Илм талаб қилиш одоби
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

               Исломий адабиётлар ичида илм, таълим, олим, муаллим ва толиби илм одобларига бағишланган асарлар жуда кўп. Уларда ўта фойдали маслаҳатлар тақдим қилинган. Ўтган сатрлардан илм талаб қилиш аҳамиятли ва шарафли иш эканини англаб олдик. Шу билан бирга, ҳар бир талабанинг илм талаб қилиш бўйича одоблари борлигини ҳам билишимиз ва уларга риоя қилишимиз зарур. Илм толибининг одоблари нисбатан икки қисмга: илмга нисбатан бўладиган одоблар ва муаллимга нисбатан бўладиган одобларга бўлинади.

  1. Талабанинг илмга нисбатан бўладиган одоблари қуйидагилардан иборат:

– Ниятни холис қилиш. Исломда илм талаб қилиш, хусусан, динда фақиҳ бўлиш учун илм ўрганиш фақат Аллоҳ таолонинг розилиги учун бўлади. Шундай қилган одам икки дунёнинг бахт-саодатига эришади. Бу дунёда ҳурмат-эҳтиром ила ҳаёт кечиради. Охиратда эса жаннати маъводан жой олади. Аммо ким диний илмни дунёнинг ўткинчи матоҳига эришиш учун ўрганса, яъни мансаб учун, пул-мол учун, риё учун ўрганса, жаннатнинг ҳидини ҳам топа олмайди.

Бу ерда ниятни поклаш олдинги ўринга қўйилмоқда. Илм талаб қилмоқчи бўлган шахс ниятини яхши қилиши, олган илми билан халққа хизмат қилиб, Ҳақни рози этишни кўзлаши керак. Ўшанда олган илми фойдали бўлади: дунёга ҳам эришади, охират савобига ҳам эга бўлади. Аммо ниятни молу дунёга, риёга боғласа, охират савоби бўлмайди, дунё ҳаваси ҳам аниқ амалга ошмайди.

Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким илмни уламолар билан можаро қилиш учун, эсипастларга ғолиб келиш учун ёки у билан одамларни ўзига қаратиш учун ўрганса, Аллоҳ уни дўзахга киритади», дедилар».

Термизий ва Ибн Можа ривоят қилганлар.

Исломда илмни шахсий ғараз, мол-дунё ва арзон манфаатлар учун ўрганилмайди. Балки таълим олишнинг бош унсурлари инсон, илм ва вақт ҳамма нарсадан қиммат ва устин қўйилади. Уларни мол-дунё ва мансаб каби ўткинчи орзу-ҳаваснинг паст даражасига раво кўрилмайди.

– Нафсни поклаш ва разолатлардан холи қилиш. Илм талаби йўлига кирган шахс илм олиш ва унинг мартабаларига эришишдан олдин ўзини турли ёмонлик- гуноҳлардан, нафсини турли разолатлардан ва хулқини эса қораланган сифатлардан поклаши зарур. Бунга эришиш йўлида илм толибига мол-дунё ва унга тегишли нарсалардан алоқасини узиш, олий ўқувлар босқичида қалби илмга ажраб чиқиши учун ватанидан, аҳлидан узоқда бўлиш фойда беради. Шунинг учун ҳам барча халқларда таълим муассасаларида билим олиш сафар қилиш асосида йўлга қўйилган. Илм учун қалбни поклаш ишлари ичида тавозули бўлиш, такаббурни тарк қилиш кабилар ҳам мавжуд. Қалбни поклаш орқали илм олишга ва ундан фойда топишга кенг йўл очилади.

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Огоҳ бўлинглар! Албатта, жасадда бир парча гўшт бордир. Қачон у солиҳ бўлса, жасаднинг ҳаммаси солиҳ бўлур. Қачон у бузуқ бўлса, жасаднинг ҳаммаси бузуқ бўлур. Огоҳ бўлинглар! Ўша нарса қалбдир», дедилар».

Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар.

