Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Кундан-кунга ўз қадди-бастини ва шу билан бирга асрлар оша кўз қорачиғидай асраб келган қадриятларни тиклаб келаётган навқирон Ватанимиз чиндан ҳам соат сайин ўзлигини топмоқда, покланмоқда. Ҳаётимизнинг барча жабҳаларида ўзлигини англаш, ўз қадр-қийматини билиш, миллий урф-одатларни сақлаш, дунёвий ва диний илмларга ўзгача меҳр билан қараш ва уларни бир-бирига қарама-қарши қўйиш эмас, балки улар бир-бирларини тўлдириши масалаларини тушуниб етиш энг муҳим, долзарб масалалардан бирига айланиб бормоқда. Бунга ҳаётий далил сифатида мамлакатимиздан ҳар йилги муқаддас Ҳаж сафарига бораётган фуқароларимиз орасида зиёлилар сонининг ортиб бораётганлиги қувонарли ҳол эканлигини эътироф этиш керак. Ахир, яқин ўтмишда биз муаллиму шифокорлар, доценту профессорлар Ҳаж сафарига бориш у ёқда турсин, жанозаларга яқин йўлолмас эдик-ку?!
Қўрқув, ҳадик доимо бу борада бизга ҳамроҳ эди. Буларни эсдан чиқариб бўладими? Мана, ўн беш йилдирки, ўзимизнинг ота-боболаримиздан қолган пок йўлимизни қайтадан тикламоқдамиз. Менинг наздимда, покланиш, тозаланиш? аввало, биз – зиёли, ўқимишли, фозил одамлар учун фарз саналади. Бундай одамлар бор пок мамлакат келажагининг буюк бўлиши табиий. Ушбу ҳақиқатга амал қилган ҳолда камина Аллоҳ инояти билан бошқалар қатори бу йилги Ҳаж ибодатларини бажариш шарафига муяссар бўлдим. Бу муқаддас сафардан беқиёс таассуротлар билан қайтдим. Ушбу таассуротларни ёзиш ва кенг жамоатчилик билан ўртоқлашиш нияти ҳаж сафарининг биринчи кунларидаёқ қалбимдан ўтган эди. Дарвоқе, ҳажга борувчилар учун озмунча қўлланма ва кўрсатмалар бўлишига қарамасдан биз, ҳаж қилувчилар, умуман жамоатчилигимиз ҳали кўп нарсалардан бехабар эканмиз. Чунки ким табиб, бошидан ўтказган табиб. Ўз бошингиздан ўтказганингизда ҳаж ибодатининг нақадар шарафли, масъулиятли ва машаққатли ибодат эканлигини ҳис этар экансиз. Шу боисдан мен ўзим бошимдан кечирган, ўзим ҳис қилган туйғу ва таассуротларимни сиз билан ўртоқлашмоқчиман. Маълумки, мен немис тили бўйича мутахассис-профессорман. Диний илмга деярли эга эмасман. Лекин, исломий оила муҳитида вояга етганман. Шу боисдан айрим фикр-мулоҳазаларим кимларгадур ғализроқ кўринар, ёқмас, бунинг учун аввалдан узр сўрайман. Буларнинг бариси менинг шахсий фикрларим, холос. Албатта, ушбу мақолани ёзиш жараёнида Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ва дин ишлари бўйича қўмита экспертлари гуруҳи томонидан тақдим этилган «Ҳаж ибодати» (Тошкент, 2004 йил чоп этилган) рисоласидан кенг фойдаландим.
Ҳаж сафарига тайёрмисиз?
