Арш ларзага келур (талоқ) ...
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

   Исломда оилани мустаҳкамлаш ҳақида сўз борар экан, шариатимиз оиладаги барча муносабатлар қатори ундаги келишмовчиликларни ҳам ҳисобга олади, уларни шаръий йўл билан бартараф этиш тадбирларини белгилаб беради. Ноилож қолинганда эса никоҳ билан асос солингани каби, энди уни талоқ билан бузишга ҳам ижозат беради.

Талоқ Исломдаги энг нозик масалалардан бири ҳисобланади. Буни яхши англаган Ислом душманлари унга қарши ғаразли мақсадларини рўёбга чиқаришда кўпинча талоқни рўкач қилишади, шу йўл билан Исломга таъна тошларини отишади. Уларнинг гапига қулоқ солсак, Исломда оила қуришдан мақсад фақат талоқ қўйишдан иборатга ўхшаб туюлади. Ваҳоланки, бу муаммога чуқурроқ ёндашилса, динимиз талаблари амалда бўлган диёрларда оила мустаҳкамлиги, қўйди-чиқдиларнинг камлиги яққол кўзга ташланади. Буни мухолифларимиз матбуоти ҳам тан олиб ёзишга мажбур бўлмоқда.

Динимиз талоқни оиладаги келишмовчиликларнинг энг сўнггиси, ноилож нуқтаси, деб қарайди. Пайғамбар алайҳиссалом: «Аллоҳ энг ёмон кўрган ҳалол – талоқдир», деганлар. Ислом нуқтаи назарида бирор ерда талоқ содир бўлса, Аллоҳнинг арши ларзага келади. Демак, эр сал жаҳли чиққанда, хотини билан ғижиллашиб қолганда ёки мастликда бўлар-бўлмасга талоқ қилиши мумкин эмас. Талоқ – бу, эркакларнинг аёлларга зулм ўтказиш воситаси эмас, балки энг сўнгги чорадир.

Ислом нега талоққа ижозат берган? Маълумки, исломий никоҳ-фароғат ва осойиш, барқарорлик алоқасидир. Исломий оила аъзолари бир-бирининг айбини беркитади. Ўзаро эҳтиромда бўлади, эркагу аёлнинг шаҳвоний хоҳишларини поклайди, инсоний даражага кўтаради. Шу тариқа никоҳ орқали бирлашган икки вужуд ва икки руҳнинг ўзаро уйғунлашуви юзага келади.

Лекин ҳамма оилаларда ҳам ҳамиша уйғунлик, меҳр-муҳаббат, тотувлик бўлавермайди-ку! Инсончилик экан, гоҳида эр-хотин ўртасига совуқчилик тушади, муросалари келишмайди, фарзанд бўлмайди. Ана шундай сабаблар оқибатида эр-хотин оилавий ҳаётни давом эттиришга имкон топа олмай қолишлари мумкин. Нима қилиш керак? Бунда икки йўл бор: ёки ажралишга рухсат бермаслик ёки талоққа ижозат бериш. Масиҳий мазҳабларига кўра талоққа ижозат йўқ. Шунинг учун бундай юртларда эр-хотин расман ажрашмайди. Амалда эса бирга яшамай, иккови ҳам ўзига ўйнаш тутади, зино, фаҳш ишлар билан машғул бўлади.

Мусулмонлар учун шариат талоққа ижозат берган. Аммо талоқ ҳаққини кимга беришда ҳам турли ихтилофлар бор. Бир гуруҳ кишилар: «Талоқ қози томонидан бўлиши керак», дейишади. Бунинг мумкин эмаслиги яққол кўриниб турибди, чунки талоқ эр-хотиннинг ўзаро оилавий сиридир. Бунинг сабабини бошқаларга, хусусан, қозига айтиш ҳамиша ҳам инсоний ахлоқ-одоб қоидаларига тўғри келмайди. Бундай ҳолатда қайси томон юзсиз, беҳаё бўлса, ёлғонни таҳлаб, гапга чечанлик қилса, ўша томон ютиб кетади. Буни ҳозирги кунда ҳамма кўриб-билиб турибди.

