу анҳо шу заҳоти ёпинчиқларини икки бўлакка бўлиб, бирини бошларига ташладилар. Иккинчиси билан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нарсаларини тугдилар. Асмо розияллоҳу Расулуллоҳнинг нарсаларини бир тугунга боғлаб уларни кузатиб юбордилар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ўз аёлларига: «Сиз овқат тайёрланг», дедилар. Катта қизлари Асмо розияллоҳу анҳога: «Сиз ёш қизчасиз, сиздан одамлар шубҳаланмайдилар. Сиз бу овқатни бизга – Савр ғорига етказиб берасиз», дедилар. Асмо розияллоҳу анҳо бу ишни маъқуллаб, энди Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан дадалари Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуни кузатиб тургандилар, боболари Абу Қуҳофа кириб келиб, Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳақида сўрадилар. Болалар:  «Ҳозиргина чиқиб кетди», деб жавоб бердилар. Абу Қуҳофанинг диллари бир оз безовта бўлиб: «Барча молу дунёни ўзи билан олиб кетдими?» деб сўради. Асмо розияллоҳу анҳо уддабуронлик билан бир уюм тош устига мато ёпиб: «Бизга буни қолдириб кетдилар», деди. Абу Қуҳофа (кўзи ожиз бўлгани боис) мато устини қўл билан сийпалаб: «Абу Бакр ортидан кўп бойлик қолдириб кетибди», деди. «Бобом шу билан хотиржам бўлдилар. Лекин дадам ўзлари билан беш минг дирҳам олиб, бизга Аллоҳ билан Унинг Расулининг номини қолдирган эдилар. Уларни овқатларини етказиб турар эдим, – деб эслайди Асмо розияллоҳу анҳо,– иккинчи кун Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига овқат олиб бордим. У Зот: «Бугун чеҳрангда зарба асорати бор бўлиши билан бир қаторда ғамгин кўринасан», дедилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Асмо нима бўлди?» деб сўрадилар. Асмо розияллоҳу анҳонинг кўзларидан ёш оқар эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Асмога юзланиб: «Нимага йиғлаяпсан?» дедилар. Асмо розияллоҳу анҳо:«Кеча овқат бериб орқага қайтаётганимда, йўлда Абу Жаҳлни учратиб қолдим. У сочларимдан маҳкам тутиб, сочларимни тортиб: «Асмо, сен отангнинг қаердалигини, Пайғамбарингнинг қайдалигини биласан. Улар қаерда?» деди. Эй Аллоҳнинг маҳбуби мен унга: «Ҳа, биламан», деб тўғрисини айтдим. У: «Улар қаерда?» деб сўради. Мен: «Уларни ҳаргиз сенга айтмайман», деб жавоб бердим. У қаттиқ ураман деб, дўқ-пўписа қилди. Эй Аллоҳнинг маҳбуби мен: «Қўлингдан келганини қил. Мен сенга ҳеч нарса айтмайман», дедим. Эй Аллоҳнинг Расули, Абу Жаҳл тўсатдан менга қаттиқ тарсаки туширди ва пастга йиқилдим. Пешонам катта тошга тегиб ёрилди. Кўзларимга ёш келиб, қаттиқ азият чекдим. Абу Жаҳл сочимдан тортиб тургизиб: «Асмо, қаттиқ ураман», деди. Мен: «Эй Абу Жаҳл, жонимни сенинг ихтиёрингга топшираман. Лекин Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳаргиз сенга топширмайман», дедим. Қаранг, ўзи ёш қизча бўлишига қарамай, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга шунчалар ихлос ва муҳаббат қўйганларидан: «Жонимни олсанг, ол. Барибир, уларнинг қаердалигини сенга айтмайман», дедилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг бу машҳур сафарлари ортида бир аёлнинг меҳнати қиз шаклида кўзга ташланади.

3. Умар розияллоҳу анҳу. Унга «Мустафо хоҳиши» деб ном берилган. Бунинг сабаби қуйида келувчи жумлалар орқали сизга намоён бўлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни шаҳид қилиш истагида бир бор қилич яланғочлади. Йўлда, бир саҳобий: «Қаёққа шитоб билан кетмоқдасан?» деб сўради. У: «Муҳаммадни (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қатл қилишни хоҳлайман. Шунда на бамбук қолади ва на най қолади», деди. Саҳобий: «Субҳаналлоҳ, сен синглингнинг уйига бориб қара! У иккиси ҳам мусулмон бўлиб бўлдилар», деди. Умар розияллоҳу анҳу: «Уйимдагилар рухсатимсиз ва менга билдирмай Исломни қабул қилишлари мумкин эмас», деди. Шу заҳоти синглисининг уйига бориб, эшикни тақиллатди. Умар розияллоҳу анҳуга ичкаридан бир нарсаларни ўқишаётгани эшитилди. Умар розияллоҳу анҳунинг сингиллари Фотима эшик ортида уни кўриб: «Умар келибди», деди. Тиловат қилиб бераётган саҳобий тезлик билан яширилди. Улар Қуръон оятлари ёзилган нарсаларни беркитдилар. Эшик очилиб, Умар розияллоҳу анҳу кириб келиб, куёвига: «Мусулмон бўлибсизлар, деб эшитдим», деди. Куёвлари: «Ислом тўғри дин ва қолаверса, уни қабул қилишимизга қандай тўсиқ бор?» деб жавоб берди. Бу сўзларни эшитган Умар розияллоҳу анҳу жаҳли чиқиб, куёвини ура кетди. Эрини калтакдан сақлаш илинжида Фотима ўртага тушди. Умар розиллоҳу анҳу ғазабига эрк бериб, сингилларига қаттиқ тарсаки туширдилар. Фотима розияллоҳу анҳо калтак зарбидан ерга йиқилиб, кўзларига ёш келди ва секин ўзларига келиб,акаларига: «Умар, сен ичган онанинг сутини мен ҳам ичганман. Танамдан жонимни чиқаришинг мумкиндир. Лекин қалбимдан иймонни суғуриб ололмайсан», дедилар. Бу гаплар Умар розияллоҳу анҳуга ўқ каби таъсир қилиб, дилларини юмшатиб: «Фотима, нима ўқиётгандинг?» деб сўради. У: «Сизнинг танангизни ширк нажосатга тўлдирган. Ғусл қилиб, у пок сўзларни эшитишингиз мумкин», деди. Ғусл қилиб, Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятларини эшитдилар: إِنَّنِي أَنَا اللَّهُ لا إِلَهَ إِلا أَنَا فَاعْبُدْنِي وَأَقِمِ الصَّلاةَ لِذِكْرِي. «Албатта, Мен, Ўзим, Аллоҳдирман. Мендан ўзга илоҳ йўқ. Бас, Менга ибодат қил ва мени зикр этиш учун намозни тўкис адо эт» (Тоҳа 14-оят). Яхши, мени ҳам мусулмонга айлантиринглар, дейишларига, яширинган саҳобий чиқиб: «Эй Умар, муборак бўлсин!» деди. Бир неча кундан буён Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилиб: «Эй, Аллоҳим! Умар ибн Хаттоб воситасида, ё Умар ибн Ҳишом билан динга қувват бер», деб сўраётган эдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган дуолари сенинг ҳаққингда қабул бўлди. Кел, бирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига борамиз. Улар Арқам розияллоҳу анҳу уйига бордилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам суяниб ўтириб саҳобийларга диний таълим бераётгандилар. Бир вақт эшик тақиллади. Бир саҳобий эшик туйнугидан Умар розияллоҳу анҳунинг қилич яланғочлаб келганини кўриб: «Эй Аллоҳнинг маҳбуби, Умар келибди. Қўлида яланғочланган қилич бор. У нима мақсадда келгани бизга маълум эмас», деди. Ҳамза розияллоҳу анҳу чиқиб:  «Дарвозани очинглар, яхши ниятда келган бўлса, бош устига. Агар шум ниятда келган бўлса, ўша қилич ўз бошига етади. Мен у билан қандай муомала қилишимни кўринглар», деди. Дарвоза очилиб, Умар розияллоҳу анҳу бутунлай ўзгариб кириб келдилар. Улар қатл қилиш ниятида келган эдилар. Лекин илгарироқ ўзларини-ўзлари қатл қилиб бўлгандилар. У кишининг қалблари Аллоҳ маҳбубининг ходимига айланиб бўлган эди. Одоб билан ўтириб: «Мен сизнинг ходимингизга айланиш мақсадида келдим» дедилар. У Зот:«Аллоҳу акбар» дедилар. Уни эшитган саҳобийлар ҳам: «Аллоҳу акбар» деб, ҳамма ёққа жар солдилар. Бу Ислом дини тарихида баланд овозда айтилган биринчи такбир бўлди. Ундан олдинроқ Ҳазрати Ҳамза розияллоҳу анҳу 39 – бўлиб, Исломни қабул қилган эди. Умар розияллоҳу анҳу 40-бўлиб, Исломни қабул қилдилар. Бир оз ўтгач, намоз вақти бўлди. Умар розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули, бу ерда намоз ўқиймизми? Энди Умар мусулмон бўлди. Кетдик масжидда намоз ўқиймиз», дедилар. Масжидга бориб Умар розияллоҳу анҳу: «Эй, Макка қурайши! Ҳар бирингизнигн аёлингиз ва фарзандингиз бор. Аёлингизни бева ва болангизни етим қолишини истасангиз, Умарга юзланинг. Биз шу ерда Аллоҳ таолонинг ибодатини бажарамиз», деди. Субҳаналлоҳ, Аллоҳ таоло шу йигит воситасида Ислом динига қувват берди. Бу йигитга Ислом неъмати берилди. Унинг ортида синглиси Фотимани меҳнати кўзга ташланади. Бу етук шахс ортида аёл меҳнати сингил шаклида намоён бўлади. Бунга ўхшаган бир неча мисоллар мавжуд.

4. Икрима розияллоҳу анҳу бюук номдор саркарда ўтганлар. У борасида қилинган ривоятларда Икрима : «Макка фатҳ қилинганда, Исломга қилган қаршиликларим ва Расулуллоҳга етгазган озорларим туфайли аниқ қатлга ҳукм қилинсам керак, деган хаёлда Маккадан қочиб, узоқларга кетаман», деди. Макка фатҳининг эртаси куни Икриманинг аёли Исломни қабул қилди. Аёл Набий саллоллоҳу алайҳи васалламга: «Эй Аллоҳнинг маҳбуби, эрим Исломни қабул қилиши учун унга эминлик беринг», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг эрига эминлик бердилар. Аёл эри ортидан дарёгача излаб боргани ҳақида китобларда келтирилади. Икрима қайиққа ўтириб, сузиб кетаётган эди. Аёл ҳам бир қайиқни олиб, ортидан тезда етиб олиб: «Қаёққа кетяпсиз? Ортга қайтинг, Маккада яшаймиз», деди. Эр: «Мени қатл қиладилар» деди. Аёл: «Мен сиз учун эминлик олиб келдим», деди. Аёл эрини олиб ортга қайтди. Икрима ҳам Исломни қабул қилди. Аллоҳ таоло кейинчалик уни Ислом генералига айлантирди. Бу ерда ҳам аёл меҳнати хотин шаклида намоён бўлмоқда. Бундан бошқа кўплаб мисолларни саҳобалар ва улардан кейингилар ҳаётидан келтириш мумкин.

5. Китобларда келтирилишича, Аллоҳ таоло Имом Моликни ҳижрат ҳовлиси имоми қилди. Мадинаи Мунавварада муқим туриб, талабалардан ҳадис эшитар ва уларга ҳадис айтар эди. Унинг икки олима ва ҳофиза қизлари парда ортида ўтиришиб, дарсда иштирок этардилар. Дарс мобайнида ибораларни ўқишда бирор киши хатога йўл қўйса, парда ортидан икки таёқни бир-бирига уруштириб овоз чиқарар эдилар. Имом Молик бу орқали иборани ўқишда бирор камчиликка йўл қўйилганини билиб олар эдилар. Яна бир бор етук шахслар ортида аёл меҳнати ётиши маълум бўлди. Унинг қизлари таълим бериш жараёнида ёрдамчига айланган эдилар. Субҳаналлоҳ, бу турдаги минглаб мисоллар Ислом тарихида бисёрдир. Шунинг учун ҳам ожиз банда «Етук шахслар ортида аёл меҳнати кўзга ташланади», деб таъкидлади. Бу аёл меҳнати гоҳо хотин, гоҳо она, гоҳо сингил ва гоҳо қиз шаклида намоён бўлади. Бу мисолдан ўтиб, яна шу умматнинг авлиёлари ҳаётини ўрганиб чиқсангиз, бундан кўп мисолларни учратасиз.

6. Аллоҳ таоло Имом Ғаззолийни Ислом динининг катта шахсига айлантирди. Сиз қунт билан олим тарихини ўрганиб чиқсангиз, унинг ортида она мисолида аёл меҳнати кўзингизга ташланади. Имом Ғаззолий билан Муҳаммад Ғаззолий ака-ука бўлганлар. Ёшлик чоғларида етим қолиб, оналари тарбиясида униб-ўсдилар. У иккалаларининг оналари ҳақида ажойиб бир нақл китобларда ёзиб қолдирилган. Оналари у иккисига шундай тарбия бериб, уларни яхшиликлар сари етаклади, натижада у иккиси ҳам етук олим бўлиб етишдилар. Ака-укаларнинг табиати бир-биридан фарқ қилар эди. Имом Ғаззолий катта вақтини воизлик, хатиблик ва имомгарчиликда ўтказар эди. Унинг укаси олим ва яхши инсон эди. Лекин масжидда намоз ўқимай, ўзи ёлғиз намоз ўқир эди. Бир куни Имом Ғаззолий ўз онасига: «Она, одамлар менга: «Сен катта воиз, хатиб ва имом бўлсанг-у, уканг ортингда намоз ўқимаса» деб, эътироз билдирмоқдалар. Она сиз укамга айтинг менинг ортимда туриб намоз ўқисин», деди. Она чақириб насиҳат қилди. Эртаси куни Аҳмад Ғаззолий акаси ортида намоз ўқишга борди. Лекин бир ракаатни ўқиб бўлгач, иккинчи ракаатда жамоатдан ташқарига чиқиб, намозни ўзи ёлғиз ўқиди. Имом Ғаззолий намозни ўқиб бўлгандан кейин, қаттиқ тушкунликка тушиб, уйга ғамгин ҳолда қайтди. Она ўғлига: «Қаттиқ паришонхотир кўринасан», деди. Она укам бормаса, яхши бўлар эди. У бир ракаат ўқигандан кейин жамоатдан чиқиб, ўзи ёлғиз намоз ўқиди. Она кичик ўғлини чақириб: «Ўғлим, нега бундай қилдинг?» деб сўради. Аҳмад Ғаззолий: «Мен унинг ортида намоз ўқиётувдим. Биринчи ракаатни аниқ яхши адо қилди. Иккинчи ракаатда унинг эътибори Аллоҳ томонидан ўзга томон бурилди. Шунинг учун жамоатдан ташқарига чиқиб, алоҳида намоз ўқидим», деди. Она Имом Ғаззолийдан: «Нима гап?» деб сўради. «Она, укам жуда тўғри гапирди. Мен намоздан олдин бир фиқҳий китобни ўқиб, нифоснинг нозик масалаларига шўнғиб кетган эдим. Намозга киришгандан кейин биринчи ракаатни тўлиқ Аллоҳга таважжуҳ билан адо қилдим. Иккинчи ракаатда нифос масаласи хаёлимга келиб, бир оз зеҳнимни банд қилди. Шунинг учун мендан бу хатолик ўтди». Оналари чуқур нафас олиб: «Афсус, иккалангиз ҳам менинг коримга ярамадингиз», деди. Ушбу жавобни эшитган икки ака-ука жуда ғамгин бўлиб қолдилар. Имом Ғаззолий: «Хато мендан ўтибди. Бундай қилмаслигим керак эди. Онажон, мени кечиринг», дедилар. Акалари эса: «Бу нарса менга кашф бўлгани учун намозни бузган эдим. Мен  нима учун сизнинг бирор корингизга ярамайман?», деди. Она: «Сизлардан бирингиз намозда туриб олиб нифос масаласини фикр қилса, иккинчиси ортида туриб унинг дилини кузатиб турса, сиз иккалангиздан бирортангиз намозда Аллоҳ таолога таважжуҳ қилмадиларинг. Шу боис сизлар мени бирор коримга ярамадинглар, деб айтдим», дедилар Ўйлантирадиган жойи шундаки, она болаларига тасаввуфнинг нозик қирраларини тушунтириб берадиган даражада бўлса, қандай қилиб, у онадан Имом Ғаззолийлар етишиб чиқмасин. Албатта, бундай оналардан етук фарзандлар дунёга келади. Бу ўринда ҳам етук шахс ортида аёл меҳнати она сиймосида кўзга ташланади.

7. Абдулқодир Жийлоний раҳматуллоҳи алайҳ илм олиш ниятида сафарга отланган вақтларида, оналари бир неча тилла тангани у кишининг кийимларига тикиб қўйиб, ўғлим ҳаргиз ёлғон сўзламанг деб, насиҳат қилдилар. Йўлда қароқчилар талон-тарож қилдилар. Улардан бири: «Сенда мол борми?» деб, сўради. Абдулқодир Жийлоний раҳматуллоҳи алайҳ: «Ҳа, бор», деб тўғри жавоб берди. Бўлган воқеа сардорга етказилди. Сардор болани ҳузурига чақириб: «Нимага ёлғон гапирмадинг? Сен на молингни, на жонингни ўйламоқдасан» деди. «Онам сафар олдидан «тўғри сўзла» деб таъкидлаган эди. Мен онамга тўғри сўзлашга ваъда бердим. Мен берган сўзимни ҳимоя қиламан. Берган сўзимга вафо қилишда жоним ҳимояси парвойимга келмайди», деб жавоб берди бола. Қароқчиларга бу гап жуда таъсир қилди. Улар Аллоҳ таолога берган ваъдаларини эсладилар ва болани ҳолати билан ўзларини солиштириб, биз берган ваъдаларимизга нега содиқ турмас эканмиз деб, Аллоҳ таолога тавба қилдилар ва тузалиш йўлига ўтдилар. Шундан сўнг улар қўлидан ёмонлик ўрнига яхшилик кела бошлади. Вақти келиб бола Абдулқодир Жийлоний раҳматуллоҳи алайҳга айланди. Тафаккур қилинг–а, бир етук шахсни камолотга етишишида аёл меҳнати қандай ҳам зарур–а?! Сизга бу ўринда аёл меҳнати она тимсолида намоён бўлмоқда.