– Илм мажлисларини излаш, уларнинг самарасидан фойдаланиш. Бунда илм толибининг ўзи кўзлаган фойдали илмни олиши мумкин бўлган манбалардан унумли фойдаланиши кўзда тутилади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннат боғлари ёнидан ўтсангиз, сайл қилинг», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, жаннат боғлари нимадир?» дейишди. «Илм мажлислари», дедилар».

Табароний ривоят қилган.

– Илм талабида садоқатли бўлиш, таҳсил олишга барча вақт ва ҳаракатни қаратиш, илмга халақит берадиган барча нарсадан юз ўгириш, ҳаромдан ҳазар қилиш ва маъсиятдан четда бўлиш лозим. Бу борада, одатда, имом Шофеий роҳматуллоҳи алайҳнинг қуйидаги машҳур байтлари мисол тарзида келтирилади:

Вакийъга дедим: хотирам заифдир,

Деди: давоси – маъсиятлар таркидир.

Билгинки, илм Аллоҳнинг нуридир.

Аллоҳнинг нури осийдан наридир.

– Илм талабида ихлос қилиш. Ҳар бир яхшиликка эришиш учун, албатта, ихлос керак. Ихлоссиз бирор фойдали ишнинг, хоссатан, илм олишнинг амалга ошиши қийин. «Ихлос» луғатда «тозалаш», «тўғрилаш» маъноларини англатади. «Холис бўлди» дегани «мусаффо бўлди» маъносига тўғри келади. Кафавий: «Ихлос ибодатга сазовор Зотнинг ёлғиз Ўзини ибодат ила қасд қилишдир. Дил, тил ва амалнинг мусаффо бўлиши, дейилгани ҳам бор», деган.

– Динига, дунёсига, охиратига, ватанига, халқига фойдали бўлган илмни талаб қилиш. Бефойда, вақти ўтган ва зарар берадиган илмдан четда бўлиш.

Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Мен сизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган нарсаларнигина айтаман: «...Аллоҳим, мен Сендан наф бермайдиган илмдан ва қўрқмайдиган қалбдан, тўймайдиган нафсдан ва ижобат бўлмайдиган дуодан паноҳ тилайман».

Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар.

– Гўзал ҳайъатни, тавозени, сокинликни ва илмнинг виқорини лозим тутиш. Юриш-туришда, гапиришда ва ўзини тутишда илмнинг шарафига хилоф бўлган нарсалардан четда бўлиш.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Илмни ўрганинглар. Илм учун сокинлик ва виқорни ўрганинглар. Ўзингиз таълим олаётган зотга тавозели бўлинглар».

Табароний ривоят қилган.

– Беҳуда талашиб-тортишишни тарк қилиш. Чунки бу иш фойда келтирмайди, одамлар орасини бузади, кишиларда ҳиқду ҳасадни кўпайтиради, қалбнинг қорайишига сабаб бўлади.

– Илмни ҳақиқий мутахассис, одобли ва етук олимлардан олиш.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Албатта, ушбу илм диндир. Бас, ҳар бирингиз динини кимдан олаётганига қарасин».

Ҳоким ва Ибн Адий ривоят қилганлар.

– Илм олиш, ёдлаш ва такрор қилишда сабрли бўлиш. Вақтдан илмни зиёда қилишда фойдаланиш лозим. Зотан ушбуларсиз ҳақиқий илм таҳсил қилиш мумкин ҳам эмас.

– Тушуниш қийин бўлган ҳар бир нарсани сўраб ўрганиш. Ҳар бир масалани яхшилаб ўзлаштириб олгунча изланишни давом эттириш керак бўлади. Илм талаб қилишда уялмаслик, тортинмаслик зарур. Ибн Аббос розияллоҳу анҳуга: бу илмни нима ила ҳосил қилдинг, дейишганда: сўровчи тил ва ақли дил ила, деганлар. Мужоҳид раҳматуллоҳи алайҳ: илмни ҳаё қилувчи ҳам, мутакаббир ҳам ҳосил қила олмайди, деган.