Ушбу саволга ижобий жавоб беришлик анча мушкул эканлигини сафаримизнинг биринчи кунларидаёқ сездим. Чунки ҳар бир ҳажга борувчи шахс қаёққа кетаётганлигини, қандай амалларни бажариш лозимлигини яхши билиши ҳаж ибодатлари учун ҳам руҳий, ҳам жисмоний, ҳам молиявий жиҳатдан тайёр эканлигини чуқур ҳис этмоғи, ушбу сафарнинг оддий саёҳат эмаслигини юрагидан, қалбидан ўтказмоғи даркор экан. Унинг соғлиги у ердаги амалларни тўлиқ бажариш имкониятига эгами, охиригача қурби етадими, ёки етмайдими?! Булар ҳақида ҳали сафарга чиқмасдан олдин билмоғи, чуқур ўйлаб кўрмоғи зарур экан. Аччиқ ҳақиқат бўлса ҳам айтмоқчиманки, баъзи бир ҳажга борганларнинг бундай маълумотларга эга эмаслиги, ҳатто ҳажда қандай амалларни бажариш кераклигини ҳам билмаслиги маълум бўлиб қолди. Афсуски, бундай маълумотлар ё уларга етиб бормаган кўринади, ё уларнинг ўзлари ҳам бунга қизиқиб кўрмаганлар. Баъзиларнинг тасаввурида ҳаж сафари бу шайтонга тош отиш амали билангина боғлиқ кўринар экан. Баъзи бировлардан эшитган ҳолатларни тасаввур қилишарканлар, холос. Ваҳоланки, бу ибодатнинг жуда кенг қамровли, масъулиятли, шарафли ва машаққатли эканлигини кўпчилик сезмас экан. Шу боисдан ҳаж сафарига, менимча, тайёргарлик дастлаб оиладан бошланмоғи лозим. Энг аввало, оиладаги руҳий, молиявий тайёргарликдан сўнг маҳрам масаласини жиддий ҳал қилмоқ керак. Аёлларни маҳрамсиз ҳаж сафарига жўнатиб бўлмаслиги аниқ гап, албатта, кекса отахонлар масаласини ҳам оилада, баҳамжиҳат ҳал қилиш керак экан. Саксон-сакcон беш ёшга кирган кекса отахон-онахонларнинг ўзларини ҳаж ибодатларига якка ҳолда жўнатиш, юмшоқроқ қилиб айтсам, дуруст эмас экан. Баъзиларнинг ибодатларни бажариш жараёнидаги ҳам жисмоний, ҳам руҳий қийналганларини кўрганингизда қалбингиз ларзага келади. Гапларим исботсиз бўлмаслиги учун ушбу йилдаги ҳаж сафаримизда содир бўлган ҳолатларни айтиб ўтмоқчиман. Баъзи бир отахонларимиз боргандан бошлаб шифохоналарда ётишди, баъзиларида руҳий ўзгаришлар рўй берди, баъзилари фарз, вожиб ва суннат ибодатларини бажара олмадилар. Аллоҳ таоло, илло уларнинг ҳажларини қабул айлаган бўлсин. Маҳалла қўмита аъзолари, қишлоқ фуқаролар йиғинидаги мутасадди одамларнинг, айниқса, тиббий кўрикдан ўтказаётган ташкилотларнинг бу ишга ёндашуви, масъулияти жиддий бўлиши керак экан. Мен ҳеч ҳам кексаларни камситишни истамайман. Ҳаж улар учун ўтган тузум армони эканлигини юрак-юрагимдан ҳис этаман. Қани энди, тузум рухсат берганда улар ҳам ёш, навқирон чоғларида ҳаж амалларини бажаришган бўлар эдилар. Афсуски, мустақиллик уларнинг кекса пайтларида насиб этди. Мен бошқа нарсани айтмоқчиман, ҳаж сафари озмунча маблағ билан амалга ошмаслигини яхши биласиз. Баъзилари бу маблағни бутун умри давомида йиғадилар. Шундай экан, ҳажга борувчи ҳажнинг барча амалларини бажариш қудратига эга бўлиши зарур. Амаллар тўлиқ бажарилмаса, уларнинг ҳажи қабул бўлмайди-ку?! Демак, маблағ бекорга сарф қилинган бўлади, бундай ҳолатларни ҳажга борувчи кексаларга очиқ-ойдин тушунтириш керак. Шу ўринда ота-боболаримизнинг олдинги замонларда азият чекиб, ойлаб қийналиб, отда, эшакда, пиёда ҳажга борганликларининг сабабларини англагандек бўлдим. Аллоҳнинг