Бир суннат изидан ёхуд ҳимматни сендан ўргандим, кунгабоқар!
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

“Биз сени оламларга  фақат раҳмат қилиб юбордик” (Анбиё сураси, 107-оят).

Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни барча оламларга раҳмат қилиб юборди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган дин, китоби – Қуръон бутун башариятга раҳматдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал рисолатлари борлиқдаги энг азиз мавжудот ва бу оламдаги энг қимматбаҳо жавҳар инсон эканини барчага билдирди. Ислом инсоннинг мартабасини энг юқори даражага кўтарди.

Қуйидаги ҳадис бунинг яққол далилидир:

“Халойиқ Аллоҳнинг аҳлидир. Халойиқнинг Аллоҳ ҳузурида энг маҳбуби У Зотнинг аҳлига яхшилик қилганлардир”.

Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Раҳмон раҳм қилувчиларга раҳм қилур. Ер юзидаги бандаларга раҳм қилсангиз, сизга осмондаги Зот раҳм қилур”, деганлар.

Ўзаро раҳм-шафқат қилишга, бир-биримизга меҳр улашишга бундан ортиқ тарғиб бўладими? Дунё тез суръатларда ривожланиб, ўзининг тарихида забт этмаган чўққиларни бирин-кетин эгаллаб боряпти. Авваллари қариндошлар ҳолидан хабар олиш учун вақт талаб қилиниб, масофалар босиб ўтилган бўлса, ҳозир биргина қўнғироқ орқали дийдорлашиляпти ва бу кифоя қиляпти... Аслида-чи?!

Кунгабоқар ҳақида эшитмаган, далаларда барқ уриб, ўсиб турган кунгабоқарни кўрмаган инсон йўқ бўлса керак. Уларнинг номи нега кунгабоқар? Чунки улар доимо қуёшга қараб турадилар, шарқдан чиқиб, ғарбга ботгунига қадар унга термуладилар.

Олимлар бу ҳодисани синчиклаб ўрганишганда, тадқиқотлар натижаси шуни кўрсатдики, кунгабоқарлар ҳаво булутли бўлиб, қуёш кўринмай қолганида, бошларини эгиб олишаркан. Ерга қараб қолишадими? Йўқ, улар бир-бирларига қарашаркан. Гўёки ғамгин бўлма, мана менинг юзларимга боқ, бу юзлар доимо қуёш нуридан баҳра олган, сенга излаганинг қуёш тафтини, унинг меҳрини бера олади, дегандек.

Ўқий олган кишига коинот катта китобдир. Аллоҳ таолонинг ҳар бир яратиғида биз учун ибратлар бор.

Азизим, бугун сиз кимга табассум ҳадя этдингиз? Қайси бир ғамбода юракка малҳам бўлдингиз? Йиғлаган қайси кўзларни меҳрингиз-ла юпатдингиз? Маҳзун, қайғу-ғамдан хам бўлган бирон азиз бошга елка тутолдингизми? Келинг, биз бузувчи эмас, ислоҳ қилувчи бўлайлик, дилозор эмас, кўнгилларга малҳам бўлайлик. Бу шунчалар қийинми?! Асло!

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг марҳаматига эришиш учун Бану Одамга раҳм-шафқат кўрсатишни асосий шарт қилиб қўйдилар. Ҳаммамиз ҳам Роббимизнинг сўнгсиз раҳматига муҳтожмиз. Раҳмат эшиклари эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат, суннатларига эргашиш орқали очилар экан, бу йўлда бир-биримизга ўзаро ғамхўр ва меҳр-мурувватли бўлайлик...


Бахтихон Шарипова

Манба
Мавзуга оид мақолалар
 Муҳаббатга мубтало бўлиб Бир йигит бор эди. Олий ўқув даргоҳида бир қизни ёқтириб,  унга уйланмоқчи давоми...

06:24 / 27.12.2016 3064
76 ёшлик велосаёҳатчи Ўлжабой Смагулов ғайриоддий йўналишни мўлжаллаб қўйди. У ўзининг икки ғилдираклик давоми...

19:05 / 21.12.2016 3273
Бибинисо Сиддиқанинг Muslimaat.uz сайти 10 йиллик тадбиридаги шеъри

00:26 / 23.10.2017 3773
Аллоҳнинг марҳамати чексиз Рус тилидан Гўзал Дадамуҳамедова таржимаси Болалигимда бир ёмон туш доим давоми...

08:51 / 06.11.2017 4953