«Бизни жаннатда учраштир...»
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Америкалик бир инглиз қиз шундай ҳикоя қилади: «Мен Амерка Қўшма Штатларининг Арканзас штатида христиан оиласида дунёга келдим. Болалагим отамнинг катта далалари, экинзорларида ўтди. Отам деҳқончилик билан шуғулланар, шу билан бирга, маҳаллий черковимизда роҳиб ҳам  эди, мавъизалар ўқирди. Онам эса уйда болалар тарбияси билан машғул эди. Черковимиз таълимоти бўйича, Муқаддас Учликка эътиқод қилинади ва Ҳазрати Исо алайҳиссалом, Худонинг ўғли деб тан олинади. Мен улғайган ушбу қишлоқ аҳли оқ танлилар бўлиб, барчалари христиан динига мансуб эдилар. Икки юз мил масофа атрофимизда бошқа дин вакиллари йўқ эди. Мен ҳам шу черков таълимотида, қишлоқ аҳлидан ўзга ҳеч кимни кўрмай вояга етдим. Ҳаётимда биринчи марта мусулмон кишини Арканзас университетига ўқишга кирганимда кўрдим. Уларнинг кийиниши, юриш-туриши менга ғайритабиий туюларди. Муслима аёлларнинг сочларини беркитиб, рўмол ўраб юришларини ҳеч қабул қилолмасдим. Лекин табиатан ўта қизиқувчанлигим бир муслима қиз билан танишишимга сабаб бўлди. Бу танишув менинг ҳаёт тарзимни бир умрга буткул ўзгартириб юборди. У қизни энди асло унутмайман. Унинг исми Ясмин эди. У Фаластинда туғилган. Мен соатлаб у билан бирга суҳбатлашиб ўтирар, унинг ватани, урф-одатлари, дини, оиласи ва дўстлари ҳақидаги ҳикояларига қулоқ тутар эдим. Лекин унинг энг яхши кўрадиган нарсаси Ислом дини эди! Ясмин ташқи суратидан сокинлик ва хотиржамлик балқиб турган бир инсон эдики, мен бошқа ундай инсонни учратмадим. У менга пайғамбарлар ва Аллоҳ ҳақида сўзлаб берди. Ғоят тўғрисўзлиги унинг сўзларини қабул қилишим учун менга кифоя қиларди. Лекин уйда бу дугонам ҳақида гапирмасдим... Ясмин, имкони борича, менинг тасаввуримда Ислом ягона ҳақ дин эканини ва шу билан бирга, у табиий ҳаёт услуби эканини жонлантиришга интиларди. У учун муҳими дунё ҳаёти эмас, балки охират ҳаёти эди. У: «Биз бу дунёда бирга бўлган баъзи яқинларимиз билан кейинги ҳаётимизда, жаннатда, албатта, учрашамиз», деб кўп айтарди. Ясминнинг ватанига жўнаб кетиш вақти келди. Хайрлашар эканмиз, энди биз бир-биримизни қайтиб бу дунёда кўролмаслигимизни ҳис этиб турардик. Шунинг учун бўлса керак, кўп йиғладик ва у видолаша туриб, то учрашгунимизча Исломни ўрганишда мустаҳкам бўлишимни, кейинги учрашувимиз жаннатда эканини айтиб хайрлашди... Биринчи марта танишган кунимиздаёқ у мени «Амийра» деб чақира бошлаган эди. Исломни қабул қилганимдан сўнг ўзимга шу исмни танладим. У ватанига қайтганидан кейин икки ҳафта ўтгач, менга хабар келди: «Ясмин уйидан чиқиб келаётганида душман ўқи тегиб, ҳалок бўлибди...» Дўстларимдан бири етказган ушбу фожиали хабар мени эсанкиратиб қўйди... Университетда ўқишим давомида мен кўпгина мусулмон дўстлар орттирдим. Араб тили мен учун энг суюкли тилга айланди. Айниқса, дўстларимдан бири Қуръон тиловат қилганида ёки овоз тасмадан тиловат эшитганимда қалбим ором оларди. Ўқишни битириб, уйга қайтгач, атрофимда мусулмон дўстларимнинг юпанчи