ҳузурига машаққат билан қийинчиликларни тортиб, уларга тайёр ҳолда борилар экан. Шунда уларнинг ҳаж билан боғлиқ оғир синовларни енгиши осон кечаркан. Шунга яқин бўлган бир суҳбат ёдимга тушди. Биз ҳаж амалларини бажариб, Минодан ўзимиз ётган меҳмонхонага қайтдик. Меҳмонхона рўпарасидаги дўкондор араб билан дўстлашиб қолган эдим. Мен автобусдан тушишим билан у қучоқ очиб: «Мухтор, Қабул, Қабул»,– деб қутлади. Шунда мен унга: «Ҳаж машаққатли ибодат»,– дедим. У қўлларини тиззасига уриб: «Ҳа, бу – оғир ибодат, бу ибодатни бажариш учун қадимдан Мадинаи Мунавварадан аввало кучли навқирон ёшлар келарди. Улар ўзига тўқ, маблағи кўп одамлар эди. Мискинлар келмас, келганлари ҳаж оғирликларини кўтара олмас эди», деди. Албатта, катта жисмоний-руҳий жиҳатдан ўзгариш, тозаланиш жараёнларини бошидан кечираётган инсон яхши овқатланмоғи зарур. Бунинг учун унинг етарли маблағи бўлиши керак. Қувайт, Омон каби мамлакатлардан ҳажга келганларнинг навқирон йигитлар, ёки жувонлардан иборатлигини кўрдим. Яхши, кучли овқатлар билан овқатланган шахсларнинг руҳий ибодатларини тўлиқ бажаришда бардам бўлишлигини сездик. Шу боисдан сафарга отланаётган ҳамюртларимизга фаслларни инобатга олиб ўзлари билан нималарни олиб борсалар маъқул бўлишини тушунтиришимиз керак. Кўп кексаларимизни ўзимизнинг қўлбола қовурдоғимиз, қаттиқ нонимиз бардам ушлаб турди. Бу билан у ерда гўшт, нон йўқ деган хулоса чиқмаслиги керак. Улар етарли даражада, лекин ўрганиб қолган организм ўзи истаган нарсасини талаб қилар экан. Юртимизда яхши ноз-неъматларни истеъмол қилиб юрган ҳамюртларимизнинг организмларига бошқа юрт таомлари, субтропик иқлимига хос бўлган мева-чеваларнинг бирданига ҳазм бўлмаслигининг гувоҳи бўлдик. Тайёргарлик вақтида яна бир масалага жиддий эътибор берилса, яхши бўларди. Бу – гуруҳ элликбошиларини танлаш масаласи. Сафаримиз давомида ўзининг диний ва дунёвий билимлари, хушмуомаласи, ширинсуханлиги ва ташкилотчилиги билан алоҳида ажралиб турган элликбошилар ҳам бўлди. Лекин бу гапларни кўпчилик элликбошиларга нисбатан айтиб бўлмайди. Бундайларни билимлари саёз, сўзлари қўпол эди. Гўё улар сизни ўз пуллари ҳисобига ҳажга олиб боргандай муомалада бўлишди. Гуруҳ аъзоларини ташкилий равишда зиёрат қилишга олиб боришда улар пассивлик кўрсатдилар. Кўпроқ ўз ишлари билан банд бўлишди. Туркия, Индонезия, Малайзия каби мамлакатлардан келган ҳожиларнинг чиройли, тартибли, бир жон бўлиб, ўз байроқлари остида Каъбадаги ибодатини кўриб қувонасан киши. Аёлларини занжир бўлиб қўриқлаб, ҳеч бир номаҳрамни ёнига йўлатмай, гўзал ибодат қилишди улар. Бизнинг беш мингта ҳамюртларимизнинг шундай тартибда ибодат қилишини қандай орзу қилганимни билсангиз эди!!! Афсус, бизлар ҳаммамиз ўз ҳолимизча ибодат қилдик. Биз ҳам бошқа мамлакатлардан келганлар сингари Ўзбекистон байроғини бошимиз узра баланд кўтариб юргимиз келди. Лекин нимагадир бу нарса эътибордан четда қолиб кетибди. Ҳаж сафари олдидан шаҳар ва туманларда ташкил қилинган қувончли кузатув маросимлари ва қайтиб келганимиздаги аэропортлардаги ҳожиларга кўрсатилаётган эътибор, тўкин дастурхонлар ёзиб, очиқ чеҳра билан кутиб олишлар бизнинг бошимизни осмонга етказди-ку!