8. Боязид Бистомий раҳматуллоҳи алайҳ борасида Жунайд Бағдодий шундай фикрларни билдирганлар: «Аллоҳ таоло Жаброил алайҳиссаломга фаришталар ичида улуғ обрў-эътибор берган бўлса, авлиёлар ичида бундай мартабага Боязид Бистомий сазовар бўлган». Жунайд Бағдодий сўзида давом этиб, Боязид Бистомий ҳақидаги қуйидаги воқеани сўзлаб берди: «Боязид Бистомий раҳматуллоҳи алайҳ ёшлигида етим қолиб, онаси қўлида тарбия топдилар. Мадраса ёшига етганларида оналари бир устоз қўлига олиб бориб топширдилар ва шундай дедилар: «Устоз, болани олдингизга олинг. Кўп уйга рухсат берманг. Зеро, уйга борса, фикри чалғиб, илмдан маҳрум бўлиб қолиши мумкин. Бир куни бола қалбида онасини бориб кўриш истаги туғилиб, устоздан рухсат сўради. Устоз кўп дарс бериб, дарсни ёдлаб топшириб, кейин кетасан, деган шарт қўйди. Бола тезлик билан берилган топшириқни ёдлаб бериб, уйига борди ва дарвозани тақиллатди. Боязид Бистомийнинг оналари бу вақтда таҳорат қилаётган эдилар. Эшикнинг тақиллаши овозидан ўғли келганини тушунди. Дарвоза олдига бориб: «Ким?» деди. У: «Боязид Бистомийман» деб жавоб берди. Она: «Менинг ҳам Боязид Бистомий деган ўғлим бор эди. Уни Аллоҳ таоло йўлида мадрасага бердим. Эшигимни келиб тақиллатаётган қайси Боязид?» дедилар. Боязид Бистомий онасининг бу сўзларидан қуйидагиларни тушунди:«Онам менга эшикни тақиллатиш ўрнига мадрасага бориб Аллоҳ таоло эшигини тақиллатгин. Аллоҳ билан боғланишни барча нарсадан устун деб билгин, демоқчилар» деб орқаларига қайтиб кетдилар ва   олим бўлганларидан кейин мадрасадан чиқдилар. Натижада у зотни Аллоҳ таоло машҳур Боязид Бистомийга айлантирди. Бу етук шахс ортига назар солсангиз, аёл меҳнати она сиймосида сизга намоён бўлади.

9. Ханса розияллоҳу анҳони манбаларда тўртта ўғли бўлганлиги таъкидлаб кўрсатилади. Қачон овқатлангани ўтирсалар: «Болаларим, на тоғаларингни шарманда қилдим, на оталарингга хиёнат қилдим», деб кўп бор такрорлар эдилар. Бир куни болалар: «Она, нима учун бу сўзни бот-бот такрорлайверасиз?» дедилар. Она: «Мен қизлик чоғимда бирор номақбул иш қилиб тоғаларингни уятга қўймаганман. Турмушга чиққанимдан сўнг эса сизларни оталарингга бирор марта хиёнат қилмаганман. Мен шундай ғайрат ва ибо билан ҳаёт кечирган аёлман», деди. Болалар:«Она, сиз нимани хоҳлайсиз?» дедилар. Она: «Сизлар катта бола бўлиб қолдинглар. Энди Аллоҳ таоло йўлида жиҳод қилиб, шаҳид бўлинглар. Мен жанг майдонига бориб кўраман. Қилич зарби кўксингларга теккан бўлса, сизлардан рози бўламан. Агар қилич зарби урушдан қочаётганингларда орқангларга тегса, сизларни ҳаргиз кечирмайман», деди. Болалар: «Она, нима учун шаҳид бўлинглар деб, бот-бот такрорлайсиз?» дедилар. Она: «Қиёмат бўлиб адолат қоим бўлганда, Аллоҳ таоло шаҳидларнинг оналари қаерда? деб, сўрайди. Менга ўша вақтда тўрт шаҳиднинг онасиман деб, Парвардигор олдида очиқ юз билан туриш насиб қилсин», дедилар. Ушбу тўрт шаҳид ортида аёл меҳнати она сиймосида кўзга ташланади.

10. Аллоҳ таоло машҳур «Тушлар таъбири» китобининг муаллифи Ибн Сирин раҳматуллоҳи алайҳга улуғ мартабаларни ато қилган. Ҳар бир олим олдида бугун ҳам Ибн Сирин раҳматуллоҳи алайҳнинг асарлари мавжуддир. Унга қараб тушлар таъбири айтилиб келинади. Ибн Сирин раҳматуллоҳи алайҳнинг барча қироатларни пухта ўзлаштирган Ҳафса исмли синглиси бўлиб, 32 йил уй масжидидан бесабаб ташқарига чиқмай аёл ва болаларга диний таълимдан сабоқ берди. Муҳаммад ибн Сирин Қуръон лафзларини талаффузида бирор қийинчиликга дуч келса, бир болани сингиллари Ҳафса олдига юборар эди. Ибн Сирин раҳматуллоҳи алайҳ болага Ҳафса бу лафзни қандай талаффуз қилса, шундай талаффуз қилгин деб, тайинлар эди. Баъзи тобеинлар ибодатда, илмда у аёлга тенг келадиган обид ва олимни кўрмаганмиз, дер эдилар. Баъзи китобларда Ибн Сириннинг синглиси Ҳафсани фазилатда Ҳасани Басрий раҳматуллоҳи алайҳга тенглаштирилган. Баъзилар Саид ибн Мусайябдан Ҳафсани илму тақвода устун деб билишган. Унинг хизматчисидан бекаси ҳақида: «У борасида нима дейсан?» деб сўрашган. У: «Қуръони Каримни яхши тиловат қилади. Ҳар доим ибодат билан мшғул. Ҳар ишни шариатга мувофиқ қилади. Лекин унинг менга маълум бўлмаган қандайдир гуноҳи юўлса керак, ҳар куни  хуфтондан кейин намозга такбир айтиб, йиғлай бошлайди, то фажргача қоим ҳолда йиғи давом этади» деб жавов берган. Бечора чўри бекам катта-катта гуноҳлари сабабли кечаларини йиғлаб ўтказмоқда, деб тушунар экан. Сиз кечаларини қандай ўтказишни ва динга қандай хизмат қилиш кераклигини бу аёлдан ўрганинг. Зеро, ҳар бир етук шахс ортида аёл меҳнати гоҳо она, гоҳо хотин, гоҳо сингил ва гоҳо қиз сиймосида кўзга ташланади.

11. Муиниддин Ажмирий раҳматуллоҳи алайҳ Бенгалга ташриф буюрдилар, сафари давомида бир неча одамлар у кишининг қўлида Исломни қабул қилдилар ва тавбага байъат қилдилар. Уйга мамнун ҳолда қайт Муиниддинни кўрган онаси: «Ўғлим, нимадан бунча хурсандсиз?» деб сўради. Ажмирий раҳматуллоҳи алайҳ:«Она, сафарим давомида 100 минг киши қўлимда мусулмон бўлди ва яна 70 минг киши қилган ишларидан тавба қилди. Шу боис бугун жуда мамнунман», деди. Она: «Ўғлим, бу сизнинг камолотингиз эмас. Балки  менинг камолотимдир», деди. Ўғил: «Она, бу қанақасига?» деди. Она: «Сизни бирор марта таҳоратсиз эмизмаганман. Шунинг баракотидан бугун 100 лаб кишилар сизнинг қўлингизда Исломни қабул қилиб, тавба қиляптилар», деди. Қаранг, бу етук шахс ортида ҳам бир аёл меҳнати она сиймосида намоён бўлмоқда.

