Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Истиъоза – бу «Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожим» дир. Маъноси: «Қувилган шайтоннинг ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ сўрайман».
Қуръон ўқимоқчи бўлган киши тиловатга киришишдан аввал истиъозани айтиши керак. Бунга далил «Наҳл» сурасининг 98-оятидир:
فَإِذَا قَرَأْتَ الْقُرْآنَ فَاسْتَعِذْ بِاللّهِ مِنَ الشَّيْطَانِ الرَّجِيمِ |
Бу оятда Аллоҳ таоло: «Агар Қуръон ўқисанг, бас, қувилган шайтоннинг ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ сўра»дейди.
Баъзи уламолар бу оятдаги амрни вожиб деганлар, баъзилари эса мустаҳаб деганлар. Шунга кўра, истиъозани ўқиш вожиб ёки мустаҳаб бўлади. Истиъозани тиловатдан олдин бир марта ўқиса, кифоя қилади. Агар тиловат асносида бошқа иш аралашиб, тиловат тўхтаб қолса (масалан, бирор киши билан гаплашилса ёки туриб бирор иш бажариб келинса), истиъоза яна қайта ўқилади. Агар тўсатдан аксириш, йўтал тутиши, ёхуд шунга ўхшаш ихтиёрдан ташқари ҳолатлар ориз бўлиб қолса, у ҳолда истиъоза қайта ўқилмайди.
Истиъозани овоз чиқариб ўқиладиган ва махфий ўқиладиган ҳолатлари бор.
Овоз чиқариб ўқиладиган ҳолатлар:
— муносабат, йиғилишларда овоз чиқариб ўқилади;
— таълим мақомида қироатни бошловчи киши овоз чиқариб ўқийди.
Махфий ўқиладиган ҳолатлар:
— намозда;
— ўзи ёлғиз тиловат қилганида;
— таълим мақомида, тиловат қилишни бошламаган бўлса.
Басмала – бу «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим»дир, Қуръон ўқимоқчи бўлган киши тиловатга киришишдан аввал басмала айтиши лозим. Бунга далил «Намл» сурасининг 30-оятидир:
إِنَّهُ مِن سُلَيْمَانَ وَإِنَّهُ بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ |
Маъноси: «Албатта, у Сулаймондандир, албатта, унда: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим».
Басмала истиъозадан кейин, оятдан аввал ўқилади. Фақатгина «Тавба» сурасининг бошида ўқилмайди. Сабаби, мусҳафларда шундай келган. Яна бир сабаби шуки, басмалада раҳмат, меҳр маъноси бор. «Тавба» сураси эса уруш, шиддат, мушрикларга нисбатан қаттиқлик ҳақидадир. Яна бошқа бир сабаби, «Тавба» сураси ўзидан аввалги «Анфол» сурасининг давоми, яъни бу икки сура аслида битта сура эканлиги эҳтимоли ҳам бор.
Истиоза, басмала ва суранинг бошини ўқишликнинг тўрт хил кўриниши бор:
— ҳаммасини қўшиб ўқиш, яъни истиъоза, басмала ва суранинг бошини бир нафасда орасини узмай, бир-бирига қўшиб ўқиш.
— ҳаммасини алоҳида-алоҳида ўқиш, яъни истиъозани ўқиб, тўхтаб, нафас олиб, кейин басмалани ўқиб, тўхтаб, нафас олиб, кейин суранинг бошини ўқиш.
— истиъоза ва басмалани қўшиб, бир нафасда ўқиб, тўхтаб, суранинг бошини алоҳида ўқиш.
— истиъозанинг ўзини ўқиб, тўхтаб, басмала ва сура бошини бир-бирига қўшиб, бир нафасда ўқиш.
Сура охири, басмала ва кейинги суранинг бошини ўқишда уч хил йўл бор. Яъни бир сурани тамомлаб, кейинги сурага ўтмоқчи бўлганимизда, қуйидаги уч йўлдан бирини танлашимиз мумкин:
— ҳаммасини алоҳида-алоҳида ўқиш. Аввалги суранинг охирги оятини ўқиб, тўхтаб, басмалани алоҳида ўқиб олиб, кейин суранинг бошини ўқиш.
— ҳаммасини қўшиб ўқиш. Суранинг охири, басмала ва суранинг бошини бир нафасда қўшиб ўқиш.
— суранинг охирини ўқиб, тўхтаб, басмалага кейинги суранинг бошини қўшиб ўқиш.
Бунда тўртинчи кўриниш йўқ, яъни суранинг охирини басмалага қўшиб ўқиб, тўхтаб, кейинги суранинг боши ўқилмайди, чунки басмала суранинг охирги оятига ўхшаб қолади. Басмала суранинг бошида ўқиш учундир, охирида эмас.
«Анфол» сурасининг охирини ва «Тавба» сурасининг бошини ўқишда ҳам уч хил йўл бор:
— «Анфол» сурасининг охирини «Тавба» сурасининг бошига қўшиб, бир нафасда ўқиш.
— «Анфол» сурасини тугатиб, тўхтаб, «Тавба» сурасини бошлаш.
Сакта қилиш. Яъни «Анфол» сурасининг охирги ояти ва «Тавба» сурасининг бошини нафас олмай, тўхтаб, сакта қилиб ўқиш.
Мулоҳаза.
Биз истиъоза, басмала ва сура боши ҳақида гапириб ўтдик. Агар суранинг бошидан эмас, ўртасидан ўқимоқчи бўлинса, истиъоза, басмала ва қасд қилинган оят ўқилади. «Тавба» сурасининг ўртасидан ўқимоқчи бўлса, истиъозанинг ўзи билан кифояланиб, басмалани ўқимаган дуруст.