Албатта, У эшитгувчи ва кўргувчи Зотдир
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим

«Ўз бандасини кечаси Масжидул Ҳаромдан атрофини баракали қилганимиз Масжидул Ақсога мўъжизаларимизни кўрсатиш учун сайр қилдирган Зот пок бўлди. Албатта, У эшитгувчи ва кўргувчи Зотдир».

(Исро сураси, 1 оят)

Ояти каримада Аллоҳ таоло Ўзини Ўзи поклаб ёд қилмоқда ва бандаси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни исро қилдиргани, яъни кечанинг бир қисмида сайр қилдиргани ҳақида хабар бермоқда. Оятдаги «Ўз бандаси»дан мурод Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо Аллоҳнинг бандаси эканликлари билан фахрланиб юрар эдилар. Ушбу оятда у Зотнинг номлари айтилмай, «Ўз бандаси» ибораси ишлатилиши ҳам Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам учун фахр ҳамда энг оғир пайтда у киши учун тасаллидир. Қуръони Каримда «Масжидул Ҳаром» ибораси уч нарсага ишлатилади. Биринчиси – Каъбаи Муаззама атрофидаги масжид. Иккинчиси – Маккаи Мукаррама шаҳри. Учинчиси – Маккаи Мукаррама атрофида ҳарам учун белгиланган чегара; кофирлар кириб бўлмайдиган, ов овланиб, ўсимликлари кесилиб ёки юлиниб бўлмайдиган, кўпгина маълум ишлар ҳаром этилган минтақага нисбатан ҳам ишлатилади. Ушбу ояти каримадаги «Масжидул Ҳаром» ибораси Маккаи Мукаррама шаҳри маъносида келган. Исро кечасида Пайғамбаримиз Каъбаи Муаззама атрофидаги масжидда эмас, шаҳарнинг бир тарафида жойлашган амакиларининг қизи Умми Ҳониънинг уйида ухлаб ётган эдилар. «Масжидул Ақсо»дан мурод Шоми Шарифдаги Байтул Мақдисдир. «Ақсо» сўзи узоқ, чет маъноларини билдиради. Масжид эса ибодатхона, саждагоҳ маъносини билдириши ҳаммага маълум. Ўша пайтда Байтул Мақдис Маккаи Мукаррамага нисбатан узоқ ва энг четдаги ибодатхона ҳисобланар эди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ уни «Масжидул Ақсо» деб номлади. Аллоҳ таоло Масжидул Ақсонинг атрофини баракали қилиб қўйганини ҳам айтмоқда. «Ўз бандасини кечаси Масжидул Ҳаромдан атрофини баракали қилганимиз Масжидул Ақсога...» Чунки Байтул Мақдис, ҳақиқатан ҳам, Аллоҳ томонидан баракотли қилиб қўйилган бир жойдир. Қадимдан бу ер Пайғамбарлар маскани, ибодатгоҳи бўлган. Мусо алайҳиссалом, Ийсо алайҳиссалом ва уларнинг ораларидаги Пайғамбарлар ҳам шу ерда ўтишган. Уларга Аллоҳнинг ваҳийси шу ерда тушган. Шунинг ўзи ҳам ҳар қандай баракотдан устун. Шу билан бирга, Аллоҳ таоло бу жойни моддий томондан ҳам баракотли қилиб қўйган. Об-ҳавоси, зилол сувлари, серунум тупроқлари ила бу жойни серҳосил қилиб қўйган. «...мўъжизаларимизни кўрсатиш учун...» Исродан – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни кечаси Масжидул Ҳаромдан Масжидул Ақсога сайр қилдиришдан – мурод у Зотга мўъжизаларни кўрсатиш экан. Дарҳақиқат, бу ҳодиса асносида, хусусан, Меърожда Аллоҳ таоло Ўз бандаси ва Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга кўпдан-кўп мўъжизаларни кўрсатди. Бу ҳақда «Нажм» сурасида: «Батаҳқиқ, у Роббининг улкан оятларидан кўрди», дейилади. «Албатта, У