Жаннат райҳонлари
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Фарзанд – инсон ҳаётининг мазмуни, насл-насабини давом эттирувчиси, оиланинг мустаҳкам занжири. Яхши, солиҳ фарзанд – ота-онанинг бахт-иқболи, икки дунё саодатига етказувчи дилбанди. Бежизга фарзандлар «жаннат райҳонлари» деб тавсифланмаган. Аммо у одобли, яхши фазилатлар соҳиби, итоаткор ва қобил бўлгандагина ота-онасига раҳмат ва бахт-хурсандчилик келтиради. Акс ҳолда…

Ота-онанинг вазифаси фарзандини дунёга келтиришдангина иборат эмас. Улар ўз фарзандларини ақлли, эс-ҳушли, жисмонан соғлом, диёнатли, эътиқодли, жамият ва миллатга фойдаси тегадиган инсонлар қилиб тарбиялаш ҳақида қайғуришлари керак. Ота-оналар боланинг табиати, хулқ-атвори шу оиладаги муҳитга қараб шаклланишини эсдан чиқармасликлари зарур. Уларнинг вазифаси худди тажрибали табибнинг беморга нисбатан муносабатига ўхшашдан иборат бўлиши даркор.

Донишмандлар бола тарбиясига у ҳали ҳомила ҳолида эканидаёқ киришишни маслаҳат беришади. Бунга қандай эришиш мумкин? Бўлажак онанинг емиши ҳалол, пок бўлиши, унинг ҳамиша тоза, покиза юриши, кўпроқ Қуръон ўқиши, дуо ва зикрни мунтазам айтиб туриши туғилажак фарзанднинг келгусида яхши тарбияли, одобли, эътиқодли, чин инсон бўлиб камолга етишида катта аҳамиятга эга. Фарзанднинг туғилиши нафақат унинг ота-онаси, балки барча қариндош-уруғлар, яқинлар учун чинакам қувончли ҳодисадир. Шунинг учун у туғилган заҳоти Аллоҳга мақтов ва шукроналар айтиб, бу ҳақда ҳаммага маълум қилинади. Бошқалар ота-онани янги меҳмон билан қутлашади, унга узоқ умр, сиҳат-офият ва эзгу тилаклар тилашади. Айниқса, қиз бола туғилганида кўпроқ хурсанд бўлишингиз лозим. Чунки қиз фарзанд ўша хонадонга яхшилик ва масъудлик олиб келади, хотиннинг баракотлиси илк фарзанди қиз бўлганидир. Чақалоқ туғилиши билан мусулмон оилаларда унинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига иқомат (такбир) айтилади. Отаси ёки бирорта фазилатли киши хурмо, майизга ўхшаш нарсани чайнаб унинг оғзига суртиб қўйиши ҳам мақбул ишлардан саналади. Фарзандига чиройли, китобий исмларни қўйиш ҳам ота-онанинг муҳим вазифаларидандир. Ўғил болаларга Абдураҳмон, Абдуллоҳ, Муҳаммад, Абдураҳим каби, қизларга Хадича, Оиша, Фотима, Зайнаб каби чуқур маъноли исмларни қўйиш тавсия этилган. Фарзанд туғилганида таваллудининг 7, 14, 21-кунлари ёки имкон топилмаса, кейинроқ ақиқа нияти билан қўй ҳам сўйилади ва гўшти эҳсон қилинади. Шунингдек, ўғил болалар кичиклигидаёқ хатна қилдирилади. Фарзандларга олти-етти ёшидан бошлаб ўқиш-ёзиш, илм ўргатишни бошлайсиз, бунда аввал уларга Аллоҳ танитилади, Унинг амр-буйруқлари тушунтирилади. Болага кичиклигидан одоб-ахлоқ ва яхши фазилатлардан тарбия беришга киришиш лозим. Ўғил