2 ўрин: Ростгўйлик ҳар бир мусулмон учун фарздир
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ наздида энг яхши гап рост гапдир (ҳадис)

Ростгўйлик инсоннинг маънавий бойлиги бўлиб, инсонни ҳамиша олий бахт сари етаклайди. Ростгўй инсонга ҳамма ишонади. Ростгўйлик инсоннинг фазилатли хулқларидан бири сифатида ҳаётдаги ҳамма ишларнинг тартибда бўлишини таъминлайди. Ростгўйлик инсон қадрини юксакликка кўтаради. Қадимги битикларда шундай маълумотларни учратиш мумкин: Темур муҳрининг устида учта ҳалқанинг шакли бор. Бундаги ёзув эса «рости ва расти»сўзидан иборатдир. Маъноси тўғри бўлсанг, нажот кўрурсан. Бундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ростгўйлик мазмунли умр ва барча эзгуликларнинг таянчидир.

Ростгўйлик – эзгу хулқларнинг посбони бўлиб, ўзини ҳақиқий мўмин-мусулмон ҳисоблаган инсон ҳеч қачон ёлғон сўзламайди ва ҳеч кимни алдамайди ҳам. Негаки, Ислом динининг муқаддас манбаи ҳисобланган Қуръони Каримнинг аксарият оятлари ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуда кўплаб ҳадиси шарифларида ростгўйликка тарғиб қилинади, ёлғондан қайтарилади.

Имом Бухорий ҳазратлари «Ал-адаб ал-муфрад» асарида Абдуллоҳ ибн Масъуддан қуйидаги ҳадисни баён қиладилар: Набий муҳтарам: «Рост гапиринглар, чунки ростгўйлик яхшиликларга бошлайди ва бу яхшиликлар эса жаннатга йўллайди. Киши рост гапираверса, у Аллоҳ таоло ҳузурида жуда ростгўй (сиддиқ) деб ёзилиб қолади. Ёлғон гапиришдан ўзларингизни сақланг, чунки ёлғон гапириш ҳамма бузуқликларга олиб боради, бузуқлик эса дўзахга йўллайди. Киши ёлғон гапираверса, Аллоҳ ҳузурида ёлғончи бўлиб ёзилиб қолади, деганлар. Ушбу ҳадисдан ростгўйликнинг ҳам даражаларга эга экани келиб чиқади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий келмасидан ҳам илгари шу даражада ростгўй эдиларки, қабиладошлари у Зотга «амин (ишончли)» деб ном берган эдилар.

Ростгўйликнинг энг олий даражаларидан бири «сиддиқлик» ҳисобланади. Ростгўйлик Қуръони Каримда «сидқ», «сиддиқ», «содиқ» лафзлари билан қўлланилиб, 140 га яқин оятларда тилга олинади.Бу эса ҳар бир мусулмон эътибор бериши керак бўлган асосий масалалардан бири эканини кўрсатади.

Маълумки, «содиқ»лик Аллоҳ таолонинг гўзал исм сифатларидан бири ҳисобланади. Оли Имрон сурасининг 95 оятида «...Аллоҳ ростсўзлар», яъни قُلْ صَدَقَ اللَّهُдейилса, Нисо сурасида «Ким Аллоҳдан ҳам тўғрисўзроқ экан?!» وَمَنْ أَصْدَقُ مِنَ اللَّهِ حَدِيثًاдея таъкидланади. Сура давомида «Аллоҳдан сўзи тўғрироқ кимдир?!»وَمَنْ أَصْدَقُ مِنَ اللَّهِ قِيلًا дея яна бир бор эслатилади. Анъом сураси 115 оятида эса «Роббингиз сўзи ростлик ва адолатда камолга етди» وَتَمَّتْ كَلِمَتُ رَبِّكَ صِدْقًا وَعَدْلًاдейиладики, ҳар бир мўмин-мусулмон энг аввало Аллоҳ таолонинг гўзал исм-сифатлари билан сифатланишга ҳаракат қилмоғи лозим бўлади.

Аллоҳ таоло ўз каломида пайғамбарларга (ул зотларга Аллоҳнинг саломлари бўлсин) «сиддиқлик (ўта ростгўйлик)» мақомини беради. Масалан, Иброҳим алайҳиссаломга энг олий ростгўйлардандир дея таъриф берилади (Марям сураси − 41 оят): وَاذْكُرْ فِي الْكِتَابِ إِبْرَاهِيمَ إِنَّهُ كَانَ صِدِّيقًا نَبِيًّا

Шу суранинг 54 оятида Исмоил алайҳиссаломнинг «содиқ» эканлигига урғу берилади:

وَاذْكُرْ فِي الْكِتَابِ إِسْمَاعِيلَ إِنَّهُ كَانَ صَادِقَ الْوَعْدِ وَكَانَ رَسُولاً نَّبِيّاً

Идрис алайҳиссалом ушбу суранинг 56 оятида «сиддиқ» дея таърифланади:

وَاذْكُرْ فِي الْكِتَابِ إِدْرِيسَإِنَّهُ كَانَ صِدِّيقاً نَّبِيّاً

Ушбу сурада пайғамбарларга «...Ўз раҳматимизни инъом этдик ва улар учун олий ростгўйликни яратдик», дея таъкидланади:

وَوَهَبْنَا لَهُم مِّن رَّحْمَتِنَا وَجَعَلْنَا لَهُمْ لِسَانَ صِدْقٍ عَلِيّاً

Ҳусн соҳиби Пайғамбар Юсуф алайҳиссаломга мурожаат қилинганда «Эй сиддиқ» дея нидо қилинса, (Юсуф сураси −46 оят): يُوسُفُ أَيُّهَا الصِّدِّيقُсура давомида «У ҳақиқатан (сўзида) содиқлардандир» (51 оят) وَإِنَّهُ لَمِنَ الصَّادِقِينَдейилади.

Исо алайҳиссаломнинг оналари Марям бинти Имрон ҳам «сиддиқа» дея мадҳ этилади (Моида сураси −75 оят): وَأُمُّهُ صِدِّيقَةٌ.

«Сиддиқлик»нинг яна бир маъноси − илоҳий маълумотларга чин дилдан ишониб, уларни дил билан тасдиқ этишдир. Руҳий тарбия илми ҳисобланган тасаввуф таълимотида сиддиқлик пайғамбарликдан кейинги энг юқори мартаба ҳисобланади. Бу мартабага биринчи бўлиб, саҳобаи киромлардан Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу эришганлар. Пайғамбаримизнинг жуфти ҳалоллари, «мўминларнинг онаси», Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг қизлари Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ҳам «Сиддиқа» унвонига сазовор бўлганлар.

Қуръони Карим оятларида сиддиқлик фазилати мутаққийлар, сабрлилар, итоатлилар каби улуғ даража эгаларининг фазилати сифатида тилга олинади: Ростликни келтирган Зот (Муҳаммад) ва уни тасдиқ этган (мўминлар) − ана ўшалар тақволи зотлардир (Зумар сураси 33 оят)

وَالَّذِي جَاءَ بِالصِّدْقِ وَصَدَّقَ بِهِ أُولَئِكَ هُمُ الْمُتَّقُونَ

Аллоҳга ва Унинг пайғамбарларига иймон келтирган зотлар − айнан ўшалар Парвардигорлари ҳузурида сиддиқлар ва шаҳидларнинг ўзидирлар (Ҳадид сураси 19 оят):

وَالَّذِينَ آمَنُوا بِاللَّهِ وَرُسُلِهِ أُولَئِكَ هُمُ الصِّدِّيقُونَ وَالشُّهَدَاءُ عِنْدَ رَبِّهِمْ لَهُمْ أَجْرُهُمْ وَنُورُهُمْ

Кимда-ким Аллоҳ ва Пайғамбарига итоат этса, айнан ўшалар Аллоҳнинг инъомига эришга зотлар − пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳ кишилар билан биргадирлар. Улар ҳамроҳ сифатида нақадар гўзалдир! (Нисо сураси − 69 оят):

وَمَنْ يُطِعِ اللَّهَ وَالرَّسُولَ فَأُولَئِكَ مَعَ الَّذِينَ أَنْعَمَ اللَّهُ عَلَيْهِمْ مِنَ النَّبِيِّينَ وَالصِّدِّيقِينَ وَالشُّهَدَاءِ وَالصَّالِحِينَ وَحَسُنَ أُولَئِكَ رَفِيقًا

Қуръони Каримда ростгўйлик ва ростгўй инсонларга улуғ мукофотлар ваъда қилинади:

Аллоҳ айтди: «Бу кун (яъни қиёмат куни) ҳаққи-рост иймон келтирганларга рост сўзлари фойда берадиган кундир». Улар учун остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатлар бордир. Улар унда абадий қолажаклар. Улардан Аллоҳ рози бўлди, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар. Бу эса улуғ бахтдир (Моида сураси− 119 оят)

قَالَ اللَّهُ هَذَا يَوْمُ يَنْفَعُ الصَّادِقِينَ صِدْقُهُمْ لَهُمْ جَنَّاتٌ تَجْرِي مِنْ تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ خَالِدِينَ فِيهَا أَبَدًا رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمْ وَرَضُوا عَنْهُ ذَلِكَ الْفَوْزُ الْعَظِيمُ

Аллоҳ (ўз аҳду паймонларига) содиқ бўлган кишиларни ростгўйликлари сабабли мукофотлаш учун, мунофиқларни эса агар Ўзи хоҳласа, (мунофиқ ҳолларида ўлдириб) азобга гирифтор этиш, ёки тавбаларини қабул қилиб (гуноҳларини мағфират этиш) учун (мазкур синовга дучор қилди). Аллоҳ мағфиратли ва меҳрибон бўлган Зотдир (Аҳзоб сураси − 24 оят).

لِيَجْزِيَ اللَّهُ الصَّادِقِينَ بِصِدْقِهِمْ وَيُعَذِّبَ الْمُنَافِقِينَ إِنْ شَاءَ أَوْ يَتُوبَ عَلَيْهِمْ إِنَّ اللَّهَ كَانَ غَفُورًا رَحِيمًا

Албатта, муслим ва муслималар, мўмин ва мўминалар, итоатгўй эркаклар ва итоатгўй аёллар, ростгўй эркаклар ва ростгўй аёллар, сабр-қаноат қилгувчи эркаклар ва сабр-қаноат қилгувчи аёллар, тавозуъли эркаклар ва тавозуъли аёллар, хайру-садақа қилгувчи эркаклар ва хайру-садақа қилгувчи аёллар, рўза тутгувчи эркаклар ва рўза тутгувчи аёллар, авратларини (ҳаромдан) сақлагувчи эркаклар ва (авратларини ҳаромдан) сақлагувчи аёллар, Аллоҳни кўп зикр қилгувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр қилгувчи аёллар – улар учун Аллоҳ мағфират ва улуғ мукофот (яъни жаннат) тайёрлаб қўйгандир (Аҳзоб сураси −35 оят)

إِنَّ الْمُسْلِمِينَ وَالْمُسْلِمَاتِ وَالْمُؤْمِنِينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ وَالْقَانِتِينَ وَالْقَانِتَاتِ وَالصَّادِقِينَ وَالصَّادِقَاتِ وَالصَّابِرِينَ وَالصَّابِرَاتِ وَالْخَاشِعِينَ وَالْخَاشِعَاتِ وَالْمُتَصَدِّقِينَ وَالْمُتَصَدِّقَاتِ وَالصَّائِمِينَ وَالصَّائِمَاتِ وَالْحَافِظِينَ فُرُوجَهُمْ وَالْحَافِظَاتِ وَالذَّاكِرِينَ اللَّهَ كَثِيرًا وَالذَّاكِرَاتِ أَعَدَّ اللَّهُ لَهُمْ مَغْفِرَةً وَأَجْرًا عَظِيمًا

Қуръони Карим инсон ахлоқи ва руҳий камолотини энг юксак даражаларга олиб чиқар экан, бунда ҳар бир мавзунинг моҳияти батафсил – ҳар томонлама ёритиб берилади. Хусусан, ояти карималар ҳар биримизни нафақат ростгўй бўлишимиз, балки атрофимиздаги инсонларнинг ҳам ростгўй бўлишига эътибор беришимиз, доимо ростгўйлар билан бирга бўлишимизга чақиради:

Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва иймонларида ростгўй бўлган зотлар билан бирга бўлингиз! (Тавба сураси 119 оят)

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ اتَّقُواْ اللّهَ وَكُونُواْ مَعَ الصَّادِقِينَ

Нафақат Қуръони Карим оятларининг аксариятида, балки Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг жуда кўп ҳадиси шарифларида ҳам ростгўйликка тарғиб қилинади. Имом Молик ривоят қилган ҳадиси шарифда Сафвон ибн Сулайм розияллоҳу анҳу айтадиларки «Ё расулуллоҳ, мўмин қўрқоқ бўладими?» деб сўралганида «Ҳа» дея жавоб бердилар. «Мўмин бахил бўладими?» деб сўралганида яна «Ҳа» дедилар. «Мўмин ёлғончи бўладими?» деб сўралганида «Йўқ» дедилар. Демак, мўминлик билан ёлғончилик бир қалбда ҳеч қачон бирга бўлолмайди. Аҳнаф ибн Қайс буни қўйидагича тушунтиради: Ҳеч қачон ёлғончилик билан мардоналик бир инсонда жамланмайди. Мардоналик самаралари ростгўйлик, вафодорлик, ҳаё ва иффатдир.

Турмушда инсон ҳар қандай ҳолатга тушади, баъзан гўёки ёлғон гапириш ўринлимикан деган ўй-хаёлга боради киши. Лекин шундай ҳолатда ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «Гарчи ўзингнинг зарарингга бўлса ҳам, ҳақ сўзни сўзла» ёки «ростгўйликда хавф-хатар кўрсанглар ҳам, рост сўзланглар. Шунда нажот топасизлар. Гарчи фойда кўриб турган бўлсангиз ҳам, ёлғондан сақланинглар. Чунки бари ёлғоннинг охири вой» дея марҳамат қилганлар. Шунингдек, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши: «Хоҳ чиндан, хоҳ ҳазил тариқасида ёлғон сўзламоқ ҳам, бирор нарса ваъда қилиб, уни амалга оширмаслик ҳам дуруст эмас» дейдиларки, халқимизда машҳур «Бошингга қилич келса ҳам, рост гапир» деган мақолни ҳар вақт ҳаётимизда татбиқ қилишимизни тақозо қилади.

Ростгўйлик халқимизда тўғрилик тушунчаси билан чамбарчас боғлангандир. Тўғрилик бўлмаса, ҳар қандай иш хароб бўлади. Тўғрилик инсон фазилатини оширади. Негаки сўзи тўғри инсоннинг амали ҳам, юриш-туриши ҳам тўғри бўлади. Тўғри бўлмаганлар эса ҳеч қачон узоққа боролмайдилар.

Абу Амр (ёки Абу Амра) Суфён ибн Абдуллоҳ Сақафий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дедим: — Ё Расулуллоҳ! Менга Исломда шундай бир сўз айтингки, у ҳақида бошқа ҳеч кимдан сўрамай. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: — Аллоҳга иймон келтирдим, деб айтгин-да, сўнгра тўғри йўлда юр! (Муслим ривоятлари).

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай буюради: «Бас, сизлар Унинг ўзига тўғри (тоат-ибодатда) бўлингиз ва Ундан мағфират сўрангиз!» (Фуссилат сураси, 6-оят)

قُلْ إِنَّمَا أَنَا بَشَرٌ مِّثْلُكُمْ يُوحَى إِلَيَّ أَنَّمَا إِلَهُكُمْ إِلَهٌ وَاحِدٌ فَاسْتَقِيمُوا إِلَيْهِ وَاسْتَغْفِرُوهُ وَوَيْلٌ لِّلْمُشْرِكِينَ

Имом Нававийнинг «Қирқ ҳадис» шарҳида шундай ёзилади:«Тўғрилик ўз соҳибига тоат-ибодат билан ҳавою хоҳишлар ўртасида бўладиган жангу жадалда мустаҳкамлик бахш этади, уни мардлик ва муваффақият сари етаклайди. Шу боис ҳақ йўлдан асло оғишмай ҳаёт кечирган солиҳ бандалар шу дунёдаёқ фаришталардан жаннат хушхабарини эшитишга ҳақли бўладилар. Аллоҳнинг малоикалари уларнинг хавф-хатар ва ташвишларини аритиб юборадилар».

«Албатта:«Парвардигоримиз Аллоҳдир», деб, сўнгра тўғри йўлда устивор бўлган зотларнинг олдиларига фаришталар тушиб дерлар:«Қўрқманглар ва маҳзун бўлманглар. Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланинглар! Бизлар ҳаёти дунёда ҳам, Охиратда ҳам сизларнинг дўстларингизмиз. Сизлар учун жаннатда кўнгилларингиз тусаган нарсалар бордир ва сизлар учун у жойда истаган нарсаларингиз муҳайё». (Фуссилат сураси, 30, 31-оятлар)

Қуъони Каримда тўғри бўлиш, тўғри йўлда юриш билан биргаликда тўғри сўзлаш ҳақида ҳам шундай буюрилади:«Эй муминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва тўғри сўзни сўзлангиз» (Ахзоб сураси 70 оят).