Мадинаи Мунаввара зиёрати
Тошкент аэропортидан кўтарилган улкан «Боинг» самолётимизнинг муқаддас Мадинаи Мунавварага қўнаётгани ҳақидаги хабар барчамизни қандайдир бошқача бир безовта, қувончли ҳолатга тушириб қўйди. Ахир, Мадинаи Мунаввара Ислом оламининг икки Муқаддас шаҳарларидан бири-да. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Равзалари қўйилган шаҳар. Зиёрат қилиниши зарур жойлар шунчалик кўпки, вақтнинг чегараланганлиги инобатга олинса, ҳар бир дақиқадан унумли фойдаланиш зарурлигини дилдан ҳис этдик. Авваламбор, Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак масжидларини зиёрат қилишга отландик. «Куч боғлаб зиёратга фақат уч масжидга борса бўлади», деган эканлар Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам Масжидул Ҳарамга, Масжидул Ақсога ва менинг мана бу масжидимга, менинг масжидимдаги бир намоз бундан бошқасидаги мингта намоздан яхшидир. Фақат Масжидул Ҳарамгина ундан мустасно, чунки Масжидул Ҳарамдаги бир намоз бошқа масжидлардаги юз минг намозга тенгдир. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларига боришдан олдин ғусл қилиб, ўзларимизга хушбўй нарсалардан сепиб, энг чиройли кийимларимизни кийиб олдик. Билиб-билмай қилган гуноҳларимизга истиғфор айтдик, тавба-тазарру қилиб зиёратга отландик. Йўлда Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламга саловат ва дуоларни кўплаб айтдик. Муборак масжидга ўнг оёғимиз билан кирдик ва кириш билан салом бериб: «Аллоҳнинг номи билан Расулуллоҳга салот ва саломлар бўлсин. Эй Аллоҳ, менга раҳматинг эшикларини очгин», деб яхши дуоларни қилиб Равза сари юрдик. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам: «Уйим билан минбарим ўртасида жаннат боғларидан бир боғ бор», деганлар. Шунинг учун Равзада ҳаммамиз икки ракаатдан намоз ўқидик. Сўнгра оҳиста, одоб билан Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари томон юрдик. Қабр тарафга юзимизни қилиб туриб Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламга салом бердик: «Ассалому аълайка я Расулаллоҳи ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ! Ассалому аълайка йа хайро холқиллаҳ»…
Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламга салом бериш улкан бахт ва саодат эканлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Ҳадиси шарифда: «Бирор киши менга салом берса, албатта, Аллоҳ менинг руҳимни қайтариб беради ва мен ўша одамнинг саломига алик оламан» дейилган экан. Бундан бохабар ҳамюртларимиз сафарларимиз олдидан Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламга «Бизларни номимиздан ҳам салом айтинглар», деб сўраган эдилар. Аллоҳга минг карра шукрлар бўлсинки, қўлимиздан келганича уларнинг ҳам саломларини етказдик.
Сўнгра Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқнинг (розияллоҳу анҳу) ва Ҳазрати Умар ибн Хаттобнинг (розияллоҳу анҳу) қабрларига рўбарў бўлдик ва саломлар бердик. Кўнглимиздаги дуоларни қиблага қараб ихлос билан қилдик, нафл намозлари ўқилди, салавот ва дурудлар айтилди. Эртасига Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам ҳамиша зиёрат қилган жойларига бордик. Қубо масжидини зиёрат қилиш савобли ишлардан экан. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким уйида таҳорат қилиб, Қубо масжидига келиб намоз ўқиса, умранинг савобини олади», деган эканлар. Булардан ташқари, Мадинадаги саҳобалар дафн этилган Бақиъ қабристонини, шаҳидлар қабристонини ва Уҳуд тоғи этагидаги Ҳазрати Ҳамзанинг қабрларини ҳам зиёрат қилишга муяссар бўлдик. Мадинаи Мунавварада ўтказган соатларимизнинг жуда тез ўтиб кетишига қарамасдан бу табаррук жой бизда бир умрлик улкан таассуротлар қолдирди. Мадина шаҳридаги маданият, тартиб-интизом ҳар бир кишини ўзига жалб этади. Балки, маданият сўзининг Мадина сўзидан келиб чиққани бежиз эмасдир. Айниқса, Пайғамбаримиз Равзалари зиёрати учун тартибли равишда аёллар учун махсус вақтлар белгиланганлиги, бу зиёратнинг Ислом аҳкомларига нақадар мос эканлиги ҳаммамизни ҳайратга солди. Қалбимиздан бир умрга ўчмас таассуротлар билан сафар белгиланган куни таматтуъ ҳажини ният қилиб ихромга кириб, Маккаи Мукаррамага йўл олдик.
Маккаи Мукаррама сари иҳромга кириш.