болаларга ёшлигидан сузиш, чавандозлик, мерганлик, турли касб-ҳунарлар ўргатилади, қизларга эса кашта, чок тикиш, пазандалик, бола тарбиялаш каби ишлардан таълим берилади. Фарзандларга кийим, совға, эҳсон беришда улар баравар тутилади, аммо мева ва ширинликларни аввал қизларга улашасиз. Фарзандларга меҳрибонлик, раҳим-шафқат кўрсатилади, улар билан юмшоқ муомалада бўлинади, сабабсиз тергалмайди. Тез-тез уларни қучоқлаб, бош-кўзини меҳр билан силаб туринг. Улар билан мунтазам бирга бўлишга ҳаракат қилинг: машғулотлар ўтказинг, ўйинларига аралашиб туринг, ҳазил-мутойиба қилинг, нутқини ўстириш билан шуғулланинг. Уларни асло қарғаманг, ёмон сўзлар билан сўкманг, баддуо қилманг. Чунки бу нарсалар фасодга йўлиқтириб, оилангизга фақирлик келтиради. Аксинча яхши дуолар қилиб, унга иймон-эътиқод, инсоф, яхшиликлар тиланади. Ўн ёшга етган ўғил ва қиз болалар алоҳида ётқизилади, чунки бу нарса фитнага сабаб бўлиб қолиши мумкин. Болаларингизга уларнинг қурби етмайдиган хизмат ва топшириқларни асло бера кўрманг. Чунки улар буни бажара олмай, ёлғон гапиришлари, ҳийла излашлари, ҳатто ота-онага осий бўлиб қолишлари мумкин. Ота-она қарамоғидаги болаларга ўзи еган овқатни едиради, ўзи кийган кийимларни кийдиради, нафақа ва эҳтиёжларини қондиради. Болаларнинг ҳаққига хиёнат қилинмайди, жонига қасд этилмайди, бўлар-бўлмасга уриб-калтакланмайди. Қуйида марҳум устоз, таниқли олимларимиздан Салоҳиддин Муҳиддиннинг фарзанд тарбияси борасидаги маслаҳатларини эътиборингизга ҳавола этамиз: Ёш фарзандларни овқатдан олдин ва кейин қўл ювишга, овқатланишни «бисмиллаҳ» билан бошлашга, ўнг қўл билан ейишга, еб бўлгандан сўнг Яратганга шукр айтишга одатлантиришингиз лозим. Шунингдек, ўнг қўл билан ёзиш, кийим кийганда ўнгидан бошлаш, уйга ўнг оёқ билан кириш, ҳар бир ишни «бисмиллаҳ» билан бошлашга ҳам ўргатинг. Болаларга тозаликка риоя қилиш, тирноқларини олиш, кийимларини тоза-пок сақлаш, таҳоратхонага кириш-чиқиш тартибларидан таълим беринг. Фарзандларга холи ҳолда, уялтирмай, бошқалар олдида шарманда қилмай насиҳат қилишингиз лозим. Баъзан шўхлик қилиб, гапингизга қулоқ солишмаса ёки бирор ишда хато қилишса, уларни урмай-сўкмай тушунтиришингиз зарур. Жуда иложи бўлмай қолганида икки-уч кун гаплашмай қўйсангиз, кифоя. Иложи бўлса, болаларнинг ҳар қайсисига алоҳида-алоҳида ўрин солиб бериш, агар имконияти бўлса, қиз ва ўғил болаларнинг хоналарини бўлак қилиб беришимиз даркор. Бу улар тарбиясига ижобий таъсир кўрсатади. Ўғил-қизларингизга кўчага ифлос чиқмаслик, кўчага одамларга азият-зарар берадиган ахлат, ифлос нарсаларни ташламасликка ўргатинг. Уларга ёмон, ахлоқсиз болалар билан ҳамсуҳбат бўлишга, улар билан ўйнашга, болаларингизни кўчада сабабсиз, бемақсад