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَقُولُوا قَوْلاً سَدِيداً

Инсон аъзолари орасида қалбдан кейин тилнинг тўғрилиги алоҳида аҳамиятга эга. Чунки тил қалбнинг таржимони ҳисобланади. Киши учун энг хавфли нарса хусусида савол беришганида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тилларини ушлаб кўрсатганлар.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Банданинг иймони то унинг қалби тўғриланмагунга қадар тўғриланмайди. Токи тил тўғриланмас экан, қалб тўғри бўлмайди». (Аҳмад ривоятлари).

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Одам боласи уйғонганида, унинг аъзолари тилни ўраб олиб шундай дейдилар: «Бизнинг ҳақимизда Аллоҳдан қўрқ! Чунки биз фақат сенга боғлиқмиз. Агар сен тўғри бўлсанг, биз тўғри бўламиз. Сен эгри бўлсанг, биз ҳам эгри бўламиз!» (Термизий ривоятлари).

Халқимизда тўғри одам бамисоли шамга қиёсланади, чунки шамнинг қисмати ёниб тугагунча нур таратади. У бор экан, ёруғлик мавжуд. Тўғри одам ҳам бутун ҳаёти давомида меҳр, садоқат нурларини тарқатади. Чунки тўғри инсоннинг ички дунёси ҳур ва пок бўлади. Нафс балосидан ўзини асрайди. Қуръони шарифда тўғри инсонлар мадҳ этилади:

إِنَّ الَّذِينَ قَالُوا رَبُّنَا اللَّهُ ثُمَّ اسْتَقَامُوا تَتَنَزَّلُ عَلَيْهِمُ الْمَلَائِكَةُ أَلَّا تَخَافُوا وَلَا تَحْزَنُوا وَأَبْشِرُوا بِالْجَنَّةِ الَّتِي كُنتُمْ تُوعَدُونَ

«Албатта «Роббимиз – Аллоҳ» деб, сўнгра тўғри бўлган зотлар....»(Фуссилат сураси, 30 оят).

Тўғрилик моддий муҳтожликлардан устун келиб, руҳни бойитишдир. Тўғри киши турли машаққатларга чидайди, сабрли бўлади. Тўғри одамларнинг қалби ҳам буюк бўлади. Устозлар: «Алифдек тўғри бўлсанг, ҳеч бало йўқдир сенга», деб берган таълимини амалга татбиқ қилади. Шундай экан, ростгўйлик ширинлигини тотмаган ёки ширинлигини билса ҳам, тотишни истамаган кишилар тўғри бўла олмайди. «Фақат ёлғондан қочган ва ҳақиқат излаган кишигина эътироф ва мақтовга лойиқдир», деб ёзганлар ўтмишда донолар.

Ростгўйликнинг акси ёлғон гапириш бўлади. Барча динларда ёлғон гапириш қораланади, ростгўйликка тарғиб қилинади. Қуръони Каримнинг Мурсалот сурасида «У кунда (ҳаётлик вақтларида қиёматни) инкор этувчилар ҳолига вой»

وَيْلٌ يَوْمَئِذٍ لِّلْمُكَذِّبِينَ

дея кетма-кет таъкидланади. Ҳадиси шарифларда ҳам ёлғон гапириш қаттиқ қораланади. Масалан: «Гуноҳларнинг катталари – Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш, ёлғон қасам ичишдирки, Аллоҳ номи билан қасам ичишда чивин қанотидек ёлғон қўшса, ўша нарса қиёмат кунигача қалбида қора доғ бўлиб қолади», дейилади. Шунингдек ёлғон гапириш мунофиқнинг белгисидир, деб огоҳлантирилади: «Мунофиқнинг белгиси учтадир: гапирса, ёлғон гапиради, ваъдага вафо қилмайди ва омонатга хиёнат қилади». Тобеъинлардан, розияллоҳу анҳумлардан бири «Тўғрилик авлиёликнинг зийнатидир, ёлғончилик бадбахтликнинг аломатидир», деган экан.

Ислом аллома мутафаккирларининг қарашларида ҳам ростгўйлик ва тўғриликка оид бугунги кун учун ҳам ниҳоятда зарур бўлган, ўз аҳамиятини йўқотмаган кўплаб фикрларни учратамиз.

«Жаруллоҳ» (Аллоҳнинг қўшниси) деган шарафли номга сазовор бўлган хоразмлик аллома Замахшарий ростгўй инсонни қуйидагича қиёслайди: «Момақалдироқ, ёмғирнинг ёғиши ростгўй (ҳақгўй) кишининг ваъдасига вафо қилиши мисоли ёқимлидир».

