Қўшхотинлик – нозик масала (давоми)
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 Табиийки, биринчи хотин ҳамда фарзандлар буни сезадилар ва бунга жавоб тарзида оталарига бўлган муҳаббатни йўқотадилар. Ундан ва янги хотинидан нафратлана бошлайдилар. Вақт ўтиши билан янги хотинидан бир-икки фарзанд туғилгач,  бу нафрат янада кучаяди. Ваҳоланки, коинотда қайси иккита жинс  бирга бўлса, муҳаббат натижаси экани маълум. Шундай экан, оила аъзолар орасида муҳаббат кўтарилса, вайроналик, тарқоқлик ва интизомсизлик келиб чиқади.

Агар  бу қўшхотин бир ҳовлида яшаса, улар ва уларнинг болалари орасида кун сайин нафрат ошиб боради. Ёқалашиш юзага келиши ҳам мумкин. Фалончи эса ўзларини бахтсиз сеза бошлайдилар. Фарзандларининг хулқи эса кундан кунга ёмон бўлиб бораверади. Юқорида зикр қилганимиздек, ҳозирги кундошлар бир уйда яшамайдиларки, бу қўшхотинлик жанобнинг мушкулини анча онсон қилади. Аммо уйнинг алоҳидалиги биринчи оиласидаги нафратни заррача камайтирмайди. Биринчи оилани моддий жиҳатдан таъминлаб турса-да, унга бўлган муҳаббат сақланиб қолмайди. Фарзандлари ҳам уни суюкли ота сифатида қадрламайдилар, балки моддий таъминотчи сифатида ҳурмат қилиб турадилар. Биринчи оила ўзини мустақил таъмин этадиган ҳолга келгач, отага бўлган бу ҳурмат ҳам сўнади.

Давлат қонуни қўшхотинликни ман этади. Ислом ижозат беради. Айрим европаликлар Исломнинг шу жиҳатини маъқуллайдилар. Эркак фоҳишахонага борганидан кўра яна битта хотин олиб, покиза яшагани маъқул, дейдилар. Дарҳақиқат, қўшхотинликнинг бу томони ҳам бор. Айрим эркакларда хоҳиш-иштиёқи кучли бўлгани сабабли, ўз аёли билан қўшилиш мумкин бўлмаган кезлари  у кўчадан нажот излайди, гуноҳга ботади. Агар никоҳида яна битта хотин бўлса, бу гуноҳдан сақланади. Ундан ташқари, бу ўринда аёлларнинг  тақдири ҳам бор. Аввало, ўғил болаларга нисбатан қизлар кўп туғилар экан, яна турли уруш ва фожиалар туфайли эрлар кўп қирилади. Демак, бир эрга икки ёки уч аёл тўғри келади. Шундай экан ,аёллар нима қилишсин?

...ҳаром йўлга юрсинларми? Ҳаром бола орттирсинларми? ...бировнинг оиласини бузиб, хотинидан бутунлай ажратиб, болаларини тириклай етим қилиб, унга тегиб олсинларми? ...ҳалол ва поклик, рози-ризолик йўли билан бир кишига никоҳланиб, оила қурсинларми?

Албатта, барчамиз шу учинчи йўлни маъқуллаймиз. Қуръони Карим маъноларини ўзбекча таржимасида ўқиймиз: «Агар етимлар ҳаққига хиёнат қилишдан қўрқсангиз, уларни ўз никоҳингизга олманг, балки никоҳлари шаръан тўғри бўлган аёлларни биттадан тўрттагача ўз никоҳларингизга олинг ва икки-уч аёл ҳаққига зулм етгудек бўлса, бир хотин сизга кифоя қилади. Шу адолатдан оғиб кетмаганингиз яхшироқдир». Сураи «Нисо» да келган мазкур оятни ақлимиз етганча ўрганишга ҳаракат қилайлик. Тарихдан маълумки, жоҳилият даврида аёллар ҳуқуқи бағоят даражада поймол қилинган. Бир эрга ўнлаб аёллар тутқин бўлган. Кейин эса урушлар туфайли кўп аёллар тул қолардилар. Ислом ана шу аёллар тақдирини одилона ҳал қилиб беради.

Ояти каримадаги етимлар ҳаққига хиёнат қилишдан қўрқилса, иккитами, учтами, тўрттами хотин олишга ижозат берилиши ўқиган одамга тушунарсиз туюлиши мумкин. «Тафсири ҳилол» да бу мураккаб масала яхши тушунтириб берилган. Имом Бухорий Ибн Шихобдан қилган ривоятда шундай дейилган экан: «Менга Урва ибн Зубайр хабар бердики, у Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан «Агар етимларга адолат қила олмасликдан қўрқсангизлар», ояти ҳақида сўраган экан, у киши дебдиларки: «Эй жиян, бир етим қиз кафилнинг қарамоғида бўлади, қиз ва унинг молига шерик бўлади. Қизнинг моли ҳам, жамоли ҳам уни ўзига тортади-да, унинг маҳрида адолатли бўлмай унга уйланмоқчи бўлади. Унга бошқалар берадиган маҳрни бермоқчи бўлади. Бас, адолатли бўлмаслар, улар уйланишдан қайтарилади, бошқа аёлларга уйланишга амр қилинадилар». Демак оятда «етимлар» дейилганида етим қизлар назарда тутилган экан. Етим қизларга уларни ўз кафолати (ҳимояси)га олган киши уйланмоқчи бўлса-ю, аммо бу ишда адолатсизликка йўл қўйишдан қўрқса, ўша етим қизга уйланишни қўйсин-да, ўзига ёққан никоҳи ҳалол бўлган бошқа аёллардан хоҳишига қараб иккитагами, учтагами, тўрттагами уйлансин. Аммо хотинлари орасида адолат ўрната олмасликдан қўрқса, биттага уйлансин.

Етим қизларга адолатсизлик фақат мол-мулк борасида эмас, чунки оятда адолат мол-мулк билан қайд қилинмасдан мутлақ зикр этилгандир. Шунинг учун ҳар қандай адолатсизликнинг юз беришидан сақланиш керак. Жумладан, эр бу қизга фақат моли учун уйланганида, ўзига нисбатан кўнгли бўлмаслиги мумкин. Ёки орадаги ёшда катта фарқ бўлиши натижасида, оилавий ҳаётнинг ҳақиқий маъноси қиз ҳаётида ўз ифодасини, умуман, топмаслиги мумкин. Бу ҳам адолатсизликка киради.

Уламоларимиз оятдаги «етимлар» сўзини шундай талқин қиладилар ва бунга эътироз қилиш қийин. Бизда улар билан баҳс юритишга етарли илм бўлмаса-да, шу хусусдаги тушунчамизни баён этишга журъат этамиз. Таъкид айтамизки, бу фикр баҳс йўсинда эмас, бир банданинг ақли етган даражасидаги тушунчасидир.

Билишимизча, Қуръони Каримда мавҳум кўрсатмалар берилмайди. Масалан, масхара қилишдан қайтарилган ояти каримада эр ва аёллар алоҳида таъкид этилади. Ёки илм олиш ҳақида ҳам «илм олмоқлик муслим ва муслималар учун фарздир», деб буюрилади. Ёки «Ёсин» сурасининг айрим тафсирларида «Антокия» шаҳри тилга олинади. Баъзи муфассирлар эса  «Агар шу шаҳар бўлганида Аллоҳ уни ўз номи билан атарди», дейишади.

Аллоҳ билгувчидир «Нисо» сурасининг биз ўрганаётган оятида ҳам «етим қизлар» деб алоҳида таъкидланиши мумкин эди. Эҳтимол бу ўринда бошқа маънолар ҳам бордир? Яъни, етимлар билан бева қолган аёлларга меҳрибонлик қилишга даъват бордир. Яъни етимларга меҳрибонлик қилинг, лекин ташқаридан туриб уларнинг ҳақини адо этишга кўзингиз етмаса, уларнинг оналарига, яъни беваларга уйланинг деган маъно йўқмикан? Бизнингча, тўрттагача уйланиш ижозати фақат нафсни қондириш учун эмас, балки беваларни паноҳига олиш учун ҳамдир. Бу ўринда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кимларга уйланганларини яна бир эсга олсак, жоиз бўлар.

Ким тўрттагача хотин олиши мумкин? Албатта, бой одам. Камбағал орзу қилмаса ҳам бўлади. Демак, бу имтиёз фақат бойлар учунми? Юқорида кўпхотинликнинг фойдаси ҳақида ҳам айтиб эдик. Демак, хотини билан қўшилиш мумкин бўлмаган дамларда бой одам бошқага уйланиб, нафсини қондириши мумкин. Камбағал-чи? Уни уйланишга пули бўлмагани билан унда ҳам нафс бор, шаҳват бор. Ҳа, биз ундан сабрни талаб қиламиз. Бойга эса сабрнинг кераги йўқ, шундайми?

Ояти каримадаги адолат қилишга эътиборни тортилиши бежиз эмас. Хўп, бугунги кунда қўшхотинликлар қандай адолат қилишади? Камина «Ўтган кунлар» романи ҳақида фикр билдириб, Отабек чин мусулмон йигит эди. Иккинчи марта уйланиши ҳақида Кумушга маълум қилиб, ижозат олган. Мусулмончилик бурчига риоя қилмаса, улардан яширинча Зайнабга уйланиб олаверарди, деб ёзганимга айрим биродарларимиз эътироз билдириб дедиларки: «Иккинчи хотинга уйланиш учун биринчисидан рухсат олиш шарт эмас»

Шу ерда бир мулоҳаза... Зеро, замонамизнинг етук олими Шайх ҳазратлари шу борадаги саволга берган жавобларида ҳам «Адолат айни шундан бошланади» деб жавоб бердилар. Нима учун иккинчи хотиндан биринчи хотинлари борлигини яширмайдилар ўша адолатпарвар жанобимиз...

Тоҳир Малик

«Рўзғор» журналидан олинди.

Мавзуга оид мақолалар
Фарғона вилоятида якунига етган яна бир Қуръон мусобақаси Қўштепа тумани Муборак жоме масжидида бўлиб ўтди. давоми...

12:12 / 07.02.2018 2458
Рубаййиъ бинти Муъаввиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тўйим бўлган давоми...

14:42 / 10.11.2016 4828
Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Дин Ишлари бўйича қўмита ахборот хизматининг хабар беришича, барча зиёратчилар давоми...

20:27 / 02.01.2017 2732
embedhttpswww.youtube.comwatchvgE8PqgIQDAfeatureyoutu.beembed

15:58 / 07.06.2017 3925