Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Оила қуришга одатда эркак томон ҳаракат бошлайди ва энг аввал муносиб келин ахтаришга киришилади. Қандоқ келин энг муносиб келин ҳисобланади? Бу саволга турли халқлар турли вақтларда турлича жавоб берганлар. Мусулмонлар бошқа нарсалар қатори бу нозик масалада ҳам ўз динлари кўрсатмаларига амал қилганлари учун Аллоҳнинг марҳамати ила ҳеч қийналмаганлар. Уларга бу ишда Ислом шариати ёрдамга келган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари бир қанча ҳадиси шарифларида муносиб келин қандоқ бўлишини баён қилиб берганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Аёл тўрт нарсаси учун никоҳланади: моли учун, ҳасаби учун, жамоли учун ва дини учун. Бас, диндорини танла, қўлинг тупроққа қорилгур», дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Бирор аёл кишига уйланишдан олдин унинг қизиқтирадиган сифатларига қаралади. Ушбу ҳадиси шарифда ўша никоҳига рағбат қилинадиган аёлда бўлиши лозим яхши сифатлардан тўртта энг машҳури ва оммавийси ҳақида сўз кетмоқда.
Агар ушбу тўрт сифат–мол ҳам, жамол ҳам, ҳасабу насаб ҳам, дину диёнатга қўшилиб, бир қизни музайян қилиб турса, албатта, яхши.
Аммо мазкур тўрт сифат бир-бири билан солиштирилганда улар орасида диндорликка тенг келадигани йўқ. Балки қолганларга яна бошқа бир қанча яхши сифатлар қўшилса ҳам, диндорлик сифатига ета олмайди.
Чунки молдорлик вақтинча. Қолаверса, мол-мулкининг кўплиги келиннинг ҳовлиқишига, куёвни ва унинг яқинларини менсимаслигига сабаб бўлиши ҳам мумкин. Диндорлик бўлмаган жойда кўпинча молдорлик ноқулай ишларга сабаб бўлиши турган гап.
Ҳасабу насаби яхши келин, албатта, яхши. Лекин фақат ҳасабу насабига ишониш ҳам яхшиликка олиб келмайди. Ота-она, бобо-момолар яхши ўтган бўлсалар яхши, лекин улар уйларида қоладилар. Куёвникига келин келади. Агар келин диндор бўлмаса, ҳасаби ва насаби билан фахрланиб куёвни ва унинг яқинларини хижолат қилиши мумкин.
Жамол ҳам ўзича яхши нарса. Лекин бу ҳам ўткинчи. Маълум муддатдан кейин келиннинг жамоли ўзгариши турган гап. Бунинг устига фақат жамолга суяниб иш қилиш ҳам яхшиликка олиб бормайди.
Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам диндор келинни ихтиёр қилишга буюрмоқдалар. Диндорлик ҳақиқий ва бардавом яхши сифатдир. Келин диндор бўлса, куёвни ва унинг яқинларини ҳурмат қилади. Оиланинг ҳақиқий устуни ва порлаб турган чироғи бўлади. Ундан дунёга келадиган фарзандлар ҳам ажойиб инсонлар бўлиб етишадилар.
Диндор келин шариат кўрсатмаси бўйича ўз бурчи ва масъулиятларини тўлиқ адо этиб яшайди.
Диндорлик ҳақиқий бойликдир!
Диндорлик ҳақиқий ҳасаб ва насабдир!
Диндорлик ҳақиқий гўзалликдир!
Шунинг учун ҳам қизларимизни диндор қилиб тарбиялашга уринишимиз керак. Шунинг учун келин танлаганимизда диндор келин танлашимиз керак.
Насаий ва Муслим ривоятида: «Дунёнинг ҳаммаси матоъ(ҳузурланиш)дир ва дунёнинг энг яхши матоъси солиҳа аёлдир», дейилган.
Шарҳ: «Матоъ» сўзи «ҳузурбахш» маъносини англатади.
Ушбу ҳадиси шарифда бу дунёдаги нарсалар матоъ экани, уларнинг ичида энг яхшиси солиҳа аёл экани ҳақида сўз кетмоқда.
Бу аҳли солиҳ бўлишлик қандоқ ҳам яхши эканини билдиради.
Солиҳ инсон дегани эса шариат томонидан қилинган амрни бажариб, қайтариқдан қайтадиган ва ўз ихтиёри ила қўшимча нафл амаллар қиладиган деганидир.
Солиҳлик фасод ва ёмонликнинг тескарисидир.
Солиҳлик банданинг тузилишида ҳам, қиладиган амалида ҳам бўлади. «Сулҳ» сўзи ҳам «салоҳ»дан олинган бўлиб, кишилар орасидаги бузилган муомалаларни тузатишга айтилади.