Тасаввуф илми алломаси Ҳусайн Воиз Кошифий: «Агар тариқатнинг такбири нима деб сўрасалар, тўғри ва мақбул сўз айтиш дегин», дейдилар. Кошифий ўзининг «Футувватномаи султоний» асарида «Суҳбат одоби ҳақида» номли алоҳида фасл ажратади ва бу фасл шундай бошланади: «Билгинки, одамизоднинг шарафи нутқи билан ва нутқ одобига риоя қилмаган одам бу шарафдан бебаҳрадир. Сўз ҳамма вақт савоб учун ишлатилиши, тўғри ва ҳаққоний бўлиши керак. Агар шундай бўлмаса жим тургани маъқул».

«Эй дарвеш, тўғри сўзли, тўғри иш қиладиган, эзгу ахлоқли (бўл) ва ўзгаларга роҳат етказадиган бўлишга жидду жаҳд қилғил. Токи сен ўзинг ўзингдан хотиржам (омон) бўлсанг ва ўзгалар ҳам сендан омонда бўлсалар. Қаердаки амну омонлик бўлса, у ер жаннатдир ва қаердаки омонлик бўлмаса, у ер дўзахдир. Ахир одам учун жаннатий ва жаннатда бўлишидан кўра ортиқроқ неъмат борми? Ва дўзахий бўлиш ва дўзахда бўлишдан кўра ортиқроқ захмат борми?» деб Насафий ҳазратлари бизни тафаккурга чорлайди.

Аслида одамларга тўғри муносабатда бўлиш ва ўзи ҳам бунга амал қилиш –бу, инсонга берилган яхши тарбиянинг мевасидир. Бунга мисол қилиб Ислом буюкларидан Қодирия тариқатининг асосчиси Абдуқодир Гийлоний ҳазратларининг болалигида ўқишга бориш учун онасидан рухсат сўраб, ўша пайтларда Ислом дунёсининг илм-маърифат маркази бўлган Бағдодга бориб, ўша ерда ўқимоқчи бўлганлигини айтганларида онасининг насиҳатини эслашимиз бизга энг яхши намунадир. Онаси ўғлига: «Ўғлим, ҳеч қачон ёлғон гапирма. Мусулмонлик тўғрилик динидир, тўғриликдан айрилма (ҳамиша тўғри бўл)» дея насиҳат қилган эди. Бундан Гийлоний ҳазратларининг улуғ мартабаларга эришувининг асосида тўғрисўзлик ва сўзга содиқ бўлиш фазилати ётганини кузатамиз.

Ҳадиси шарифда «Тўғрисўз ва ишончли тижоратчи (охиратда) пайғамбарлар ва шафоат қилганлар қаторида бўладилар», дейилади. Саҳобаи киромлар ушбу ҳадисларни эшитиб шундай амал қилган эдиларки, биз учун ибрат намунаси бўлиб қолдилар. Бунда биргина ҳазрат Билол Ҳабаший (Билол бин Рабоҳ) розияллоҳу анҳунинг дўстига совчи бўлиб борганини айтиш кифоя.

Бундан ибратли хулоса олиб, барча ота-оналар фарзандларга, устозлар шогирдларга, катталар кичикларга энг аввало ростгўйлик ва тўғриликни таълим беришлари лозим бўлади. Ҳар биримиз қалбимизни поклаб, руҳиятимизни ҳар томонлама камол топишига эътибор берар эканмиз, ростгўйлик барча инсоний олий фазилатларнинг калити эканини ҳар доим ёдда тутишимиз керак. Аллоҳ таоло барчамизни ростгўйлар − сиддиқлардан қилсин, ростгўйлар − сиддиқлар билан бирга бўлишни насиб қилсин. Бизни кирадиган жойимизга содиқлик ила киритиб, чиқадиган жойимизга содиқлик билан чиқарсин. Ва бизга кейин келгувчилар ичида содиқ рост мақтовлар қолдирсин. Амин.

Адина Сайдаҳмедов

Мавзуга оид мақолалар
42. Савол Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳисаломни Ўзи билан инсоният орасида ишончли элчи пайғамбар қилиб давоми...

12:12 / 11.12.2017 2652
Кексаларни ҳурмат қилиш Ўз бандаларига ибодатнинг турларини кўпайтириб берган Аллоҳ таолога беадад, давоми...

21:45 / 08.02.2017 4766
САВОЛ Аёллар оёқларига пайпоқ киймасдан намоз ўқиса бўладими ЖАВОБ Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Имом Абу давоми...

18:01 / 16.10.2016 5945