Таҳоратдан сўнг ўқиладиган дуо
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар сизлардан бирортангиз таҳорат олса-ю, таҳоратини яхшилаб қилса, сўнгра таҳоратидан фориғ бўлишида: «Ашҳаду аллаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу. Ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва Росулуҳу», деб айт­са, албатта, унга жаннатнинг саккиз эшиги очилур ва у хоҳлаганидан кирур», дедилар».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Термизий эса: «Аллоҳумма ижъалнии минат таввабийн ва ижъалнии минал мутатоҳҳирин»ни зиёда қилган.

Шарҳ: Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинаётган бу ҳадиси шарифда ҳам таҳоратни тугатгандан сўнг ўқиладиган дуо эслатилмоқда. Охирида эса мазкур икки амалга бериладиган мукофот – жаннатнинг саккиз эшиги очилишию таҳоратни яхшилаб қилиб, ҳадисда келган дуони ўқиган одамнинг ўзи хоҳлаган эшикдан жаннатга кириши айтилмоқда. Бу ҳам таҳоратни яхшилаб қилиш ва шаҳодат калимасини ихлос билан айтишнинг қанчалар фазилатли эканини яна бир бор кўрсатиб турибди.

Уламоларимиз айтишларича, таҳорат қилиб, аъзоларни турли кир ва ифлосликлардан поклаб бўлгандан кейин шаҳодат калималарини айтиш Аллоҳга ихлос ила амал қилганликка ва қалбнинг риё ва ширклардан пок бўлганига ишорадир.

Имом Термизий ушбу ҳадисни ривоят қилганларида шаҳодат калималаридан кейин:

«Аллоҳумма ижъалнии минат таввабийн ва ижъалнии минал мутатоҳҳирин», деган дуо ўқиган эканлар. Бу дуо «Эй бор Худоё! Мени кўп тавба қилувчилардан ва покланувчилардан қилгин», деган мазмунида келади.

Бу билан киши таҳорат олиб, баданини сув билан поклагач, Аллоҳ таолодан тавба қилмаса кечирилмайдиган гуноҳлари учун ўша дуо билан тавбага муяссар этишини сўрайди. Аллоҳ таолонинг Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ана шу тоифа кишиларга жаннатнинг саккиз эшиги очилиб, хоҳлаганидан киришлари мумкинлигини башорат этмоқдалар.

Шундай экан, доимо таҳоратимизни маромига етказиб, мукаммал қилайлик, сўнгра ихлос билан калимаи шаҳодатни ва ушбу ҳадисда келган дуони ўқишга одатланайлик.

Мавзуга оид мақолалар
3 апрель куни Куала Лумпурда очилиши режалаштирилган Малайзия Халқаро Ҳалол Кўргазмаси Malaysia International Halal давоми...

13:58 / 19.03.2019 3841
Барчага маълумки, кичкинтойлар ширинликка ўч бўлишади. Лекин агар ўйлаб кўрадиган бўлсак, кундалик давоми...

12:31 / 19.01.2019 4893
Мисрлик насронийқибтий Юсуф қўшни мусулмонлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш учун хаттотлик қобилиятини  давоми...

16:26 / 27.02.2017 4456
Кунига ўн оятдан ёдланса, 1 йилу 9 ойу 3 кунда.Кунига ярим бетдан ёдланса,3 йилу 4 ойу 24 кунда.Кунига бир бетдан давоми...

21:48 / 03.04.2023 3998