– Илм мажлисларига эртароқ бориш. Бунда у ердаги фикрлар ва маъноларга қаттиқ интилиш бўлади. Уларни вақтида ёзиб қайд қилиб, такрорлаб ўзлаштириб бориш керак. Имом Шофеий раҳматуллоҳи алайҳ: «Илм овдир, уни қайд қилиш ёзувдир, бас, овларингизни пишиқ арқонлар ила қайдлаб боринг», деганлар.

  1. Талабанинг муаллимига нисбатан одоблари, жумладан қуйидагилардан иборат:

– Муаллимга тавозели бўлиш. Агар муаллим талабадан кичик ёшда бўлса ҳам, унга алоҳида эҳтиром кўрсатилади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Талабаликда ўзимни хор тутдим, талаб қилинганимда азиз бўлдим», деганлар.

– Олимни эҳтиром ва иззат икром қилиш, қадрини билиш. Унга улуғлаш назари билан қараш.

Асарлардан бирида: «Ким каттамизни улуғламаса, кичигимизга раҳим қилмаса  ва уламоларимизни эътироф қилмаса, биздан эмас», дейилган.

– Муаллим келганда ўрнидан туриб ҳурмат ила кутиб олиш.

– Муаллимнинг дарсида одобли бўлиш, жим ўтириб тинглаш ва одоб билан савол бериш.

– Дарсдан чиқиб кетмаслик. Ўта зарур ҳолатлардагина, шунда ҳам устоздан изн сўраб чиқилади.

– Толиби илмнинг шогирд тушишга изн сўраши, муаллимдан илм олиши ва унинг итоатида бўлиши талаб этилади.

Аллоҳ таоло «Каҳф» сурасида марҳамат қилади:

«Мусо унга: «Сенга ўргатилган рушддан менга ҳам ўргатмоғинг учун сенга эргашсам, майлими?» деди. «Албатта, мен билан бирга бўлишга сабр қила олмассан. Ўзинг хабарини иҳота қилмаган нарсага қандай сабр қиласан», деди. «Иншааллоҳ, менинг сабрли эканимни кўрурсан ва сенга ҳеч бир ишда осий бўлмасман», деди» (66-69-оятлар).

Мусо алайҳиссалом улкан Пайғамбар бўлишларига қарамай, ўзларидан кўра илмлироқ, ўзларига устоз бўлиши мумкин бўлган кишига ўта одоб билан мурожаат қилиб, унга шогирд тушишни сўрадилар. Солиҳ банда эса Мусо алайҳиссаломга ўзидаги илм оддий илм эмаслигини, бундай илмларга Пайғамбар ҳам сабр қилиши қийинлигини айтди. Бўлаётган ҳодисани иҳота эта олмаган одам унга сабр қилиб, индамай қараб тура олиши қийин эканини эслатди. Мусо алайҳиссалом шогирд сифатида устознинг оғир шартларини ҳам қабул қилдилар ва унга зинҳор осий бўлмасликка ваъда бердилар.

– Муаллимнинг ҳақларини мукаммал тарзда адо қилиш. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу муаллимнинг мутааллимдаги ҳақлари тўғрисида қуйидагиларни айтганлар: «Қавмга умумий салом бериб, унга алоҳида беришинг. Унинг қаршисида ўтиришинг. Ҳузурида қўлларинг ила ишора қилмаслигинг. Кўзингни ундан бошқага тикмаслигинг. Унинг гапига хилоф гап айтмаслигинг. Унинг олдида бировни ғийбат қилмаслигинг. Унинг қоқилишини истамаслигинг. Агар йўлдан тойса, кечиришинг. Аллоҳ таоло учун уни улуғлашинг. Унинг ҳожати бўлса, бошқалардан кўра олдин хизматига интилишинг. Унинг мажлисида бирор киши билан сирлашмаслигинг. Унинг кийимини ушламаслигинг. Унга малол келтирмаслигинг. Суҳбатининг чўзилиб кетганидан безимаслигинг. У худди хурмо кабидир, ундан тушадиган нарсани пойлаб тур».