Маккаи Мукаррама бутун Ислом оламининг маркази, Аллоҳнинг уйи жойлашган табаррук шаҳар саналади. Шу боисдан, халқимиз бу улуғ ва тенгсиз шаҳарни эъзозлаб уни Маккатилло деб атайди. Бу ерда босилган ҳар бир қадам ўлчовли ва айни пайтда шарафга лойиқдир. Ҳаж амалларининг асосийлари Маккаи Мукаррама ва унинг атрофидаги табаррук масканларда бажарилиши ҳам бежиз эмас, албатта. Умра ва ҳаж амалларининг дастлабкиси, албатта, иҳромга ният билан киришликдир. Бу фарз амалларидан ҳисобланади. «Иҳром» арабча сўз бўлиб, луғатда «Ҳаром қилмоқ» маъносини англатар экан. Чунки ҳажда иҳромга кирган шахс ўзига иҳромдан олдин ҳалол бўлган баъзи нарсалар ва ҳолатларни ҳаром қилган бўлади. Иҳромга кириш учун сочни, тирноқни, мўйлабни ва олиниши лозим бўлган бошқа тукларни олиб, сўнгра ғусл қилинади. Кейин икки парча оқ матонинг бирини киндиги ва тиззасини қўшиб тўсган ҳолда белига тутади, иккинчисини елкаси аралаш айлантириб ўраб олади. Бу ҳолатни оддий сўз, ибора билан изоҳлаб бўлмайди. Чунки сиз бу дунё лаззатларини, машаққатларини ўйламайсиз ҳам, хаёлингизга келмайди ҳам. Сиз ҳаммасидан воз кечиб, фақат Аллоҳ олдида истиғфорда бўласиз. Бунинг нақадар чуқур руҳий ҳолат эканлигини бир тасаввур қилиб кўринг-а?! Дилингизда, тилингизда, фақат «Эй Аллоҳ, мен умра ва ҳаж қилишни ирода қиламан, уларни менга осон эт ва уларни мендан қабул айла», деган ниятгина чиқади ва талбия айта бошлайсиз. «Лаббай, сенга ё Аллоҳ, Лаббай, Лаббай, Сенга, Сенинг шеригинг йўқ. Лаббай Сенга Албатта, Мақтов, Неъмат ва Подшоҳлик Сенга Хос. Сенинг шеригинг йўқ». Талбия айтишлик билан инсон иҳромга кирган ҳисобланади ва иҳром ҳукумларига бўйсуниши керак бўлади. Аёлларга яқинлик қилиш, гуноҳ ишларни бажариш, Аллоҳнинг тоатидан чиқиш, талашиб-тортишишлик, жанжаллашиш ва шунга ўхшаган ишларга йўл қўйиш асло мумкин эмас. Булардан ташқари, бош кийим кийилмайди, соч-соқол, тирноқ ва туклар олинмайди ва хушбўй нарсалар сепилмайди ва ҳидланмайди. Иҳромнинг ҳикматлари кўп экан… авваламбор, у дунёвий кийимлардан, ҳавойи нафснинг шаҳватларидан холи бўлиш, Аллоҳ йўлида ўзини бағишлаш рамзидир. Иккинчидан, иҳромда ҳамманинг Аллоҳ ҳузурида баробар эканлигини намоён бўлишидир: ҳамма бошяланг, оёқяланг бўлиб, Аллоҳ ҳузурида ўзининг хокисорлигини изҳор этади. Аллоҳ таолонинг бандасини дастлабки имтиҳон қилишлиги, менинг фикри ожизимча, иҳром кийишдан бошланар экан. Яна бир бор қайтариб айтмоқчиман, бундай мўъжизали руҳий ҳолатни фақат иҳром кийган вақтингизда ҳис этар экансиз. Чунки сиз энди Аллоҳ олдида ҳамма нарсага тайёр эканлигингизни изҳор этдингиз.