Солиҳлик дунё ва охират ишларида яхши бўлишни англатади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёнинг энг яхши матоси солиҳа аёлдир, деганлари ушбу юқорида зикр этилган маъноларни ўз ичига олади.
Демак, келин танлаш вақтида келиннинг солиҳа бўлишига қараш керак экан. Бу эса яратилишида ҳам, хулқи-одобида ҳам етук бўлишидир.
Шариат кўрсатмаларини бажарибгина қолмай нафл ибодат ва яхши амаллар ҳам қилиши ўзида солиҳаликни мужассам қилишига қараб бўлар экан.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Туя минган аёлларнинг энг яхшиси Қурайшнинг солиҳа аёлларидир. Болага кичиклигида энг шафқатлидир. Эрга, унинг қўлидаги нарсасига риоялидир», дедилар».
Икки Шайх ривоят қилишган.
Шарҳ: Туя минган аёллар, дейилганида Арабистон ерларида яшайдиган араб аёллари кўзда тутилган. Ўша аёллар ичида Қурайш қабиласига мансуб аёллар энг яхши аёллар ҳисобланар экан. Уларнинг яхши ном олишларига сабаб эса кичик болаларга ўта меҳрибонликлари ва эрларини ўта риоя қилишларидир. Айниқса, улар эрларининг молу мулкларини яхшилаб муҳофаза қилишар экан.
Дарҳақиқат, бу сифатлар ҳар бир аёл учун ўта зарур сифатлардир. Ўз боласига меҳрибон бўлмаган, уни керагича авайлаб-асраб катта қилмайдиган аёлни ким ҳам яхши аёл, дея олади. Ундоқ бемеҳр аёлнинг оиласида болалар меҳрсиз бўлиб, одобсиз, ахлоқсиз бўлиб ўсадилар. Бу эса оила учун, оила бошлиғи учун катта мусибатдир.
Шунингдек, эрининг риоясини қилмаган аёлдан нима яхшилик кутиш мумкин? Хусусан, эрининг мол-мулкини муҳофаза қилмаган, авайлаб-асрамаган аёлдан яна қандай яхшилик кутиш мумкин?
Ушбу ҳадиси шарифдан ибрат олиб, келин танлаётган вақтда унинг уруғидаги аёллар, қариндошлар болаларига қандоқ қараши, эрини риоя қилишларига разм солиш, сўраб-суриштириш керак бўлади. Агар келин диндорлик, солиҳалик устига бу сифатларни ҳам ўзида мужассам қилган бўлса, у энг маъқул, муносиб келиндир.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Уйландим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:
«Қандоққа уйландинг?» дедилар.
«Эрдан чиққанга», дедим.
«Қиз олиб, у билан кўнгил ёзсанг бўлмасмиди?» дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, Абдуллоҳ вафот этиб, ортидан етти (ёки тўққиз) қизни ташлаб кетди. Ўшаларга қараб турадиган кишини келтирдим», дедим.
Шунда у Зот менинг ҳақимга дуо қилдилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Ривоятда зикр қилинган Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг оталаридир. У киши Уҳуд жангида шаҳид бўлганлар.
«Етти ёки тўққиз қиз» дейилгани ровийдан бўлган шак туфайлидир.
Ушбу ҳадисдан қизга уйланиш афзал эканлиги олинган.
Жобир розияллоҳу анҳу сингилларини ўйлаб, шундай аёлга уйланган эканлар. Ёш қиз олсалар етти ёки тўққизта қайинсингилга қараб, уларни бошқариш қийин бўлганидан шундоқ қилганлар. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг ҳақларига дуо қилганлар. Умуман, янги уйланган кишилар ҳақига дуо қилиш марғубдир.
Оиша розияллоҳу анҳо:
«Эй Аллоҳнинг Расули, айтинг-чи, агар бир водийга тушсангиз, унда бир (барги) ейилган дарахт, бир (барги) ейилмаган дарахт бўлса, туянгизни қайси бирида боқар эдингиз?» деди.
«Ейилмаганида», дедилар у Зот.
Яъни (Оиша) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзидан бошқа қиз олмаганларига ишора қилмоқда».
Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Қиз билан жувон орасидаги фарқни васф қилиш борасида турли халқларда турли ўхшатишлар ишлатилади.
Ушбу ривоятда Оиша онамиз қиз болани баргига ҳеч нарса тегмаган дарахтга, жувонни эса баргидан бирор ҳайвон еб кетган дарахтга ўхшатмоқдалар. Шу билан бирга, у киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан жувонга уйлангандан кўра қизга уйланган афзал эканлиги ҳақида тасдиқ ҳам олмоқдалар.
Оиша онамиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳаролари ичида у кишига қиз ҳолида теккан ягона аёл эканликлари билан фахрланиб юрар эдилар.
Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, бир жамолли ва ҳасабли аёл топдим. Аммо туғмас экан. Унга уйланаверайми?» деди.
«Йўқ», дедилар. Кейин у Зотга иккинчи марта келди. Яна қайтардилар. Сўнгра учинчи марта келганида:
«Эрига муҳаббат қиладиган ва кўп туғадиган аёлга уйланинглар. Мен бошқа умматларга сизларнинг кўплигингизни кўз-кўз қилувчиман», дедилар».
Абу Довуд, Насаий ва Ҳоким ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Уйланишдан олдин аҳли фазл, илмли кишилардан маслаҳат сўраш яхшилиги.
2. Туғмас аёлга, агар у гўзал ва аслзода бўлса ҳам уйланмаган маъқул экани.
3. Эрига муҳаббат қиладиган ва кўп туғадиган аёлга уйланиш кераклиги.
Бу сифатлар унга яқин аёлларнинг ҳолини ўрганиш билан билинади. Унга яқин, қариндош аёллар одатда эрига муҳаббат қиладиган, кўп туғадиган бўлсалар, кўпинча уларнинг уруғида бўлган ёшлар ҳам ўша сифатларга эга бўладилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, аёлларнинг қандоғи энг яхшисидир», дейилди.
«Қачон назар солса, сурур бағишлайдигани. Қачон амр қилса, итоат қиладигани ва эрига ўз жонида ва молида у ёқтирмайдиган нарса ила хилоф қилмайдигани», дедилар».
Сунан эгалари ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда эр учун энг яхши хотиннинг баъзи сифатлари ҳақида сўз кетмоқда:
1. «Қачон назар солса, сурур бағишлайдигани».
Демак, эр назар солса хурсанд қиладиган аёл энг яхши аёлларда бўладиган сифатларга эга бўлар экан.
Бу аёлнинг ташқи қиёфаси, кийиниши, ўзини тутиши ва ахлоқ-одоби каби нарсаларни ўз ичига олади. Энг яхши аёл бўлиш умидидаги қизларимиз, аёлларимиз ушбу нарсага алоҳида эътибор беришлари керак. Куёв ва эрлари кўзига доимо хурсанд қиладиган равишда кўринишга ҳаракат қилишлари лозим.
2. «Қачон амр қилса, итоат қиладигани».
Эрга итоаткор бўлиш аёлларнинг энг гўзал, энг яхши сифатларидан биридир.
Албатта, шаръий рухсат берилган ишлар доирасида итоаткорлик ҳақида сўз кетмоқда. Гуноҳ ишларда итоат қилиш мумкин эмас.
Чунки Холиққа маъсият ишларида махлуққа итоат қилинмайди.
Эр оила бошлиғи бўлганидан кейин оила аъзолари, жумладан, аёл унга итоат қилиши керак.
Эрига итоаткор аёл энг яхши сифатлардан бирига эга бўлган аёлдир.
Эрига итоат қилмайдиган аёлни яхши аёллар қаторига мутлақо қўшиб бўлмайди.
3. «Эрига ўз жонида ва молида у ёқтирмайдиган нарса ила хилоф қилмайдигани».
Бошқача қилиб айтганда, энг яхши аёл сифатига соҳиба бўлмоқчи аёл эрига ёқмайдиган ишларни қилмаслиги керак.
Чунки шу туфайли оилада уриш-жанжал чиқиши, ўзининг ҳаловати йўқолиши, ҳатто оила бузилиб кетиши ҳам мумкин.
Яна аёл киши ўз молини эри ёмон кўрадиган нарсаларга сарфламаслиги керак. Ана шунда энг яхши аёлнинг яна бир сифатига эга бўлади.
Ушбу ҳадисда зикр қилинган уч сифатни ўзида мужассам қилган аёл энг яхши аёллардан бўлишига шубҳа йўқ.
Мўмина-муслима аёл-қизларимиз ушбу ҳадиси набавийда зикр этилган олиймақом сифатларни ўзларида мужассам қилишга ҳаракат этмоқлари лозим.
Шу билан бирга, жажжи қизчаларимизни ёшликларидан ана шундай гўзал сифат соҳибалари этиб тарбия қилмоғимиз зарур.
Икки Шайх ва Термизий ривоятида: «Ўзимдан кейин эркакларга аёллардан кўра зарарлироқ фитнани қолдирмадим», дейилган.
Шарҳ: Аёл киши иймон-эътиқодли, диндор, солиҳа, одоб-ахлоқли бўлмаса, бало-офат эканлиги ҳақидаги фикрга ҳатто аёлларнинг ўзлари ҳам қўшиладилар.
Эркаклар бошига кўпгина балолар номаъқул аёллар сабабидан келишини эса тажриба кўрсатиб турибди, бунга тарих шоҳид.