12.Қутбиддин Бахтиёр Кокий раҳматуллоҳи алайҳ ҳозирда Қутуб минор яқинида ётибдилар. У  киши борасида ҳам машҳур воқеа бор. Қутбиддин Бахтиёр исмига уланган «Кокий» лафзи нон деган маънони англатади. Воқеа шундай бўлган. Бола дунёга келиб вояга етгач икки ота-она ўзаро «Қандай қилиб уни яхши инсонга айлантириш мумкин?» деган мазмунда машварат қилдилар. Она бир тавсияга амал қилишни маъқул деб топиб, унга эртадан амал қилмоқчи бўлди. Эртаси куни бола мактабга кетганидан сўнг она бир неча нон пишириб шкаф ичига беркитиб қўйди. Бола мактабдан келиб шоша-пиша:«Она, қорним очди. Менга овқат беринг», деди. Она: «Болам, бизга ҳам ризқни Аллоҳ таоло беради. У раззоқдир. У ризқларни ўз эгасига етказувчидир. У ҳам Молик, ҳам Холиқдир» деди. Она Аллоҳ таолони болага таништириб: «Ўғлим, сизнинг ризқингизни ҳам Аллоҳ таоло беради. Шу боис ризқингизни Ундан сўрашингиз керак», деди. Бола: «Она, мен қандай қилиб, ризқимни сўрайман?» деди. Она: «Жойнамозни солинг», деди. Бола жойнамозни солиб, унга аттаҳиётда ўтирадиган каби ўтирди ва кичик-кичик маъсум қўлларини кўтарди. Она: «Ўғлим, дуо қилинг», деди. Бола: «Аллоҳим, мактабдан қорним очиб келдим. Менга егулик бергин?, – деб сўраб, – она. энди нима қилай?» деди. Она: «Ўғлим, Аллоҳ таоло сизга юборган овқатни қидиринг», деди. Бола уйни у ер-бу ерини бироз қидириб, охири шкаф ичини очди ва у ердан ўз насибасини олиб еди. Шу пайт бола қалбида бир ҳис пайдо бўлди ва онасидан Аллоҳ ҳақида кун бўйи сўраб-суриштирди. Она: «Ўғлим, Аллоҳ таоло барча парранда ва ҳайвонларга ҳам ризқ беради. Унинг хазинаси қанчалар мўл экани ҳеч кимга маълум эмас. У ҳаргиз тугамайди», деб, болага Аллоҳ таоло ҳақида маълумот берди. Бола кундан-кун Аллоҳ таоло борасидаги маълумотларини кўпайтириш ҳаракатида бўлди. Она бола қалбида Аллоҳ таоло билан боғлиқлик бора-бора зиёдалашиб бораётганидан мамнун эди. Бола қалбида Аллоҳ таолонинг муҳаббати Унинг Раззоқ эканини билган кундан пайдо бўлган эди. Зеро, инсон фитратида эҳсон қилувчини суйишлик бор. Бола ҳар кун уйқудан олдин онасидан Аллоҳ таоло ҳақида гапириб беришини сўрар эди. Она боласида кундан-кун Аллоҳ таолога нисбатан куртак отаётган муҳаббатни кўриб хурсанд бўлар эди. Она, одатдагидек, бола тарбиясида танлаган услубида бардавом бўлди. Кунлардан бир кун қариндош-уруғларини зиёрат қилиш мақсадида қариндошлариникига борди ва у ерда қайсидир сабабга кўра боласини мактабдан қайтиш маҳалини унутиб қўйди. Бир вақт боласи эсига тушиб, шоша-пиша ёпинчиғини бошига ташлаб, уйи томон катта-катта, тез-тез қадам қўя бошлади. Йўлда она Аллоҳ таолога илтижо қилиб: «Эй, Аллоҳим боламни Сенга яқин бўлиши мақсадида ушбу ишни қилган эдим. Бугун маълум сабабларга кўра бу ишни қила олмадим. Энди шунча қилган ишларимни зоя қилмагин. Боламга қилган тадбирим маълум бўлиб қолса, унинг қалбидаги Сенга нисбатан яқинлик ҳисси узулиши мумкин. Менинг қилган меҳнатимни зоя қилма», деб йиғлаб Аллоҳ таолодан йўл -бўйи сўраб борди. Уйига етиб келиб она боласига қаради, у тинч ухлаб ётган эди. Шошиб одатдагидек таом тайёрлаб яшириб қўйди ва бола олдига келиб оҳиста уйғотиб: «Ўғлим, қорнингиз жуда очгандир?» деб сўради. Бола: «Менинг қорним очмади», деди. Она: «Нимага?» деди. Бола: «Мадрасадан оч қорин билан келдим, одатдагидек, жойнамозни солдим ва унинг устида ўтириб, хокисорлик билан Аллоҳ таолодан ризқ беришини сўрадим ва онам уйда йўқлигини ҳам айтдим. Кейин уйларнинг бурчакларини қидира бошладим ва бир жойда нонга кўзим тушди. Уни олиб едим. Она бу нондақа ширин нонни олдин сира емаган эдим», деди. Аллоҳ таоло ушбу мурғак болани келажакда Қутбуддин Бахтиёр Кокийга айлантирди. Унинг қўлига 100 лаб инсонлар мурид тушдилар. Мана шу етук шахс ортида ҳам она меҳнати кўзга ташланади. Тарихда бундай мисоллар бисёр. Уларни эшитиб инсон ҳайрон бўлади. Аёллар эркаклардан олдинда

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари Ойша розияллоҳу анҳо бу уммат аёлларининг олими эдилар. Қуръонни биринчилардан бўлиб ёдлаган эдилар. Аёлларнинг эркаклардан олдинлаб кетганлари ҳақида бир неча ривоятлар келган. Мисол тариқасида улардан баъзиларини келтирамиз. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Пайғамбар бўлишларига эътибор қаратсак, у кишига ҳаммадан олдин аёллари Хадича розияллоҳу анҳо ҳурмат кўрсатганлари маълум бўлади. Бу борада Хадича розияллоҳу анҳо бу уммат эркак ва аёллари ичида пешқадамдирлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни Пайғамбар сифатида тан олган биринчи инсон аёл – Хадича розияллоҳу анҳо бўлган. Аёллар ичида Қуръони каримни ҳифз қилишда Ойша розияллоҳу анҳога тенг келадигани бўлмаган. У киши ҳам фақиҳа, ҳам олима бўлганлар. Манбаларда келтирилишича, саҳобийларнинг барчаси илмли бўлган. Лекин улар ичида 149 таси олим сифатида ажралиб турганлар. Булар бирор фиқҳий масала юзасидан  гап гапирсалар бошқа гапларни тарк этишиб, ўша 149 та олим ичига кирувчи саҳобийни гапларини олар эдилар. Шу 149 та саҳобий ичида ҳам 14 та саҳобийлар алоҳида эътиборга эга бўлганлар. 14 та олим саҳобийлар ичида Ойша розияллоҳу анҳо ҳам борлар. Катта-катта саҳобийлар у кишидан фиқҳий масала сўрашса, парда ортида ўтириб, уларга жавоб берар эдилар ва улар Ойша розияллоҳу анҳо томонидан берилган жавобга қониқиш ҳосил қилар эдилар. Аллоҳ таоло Ойша розияллоҳу анҳога қанчалар фаросат берганлигини қуйидаги воқеадан билиб олсангиз бўлади. Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Ойша, сиз менга сарёғ билан ҳурмо аралашмасидан тайёрланган таомдан маҳбубсиз», дедилар. Ойша розияллоҳу анҳо бунга жавобан: «Эй Аллоҳнинг маҳбуби, сиз менга сарёғ билан асал қоришмасидан тайёрланган таомдан маҳбубсиз», дедилар. Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам кулиб: «Сизнинг жавобингиз мени жавобимдан яхши бўлди», дедилар. Аллоҳ таоло у кишига қанчалар имтиёз берган бўлса, шунчалар фаросат берди.

Севимли онанинг қизи билан суҳбати

Ҳазрати Ойша розияллоҳу анҳо билан Фотима розияллоҳу анҳо тез-тез ўтириб гаплашиб, ўзаро кулишиб турар эдилар. Бир куни Фотима розияллоҳу анҳо Ойша розияллоҳу анҳо олдида кулимсираб турган эдилар. Ойша розияллоҳу анҳо: «Нима гап?» дедилар. Фотима розияллоҳу анҳо: «Дилимга бир гап келди», дедилар. Ойша розияллоҳу анҳо: «Нима гап?» дедилар. Фотима онамиз: «Сиз Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг қизи бўлсангиз, мен Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлариман», дедилар. Бу гапни эшитган Ойша онамиз бир оз безовта бўлиб, Пайғамбаримизни таърифлашга киришдилар. Эй Фотима, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам сабабли бизга иймон насиб қилди, у киши сабабли Қуръон бизга насиб бўлди, у киши орқали Аллоҳ таолони танидик, у киши сабабли Ислом бизга келди деб, Пайғамбаримизга жуда кўп ва чиройли таърифлар бериб:«Фотима менинг хаёлимга ҳам бир гап келди», дедилар. Фотима онамиз: «Нима гап?» деб сўрадилар. Ойша розияллоҳу анҳо дедилар: «Эй Фотима, сизнинг рафиқангиз Али Муртазо бўлса, менинг рафиқам Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар». Бу сўзларни эшитган Фотима онамиз жим бўлиб қолдилар. Ойша онамиз: «Фотима, менинг хаёлимга яна бир гап келди», дедилар. Фотима онамиз: «Нима гап?» дедилар. Оиша онамиз: «Эй Фотима, қиёмат куни ҳар бир инсон жуфт-жуфти билан юрганида, сизнинг қўлингиз Али муртазо қўлида, менинг қўлим эса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларида бўлади», дедилар. Даврага бир оз сукунат тушгач яна Ойша онамиз: «Фотима, менинг хаёлимга бир гап келди», дедилар. Фотима онамиз: «Нима гап?» деб сўрадилар. Ойша онамиз:«Эй Фотима, сиз жаннатда жаннатий аёлларнинг сардори сифатида бир тахтда бўласиз. Сизни ёнингизда Али розияллоҳу анҳу бўлади. Мен ҳам бир тахтда бўламан. Лекин менинг ёнимда Расулуллоҳ бўладилар», дедилар. Аллоҳ таоло Ойша онамизга шунчалар фаҳм-фаросат бергандиғки, ўзлари ҳам бу ҳақда бот-бот таъкидлар эдилар. Ойша онамиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга теккан ягона бокира аёл бўлганлар. У зот ёшликдан Пайғамбаримиз назоратида ўсдилар ва у кишининг хизматларида қоим бўлдилар. У киши балоғатга етганларидан кейин илк  назарлари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга тушган. Пайғамбаримизнинг бошқа олган аёллари ё тул, ё талоқ қилинган бўлганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Бадр кунидан бир кун олдин кечаси бир нарса қидириб юрган эдилар. Ойша онамиз: «Эй Аллоҳнинг маҳбуби! Нима излаяпсиз?» деб сўрадилар. Расулуллоҳ: «Ислом байроғи учун бир мато изламоқдаман», дедилар. Шунда Ойша онамиз ўзларининг усти қора йўл-йўл, ости оқ бир ёпинчиқларини олиб чиқиб бердилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ойша онамизнинг шу матоларини Ислом байроғига айлантирдилар. Ойша онамиз бундан фахрланиб, айтиб юрар эдилар. Ойша онамизга берилган яна бир инъомлардан бири, Аллоҳ таоло саломини Жаброил алайҳиссалом томонидан қабул қилиб олишлари бўлган. Яна шундай икромлар сирасига Оиша онамизнинг Қуръони каримда бароатлари зикр қилинишидир. У киши  буни ҳам жуда кўп эслаб айтардилар: «Юсуф алайҳиссаломга ҳам, Марям онамизга ҳам менга қилинган туҳмат бўлган. Уларнинг маъсумлигига Аллоҳ таоло бир чақалоқни гувоҳ қилиб гапиртирган. Лекин менинг маъсумлигимни Ўзининг каломи Қуръон билан собит қилган». Бу ҳақда Нур сурасининг 16 ояти нозил қилинган. Яна бир улуғ неъматлардан бири Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлим тўшакларида ётганларида Ойша онамиз уйларида бўлганлар. У Зот бу дунёдан абадий дунёга риҳлат қилаётганларида бошлари Ойша онамиз кўксиларида бўлган. Бу ҳақда Ойша онамиз жуда кўп гапирар эдилар. Бу инсон қандай ҳам улуғ насиба эгаси-я! Икки кишининг кўкси Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бошларига иззат бахш этиб, сиддиқ мақомига эга бўлди. Улардан бири Расулуллоҳнинг рафиқалари, мусулмонлар онаси Ойша розияллоҳу анҳо. У киши Пайғамбаримиз вафот этаётганларида ўз кўксиларини Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бошларига бахш этиб икром кўрсатдилар ва Аллоҳ таоло у кишига сиддиқа номини берди. Иккинчилари Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу бўлиб, ғорда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошларига кўксиларини бахш қилиб, сиддиқ номига эга бўлганлар.  Ойша сиддиқа розияллоҳу анҳога берилган шундай буюк эҳтиромлар ҳақида баъзи-баъзида савол пайдо бўлади. Эй Уммул мўминун, Набий алайҳиссаломнинг мунаввар юзлари сизнинг кўз олдингизда эди. Ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари Қуръон каби эди. Сиз бир қори аёл сифатида ўтириб, ушу Қуръондан тиловат қилаётган эдингиз. Шу маҳал Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар. Ойша онамиз ўзларига насиб қилган яна бир буюк неъматлар сифатида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг кўксиларида бу оламдан риҳлат қилганларини ҳисоблар эдилар. Қиёмат куни ўша кўксидан бошларини кўтариб, умматларини шафоат қиладилар. Аллоҳ таоло Ойша онамизга кўплаб улуғ-улуғ неъматларни инъом қилган. Кўплаб бизгача етиб келган ҳадисларнинг ривояти ҳам Ойша онамизга тегишлидир. У кишининг илмий мартаба ва илмий мақомлари жуда катта бўлган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Гўзал савол бўлди»,  дедилар

Аёллар диний илмларни эгаллашда эркаклардан ортда қолиб кетмаганлар. Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хизматларига бир саҳобий аёл ҳозир бўлиб: «Эй Аллоҳ таолонинг ҳабиби! Эркаклар амалда бизни ортда қолдирмоқдалар. Улар сиз билан жиҳодга борадилар. Жаноза намозини ўқийдилар. Беш вақт масжидда намоз ўқийдилар. Биз эса уйдан ташқарига чиқмаймиз. Болаларга тарбия берамиз. Уй ишлари билан банд бўламиз. Эркаклар топаётган у яхши амалларни қила олмаймиз», деб савол берди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Савол берувчи гўзал савол берди», дедилар. Шундан сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Гап шундаки, кечалари фарзанди сабабли иссиқ ўрнидан турадиган аёлларга сарҳадларни душман ҳужумидан ҳимоя қилувчи чегарачиларга бериладиган ажр берилади. Уйида намоз ўқувчи аёлларга масжидда жамоат билан биринчи такбирга лоҳиқ бўлган кишига бериладиган ажр берилади», дедилар. Аёллар шу қадар нозик саволларни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга берар эдилар. У Зот эса гўзал савол бўлди, деб таъкидлаб қўярдилар.

Аёлларнинг илм олишга бўлган  иштиёқи

Бир саҳобий аёл Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Пайғамбари! Эркаклар сизнинг даврангизда илм олиб, олим бўлишмоқда. Биз, аёлларга бундай имконият йўқ. Шунинг учун бизга бир кун тайин қилинг. Биз чақириғингизга «лаббай» деб ҳозир бўламиз», деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам чоршанба кунини аёллар учун тайин қилдилар. Аёллар шу куни тўпланиб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўз динларини ўргана бошладилар. Аёлларнинг диний саводхонлиги эркаклардан кам эмас эди. Аллоҳ таоло уларга ҳам эркакларга баробар равишда илм ато қилди. Саҳобийлар замонасида аёлларнинг илмий даражаси

Саҳобийлар вақтида аёлларнинг илмий даражаси жуда юқори бўлган. Улар оддий сўзларни ҳам илмий тарзда сўзлашишган. Бунга икки тарихий воқеани келтириш кифоя қилади. Умар розияллоҳу анҳу ҳалифалик вақтларида маҳр жуда ортиб кетиб, ғариб инсонларда уйланишга бўлган рағбат кун сайин сўниб бораётган эди. Буни олдини олиш мақсадида, Умар розияллоҳу анҳу маҳрга аниқ бир миқдорни белгилаб қўйиш учун халқни бир ерга тўпладилар. Ғарибларни ўйлаб минбарга чиқдилар ва ҳаётни тартибга солиш мақсадида маҳр миқдорини белгилаб қўйиш керак, деган фикрни ўртага ташладилар. Шунда ғариб инсонларнинг ҳаётларини тартибга солган бўламиз, дедилар. Сўзларини баён қилиб бўлгач, минбардан тушдилар.

Шунда бир саҳобий аёл ўрнидан туриб: «Эй Амирал мўминин! Бу ҳукмни сиз Қуръон ё суннатдан олдингизми, ё фақирларни ҳаётини изга солиш мақсадида ўзингиз ижтиҳод қилдингизми?» деди. Умар розияллоҳу анҳу:«Мен турмуш тарзини тартибга солиш мақсадида айтдим», дедилар. Шунда аёл:«Аллоҳ таоло Қуръони каримда маҳрни равшан оятлар билан баён қилиб қўйган. Энди сиз қандай қилиб, маҳр борасида ғарибларни турмуш тарзига енгиллик туғдириш ва уларда уйланишга рағбат уйғотиш мақсадида бирор ҳукм айтишингиз мумкин?» деди. Умар розияллоҳу анҳу ҳайрон бўлиб: «Ўша возиҳ оят қайси?» деб сўрадилар. Саҳобий аёл қуйидаги оятни ўқиб берди: «وَإِنْ أَرَدْتُمُ اسْتِبْدَالَ زَوْجٍ مَكَانَ زَوْجٍ وَآتَيْتُمْ إِحْدَاهُنَّ قِنْطَارًا فَلا تَأْخُذُوا مِنْهُ شَيْئًا أَتَأْخُذُونَهُ بُهْتَانًا وَإِثْمًا مُبِينًا» «Ва агар хотин ўрнига бошқа хотин олмоқчи бўлсангиз ва уларнинг бирига ҳаддан зиёд маҳр берган бўлсангиз ҳам, ундан ҳеч нарсани қайтариб олманг. Уни бўҳтон ва катта гуноҳ ҳолида оласизми?» (Нисо 20-оят)”. Аёл ўз сўзида давом этиб, «Аллоҳ таоло ушбу оятда маҳрни тилла ва кумуш ўлчов бирликларининг энг каттаси «қинтор» билан зикр қилмоқда. Сиз бўлсангиз маҳрга арзимаган миқдорни тайин қилмоқчисиз», деди. Амирул мўминин ортга қайтиб, минбарга чиқдилар ва одамларга қараб: «Умар хато қилганди, бир сингил ҳиммат кўрсатиб, акасининг хатосига ишора қилди», дедилар. Ана шу вақтларда аёлларнинг илмий савияси жуда юқори бўлган экан. Улар ўзаро суҳбат чоғида ҳам илмий суҳбат қуришар экан.