бўлмаслигидан умидим узилган бўлса-да, лекин Исломга бўлган ташналик оилам ва бу ердаги яқинларимдан ҳам кўра кўпроқ мени безовта қиларди. Мен кўпроқ шу ҳақда қайғурардим... Икки йилдан сўнг тасодифан йўлда бир мусулмон кишини учратиб қолдим ва унга ўзимни қийнаётган саволлар билан мурожаат қилдим. Ислом тўғрисида ўқишим мумкин бўлган адабиётлар ҳақида сўрадим. Ойлар кетидан ойлар ўтди. Мен тинимсиз китоб мутолаа қилардим. Кечалари Аллоҳга дуо-илтижолар қилардим. Ниҳоят, 1996 йилнинг 15 апрелида мен Исломни қабул қилдим. Аллоҳ мени ҳидоятга бошлади ва мен энди Исломни асло тарк этмайман. Менинг кўнглимга ҳаловат берган нарса «Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ»дир! Оила аъзоларим Исломни ўрганаётганимни кўриб, аввалига қаттиқ ғазабланишди ва мен билан гаплашмай қўйишди. Фақат муҳим иш чиқиб қолсагина, менга гапиришарди. Лекин Исломни қабул қилганимдан хабар топишгач, мен билан гаплашишни, умуман, йиғиштириб қўйишди ва мени руҳий касалликлар шифохонасига ётқизишга ҳаракат қилишди. Чунки улар «Қизимиз ғирт жинни бўлиб қолибди» деб ҳисоблашарди... Оилам мени тушунмаётганидан кўп изтироб чекардим. Улар мени «Дўзахий бўлгур!» деб лаънатлашгача бориб етишди. Улар билан бирга бўлишга қанча ҳаракат қилмай, барибир, улар мени рад этишди ва ортиқ безовта қилмаслигим учун ҳатто телефон рақамларини ҳам ўзгартириб олишди. Ҳозир ёлғиз ўзим, алоҳида уйда яшайман. Ҳар куни кўчада одамлар тарафидан турли маломатлар, таҳқирларга дуч келаман... Ҳали кўчада тўхтаб таҳдид қилишади, ҳали машинамга турли қўрқитув сўзларини ёзиб кетишади... Кўп кунларим йиғи, алам билан ўтмоқда, лекин бу мусибатларни кўтаришда доимо мен билан бирга бўлган иймоним қувват беради. Қанийди, ҳозир менга Исломни биринчи бўлиб танитган инсон, менинг жонажон, Аллоҳ йўлидаги суюкли дугонам Ясмин бўлсайди. Унга: «Ясмин, дугонажоним, биламан: Исломни қабул қилганимдан сен жудаям хурсандсан... Мен Аллоҳга: «Бизларни жаннатда учраштир», дея илтижо қиламан», деб айтган бўлар эдим. Бу сатрларни ёзиб, ўзимга ҳамманинг эътиборини қаратмоқчи эмасман, балки мусулмон дўстларимдан намозларида менинг ҳаққимга ҳам дуо қилиб қўйишларини илтимос қилмоқчиман, холос. Мактубимни чоп этган газета муҳаррирларига ташаккур билдираман.

Синглингиз Амийра, (АҚШ) Ушбу мактуб араб тилидаги «Шарқ » газетасининг 1998 йил, 4 ноябрь (13586-) сонидан таржима қилинди.

Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло «Бас, тунга киришингизда ҳам, тонгга киришингизда ҳам Аллоҳга тасбиҳ айтинг. Осмонлару ердаги давоми...

09:45 / 29.11.2016 4803
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом марҳамат қиладилар quotҲар биримиз мутасадди бўламиз ва ўзимизнинг қўл давоми...

02:40 / 17.04.2021 6183
ГУНОҲЛАРДАН ХАЛОС БЎЛАЙ ДЕСАК...  ТАВБА Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм Тавба қилишлик неъмати Аллоҳ давоми...

20:25 / 21.03.2017 4018
Эрхотинларга Аёлингиз уйда нега бақирадиКўп эркаклар аёллари уйда баланд овозда бақиришларидан шикоят давоми...

22:28 / 15.05.2023 2464