Шунинг учун ҳам келин танлашда жуда эҳтиёт бўлиш керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларига амал қилиш керак. Бошқа кўрсатмаларга амал қиламан деб, эркаклар учун дунёдаги энг зарарли фитнага учраб қолмаслик керак.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Аёлим қўл узатувчининг қўлини ман қилмайди», деди.
«Уни ўзингдан ғариб қил», дедилар.
«Нафсим унга эргашишидан хавф қиламан», деди.
«Ундан фойдаланиб юр», дедилар у Зот».
Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисдаги «аёлим қўл узатувчининг қўлини ман қилмайди», деган жумлани эркаклардан ўзини олиб қочмайди ёки мол-мулкни ҳаддан ташқари исроф қилади, деб икки хил таъвил қилинган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ундоқ хотинни талоқ қилиб юборишга маслаҳат берганлар. Лекин эр хотинини талоқ қилса ундан кўнгил уза олмай, ўзи қийналишини баён қилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ундоқ бўлса, ундан фойдаланиб юравер, деганлар.
Шундан қўлни ман қилмаслик молу мулкни исроф қилиш маъносида эканлиги келиб чиқади. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эркак кишининг қўлини қайтармайдиган аёл билан бирга яшайверишни маслаҳат беришлари мумкин эмас.
***
Муносиб келин ҳақида келган ҳадиси шарифларни ўрганганимиздан кейин хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ислом дини уйланишдан олдин умр йўлдошини танлашга алоҳида эътибор беришга чақиргани равшанлашади. Чунки шу йўл билангина оиланинг пойдевори мустаҳкамланади. Шу йўл билан оила қуришдан кўзланган софлик, унсу улфат, бахт-саодат ва хотиржамликка эришилиш эшиги очилади. Умр йўлдошини танлашда эса унинг сифатлари ичида диндорлик, аҳли солиҳлик, одоб-ахлоқ ва мустақимликка биринчи ўринда эътибор берилиши керак.
Чунки никоҳ ва оила қуриш – умр савдоси. Бир умрга керак нарса. Диндорлик умр ўтиши билан қувватланиб боради. Одоб-ахлоқ, аҳли солиҳлик ҳам умр ўтиши билан сайқаллашиб, зиёдалашаверади.
Ўз соҳибига доимо йўлдош ва доимий яхшилик келтирувчи бу сифатларга эга бўлган умр йўлдошини танлаш, оила қуришдаги энг муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Бошқа сифатлар эса вақтинчалик ва кибру ҳаво ҳамда ғурурга сабаб бўлиши мумкин сифатлардир.
Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг Имом Ибн Можа, Баззор ва Байҳақийлар ривоят қилган ҳадисларида:
«Аёлларни ҳуснлари учун никоҳингизга олманг, эҳтимол у (ҳусн) уларни ҳалок қилар. Ва уларни моли учун ҳам никоҳингизга олманг, эҳтимол у (мол) уларни туғёнга кетказар. Уларни дин учун никоҳингизга олинг. Албатта, қора, хунук диндор чўри афзалдир», деганлар.
Мусулмон киши ўзига яхши умр йўлдоши танлар экан, оиласининг мустаҳкам бўлиши, оила аъзоларининг бахтиёр бўлиши билан бирга, бўлажак фарзандларини муносиб мусулмонлар қилиб ўстиришни ҳам кўзда тутиши керак.
Уламоларимиз барча ҳужжат ва далилларни ўрганиб чиқиб ҳамда бошқа омилларни ҳисобга олиб, муносиб келин танлашда қуйидаги нарсаларга эътибор бериш кераклигини таъкидлаганлар:
1. Диндорлик.
2. Серфарзандлик.
Бу сифат қариндош-уруғ аёлларга қараб билинади.
3. Аввал турмуш қурмаган бўлиши.
4. Диндор ва қаноатли оиладан бўлиши.
5. Насаби яхши бўлиши.
6. Ҳуснли бўлиши.
Эрнинг кўнгли тўқ бўлади. Муҳаббат қўяди. Бошқаларга қарамайди.
7. Қариндошлардан бўлмаслиги.
Қариндошга уйланса, болалари заифҳол бўлиш эҳтимоли кучли. Яна Аллоҳ кўрсатмасин, келишмовчилик бўлиб қолса, қариндошлик алоқаларига зарар етиши ҳам мумкин. Бегонадан бўлса, болалар заифҳол бўлмайди. Куёв-келиннинг баҳонаси билан уларнинг қариндош-уруғлари ҳам қуда-анда бўладилар, ижтимоий алоқалар ривожланади.
8. Бир хотиндан зиёда қилмаслик.
Чунки кўпхотинликнинг машмашаси ҳам кўп. Шартларини бажо қилиш ҳам қийин.