Янги кийим кийганда ўқиладиган дуо
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон янги кийим киядиган бўлсалар, кўйлак ёки салла, деб унинг номини айтиб туриб, сўнгра: «Эй Аллоҳим! Сенга ҳамд бўлсин! Сен буни менга кийгаздинг. Сендан унинг яхшилигини ва унинг учун қилинган нарсанинг яхшилигини сўрайман. Сендан унинг ёмонлигидан ва унинг учун қилинган нарсанинг ёмонлигидан паноҳ сўрайман», дер эдилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари, агар улардан бири янги кийим кийса, унга: «Эскитгин. Аллоҳ таоло ўрнига бошқасини берсин», дейишарди».

Сунан эгалари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Мусулмон инсон ўз ҳаётининг ҳар бир лаҳзаси Аллоҳ таолога доимий равишда боғлиқ эканини чуқур ҳис қилувчи ва ўша ҳис асосида ҳаёт кечирувчи бандадир.

Қолаверса, у ўзига етган ҳар бир нарса, каттаю кичик ҳар бир неъмат Аллоҳдан эканини бир лаҳза ҳам унутмайдиган бандадир.

Мусулмон инсон ўзига каттаю кичик ҳар бир неъмат етган пайтда неъмат берувчи Зотга шукр айтишга шошилади ва шу билан бирга, у Аллоҳ таолонинг «Агар шукр қилсангиз, яна зиёда қилурман», деган ваъдасига тўла ишонган бандадир.

Ушбу маънолар динимизнинг кийиниш маданияти бўйича берган кўрсатмаларида ҳам ўз аксини топган. Ана ўша маданиятни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтиб, ўзлари амал қилиб, кўрсатиб берганлар.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон янги кийим киядиган бўлсалар, кўйлак ёки салла, деб унинг номини айтиб туриб, сўнгра:

«Эй Аллоҳим! Сенга ҳамд бўлсин! Сен буни менга кийгаздинг. Сендан унинг яхшилигини ва унинг учун қилинган нарсанинг яхшилигини сўрайман. Сендан унинг ёмонлигидан ва унинг учун қилинган нарсанинг ёмонлигидан паноҳ сўрайман», дер эдилар».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу дуоларида янги кийим кийган одам келтириши лозим бўлган энг олиймақом шукр ва янги кийим кийган одам тилаши мумкин бўлган энг олиймақом тилаклар ўз аксини топгандир.

«Эй Аллоҳим! Сенга ҳамд бўлсин! Сен буни менга кийгаздинг».

Ҳа, ҳар бир кийимни ҳақиқий кийдирувчи Аллоҳ таолонинг Ўзидир. У Зотдан бошқа ким ҳам буни қила олар эди? Шунинг учун ҳар бир янги кийим кийган банда У Зотга ҳамду сано айтиб, шукр қилмоғи лозим. Айнан Аллоҳ таоло унга ўша кийимни кийгазганини тан олмоғи лозим.

«Сендан унинг яхшилигини ва унинг учун қилинган нарсанинг яхшилигини сўрайман».

Албатта, кийимни кийиш билан иш охирига етиб қолмайди. Кийимни кийгандан кейин ҳаёт давом этади. Ана ўша кийим ила турли ҳолатлар бошдан ўтказилади. Шунинг учун янги кийим кийган киши ўша кийимнинг яхшиликларга насиб қилишини Аллоҳ таолодан сўраши лозим, токи кийимнинг ўзи ҳам яхши бўлсин, ўша кийимни кийгандан кейинги ишлар ҳам яхши бўлсин.

«Сендан унинг ёмонлигидан ва унинг учун қилинган нарсанинг ёмонлигидан паноҳ сўрайман»

Аксинча, кийилган янги кийим шумлик аломати ва сабабчиси бўлиши ҳам мумкин. Уни кийган одамнинг бошига балолар ёғилиши ҳам мумкин. Шунинг учун Аллоҳ таолонинг Ўзидан бундоқ кўнгилсизликлардан паноҳ сўралади.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари, агар улардан бири янги кийим кийса, унга:

«Эскитгин. Аллоҳ таоло ўрнига бошқасини берсин», дейишарди».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларининг бу ишлари ҳам исломий кийиниш маданиятининг ажралмас бир қисмидир. Халқимиз ичида янги кийим кийган кишига, муборак бўлсин, қутлуғ бўлсин, илоҳо, бунга ўхшаган кийимларни яна кўп кийишни насиб қилсин, дейиш одати ҳам мана шу маънолардан келиб чиққан.

Янги бир неъматга эришган кишига ҳасад қилиш ўрнига уни муборакбод этиш, унга яхши тилаклар билдириш, ўша берилган неъматларга ўхшаш неъматлар яна ҳам кўпроқ бўлишини тилаш Ислом маданиятига хос нарсадир.

Ҳар биримиз ушбу ҳадиси шарифга амал қилишга ўтишимиз лозим. Қачон янги кийим кийсак, Аллоҳга ҳамд айтишимиз, янги кийим кийганларимизни муборакбод этишимиз лозим.

Мавзуга оид мақолалар
2021 август кунлари Қирғизистонда илк Марказий Осиё раҳбармуслималар форуми бўлиб ўтди. Тадбирга 80 га яқин давоми...

18:35 / 12.02.2017 3172
Аллоҳ таоло истиғфорни гуноҳларнинг заҳрини кесувчи малҳам қилди. Истиғфорнинг маъноси Аллоҳ таолодан давоми...

06:22 / 29.12.2016 4528
embedhttpyoutu.be5eKBuY3YAPEembed

15:43 / 29.11.2016 6178
1. Уч марта истиғфор айтиш ва «Аллоҳумма антассалам ва минкассалам табарокта я Зал жалали вал икром» дейиш. давоми...

18:36 / 09.12.2016 6140