Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Фотима Самарқандия
Аллоҳга ҳамд, Пайғамбаримизга салавотлар бўлсин!
Ҳимояга муҳтож бўлмаган муҳташам Ислом тарихидаги аёллар барча жабҳада, хусусан, илмий савияда эркаклардан кам бўлишмаган. Муслима оналаримизнинг илм майдонларидаги жасоратларини кўрган инсофли кишилар уларга қойил қолмасдан иложлари йўқ!
Ислом аёли Хадижаи Кубро!
Ислом умматининг илк намоёндаси...
Илк ваҳий нозил бўлганида муборак баданлари титраб, қалблари ҳаяжондан энтикиб келган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга энг биринчи тасаллини берган зот!
Пайғамбаримизнинг фарзандларига, шу билан бирга, барча мўминларга ҳам она бўлдилар...
Мусулмонларнинг энг оғир кунларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ёнма‑ён турдилар....
Вафот этган йиллари «Хафалик йили» номи билан аталди...
Ислом аёли Ойшаи Сиддиқа!
Ислом умматининг маъсума онаси...
Пайғамбар мадрасаси толибаси...
Пайғамбар дунёни тарк этгач, умматнинг тенги йўқ устози, мударрисаси...
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис ривоят қилишда аксар эркак саҳобаларни ортда қолдирган пешқадам!...
Ислом аёли Фотимаи Заҳро!
Ислом аёли Умму Салама!
Ислом аёли Биби хоним...
Ислом аёли Моҳларойим – Нодирабегим...
Ислом аёли Жаҳон отин Увайсий...
Фотимаи Самарқандия...
Жарҳ ва таъдил уламолари ҳадис ровийлари орасида ёлғончи, тўқима ҳадис тарқатувчилар фақат эркаклардир, аёл ровийлардан ҳеч ким ёлғончи бўлмаган, дейишади! Во ажабо...!
Умавийлар султони Ҳишом ибн Абдураҳмон тахтга чиққанида ҳали уйланмаган эди. Турмуш қуриши учун бўлажак келин Қуръони каримни тўла ёд олган бўлишини шарт қилиб қўяди. Шунда Галин деган жойнинг ўзидан етти юз йигирма нафар Қуръон ҳофизи қизлар чиқди. Кейин султон иккинчи шарт қўйишга мажбур бўлди: бўлажак завжаси Имом Моликнинг «Муватто»сини ҳам ёд билиши керак эди. Шунда ҳам келинликка номзодлар камаймади: Қуртубанинг ўзидан беш юз нафар қиз ҳам Қуръонни, ҳам «Муватто»ни ёд билиши маълум бўлди... Бу ҳодисалар эртак эмас!!
Агар биз муслима оналаримизнинг шарафли ҳаётларини ўрганиб, уларни баён қилмоқчи бўлсак, қирқ туяга ортгулик китоблар тасниф қилишимизга тўғри келади!
Бугунги аёлларимиз ибрат олишлари учун эса, албатта, биз ўз Исломимиз тарихидан намуналарни тақдим қилиб туришимиз зарур. Шу ўринда юртимизда туғилиб ўсган, илм, адаб, тақво ва ибодатда бутун оламга донғи кетган оналаримиздан бирлари Фотима Самарқандия ҳақларида сўз юритсак. Шояд, ўша оналаримиздан ибрат олсак, уларнинг манҳажларига муҳаббат қўйсак!
Фотима Самарқандия:
Ҳанафий фиқҳининг машҳур матнларидан бўлган «Туҳфатул Фуқаҳо» китобининг муаллифи Муҳаммад ибн Аҳмад Алоуддин Самарқандийнинг қизлари Фотима замонасининг кўзга кўринган олималаридан эди. Оталари таълиф қилган ушбу фиқҳий асарни ёддан биларди. Фотиманинг довриғи оламга тарқаб, ҳатто Араб диёрлари киборларидан, Румлик мусулмон амирлардан унга совчилар кела бошлади. Илмда тенги топилмагани учун казо‑казо совчилар қуруқ қайтишди. Абдулҳай Лакнавий раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг «Ал Фавоидул Баҳийя» номли китобларида Фотимаи Самарқандияни таърифлаб: «Фотима аллома фақиҳа зот бўлган. Фиқҳни отасидан ўрганган, унинг «Туҳфа»сини ёддан билган!» деган!