Аллоҳнинг меҳмонлари
Айтишларича, муқаддас шаҳар Маккаи Мукаррамага ҳаж ибодатларини бажариш мақсадида келган барча ҳожилар Аллоҳнинг меҳмони ҳисобланар экан. Шу боисдан бўлса керак, барча ҳожилар меҳмонхоналарга жойлашиб олишлари билан, уларнинг қалблари, нигоҳлари Ҳарами Шарифга ошиқар экан. Барчанинг дилида-тилида бир гап: «Тезроқ Ҳарамни кўрсак» … Бунинг учун, албатта, таҳоратлар олиниб иҳромларингизни пок эканлигига ишонч ҳосил қилиниб, умра амалини адо этишга тайёргарлик қилиш лозим экан. Масжидул Ҳарамга кириб боргач, таҳлил ва талбия кучайтирилди. Ҳарамнинг «Бабуссалом» (Салом дарбозаси) деб номланган эшигидан ўзимизни хокисор тутган ҳолда талбия айтиб кирдик. Каъбатуллоҳга нигоҳларимиз тушиши билан «Аллоҳу акбар!» деб такбир ва «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб таҳлил айтдик. Тавоф қилиш мақсадида Ҳажарул Асваднинг қаршисига тўғри туриб, худди намоздаги каби қўллар кўтарилиб такбир ва таҳлил айтдик. Сўнг тавофни бошладик, баъзиларимизга Ҳажарул Асвадни ўпиш, ушлаш насиб айлади ва баъзиларимиз узоқдан ишора билан такбир айтиб тавоф қилдик. Ҳаммамиз ўзимиз билган дуоларни ўқиб етти маротаба айланиб тавоф қилдик. Тавоф тугагач, Мақоми Иброҳимда икки ракъат намоз ўқидик. Сўнг Сафо тепалигига чиқилади, Байтуллоҳга юзланиб такбир ва таҳлиллар айтилди. Расулуллоҳга салавот ва дурудлар йўлланди. Икки қўл кўтарилиб ҳожатларимизни Аллоҳдан сўрадик, дуолар қилиб Марва тепалигига қараб юриб кетдик. Бир томонга бориш бир саъй ҳисобланар экан. Сўнг Сафога қараб юрилди. Сафо тепалигига етиб келганда икки саъй бўлди. Шу тариқа етти марта саъй қилиниши керак экан. Саъй вақтида «Лаббайка» айтилди ва дуолар қилинди. Сафо ва Марва орасида саъй қилиб юрган чоғингизда чақалоқ Исмоилни қумга ётқизиб қўйиб, Аллоҳдан нажот излаб, зир югурган Биби Ҳожарнинг ҳоллари эсланар экан. Саъй Марвада тугагандан сўнг шу ерда илтижо этиб, дуолар қилдик. Саъй амали охирига етказилгач, эркаклар сочларини олдирдилар, баъзилари қисқартирдилар, аёллар эса сочларини учидан қирқиб ташлади. Шундан сўнг иҳромдан чиқдик. Шу кундан бошлаб Зулҳижжа ойининг саккизинчи тунига қадар, яъни ёлғон арафа кечасигача тоат-ибодатда ва Каъбатуллоҳни ҳар куни тавоф қилиш билан машғул бўлдик. Ҳарамда ҳар ким қўлидан келганича нафл намозларини ўқидилар, баъзилари тунаб қолиб ибодат қилдилар.
Шарафли имтиҳон
Ҳаж сафарининг асосий имтиҳони, менинг назаримда, Зулҳижжа ойининг саккизинчи тунидан бошланар экан. «Ҳаж ибодатлари» китобчасининг муаллифлари ҳаж қилувчиларга кўп маротаба бежиздан «Соғлигингизга эътибор беринг, бедорлик, кўп юриш ва чарчатадиган ишлардан сақланиб, ҳажга куч тўпланг», деб уқтирмаган эканлар. Дарвоқе, асосий синов-имтиҳон ёлғон арафа кунидан бошланар экан. Бу куни барча ҳожилар иҳромга кирган ҳолда Минога етиб келдик. Ажратилган чодирлардан жой олиб намоз ўқиб, дуолар қилиб ўтирдик. Менинг ожиз фикримча, Аллоҳ бизни шу ердан бошлаб ҳам жисмоний, ҳам руҳий имтиҳонлардан ўтказаётгандай бўлди, чунки чодирларда майда тош, қум устига солинган бир қават гиламда на тўшак бўлсин, на болиш ва яна на ёпинчиқ. Шундай ҳолатда сен ўзингни қандай тутасан, чидайсанми шундай ерларда, шундай жойларда тоат-ибодат қила оласанми? деб синаб