Бир кампирнинг илмий танбеҳи

Ҳажжож ибн Юсуф билан бир кампир ўртасидаги ўзаро илмий суҳбат халқ орасида жуда кенг ёйилган. Бу воқеа манбаларда шундай баён қилинган. Бир камбирнинг боласига жуда зулм қилинди. Бир куни кампир Ҳажжож олдига келиб: «Эй золим Ҳажжож! Фарзандимга зулм беришдан  тийил. Агар шу тариқа давом этаверсанг, Аллоҳ таоло аввалги 15 порада «калла» лафзини йўқ қилиб ташлаганидек, сени ҳам ер юзидан йўқ қилиб ташлайди. Ҳажжож ҳофиз, қори, муқри эди. У бир оз ўйланиб: «Ҳақиқатда аввалги 15 пора ичида «калла» лафзи йўқ экан. Агар «калла» лафзи бўлганида сени ҳам жазолаган бўлар эдим», деди. Бу ривоятдан буни тушуниш керакки, ўша даврда аёллар бошқалар билан суҳбатлашиш давомида илмий гаплар айтишган. Ўша даврда аёлларининг илмий савиялари қанчалар юқори бўлган-а!

Қуръон оятлари билан сўзловчи аёл

Абдуллоҳ ибн Муборак деди: «Ҳаж сафарига отландим. Сафар давомида жундан кўйлак кийган, жундан ёпинғич ташлаб олган бир аёлни йўлда учратдим. Унга салом бердим. У салом жавобига: «سَلامٌ قَوْلا مِنْ رَبٍّ رَحِيمٍ» «Раҳим бўлган Роббдан «Салом» сўзи бордир» (Ясин 58-оят)  деб жавоб берди. — Аллоҳ сизга раҳим қилсин. Бу ерда нима қиляпсиз? Аёл: «مَنْ يُضْلِلِ اللَّهُ فَلا هَادِيَ لَهُ» «Аллоҳ кимни залолатга кетказса, унга ҳидоят қилувчи йўқдир» (Аъроф 186-оят). Аёлнинг бу гапидан йўлда адашиб қолган ё карвондан ортда қолган деб ўйлаб, «Қаерга борасиз?» деб, сўрадим. У жавоб берди: «سُبْحَانَ الَّذِي أَسْرَى بِعَبْدِهِ لَيْلا مِنَ الْمَسْجِدِ الْحَرَامِ إِلَى الْمَسْجِدِ الأقْصَى الَّذِي بَارَكْنَا حَوْلَهُ لِنُرِيَهُ مِنْ آيَاتِنَا إِنَّه هُوَ السَّمِيعُ الْبَصِيرُ» «Ўз бандасини кечаси Масжидул Ҳаромдан атрофини баракали қилганимиз Масжидул Ақсога оят-мўъжизаларимизни кўрсатиш учун сайр қилдирган Зот пок бўлди. Албатта, У эшитгувчи ва кўргувчи Зотдир» (Исро 1-оят). Бу оятни ўқигандан сўнг Байтуллоҳни тавоф қилиб, Қуддусга кетаётганини тушундим. «Қанчадан бери бу ерда турибсиз» деб, сўрадим. У деди: «ثَلاثَ لَيَالٍ سَوِيًّا» «... тўла уч кеча кундуз» (Марям. 10-оят). У аёл олдида еб-ичадиган бирор нарсани кўрмадим. Шундан кейин у аёлга: «Бирор егулик едингизми?» деб сўрадим. У шу оятни ўқиб, саволимга жавоб берди: «وَالَّذِي هُوَ يُطْعِمُنِي وَيَسْقِينِ» «Ва мени таомлантирадиган ва суғорадиган ҳам Унинг Ўзи» (Шуаро 79-оят). Таҳорат олишга қийналмаётганини билиш мақсадида,«Қандай қилиб, таҳорат олаяпсиз?» деб сўрадим. «فَلَمْ تَجِدُوا مَاءً فَتَيَمَّمُوا صَعِيدًا طَيِّبًا» «Бас, покиза тупроқ ила таяммум қилинглар» (Моида. 6-оят). Шундан сўнг аёлга:«Таомим бор, таомланиб оласизми?» дедим. У аёл қуйидаги оят билан жавоб берди: «أَتِمُّوا الصِّيَامَ إِلَى اللَّيْلِ» «Сўнгра рўзани кечасигача батамом қилинг» (Бақара. 187-оят). Берган бу жавобидан рўзадор экан, деб тушундим ва у аёлга: «Ҳозир рўза эмас-ку?» дедим. Аёл қуйидаги оятни тиловат қилиб, саволимга жавоб берди: «مَنْ تَطَوَّعَ خَيْرًا فَإِنَّ اللَّهَ شَاكِرٌ عَلِيمٌ» «Ким яхшиликни холисона қилса, бас, албатта, Аллоҳ шукр қилувчи ва билувчидир» (Бақара. 158-оят). Бу оятни ўқигандан кейин нафл рўза тутган экан деб тушуниб, «Аллоҳ таоло сафарда фарз рўзани тутишни ҳам ихтиёрий қилган-ку?» деб сўрадим. Аёл бу саволимга ҳам оят билан жавоб берди: «وَأَنْ تَصُومُوا خَيْرٌ لَكُمْ إِنْ كُنْتُمْ تَعْلَمُونَ» «Агар билсангиз, рўза тутмоғингиз сиз учун яхшидир» (Бақара 184-оят). Қуръон оятлари билан саволларимга жавоб берганига ажабланиб, у аёлдан бунинг сабабини сўрадим. У аёл саволим жавобига яна Қуръон оятлари билан жавоб берди: «مَا يَلْفِظُ مِنْ قَوْلٍ إِلا لَدَيْهِ رَقِيبٌ عَتِيدٌ» «У бирор сўз айтмас, магар ҳузурида (фаришта) ҳозиру нозир» (Қоф 18-оят). Яъни инсон оғзидан чиққан ҳар бир сўзга жавоб беради. У аёлдан: «Қайси қабиладансиз?» деб сўрадим. У яна қуйидаги оятлар билан жавоб берди: «وَلا تَقْفُ مَا لَيْسَ لَكَ بِهِ عِلْمٌ إِنَّ السَّمْعَ وَالْبَصَرَ وَالْفُؤَادَ كُلُّ أُولَئِكَ كَانَ عَنْهُ مَسْئُولا» «Ўзинг билмаган нарсага эргашма! Албатта, қулоқ, кўз ва дил – ана ўшалар, масъулдирлар» (Исро. 36-оят). Яъни кўз, қулоқ ва дилингизни бир кун келиб жавоб бериладиган нарсалар билан банд қилманг. Ушбу оятни тиловат қилгандан кейин, у аёлдан узр сўрадим. Аёл деди: «لا تَثْرِيبَ عَلَيْكُمُ الْيَوْمَ يَغْفِرُ اللَّهُ لَكُمْ» «Бугунги кунда сизларни айблаш йўқ. Сизларни Аллоҳ мағфират қилгай» (Юсуф. 92-оят). Бу оятни тиловат қилгач, «Агар хоҳласангиз, манзилингизга олиб бориб қўяман», дедим. Шунда аёл қуйидаги оятни тиловат қилди: «وَمَا تَفْعَلُوا مِنْ خَيْرٍ يَعْلَمْهُ اللَّهُ» «Нима яхшилик қилсангиз, Аллоҳ уни билади» (Бақара. 197-оят). Оятни эшитиб, туяни унинг олдига олиб бориб чўктирдим. Аёл туяга минишдан олдин ушбу оятни тиловат қилди: «قُلْ لِلْمُؤْمِنِينَ يَغُضُّوا مِنْ أَبْصَارِهِمْ» «Сен мўминларга айт, кўзларини тийсинлар» (Нур. 30-оят). Ушбу оятни тиловат қилгандан кейин тушундимки, бемалол туяга миниб олиши учун қарамай турушим керак экан деб, туяни топшириб, бир четга бориб турдим. Энди аёл туяга минаман, деган эди, туя тўсатдан туриб кетиб қолди ва аёлнинг ёпинчиғи кажавага илиниб, йиртилиб кетди. Шунда у аёлга ўз қайғумни изҳор қилдим. Шунда аёл ушбу оятни тиловат қилди: «وَمَا أَصَابَكُمْ مِنْ مُصِيبَةٍ فَبِمَا كَسَبَتْ أَيْدِيكُمْ وَيَعْفُو عَنْ كَثِيرٍ" “Сизга қайси бир мусибат етса, бас, ўз қўлингиз қилган касбдандир ва У Зот кўпини афв қилур» (Шуаро. 30-оят). Яъни бу бўлган воқеада сизни айбингиз йўқ. Бу менинг амалим натижасидир. Шунда Абдуллоҳ ибн Муборак:«Сиз озгина тўхтаб туринг, мен туянинг оёқларини тушовлаб қўяман. Шунда сизга миниш осон бўлади», деди. Аёл бу гапларни эшитиб қуйидаги оятларни ўқиди: «فَفَهَّمْنَاهَا سُلَيْمَانَ» «Бас, уни биз Сулаймонга фаҳмлатдик» (Анбиё. 79-оят). Қуръон оятларини эшитиб, тўғри чора топдингиз, демоқчи бўлганини тушундим ва туяни оёқларини тушаб қўйдим. У бемалол туяга миниб олгандан кейин қуйидаги оятларни тиловат қилди: «سُبْحَانَ الَّذِي سَخَّرَ لَنَا هَذَا وَمَا كُنَّا لَهُ مُقْرِنِينَ (١٣) وَإِنَّا إِلَى رَبِّنَا لَمُنْقَلِبُونَ» «Бизга буни бўйсундирган Зот покдир. Биз бунга қодир эмас эдик. Ва, албатта, Биз Роббимизга қайтгувчилардирмиз», дегайсиз» (Зухруф 13-14 оят). Мен туяни юганидан тутиб баланд овоз билан уни етаклай бошладим. Шунда аёл қуйидаги оятларни тиловат қилди: «وَاقْصِدْ فِي مَشْيِكَ وَاغْضُضْ مِنْ صَوْتِكَ» «Юришингда мўътадил бўл ва овозингни пасайтир» (Луқмон. 19-оят). Мен оҳиста юриб ҳиргойи қила бошладим. Шунда аёл Қуръон оятларидан қуйидагиларни тиловат қилди: «فَاقْرَءُوا مَا تَيَسَّرَ مِنَ الْقُرْآنِ» «Қуръондан муяссар бўлганича ўқинглар» (Муззаммил. 20-оят). Яъни ҳиргойи қилиб юрган нарсангдан Қуръони каримни тиловат қилганинг афзал. Шундан кейин у аёлга: «Сизга Аллоҳ таоло кўп фазилатли сифатларни ато этган экан. Лекин ҳамма ҳам сиз каби бўла олмайди», дедим. Шунда ушбу оят билан жавоб бердилар: «وَمَا يَذَّكَّرُ إِلا أُولُو الألْبَابِ» «Ва фақат ақл эгаларигина эслайдилар» (Оли Имрон. 7-оят). Йўлда юриб кетаётиб, у аёлнинг эри ҳақида сўрадим. Шунда қуйидаги оят у аёл томонидан тиловат қилинди: «يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لا تَسْأَلُوا عَنْ أَشْيَاءَ إِنْ تُبْدَ لَكُمْ تَسُؤْكُمْ» «Эй иймон келтирганлар! Ҳар хил нарсаларни сўрайверманглар. Агар зоҳир бўлса, сизга ёмон бўлади» (Моида. 101-оят). Бу оятдан кейин йўлда жим давом этдим. Бир мунча юргандан кейин йўлда бир карвонга яқинлашдик. Шунда у аёлдан «Карвонда бирор яқинингиз борми?» деб сўрадим. Аёл «Каҳф» сурасини ушбу оятларини тиловат қилди: «الْمَالُ وَالْبَنُونَ زِينَةُ الْحَيَاةِ الدُّنْيَا» «Мол-мулк, бола-чақа ҳаёти дунё зийнатидир» (Каҳф. 46-оят). Бу оятни тиловат қилгандан кейин карвонда аёлнинг фарзандлари бор экан, деб тушундим. Аёлдан фарзандларини исмларини сўрадим. У аёл фарзандларининг исмини айтиш ўрнига қуйидаги оятларни тиловат қилди: «وَبِالنَّجْمِ هُمْ يَهْتَدُونَ» «Ва аломатлар ҳамда юлдузлар ила улар йўл топурлар» (Наҳл. 16-оят). Оятни тиловат қилишига аёлнинг фарзандлари карвон йўлбошчилари эканларини тушундим. Аёл ушбу оятни тиловат қилгандан сўнг қуйидаги уч оят билан фарзандларининг исмларини Қуръон оятлари билан айтиб берди: «وَاتَّخَذَ اللَّهُ إِبْرَاهِيمَ خَلِيلا» «Ва Аллоҳ Иброҳимни дўст тутган эди» (Нисо. 125-оят). «وَكَلَّمَ اللَّهُ مُوسَى تَكْلِيمًا» «Ва Аллоҳ Мусо ила ўзига хос гаплашди» (Нисо. 164-оят). «يَا يَحْيَى خُذِ الْكِتَابَ بِقُوَّةٍ» “Эй Яҳё, китобни қувват-ла ол!” (Марям 12-оят). Ушбу оятлардан аёл фарзандларининг исмлари Иброҳим, Мусо ва Яҳё эканини тушундим. Баланд овоз билан аёл фарзандларини исми билан чақирдим. Бир чодирдан учта хуш сурат йигитлар чиқиб, оналарини дарҳол туядан тушуриб олдилар. Ҳотиржам бўлиб бир жойга ўтирганимизда аёл қуйидаги оятларни тиловат қилди: "فَابْعَثُوا أَحَدَكُمْ بِوَرِقِكُمْ هَذِهِ إِلَى الْمَدِينَةِ فَلْيَنْظُرْ أَيُّهَا أَزْكَى طَعَامًا فَلْيَأْتِكُمْ بِرِزْقٍ مِنْهُ" “... шаҳарга бирингизни ушбу пулингиз ила юборинг, назар солиб, яхши таомни танлаб, ундан ризқ келтирсин” (Каҳф 19-оят). Аёл бу оятни тиловат қилишига йигитлардан бири карвонга яқин шаҳарлардан бирига бориб, таом келтирди ва дастурхонга қўйди. Шунда аёл дастурхонга марҳамат дейиш учун қуйидаги оятларни тиловат қилди: "كُلُوا وَاشْرَبُوا هَنِيئًا بِمَا أَسْلَفْتُمْ فِي الأيَّامِ الْخَالِيَةِ" “Ўтган кунларда қилган нарсаларингиз туфайли енглар ва ичинглар, ош бўлсин” (ал-Ҳаққо 24-оят). Овқатланишдан олдин Абдуллоҳ ибн Муборак аёл фарзандларидан оналари ҳақида сўраб-суруштирди. Улардан бири: “Онамиз 40 йилдан буён шу тарзда суҳбатлашадилар. У киши доимо Қуръон оятлари билан мурожаат қиладилар ва жавоб берадилар. Онамиз қиёмат куни Аллоҳ таоло ҳузурида номаи аъмолимдан беҳуда бирор сўз чиқмасин деб, қўрқиб Қуръон оятлари билан суҳбатлашишга одатланганлар. Ушбу гаплардан кейин қуйидаги оятларни тиловат қилдим: "ذَلِكَ فَضْلُ اللَّهِ يُؤْتِيهِ مَنْ يَشَاءُ وَاللَّهُ ذُو الْفَضْلِ الْعَظِيمِ" “Бу Аллоҳнинг фазлидир (ва уни) хоҳлаган кишисига берадир. Аллоҳ улуғ фазл эгасидир” (Жума 4-оят). Қиёмат куни шу аёл кабилар Аллоҳ таоло ҳузурида жам бўладилар. Замонамизнинг аёллари асосий вақтларини ғийбат, иғво, мазах ва бўҳтон билан ўтказмоқдалар. Нари борса, ҳозирги аёллар 5 вақт намозни тўлиқ қилиб ўқиганлари ўқийди. Ўқимаганлари эса асосий “вазифалари” ғийбат билан вақтларини ўтказадилар. Бундай аёллар қиёмат куни Аллоҳ таоло ҳузурида Қуръон оятлари билан сўзлашувчи сингари аёллар олдида ўзларини қандай ҳис қилар эканлар. Тарихга назар солсак, бу уммат аёллари ичидан олима, тақводор ва фарзанд тарбиясида ўрнак бўладиган, Аллоҳ таолонинг ҳузурида баланд мартабаларни топишда эркаклардан сира ортда қолмайдиган аёллар ўтганлари маълум бўлади. Қуръонни сақлаб қолишда аёлларнинг меҳнати

Ҳаким ат-Термизий 70 та муҳаддис аёлдан сабоқ олганлиги манбаларда келтирилган. Улар ҳадис қоидаларига мувофиқ ҳадис ривоят қилганлар. Ҳар уй у даврда гулшан бўлган. Қизлар айни у даврда дин хизматига қаттиқ бел боғлаганлар. Ривоятлардан бирида келтирилишича, Қуръони каримни сақланишида шу умматнинг қизлари ҳам ўз ҳиссаларини қўшганлар. У даврда Қуръони каримни босмахоналарда нашр қилиб, тарқатиш учун босмахоналар бўлмаган. Қизлар мана шу борада катта хизмат қилганлар. Қизлар диний таълимни тугатгандан кейин, никоҳгача бир оз вақт бўлса, уй юмушларидан фориғ бўлгандан кейин таҳорат билан жойнамоз устида ўтириб, Аллоҳ таоло каломи Қуръони каримни ҳусни хат ила ёзишга киришганлар. Ҳар куни оз-оз ёзиб маълум муддатда Уни тугатганлар. Қизларни ота-оналари ушбу улар томонидан ёзилган Қуръонни олиб, муқова қилиб берганлар. Ушбу Қуръон нусхаси қиз сепига қўшиб берилган. Қизлар ўзлари билан Қуръонни ушбу нусхасини олиб кетганлар. Бир томондан Қуръони каримни ёзма нусхасини улар қўлга киритган бўлсалар, бошқа томондан Қуръони каримни нусхалари кундан-кун кўпая борган ва уммат орасида ёйилган. Уммат эркаклари Қуръон ҳифзидан қанчалар хизмат қилган бўлсалар, аёллари ҳам шунчалар меҳнат қилганлар. Аёллар дин ташвишида сира эркаклардан ортда қолмаганлар.

