Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аллоҳ таоло: «Бас, тунга киришингизда ҳам, тонгга киришингизда ҳам Аллоҳга тасбиҳ айтинг. Осмонлару ердаги ҳамду сано Уникидир. Оқшомда ва пешинда ҳам», деган (Рум, 17—18-оят).
Аллоҳни поклаб ёд этишни арабчада «тасбиҳ» дейилади. Тасбиҳ энг аввало дилда бўлиб, сўнгра тилга кўчади. «Субҳаналлоҳ» деб такрорлаш тасбеҳ айтиш ҳисобланади. Тилда айтиш дилдаги тасбиҳнинг тасдиғи бўлади. Ўз навбатида, тилда айтилган тасбиҳ амалга кўчиши керак.
Демак, эртаю кеч Аллоҳ таолога тасбиҳ айтиб, У Зотни зикр қилиб туриш лозим.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким эрталаб ва кечқурун кирганда юз марта «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи»ни айтса, қиёмат куни бирор киши у келтирган нарсани келтира олмайди. Илло, у айтган нарсани айтган ёки ундан зиёда қилган киши келтириши мумкин, холос», дедилар».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда «эрталаб ва кечқурун кирганда юз марта «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи»ни айтишга одатланишга тарғиб қилинмоқда.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Менга эрталаб ва кечқурун айтиб юрадиган сўзларимни амр қилинг», деди.
Шунда у Зот:
«Аллоҳумма, фотирас самавати вал арзи, ъалимал ғайби ваш шаҳадати, Робба кулли шайъин ва малийкаҳу. Ашҳаду ан лаа илаҳа иллаа анта. Аъузу бика мин шарри нафсии ва мин шарриш шайтони ва ширкиҳи», деб айт. Уларни эрталаб бўлганда ҳам, кечқурун ҳам ва ётар жойингни олганингда ҳам айт», дедилар».
Шарҳ: Маъноси: «Аллоҳим! Эй, осмонлар ва ерни йўқдан бор қилувчи Зот! Ғойибни ва ҳозирни билувчи Зот! Ҳар бир нарсанинг Роббиси ва эгаси бўлган Зот! Албатта, Сендан ўзга илоҳи маъбуд йўқлигига шаҳодат келтираман. Сендан нафсимнинг шарридан ва шайтоннинг шарри ва ширкидан паноҳ тилайман».
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«У Зот эрталаб «Аллоҳумма бика асбаҳнаа ва бика амсайнаа ва бика наҳя ва бика намуту ва илайкан нушур», дер эдилар. Кечқурун бўлганда «Аллоҳумма бика амсайнаа ва бика наҳъя ва бика намуту ва илайкан нушур», дер эдилар».
Шарҳ: Маъноси: «Аллоҳим! Сен ила тонг оттирдик. Сен ила кечга кирамиз. Сен ила ҳаёт кечирамиз ва Сен ила ўламиз ва Сенгагина йиғиламиз».
«Аллоҳим! Сен ила кеч киритдик. Сен ила ҳаёт кечирамиз ва Сен ила ўламиз ва Сенгагина йиғиламиз».
Яъни бу нарсаларнинг ҳаммасини қилувчи Сенсан.
Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким эрталаб ва кечқурун бўлганда: «Розийнаа биллаҳи Роббан ва бил Ислами динан ва би Муҳаммадин Росулан» деса, албатта, Аллоҳ учун уни рози қилиш ҳақ бўлур», дедилар».
Шарҳ: Маъноси: «Аллоҳни Робб деб, Исломни дин деб ва Муҳаммадни Расул деб, рози бўлдик».
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким эрталаб бўлганда:
«Аллоҳумма, иннии асбаҳту ушҳидука ва ушҳиду ҳамалата аршика ва малаикатика ва жамиъа холқика бианнака анта Аллоҳу лаа илаҳа иллаа анта, ваҳдака, лаа шарийка лака. Ва анна Муҳаммадан абдука ва расулука» деса, албатта Аллоҳ унинг ўша куни қилган гуноҳини мағфират қилади. Агар уларни кечқурун кирганда айтса, ўша кечаси қилгани мағфират қилинади», дедилар».
Шарҳ: Маъноси: «Аллоҳим! Албатта, мен Сени, аршингни кўтариб турувчиларни, фаришталарингни ва барча махлукларингни гувоҳ қилиб айтаманки, албатта, Сен Аллоҳсан! Сендан ўзга илоҳи маъбуд йўқ. Сен ёлғизсан! Сенинг шеригинг йўқ. Албатта, Муҳаммад Сенинг банданг ва Расулингдир».