Маҳр ҳақида
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маҳр никоҳ ақди ёки эру хотин бўлиш билан эр зиммасига юкланадиган ва хотинга бериш лозим бўлган молдир. Маҳр турли номлар билан номланади, Қуръони Каримда садоқ, садақа, ажр, фариза, ниҳла исмлари ишлатилган. Баъзи уламолар маҳрнинг ўнта исми бор, деганлар. Бизда «маҳр» сўзи машҳур бўлгани учун шу ном билан аталади.

 Аллоҳ таоло: وَآتُواْ النَّسَاء صَدُقَاتِهِنَّ نِحْلَةً فَإِن طِبْنَ لَكُمْ عَن شَيْءٍ مِّنْهُ نَفْسًا فَكُلُوهُ هَنِيئًا مَّرِيئًا 

«Аёлларга маