Ҳаётимга суннатни жо қиламан!
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.


Аллоҳ таолога Ўзининг улуғлиги қадар ҳамду санолар бўлсин.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломга салавоту дурудлар бўлсин!


Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга мукаммал шариатни нозил қилди, у зот алайҳиссаломни буюрган нарсани қилишга, қайтарганидан қайтишга амр этди. Ва шундай йўл тутса, албатта, Ўзининг муҳаббатига сазовор бўлишини баён этди.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Айтинг (эй Муҳаммад!): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир. Аллоҳ ва Пайғамбарга итоат этингиз! Агар юз ўгирсалар, Аллоҳ, шубҳасиз, кофирларни севмас” (Оли Имрон сураси, 31-32-оятлар).

Замахшарий роҳимаҳуллоҳ бу оят тафсирида Аллоҳ таолога ҳақиқий ибодат қилишни хоҳлаган банда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиши кераклигини айтадилар.

    Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Эй ўғилчам, бу менинг суннатимдир. Ким менинг суннатимни ўз ҳаётига татбиқ этса, батаҳқиқ, менга муҳаббат қилибди. Ким мени яхши кўрса, жаннатда ҳам мен билан бирга бўлади”.

    Ким у зотнинг суннатларига эргашса, худди уни қайтадан тирилтиргандай бўлади. Ким у зотнинг  суннатларини тирилтирса, Пайғамбаримиз алайҳиссаломга муҳаббат қўйганини амалда ҳам кўрсатган бўлади. Ва ким Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрса, жаннатда ўзлари билан бирга бўлиш саодатига мушарраф  бўлади, иншааллоҳ.

Суннатга эргашишга, ҳаётимизнинг ҳар лаҳзасига жорий қилишга бундан ортиқ яна қандай тарғиб керак!? Ич-ичингиздан: "Суннатни ҳаётимизга қандай татбиқ қиламиз? Унга мувофиқ яшаш учун нима қилишимиз керак? Бирор синалган усули борми?" каби саволлар туғилади...


Айни шундай саволлар қийнаётган азизаларга суннатни кундалик ҳаётининг ҳар бир жабҳасига татбиқ этган бир инсон қиссасини ҳикоя қилиб беришни лозим топдим.  


Муҳаммад Тақий Усмоний раҳимаҳуллоҳ ҳикоя қиладилар:


"Ҳакимул умма Ҳазрат Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳнинг хос халифаларидан бири Доктор Абдулҳай Орифий раҳматуллоҳи алайҳ  шундай дердилар:

"Мен йиллар давомида ўзимнинг ҳаётимга суннатни жорий қилиш учун машқ қилганман. Масалан, уйга кирган чоғимда ҳузуримга таом олиб келинса, қарайман. Ўша пайтда қорним ниҳоятда оч, лазиз ва ширин таом ҳузуримда турибди. Нафсим бу таомдан тезроқ тановул қилиб, очликни қондиришни, очлик дардини тезроқ кетказишни хоҳлайди. Лекин мен ўша пайтда ўзимни бироз тўхтатиб оламан ва қалбимга гўзал бир ниятни келтириб, ўзимга-ўзим: "Бу ширин таом Аллоҳ таолонинг неъмати. Парвардигор Ўзининг фазлу марҳамати ила менга бу таомни  берди. Шу билан бирга, нафсимга едириш, ичириш ҳаққини ҳам жойлаштирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳузурларига таом тортиқ қилинган пайтда аввал шукрини адо этиб, кейин тановул қилар  эдилар. Meн ҳам ҳозир ана шу суннатга эргашиш учун бу таомни еяпман ", дер  эдим. Бу нарсаларни тилда айтиш шарт эмас. Бироз тўхтаб, мулоҳаза қилиш кифоя.

Шунга ўхшаш, сиз кўчадан уйингизга келган чоғингизда ёш болангиз ўйнаб ўтирган бўлса, уни қучоқлаб, кўтариб ўпгингиз, у билан бирга ўйнагингиз келади.  Мен ҳам уйга кириб фарзандларимни кўрганимда, қалбимдан мана шу туйғулар ўтган чоғда ўзимни бир неча сония тўхтатиб оламан. Қалбимда: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам болаларни яхши кўрганлар, набираларини кўтарганлар, эркалаб суйганлар", деган ниятни пайдо қилиб, мен ҳам мана шу ишни ана шу суннатга эргашганим учун қиламан, деб, кейин уларни эркалаб, кўтариб ўйнатар ва ўпиб яхши кўрар эдим.

Мана шундай қилиш орқали оддий амални ҳам суннатга айлантирар  эдим. Бу ўз-ўзидан бўлиб қолмайди. Балки узоқ машқлар давомида вужудга келади. Мен йиллар давомида мана шундай қилдим ва бу ишлар одатга айланиб қолди....”.


Демак, инсон оддий амалларида ҳам ниятни гўзал қилишга одатланса, бунинг воситасида ана шу ишлар аста-секин унинг ҳаётига чуқур кириб бориб, гўзал ният унинг кундалик одатига айланиб бораркан. Бунинг натижасида суннатга эргашиш ўз-ўзидан ҳосил бўлади.

Хулоса сиздан Азизам...


Бахтихон Шарипова


Муаллиф
Мавзуга оид мақолалар
Дунёнинг ичига кир, сайр қил, кўр, аммо эҳтиёт бўл, дунё сенинг ичингга кирмасин Мавлоно Жалолиддин Румий давоми...

16:00 / 13.12.2016 4539
         НИКОҲ МАРОСИМИГА ТЕГИШЛИ БИДЪАТХУРОФОТЛАР ёхуд ғарбдан кириб келаётган урфодатларга кўркўрона давоми...

12:09 / 20.03.2017 4301
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм Муқаддима Бандалари ичидан баъзиларини фақиҳ қилиб қўйган давоми...

11:51 / 10.12.2018 3996
Қишки таътил давомида Гарвард университетининг 30 нафар мусулмон талабалари учун Макка ва Мадина давоми...

13:38 / 27.02.2019 2016