Илм олишнинг турли босқичларида илм олувчи ўзининг ёши ёки таълим босқичи қай даражада бўлишидан қатъи назар, толиби илм эканини зинҳор ёддан чиқармаслиги ва қуйидаги одобларга мунтазам риоя этиши керак бўлади:

– Дарс бошланишидан бир оз муддат олдин ҳозир бўлиш.

– Шерикларига ва муаллимларга очиқ юз билан салом бериш.

– Умумий низомга амал қилиш, ташқи кўринишни ва ўзини тутишни гўзал қилиш.

– Кундалик машғулотлар учун керакли китоб, дафтар, қалам каби нарсаларни камчиликсиз ҳозир қилиш.

– Дарсда диққат билан иштирок этиш. Бунда бошқа нарсаларга чалғимай, бутун вужуди билан дарсни қабул қилиб олишга уриниши лозим.

– Дарсда дафтар-қаламларни ўйнамаслик, бошқалар билан гаплашмаслик, атрофга алангламаслик.

– Керакли маълумотлар ва топшириқларни унутиб қўймаслик учун махсус дафтарга ёзиб олиш.

– Дарслар орасидаги танаффус пайтларидан унумли фойдаланиш ва ўзини одоб доирасида тутиш.

– Танаффус пайтида қўл ювиш ва шунга ўхшаш инсоний ҳожатларни ўз вақтида бажариб олиш.

– Агар овқатланиш керак бўлса, унинг одобларига риоя қилган ҳолда махсус жойда амалга ошириш.

– Бировнинг нарсасини фақат унинг рухсати билан олиш. Ўша нарсани қайтариб берганда эса ташаккур айтиш.

– Ўзгаларни масхара қилмаслик, лақаб тўқимаслик ва озор берадиган ҳазилларни қилмаслик.

– Гўзал ахлоқли, дарсларни яхши ўзлаштирадиган, заковатли ва одобли талабалар билан дўст бўлиш.

– Дарсларни ўз вақтида, қунт билан тайёрлаш.

– Ўқув йилининг аввалидан имтиҳонларга пухта тайёрланиб бориш. Бунинг учун дарсларни қунт билан, қолдирмасдан тайёрлаб бориш лозим.

– Имтиҳонларда алдамчилик, бировдан кўчириш, махфий ёрдам олиш ва бошқа тартиббузарликларга йўл қўймаслик.

– Уйга келганда ҳар бир дарсдан берилган вазифани ўз вақтида пухта тайёрлаб қўйиш, ортга сурмаслик.

– Кундалик дарс жадвалининг риоясини қилиб, келаси кунги дарсларни эътибор билан қайтариш, унга керакли китоб ва дафтарларни тайёрлаб қўйиш.

– Дарс учун керак бўлган китоб, дафтар ва бошқа анжомларни ораста тутиш.

– Барча дарсларда пешқадам бўлишга тиришиш, аълочи бўлишга, вақтни зое қилмасликка ҳаракат қилиш.

– Доимо Аллоҳ таолодан манфаатли илм беришини сўраб дуода бўлиб туриш

 Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ.

«Ижтимоий одоблар» китобидан

Мавзуга оид мақолалар
2021 август кунлари Қирғизистонда илк Марказий Осиё раҳбармуслималар форуми бўлиб ўтди. Тадбирга 80 га яқин давоми...

18:35 / 12.02.2017 3172
 МАРЖОН Қози Абу бакр Марастоний ҳаётларида ўз бошларидан кечирган воқеани бундай ҳикоя қиладилар Ҳадис давоми...

18:17 / 27.04.2017 5141
Сафар ойи ҳижрийқамарий тақвим бўйича йилнинг иккинчи ойидир. Одатда, бу ой яқинлашиши билан кишилар давоми...

21:32 / 17.03.2017 8427
Баъзилар келажакда машғулотлардан фориғ бўлиб,халал берадиган ҳар хил нарсалардан қутуламан,ўша пайтда давоми...

21:22 / 24.05.2023 1454