Яна бир гуруҳ одамлар: «Талоқ ҳуқуқини аёлларга бериш керак», деб даъво қилишади. Бу ҳам нотўғри! Сабаби аёлларимиз латиф, эҳтиросга бой, ҳис-ҳаяжонлари жуда нозик, аччиқлари тез чиқади, қўполлик, уриш-жанжални ҳазм қила олмайдилар, аччиқни дарров юта қолмайдилар. Энди тасаввур қилинг: уларга талоқ ҳуқуқи берилса, эрларини неча марта қўйиб юборишган бўлар эди.

Талоқ қилиш ҳуқуқини эркакларга берилгани инсон табиатини эътиборга олишдан келиб чиққан илоҳий ва исломий ечимдир. Одатда оилани барпо қилиш учун, асосан, эркак кўпроқ елиб-югуради: мол-пул сарфлайди, тўй харажатларини кўтаради, қаллиғига маҳр беради. Оиланинг обрўси унинг шахсий обрўсидан устун бўлиб қолади, фарзандлар ҳам отасига нисбат берилади. Хуллас, ана шундай сабабларга кўра, эркак талоқ қилишдан олдин ҳамма нарсани ҳисобга олишга, етти ўлчаб бир кесишга мажбур бўлиб қолади. Шу боисдан ҳам Исломда талоқ қилиш ҳуқуқи эрга берилган.

Лекин Аллоҳ хуш кўрган бу ишни рўкач қилиб, хотинларга зулм қилиш ярамайди. Озгина келишмовчилик бўлса, оғиздан дарров «талоқ» сўзи чиқмаслиги керак. Шариат талоқ қилишдан олдин кўпгина енгил чоралар кўришни тавсия этади. Борди-ю аёл кишида эрига нисбатан ҳурматсизлик, итоатсизлик пайдо бўлди, дейлик. Бунда энг аввал унга насиҳат қилади, бу қилиғининг ёмонлиги, Исломга тўғри келмаслиги, оқибати чатоқ бўлишини ётиғи билан тушунтиради. У фойда бермаса, эр жойини бошқа қилиб ётади, аёлига гапирмайди. У ҳам кор қилмаса, зарар етмагундек қилиб уришгача рухсат берилган.

Эр-хотиннинг ораси бу билан ҳам ислоҳ бўлмаса, эр ва хотиннинг қариндошларидан бир кишидан ҳакам сайланиб, уларни яраштириш чора-тадбирларини кўрадилар. Булар ҳам фойда бермай, эр-хотиннинг бирга яшаши ҳар иккови учун чексиз азоб-уқубатга айлангандагина талоққа ижозат берилади.

Исломдан аввалги даврларда талоқ масаласида аёллар хорланар эди, уларни инсон ўрнида кўришмасди. Баъзилар хотинини ёқтирмай қолдирса, ўзи бошқага уйланиб олар, аммо хотинини қаровсиз қолдирарди. На ўзи хотин қилар, на бошқага турмушга чиқишига рухсат бермай, қийнарди. Ёки талоқ қилиб, иддаси тугашига яқин қолганда яна қайтиб уйланар, ана шундай қилиб ўйинчоқ қиларди. Ислом шунга ўхшаш бемаъни қилиқларга чек қўйди. Эр кишига фақат уч талоқ ҳаққини берди, аёлни қийнамасликка буюрди. Айни чоғда аёлга «хулуъ» ҳуқуқини берди. Яъни аёл киши эр билан яшашни хоҳламаса, қозига арз билан бориб, ажралиб кетишга изн сўрайди.

Талоқ сўзининг луғавий маъноси «бўшатиб қўйиш» деган маънони  англатади. Шариатда эса эр-хотинлик боғланишини очиқ ёки киноялик иборалар билан бўшатишга айтилади. «Сен талоқсан», ёки «сени талоқ қилди» иборалари эру хотиннинг ажралишини очиқ англатгани учун очиқ иборали талоқ деймиз. Киноя иборалари эса «сен менга ҳаромсан» каби ифодалардир.