туриш ва юришга, сиздан сўрамай узоқ вақт жимиб кетишларига ёки олис жойга кетишларига рухсат берманг. Фарзандларни уйда ва кўчадаги таниш-нотаниш одамларга «Ассалому алайкум» деб салом беришга, қўни-қўшниларга яхшилик ва ёрдам кўрсатишга, уларга азият етказмасликка, уйингизга келган меҳмонни ҳурматлаш ва уларга хизмат қилишга одатлантиринг. Ўғил-қизларингизни куфр сўзлардан, бировларни ҳақорат қилишдан, беҳаё ва шалоқ гапларни гапиришдан қайтаринг. Буларнинг ниҳоятда ёмонлигини, бундай ярамас сўз-гаплар туфайли одам қаттиқ гуноҳкор бўлиши ва зарар кўришини мулойимлик билан тушунтиринг. Ўзингиз ҳам бу борада уларга ибрат-намуна бўлинг, чиройли ахлоқ соҳиби эканингизни исботланг. Фарзандларни қиморнинг турли кўринишлари, қарта, ошиқ, қимор автоматлари ва ўртага пул қўйиб ўйналадиган барча ўйинлардан қайтариш даркор. Қимор бўлмаса ҳам, қимматли вақтини беҳуда совурадиган, дарс тайёрлаш ва фойдали машғулотлардан айирадиган баъзи ўйинларни ҳам чеклаш лозим. Уларнинг ахлоқсиз, беҳаё, фаҳш суратли газета-журналлар, китобларни ўқишларига, жинсий муносабатларни, шафқатсизлик, ахлоқсизлик, ёвузликларни тарғиб қиладиган фильм ва томошаларни кўришларига йўл берманг. Фарзандларингизни сигарет чекиш ва ароқ ичишдан қайтариб, буларнинг инсон соғлиғи ва иқтисоди учун қанчалар зарар келтиришини, кулфатга бошлашини эринмай тушунтиринг. Буларнинг ўрнига мева ва ширинликлар истеъмол қилишга тарғиб этинг. Ўғил-қизларимизни ҳар қандай ҳолатда ҳам рост сўзлашга, ёлғонни ҳатто ҳазил тариқасида ҳам гапирмасликка, ваъдага, албатта, вафо қилишга ўргатишимиз лозим. Ўзимиз ҳам уларга бирор нарса ваъда қилсак, олиб беришимиз, бордию бунинг имкони топилмай қолса, уларга тушунтириб, муддатини узайтиришимиз керак. «Ота-она фарзандини «болам, бу ёққа кел, бир нарса бераман», деб чақирса-ю, аммо бермаса, у ёлғончидир», деган ҳадис бор. Фарзандларни ҳалол топган молимиздан едириб-ичиришимиз, судхўрлик, пора, ўғрилик, алдамчилик, зулм билан топилган нарсалардан эҳтиётлашимиз лозим. Зеро, бундай маблағлар билан озуқаланган бола бадбахт, итоатсиз, қўрс-қўпол ва ёвуз бўлиб улғаяди.

 

Аҳмад Муҳаммад

Мавзуга оид мақолалар
Олимлар аниқлашича, доим Қуръон ўқийдиган одам руҳий безовталикдан юқори даражада ҳимояланади. Бундан давоми...

06:00 / 25.06.2020 4849
Рўзадор аёллар учун макруҳ амаллар Мағфират ва баракот ойи бўлмиш Рамазон фаровон юртимиз бўйлаб ўз давоми...

13:58 / 23.06.2017 3817
 Саҳобаларни яхши кўриш ва уларни пайғамбарлардан кейин энг афзал инсонлар бўлган деб эътиқод қилиш ҳар бир давоми...

14:30 / 16.02.2018 5408
Авваллари ишлатилиб келинган турли овоз тасмалари ҳозирги кунимизда СД шаклида бизга танишдир. Шунингдек, давоми...

19:48 / 17.02.2017 10085