эшитгувчи ва кўргувчи Зотдир.» Аллоҳ таоло ким нима деганини эшитиб, ким нима қилганини кўриб тургувчи Зотдир. Ушбу ояти каримада келган маълумотлар муносабати ила икки нарса – Исро ва Меърож нима эканини ҳам тўла тушуниб олмоғимиз лозим. Исро, аввал айтилганидек, луғатда «кечанинг бир қисмида сайр қилиш», юришни англатади. Шариатда эса Аллоҳ таолонинг Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни кечалардан бирида Масжидул Ҳаромдан Масжидул Ақсога сайр қилдиришига айтилади. Яна шуни ҳам таъкидлаб айтиш лозимки, Исро ҳодисаси туш эмас, руҳий сафар ҳам эмас, балки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам жасадлари, ҳам руҳлари ила қилган сафарларидир. Агар туш ёки руҳий сафар бўладиган бўлса, бу воқеанинг мўъжизалиги қолмас эди. Ояти каримада «бандасини» деб таъкидланиши ҳам Исро ҳодисаси ҳам жасад, ҳам руҳ билан бўлганини кўрсатади. Агар фақат руҳ билан бўлганида, «бандасининг руҳини» деган бўлар эди. «Меърож» луғатда «юқорига кўтарилиш» маъносини англатади. Шариатда эса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Байтул Мақдисдан Сидратул Мунтаҳога, Аллоҳнинг ҳузурига кўтарилишларига айтилади. Муҳаддислар ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳуфтон намозидан сўнг Умми Ҳониъ бинти Абу Толибнинг уйида ухлаб ётганларида Исро ҳодисаси бошланди. Ўша кечаси Байтул Мақдисга Буроқ номли ҳайвонга миниб бордилар. Сўнгра у ердаги катта харсанг тош устида турганларида Меърожга кўтарилдилар. Ҳозирда ўша тош устига қубба – гумбаз қурилган, суратлари думалоқ бино шаклида бутун дунёга тарқатилган. Кўпчилик, билмасдан, уни Масжидул Ақсо деб тушунадилар. Меърожда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Жаброил алайҳиссалом ҳам бирга бўлдилар. Ҳар осмонга етганда у киши эшикни очишни сўрардилар. Қўриқчи фаришталар: «Ким?» деб сўрашарди. У киши: «Жаброил», деб жавоб берардилар. Улар: «Ёнингдаги ким?» деб сўрашарди. Жаброил алайҳиссалом: «Муҳаммад», десалар, улар: «Шундайми? У Пайғамбар этиб юборилдими?» дея, эшикни очиб сўрашишарди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар осмонда бир Пайғамбар ва кўплаб фаришталар ила кўришдилар. Шунингдек, жаннат ва жаҳаннамнинг ҳолини кўрдилар. Сидратул Мунтаҳога ўтиб, Аллоҳнинг малакут оламида кўпгина ажойиботларни кўрдилар. Ўшанда беш вақт намоз фарз қилинди. Сўнгра ортга қайтдилар. Бўлган воқеани борича ул Зотнинг ўзлари Умми Ҳониъга айтиб бердилар: «Пайғамбарлар тўпландилар, уларга намоз ўқиб бердим», дедилар. Сўнгра масжидга чиқмоқчи бўлиб ўринларидан турдилар. Умми Ҳониъ у кишининг кийимларига ёпишиб олди. Ул Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сенга нима бўлди?» – дедилар. Умми Ҳониъ: «Агар бу хабарни айтсанг, қавминг сени ёлғончига чиқаришидан қўрқаман», – деди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ёлғончига чиқарса ҳам, майли» – дедилар. Чиқиб бориб Абу Жаҳлнинг олдига ўтирдилар ва Исро хабарини унга етказдилар. Шунда Абу Жаҳл: «Эй, Бани Каъб ибн Луай жамоаси, келинглар!» – деб бақирди. Сўнгра уларга бўлган гапни айтиб берди. Улар ҳайрон бўлиб таажжубга тушдилар. Бири қарсак чалса, бошқаси бошини ушлаб ҳайронлигини билдирди. Иймон келтирганлардан баъзилари муртад бўлиб, диндан қайтди. Бир гуруҳ одамлар Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг олдиларига югуриб боришди. У киши хабарни эшитгандан сўнг: «Ул Зот шу гапларни айтдими?» – деб сўрадилар. Улар: «Ҳа», – дедилар. У киши: «Агар ул Зот айтган бўлсалар, тўғри айтибдилар, мен бунга шоҳидлик бераман», – деди. Улар: «Шомга бир кечада бориб, яна Маккага тонг отмай туриб қайтиб келишига ишонасанми?!» – дейишди. Абу Бакр: «Мен у кишининг бундан ғариброқ нарсасини ҳам тасдиқлайман. Осмондан хабар айтишини ҳам тасдиқлайман», – деди. Шундан сўнг Абу Бакрни «Сиддиқ» – ўта тасдиқловчи, деб атай бошладилар. Одамларнинг ичида Байтул Мақдисга борганлари бор эди. Улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўша ердаги масжид – ибодатхонани сифатлаб беришни талаб қилдилар. Масжид Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга кўрсатилди. У киши соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга масжидни – ибодатхонани васф қила бошладилар. Улар: «Аммо, васфини тўғри қилди», – дедилар-да, сўнгра: «Сен бизнинг карвонимиздан хабар бер», – дейишди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг карвонидаги туялар сони, аҳволи ҳақида тўлиқ хабар бериб, ниҳоясида: «Карвон фалон куни, қуёш чиқиш пайтида етиб келади. Олдинда кулранг туя бўлади», – дедилар. Ўша куни ҳаммалари шаҳар четига чиқиб карвон келишини кута бошладилар. Улардан бири: «Мана, қуёш ҳам чиқди», – деди. Бошқаси эса: «Мана, Аллоҳга қасамки, карвон ҳам кўринди. Олдинда, Муҳаммад айтганидек, кулранг туя келмоқда», – деди. Аммо шундоқ бўлса ҳам, иймон келтирганлари йўқ. Исро ҳодисаси буюк мўъжиза эди. Буни билган одамлар иймон келтирмоқлари лозим эди. Аммо иймон келтирмадилар. Қадимда, Бани Исроил ҳам шундай қилган эди. Уларга Аллоҳ томонидан Мусо алайҳиссалом Пайғамбар бўлиб келганларида, у кишининг руҳий маркази Байтул Мақдис эди. У кишини ҳам Аллоҳ таоло мийқотга чақириб, ўзи билан алоҳида гаплашиб, муҳим нарсаларни тайинлаган эди. Аммо Бани Исроил бунга ишонмади. Қурайшликлар ҳам худди шундай қилмоқдалар. Лекин улар Бани Исроилдан ўрнак олишлари, оқибат нима бўлишини ўйлаб кўришлари лозим эди.
Мавзуга оид мақолалар
Қайси бир ишнинг охиратга бирор фойдаси бўлмаса, у беҳуда иш ҳисобланади. Қуръон ва ҳадисда беҳуда гап ва давоми...

13:50 / 25.01.2017 3558
2016 йилнинг ҳаж мавсуми бошланиши арафасида кисва тикиш фабрикаси ишчилари янги каъбапўшни тикиб давоми...

10:54 / 11.03.2017 4716
  ПОКЛИК САОДАТ КАЛИТИДИР Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм «Оламларнинг Робби Аллоҳ покдир» Намл сураси, давоми...

21:05 / 19.03.2017 3979
Европада Рождество арчасидан бош тортмоқдалар. Бунга сабаб маҳаллий мусулмонларнинг норозилигидир. Белгия давоми...

20:03 / 02.12.2016 2494