Ҳақ субҳанаҳу ва Таоло Талоқ сурасида: «Эй Набий! Қачонки аёлларингизни талоқ қиладиган бўлсангиз, уларнинг иддаларида талоқ қилинг ва иддани тўлиқ ҳисобланг ва Аллоҳдан қўрқинг», деб буюради.

Оятдаги «иддаларида» дегани  идда бошлашга муносиб вақтда талоқ қилинг, деганидир. Идда шариатда эридан ўлим ёки талоқ туфайли ажраб қолган аёлнинг бошқа эрга тегмай кутиб турадиган оралиқ муддати бўлиб, бу уч ҳайз кўргунга қадар вақтдир. Иддадан мақсад – талоқ қилинган аёлга насл-насаблар аралашиб кетмаслигидир. Шу муддат ичида ҳомила бор-йўқлиги маълум бўлади ва аёл энди эрга тегиши мумкин. Идда пайтида эр қилмишидан пушаймон бўлиб ярашишни истаса, у аёлини яна қайта никоҳига олишга ҳақлидир.

Аёллар учун идда ўтиришни бошлашга муносиб вақт ҳайздан пок бўлганларидан сўнг жинсий яқинлик қилмай туриб, талоқ қўйишдир. Бунинг акси ҳам бўлиши мумкин. Шундан келиб чиқиб, талоқ иккига бўлинади: сунний талоқ ва бидъий талоқ. Сунний талоқ эр киши ўз хотинини ҳайздан пок пайтида, жинсий яқинлик қилмай туриб талоқ қилиши ёки ҳомиладорлиги аниқ бўлган аёлни талоқ қилишидир.

Ушбу шартларнинг қўйилиши ҳам талоқнинг олдини олиш учун тутилган йўлдир. Эр киши хотинини ҳайздан пок бўлишини кутиб, ҳовридан тушиши, талоқ ниятидан қайтиб қолиши мумкин. Ёки ҳомиладорлиги аниқланганидан сўнг меҳри кучайиб, талоқни унутиши ҳам мумкин. Бидъий талоқ юқорида саналган шартлар вужудга келмаган пайтдаги талоқдир. Яъни ҳайз пайтидан поклик пайти-ю, аммо жинсий яқинлик содир бўлганда қилинган талоқдир. Бидъий талоқ қилган киши гуноҳкор ҳисобланади. Лекин ўртага талоқ тушаверади.

Идда ўтириш никоҳдан сўнг эру хотин сифатида яшаб туриб, сўнг талоқ қилинган хотинлар учундир. Баъзи ҳолатларда никоҳдан сўнг қўшилмай туриб ажралиш ҳам бўлади. Бундай пайтда идда ўтиришнинг ҳожати йўқ. Кейин Қуръони Карим хотинини талоқ қилган эркакни Аллоҳга тақво қилишга, аёлга зулм қилмасликка ва иддаси тугамагунча уйдан чиқариб юбормасликка буюради.

 
Мавзуга оид мақолалар
ҲАЁТИМ ГЎЗАЛ БЎЛСИН, ДЕСАНГИЗ     Отам раҳматли доим «Қизим, ер юзи ҳали бундай тўкинсочинликни кўрмаган», давоми...

15:12 / 20.07.2017 5044
Ҳафса бинти Умар розияллоҳу анҳо қандай хонадондан эканликларини таърифлаб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак. У давоми...

12:16 / 10.01.2017 3524
Аёл киши турмушга чиқаётганда кўп ҳолларда маҳр ўрнида уй, ҳовлиер деб мулк ажратилмоқда. САВОЛ Ҳозирда аёл давоми...

18:39 / 04.12.2016 3660
 Қош қўяман деб, кўз чиқарманг Саҳобалардан бири «Эй Расулуллоҳ, одамларнинг энг қаттиқ балога дучор давоми...

08:43 / 26.01.2017 4123