Шу билан бирга, Фотима хаттотлик соҳасида ҳам замонасининг етукларидан эди. Унинг хати бошқаларнинг хатидан ажраб турар, ҳаттотлар Фотиманинг хатини танир, унга юксак баҳо беришар эди. Ўша даврларда Алоуддин Самарқандийга турли масалалар келса, унинг фатвосини қизлари Фотимадан ҳам алоҳида сўраб олар ва шу фатво остига ўз муҳрлари билан қўшиб Фотиманинг ҳам муҳри босилишини истардилар! Фотима ҳар бир фатво остига ўзининг ўта гўзал хати билан таълиқ ёзар ва муҳрини босарди! Самарқанддан бирорта фатво ушбу ота‑қизнинг муҳрисиз чиқмас эди!
«Туҳфа»сини шарҳлаганди, қизини никоҳлаб берди:
Алоуддин Самарқандийнинг илм халқаси бўлиб, унда бир қанча кишилар таълим оларди. Улар орасида ўзининг ғайрати, одоби, зеҳни ва фаросати билан Абу Бакр ибн Масъуд ибн Косоний ажралиб турар, фиқҳ ҳамда усулдан мукаммал таълим олишга тиришарди. Кейинчалик бу зот ҳанафий мазҳабининг машҳур фақиҳларидан бирига айланди ва замонасида «Уламолар султони» номини олди.
Ҳамюртимиз Абу Бакр Косоний устозлари Алоуддин Самарқандийнинг «Туҳфатул Фуқаҳо» китобини шарҳ қилдилар ва бу шарҳни «Бадоиъ ас Саноиъ фии тартибиш Шароиъ» деб номладилар. Бу китоб ҳанафий фиқҳида жуда катта аҳамият касб этади. Устозлари бу шарҳни кўргач, унга катта баҳо бериб, мукофот ўлароқ ўз қизлари Фотимани Абу Бакр Косонийга никоҳлаб бердилар. Маҳр эса «Бадоиъ»нинг ўзи бўлди! Одамлар орасида: «Туҳфа»сини шарҳлаганди, қизини никоҳлаб берди», деган гап латиф ҳазилга айланди!
Фазилатлари:
Никоҳдан кейин фатволар остида Абу Бакр Косонийнинг ҳам муҳрлари қўйиладиган бўлди.
Фотима бинт Муҳаммад Самарқандий тўйдан кейин ҳам дарс бериш, фатво айтишдан тўхтамади. У зотнинг қўлларида жуда кўпчилик таълим олди. Бу борада Ибн Адим номи билан машҳур бўлган тарихчи Ҳалабий қуйидагиларни айтади: «Фотима Самарқандия мазҳабларнинг қарашларини жуда ажойиб тарзда нақл қиларди. Баъзан эри (Косоний) бирор фатвода иккиланиб қолса, унга тўғрисини кўрсатар ва ўз гапининг далилларини келтирар, Косоний эса ўша фатвони оларди. Фотимани юксак эҳтиром ила ҳурмат қилар, уни қадрлар ҳамда бу каби улуғ неъматга мушарраф бўлгани учун Аллоҳга ҳамд айтарди!»
Фотимаи Самарқандия вақтларини режалаб, ибодат, мутолаа, дарс бериш ва китоб ёзишга тақсимлаган эди. Ҳатто бу борада фатво ва тадрис учун хизмат қилаётган кибор уламолар сафида турарди!
Сафарлари:
Фотима ҳожаси Абу Бакр ибн Масъуд ибн Косоний билан бир қанча шаҳарларга сафар қилди. Бу сафарда Рум шаҳрига ҳам борди. Кейин Шомга келишиб, Ҳалабда ўрнашиб қолишди. Ўша даврда Ҳалабнинг одил подшоҳи Нуриддин Маҳмуд Зангийга қўшни бўлиб, айюбийлар давлатида илм‑маърифат борасида мусулмонларнинг хизматида бўлишди!
Аллома Ҳофиз Абдулқодир Қураший ўзининг «Ал Жавоҳирул Музиа» асарида қуйидагиларни келтиради: «Ҳаловия мадрасасининг фуқаҳоларидан бўлган Довуд ибн Алий айтади: «Фотимаи Самарқандия рамазон ойидаги фитр садақасини Ҳаловия фуқаҳоларига беришни одатга айлантирди. Ҳаловия Ҳалабдаги мадрасалардан бири бўлиб, Фотиманинг бу мадрасага алоқаси бор эди. Рамазонда у қўлидаги икки билагузугини сотиб, пулини талабаларга ажратди. Бу одат бугунга қадар давом этиб келмоқда!»