кўргандай туюлди менга. Лекин биз на тошларнинг ботганини сездик, на устимизда ёпинчиқ ва бошимизда ёстиқ бор-йўқлигини билдик. Кўплаб намозлар ўқидик, фақат ибодатда бўлдик. Эртаси, чин Арафа куни Арофат тоғи сари йўл олдик. У ерда ҳам худди Минодагидек чодир, бир қават гилам. Аллоҳ Таоло яна бир бор синаётгандай бўлди, менга. Арофатда туриш ҳажнинг асосий рукнидир. Арофатда туриш вақти, арафа куни заволдан кейин кириб, ҳайит куни тонг киргунча давом этар экан. Бу ер улуғ манзил бўлиб, бу ердаги дуолар қабул бўлар экан. Шунинг учун у ерда ўтириб доимо дуода бўлишга ҳаракат қилинар экан. Чунки ушбу кун дуо талабида йиғлаб, ожизоналикни изҳор қиладиган кун экан. Арофатда қуёш ботгунча туриш вожиб саналади. Кун ботгандан сўнг Арофатдан тўп отилади. Бу Арофатдан қайтишга рухсат берилганини билдиради. Аллоҳ Таоло Арофатда ҳожиларни яна бир бор ҳам руҳий, ҳам жисмоний имтиҳон учун чорлагандек бўлди. Уларнинг иродасини тоқатини, иймонининг бутлигини имтиҳон қилаётгандай бўлиб кўринди. Қуёш ботгач, Муздалифага қараб юрдик. Муздалифада яна бир бор имтиҳон қилинаётганимизни ҳис қилдим. Чунки бу ерда на чодир бўлсин, на гилам. Ҳаммаёқ қуруқ тошлар водийси. Дунёнинг бир неча қитъаларидан келган бир неча миллион мусулмонлар бир хил кийимда, оппоқ бўлиб қора тошлар орасида тўпланар экан. Ана энди кўз олдингизга ана шу манзарани келтириб кўринг-чи?! Кимлардир қўл очиб, дуо қилиб, намоз ўқиётган, кимлардур тикка туриб йиғлаётган, кимлардир тошлар устида ухлаётган… кўз ўнгингизда қиёмат қойим манзарасини кўргандай бўласиз. Аллоҳ Таоло бизни Муздалифада ҳам, ҳам руҳий, ҳам жисмоний имтиҳондан ўтказган экан. Иймони бутлар такбир, тасбеҳ ва дуолар билан машғул бўларкан. Шайтонга тош отиш мақсадида Муздалифадан нўхат катталигида ҳар биттамиз 49 тадан тош териб олдик. Тонг отгач бомдод намозини ўқиб, Муздалифада туриш бошланди. Бу туриш вожиб амаллардан ҳисобланади. Қуёш чиқиши билан биз ташкилий равишда Мино томон йўл олдик. Ўнинчи Зулҳижжа куни, яъни Қурбон Ҳайитининг биринчи куни ҳаммамиз Муздалифадан Минога қайтиб келдик. Минога қайтиб келгач, қуйидаги дуони ўқидик. «Илоҳо, шу ибодатларимизнинг барчаси Сен учун. Барча яхшиликларнинг соҳиби Ўзингсан. Иброҳим алайҳиссаломга ҳам, Муҳаммад алайҳиссаломга ҳам неъмат берган Ўзингсан, бизларнинг ихтиёру инонимиз Сенинг қўлингда, розилигингни сўраб келдим, мендан рози бўл ва раҳматингни насиб эт». Бу дуолар замирида олам-олам маънолар борлигига иймонимиз комил. Ўзимизни худди Иброҳим Ҳалилулло каби буюк имтиҳондан ўтгандай сездик. Минода ётиб, Арофат тоғида ўтириб, Муздалифа водийсида тик туриб қилинган ибодатлардан сўнг Аллоҳ бизни яна бир бор имтиҳондан ўтказаётганлигини билдик. Бу сафар бориб келиши етти-саккиз километр келадиган масофага пиёда, дарёдаги сув қандай оқаётгандай бўлса худди шундай одамлар оқими билан бирга юриб, ҳайитнинг биринчи куни шайтоннинг рамзи сифатида барпо этилган катта Ақаба ёнига бордик ва унга қараб еттита тош отдик. Биринчи тош отиш билан «Лаббайка» айтиш тўхтатилади. Қирон ва таматтуъ ҳажини ният қилганлар қаторида ҳар бир ҳожига қурбонлик қилиш вожибдур. Қурбонлик сўйилганлиги ҳақида хабар келгандан сўнг сочларимизни олдирдик ва иҳромдан чиқдик. Шундан