Вилоятга эришиш ва аёл

Аёллар катта-катта мартабаларни ҳосил қилиш учун жуда катта маърифатли гапларни гапиришган. Робия ал-Басрия кечалари таҳажжуд ўқиб бўлгач, этакларини ёзиб ўтириб, дуо қилар эканлар. Уларнинг дуолари ичида энг ажойиби қуйидагилар: «Эй Аллоҳ! Ҳозир кун кетиб, кеч келди. Ҳар шахс ўз молики ҳузурига кетди. Моликим, менинг сенга муҳаббатим бор. Этакларимни ёзиб Сенинг ҳузурингда ўтирибман. Эй Аллоҳим! Дунё подшоҳлари дарвозаларини ёпган бир пайтда Сенинг дарвозаларинг ҳали-ҳануз очиқдир. Эй Аллоҳим! Мен сендан ёлвориб сўрайман. Эй Аллоҳим! Осмонни ерга йиқилишини даф қилганинг каби шайтонни менга эга чиқишини даф қилгин». Шу каби дуолардан кейин у кишига Аллоҳ таоло илм ва маърифат ато этди. Уларни бу қилган ишлари биз учун катта сабоқ. Бундан маълум бўладики, бу уммат аёллари вилоят ҳосил қилишда эркаклардан ортда қолмаганлар. Балки эркаклар билан қадамма-қадам келганлар.

Диннинг ҳар шуъбасида аёлларнинг мусобақаси

Шу уммат ичида Абдуллоҳ ибн Масъуддек фақиҳ назарингизга келса, албатта, Ойша розияллоҳу анҳо ҳам келиши керак. Зайд ибн Собит ҳофиз бўлиб, назарингизга келса, албатта, Ҳафса бинти Умар ҳам келиши керак. Ҳамза розияллоҳу анҳу шу умматнинг шаҳидлар саййиди деб, хаёл қилсангиз, албатта, Сумайя розияллоҳу анҳо ҳам хаёлингизга келиши керак. Илк шаҳид бўлганларга назар солсангиз, албатта, аёл киши биринчилардан бўлиб шаҳид бўлгани кўзингизга кўринади. Бу майдонда ҳам аёллар эркаклардан ўтиб кетганлар. Холид ибн Валид шу уммат генерали сифатида баҳоланса, Зирор розияллоҳу анҳунинг сингиллари Хавла ҳам бу номга ҳақлидир. Манбаларда ёзилишича, Зирор розияллоҳу анҳу кофирлар қўлига аср тушди. Холид ибн Валиднинг қўшини жуда оз эди. Мушриклар сон жиҳатидан жуда кўп эдилар. Холид ибн Валид уни қандай қилиб қутқариб олишни билмай, ҳайрон бўлиб турар эди. Шу вақт ниқобли бир чавандоз майдонда пайдо бўлди. У қиличини яланғочлаганча кофирлар томон бостириб борди ва уларни сабзини кесгандақа  янчиб ташлай бошлади. Кофирлар бу ҳолатдан қўрқувга тушиб, у ёқ-бу ёқларга қочиб кетдилар. У асрга тушган Зирор розияллоҳу анҳуни қутқариб ортга қайтди. Холид ибн Валид мужоҳид олдига келиб: «Сиз кимсиз?» деб сўради. Сизда шунчалар шижоат ва баҳодирлик сифатлари намоён. Жавобида: «Мен Зирорнинг синглиси Хавламан», деган аёл овози эшитилди. Хавла: «Акамни кофирлар тутқунликка олиб кетишаётган эди. Мен бугун акамга керакман, деган фикрда ниқоб тақдим ва уларга қарши майдонга от чоптириб чиқдим», дедилар. Мусулмон эркаклар ичида Холид ибн Валид генерал бўлса, Хавла ҳам мусулмон аёллар ичида генералдир. Шу уммат ичида Ҳасан Басрий катта машойих бўлса, Робия аёллар ичида катта машойихдир. Бу уммат аёллари муҳаддис ҳам, қори ҳам ва олим ҳам бўлганлар ва ҳатто улар динниёйишда ҳам жонбозлик кўрсатганлар.

Талабалар Аллоҳ таолонинг танлаб олганларидир

Бугунлик кунда мен ожиз фақир ҳам бу хуш неъматдан насибадорман. Шундай масканга бориб бир қанча болаларга таълим бераман. Болалар Қуръон ўқийдилар. Ўз кўксиларини Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадислари билан мунаввар қиладилар. Булар чиройли насибали болалардир. Уларни Аллоҳ таоло ўз бандалари орасидан диний таълим бериш учун танлаб олди. Улар яхши насибали болалардир. Чунки Аллоҳ таоло уларни ўз дини хизмати учун қабул қилди. Бу ҳақда Фотир  суратининг 32- оятида шундай марҳамат қилинади: «ثُمَّ أَوْرَثْنَا الْكِتَابَ الَّذِينَ اصْطَفَيْنَا مِنْ عِبَادِنَا» «Сўнгра бу китобни Ўз бандаларимиздан танлаб олганларимизга мерос қилдик» (Фотир. 32-оят). Қуръони Каримнинг гувоҳлик беришича, Аллоҳ таоло Ўзи танлаб олган бандаларга, Ўзига маҳбуб бўлган бандаларга Қуръонни ҳифз қилдиради. Диний илмни ўрганувчи толиб ва толибалар Аллоҳ таолонинг маҳбубларидирлар. Ҳадиси покда шундай ривоят келади: «Аллоҳ таоло қиёмат куни олимларни қоим қилиб: «Эй олимлар жамоаси! Мен сизларнинг кўксиларингизни илм учун танлаб олдим. Бугун сизларни одамлар олдида шарманда қилишни хоҳламайман. Бас, ҳисоб-китобсиз жаннат дарвозалари сизлар учун очиқдир», дейди. Аллоҳ таоло қанчалар раҳимли бўлса, шунчалар карамлидир». Ҳадисларда келишича, шу умматнинг омиллари қиёмат куни Ҳавзи Кавсар олдига йиғиладилар ва Аллоҳ таолонинг фаришталари уларга жом-жом ҳавз сувидан ичирадилар. Лекин шу уммат олим аёллари ва эркаклари Ҳавз Кавсар олдига келадилар ва Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз қўллари билан Ҳавз Кавсар жомини уларга берадилар. Бу қанчалар яхши насиба-я! Аллоҳ таолонинг севимли Пайғамбари ўз олим умматларига иззат кўрсатса-я! Лекин тилимиз олим бўлиб, қалбимиз жоҳил бўлмасин. Димоғимизда илм бўлиб, жисмимизда суннатга риоя қилмаслик бўлиши жуда ёмон. Бу иккиюзламачиликдан Аллоҳ таолонинг Ўзи асрасин. Шайтон танланган бандалар ортидан қолмай эргашиб юради. Масжидга борса ҳам, мадрасага борса ҳам, шайтон улар ортидан эргашиб юради. Шайтон толиби илмларнинг вақтини зоя қилишни, илмдан манфаат кўрмасликларини хоҳлайди. Шу боис шайтондан сақланиб, нафси ёмонликларини назорат остига олиш лозим. Шунда Аллоҳ таоло илм зиёнати билан у кишини зийнатлайди. Сиз бутун вужудингизга шу гапни сингдириб олинг: «Аллоҳ таоло динда биз учун иззат ато қилади». Инсонда маънавий баландлик бўлса, қадди-қоматсиз ҳам баланд бўлади. Инсонда ҳаё бўлса, сурмасиз ҳам инсон кўзи чиройли кўринади. Инсон пешонасида сажда нишони бўлса, гримсиз ҳам юзи чиройли кўринади. Шу боис тақво ва парҳезда ҳаёт ўтказувчи инсонларни Аллоҳ таоло икки дунёда саодатли қилади. Эй, Аллоҳим! Ҳаммамизга иззат ато қилгин, ҳаммамизни ёмон кунлардан ва ёмон тунлардан ҳамда ёмон ишлардан сақлагин. Иззат кетидан келадиган хорликдан Ўзинг асрагин! Тараддудга тушиб қолишдан Ўзинг асрагин! Тойилишдан Ўзинг асрагин! Бизни барча ёмонликдан асрагин! Бизда на қувват, на куч бор. Барча қувват ва қудрат Ўзинга тегишлидир. Бас, Ўзингдангина ёрдам сўраймиз. Кетар чоғимизда иймон билан кетиш насибасини бергин. Иймонимизни сақлаб қолишимизга кўмак бергин. Эй Аллоҳим, бизга иймонимизни асраб қолишни тақдир қилгин ва дининг хизматига қабул қилгин ва мақбул бандаларинг қаторига қўшгин.

Мавлоно Зулфиқор Соҳиб Нақшбандий Абдуманнон Жаъфар таржимаси

Мавзуга оид мақолалар
САВОЛ Таҳорат қилиш чоғида таҳорат синиб қолса, қайтадан таҳорат қилинадими ЖАВОБ Таҳоратни давоми...

21:35 / 17.03.2017 3984
Ким сафарга чиқишни ният қилса, биродарларига видо маъносида салом берсин. Зеро, Аллоҳ уларнинг дуолари давоми...

05:48 / 13.12.2016 3464
Эронннг Машҳад шаҳрида муқаддас Қуръони Каримнинг 2,5х1,75 метрлик янги нусхаси устидаги ишларни якунлашди. Бу давоми...

08:44 / 06.02.2017 5261
Вақт инсон қўлидаги энг қадрли сармоя. Ҳар бир кишининг ҳаёти дақиқаларда ҳисобланади ва унинг ихтиёридаги давоми...

15:51 / 01.06.2019 4025