Таълифотлари:
«Аъломун Нисо» китобининг муаллифи Амр ибн Ризо ибн Муҳаммад Роғиб ва «Аддуррул Мансур фии табақоти работил худур» асарининг соҳибаси Зайнаб Фавоз айтади: «Фотима Самарқандиянинг бир неча асарлар таълиф қилгани маълум. Улардан бири «Мажмаъул Фавоид лижаммил авоид шарҳу туҳфатил мулук»дир. Унинг таълифотлари фазилатли уламолар орасида машҳур бўлган. (Бизгача етиб келганини топа олмадим!)
Подшоҳларнинг Фотима бинт Самарқандийни эҳтиром қилишлари:
Ҳалабнинг султони Нуриддин Зангий Фотиманинг қийматини билар, унга муносиб эҳтиром кўрсатар, айрим фиқҳий масалаларда фатволар сўраттирар, давлатнинг ички ишлари борасида ҳам маслаҳат ва машварат оларди. Илмий хизматлари учун ҳадялар жўнатиб турарди. Унинг фаҳм-фаросати, ақл-заковатидан фойдаланарди. Султон Зангий Имом Косонийнинг ўз юртига қайтмоқчи бўлаётганини эшитиб қолиб, у зотнинг кетмаслигини илтимос қилади. Ибн Адим ёзади: «Фотима Абу Бакр Косонийни юртларига қайтишга кўндиради. Уларнинг қайтишларини одил султон Нуриддин Зангий билганида Косонийдан Ҳалабда қолишини, бу ерда Ислом ва мусулмонлар учун илмий хизматлар қилишини сўрайди ва бунинг сабабини тушунтиради. Косоний эса ўзининг жуфти ҳалоли, устозининг қизи Фотиманинг раъйини қайтаргиси келмаслигини айтади».
Шунда Султон: «Бунинг ечими осон, аёлингиздан ўзим илтимос қиламан, Ҳалабда қолишга кўндираман», деб Фотима ҳузурига чопар юборади. Чопар келиб рисолани Фотимага тақдим этади. Фотима рисолани ўқиб, унинг орқасига Косонийга қарата: «Бегим, фиқҳдан шу қадар узоқлашиб кетдингизми? Аёлингиз ёнига номаҳрамни чопар қилиб юборибсиз-а?!» дея рад жавобини ёзади. Чопар султон олдига қайтиб келади. Нуриддин Зангий Имом Косонийга қарайди, у зот Зангийга қараб кулимсирайди. Шунда Зангий янада юмшоқлик билан Ҳалабда қолишларини илтимос қилиб мактуб ёзади ва бир аёлни чопар қилиб жўнатади. Бу сафар чопар ижобий жавоб билан қайтади.
Бу икки зот шу алфозда юксак эҳтиром ила Ҳалабда қолишиб, шу ерда вафот топишади. Аллоҳ Ўз раҳматига олган бўлсин!
Вафотлари:
Фотима бинт Алоуддин Самарқандий роҳимаҳаллоҳ 581 ҳижрий санада Ҳалабда вафот топди. «Иброҳим Халил» масжиди ёнига дафн қилинди. Аллоҳ қабрларини нурга тўлдирсин!
Жуфтларининг вафоси:
Имом Косоний завжаларининг қабрини то вафот топгунларича ҳар жума кечаси зиёрат қиларди. Тақдирнинг ажойиблигини қарангки, бу зот ҳам кўп ўтмай Ҳалабнинг ўзида вафот топдилар ва васиятларига мувофиқ завжалари қабри ёнига дафн қилиндилар. Ибн Адим айтади: «Мен мазкур қубба остидаги икки ошиқнинг қабрини бир неча бор зиёрат қилдим. Аллоҳ уларни жаннатда ҳам бирга қилсин!»
Бугунги кунда ҳам Ҳалабда Имом Абу Бакр Косоний ва Фотима Самарқандиялар яшаб, илм-маърифат тарқатган уй мавжуддир.
Хулоса:
Ислом тарихида ўзининг ҳаёси, илми, тақвоси ва бошқа кўплаб фазилатлари билан из қолдирган мана шундай оналаримиз бўлишган! Бугунги муслималаримиз ахлоқда ҳақиқий ўрнакни ана шу зотлардан олишлари керак. Аллоҳ таоло Фотима Самарқандияни, у зотнинг оталари Муҳаммад ибн Аҳмад Алоуддин Самарқандийни, Имом Косонийни ҳамда барча ўтган фузалоларимизни Фирдавс жаннати билан мукофотласин. Бизларнинг зурриётларимиздан ҳам мана шундай алломаларни юзага чиқарсин!
Расулимизга битмас туганмас салавотлар бўлсин! Вассаламу алайкум ва раҳматуллоҳ!
Аброр Мухтор Алий.
03.01. 2015.
Соат 3:55.