сўнг ҳажнинг улкан рукни, яъни фарзи бўлган тавоф – Тавофи ифодани адо этишга киришдик. Бу тавофни уч кун ҳайит ичида бажариш зарур экан. Тавофи ифодани қилинмаса, ҳажингиз ҳаж бўлмайди. Бу ҳам Аллоҳнинг яна бир имтиҳони экан. Тавофи ифода ҳарамда Каъбатуллоҳни оҳиста юриб бажариладиган тавофдир. Уни бажариш билан зам-зам сувларидан тўйиб ичилади, юз-қўллар ювилади, қора тош билан эшик ўртасига ўтиб дуолар ўқилади. Ҳожилар Каъбатуллоҳга нигоҳларини қадаган куйи орқалари билан юриб масжидни тарк этадилар. Ҳайитнинг иккинчи ва учинчи ва истаганлар учун тўртинчи куни уч жойда шайтонга тош отилади. Тошлар отилиб бўлгандан сўнг ҳаммамиз яна Маккаи Мукаррамага қайтдик. Каъбатуллоҳда видолашув тавофини адо этдик. Ҳаж сафаримизга қисқача хотима сифатида қуйидагиларни ёзмоқчи эдим. Авваламбор, ҳаж ибодати нақадар шарафли, масъулиятли, машаққатли ибодат экан. Покланиш, яъни онадан янги туғилган ҳолатга келиш осон кечмас экан. Бу ибодатни тўла-тўкис, бекаму кўст адо этиш учун, авваламбор, жисмоний бақувват, бардам бўлиш талаб қилинар экан. Иккинчидан, руҳий тайёр бўлишлик зарур экан. Учинчидан, молиявий аҳволи яхши бўлиши лозим экан. Сафаримиз вақтида баъзи бир элликбошилар: «Ватанга борганда бу ердаги қийинчиликларни айтманглар, халқимизни чўчитиб қўясизлар», деган мазмунда насиҳатлар қилдилар. Мен уларга қарата айтмоқчиман: «Аллоҳ йўлидаги қийинчиликлардан қўрққан киши ҳожи бўлолмаса керак!» Ҳажда биз покланамиз. Аллоҳ олдида иймонимиз бут бўлади. Бундай зиёратларга, имтиҳонларга ёшларимиздан кўпроқ боришса, яхши бўлар эди. Қанча кўп ёш-навқирон йигит-қизлар борса, шунча тез жамиятимиз покиза кадрларга эга бўлиши аниқ. Малайзия ва Индонезияда йигит уйланаётганда ва қиз турмушга чиқиш пайтида совчилардан сўралар экан: «Ҳажга борганми?» деб. Изоҳнинг ҳожати бўлмаса керак. Ҳаж сафарига борган ҳар бир кишининг қанчалик ўзгариб, ҳалим, покиза ва меҳрибон бўлиб кетганини дарров сезасан киши. Ҳарамдаги бир воқеа эсимга тушди. Бизнинг гуруҳимиздаги саксон ёшли отахонлардан бирини тавоф қилишга бирга олиб бордим. Сафо ва Марва тепаликларини икки саъй қилганимизда оқсоқолнинг чарчаётганини сезиб қўлидан ушлаб ибодат қилдирдим. Шу пайт бомдод намозига азон айтилди. Биз ўша ерда намозга ўтирдик. Отахон ўз тиззаларини уқалай бошлади. Буни унинг ёнида ўтирган бир забардаст йигит кузатиб турган экан. У дарров ўзининг катта-катта бақувват қўллари билан отахоннинг оёқларини шундай меҳр билан уқалай кетдики, худди ўз отасининг оёқларини уқалаётгандай бўлди. Менинг кўзларимга ёш қалқиди. Суҳбатлашсам, бу йигит покистонлик экан. Бу сўз билан ифода қилина олмайдиган ҳолатдир. Хулосам шуки, ҳаж сафарига борган ҳар бир шахс бошқача одамга айланади, у меҳрибон бўлади, у ҳалим бўлади, у ҳалол ва ҳаромни яхши фарқига борадиган бўлади. У оиласига, Ватанига, мамлакатига муҳаббатли бўлади. У садоқатли шахсга айланади. Қанча эрта ҳаж қилинса, шунча шахснинг ўз ватанига ва давлатига эрта меҳр-муҳаббати ошади. Жамиятимизни пок йўлдан бориб тараққий этиши тезлашади. Инсонлар орасидаги бир-бирига бўлган соф, тоза туйғулар кучаяди. Илоҳо, Аллоҳ барчамизнинг ҳажларимизни қабул айлаган бўлсин!
Мухторхон ҳожи Умархўжаев, Филология фанлари доктори, профессор.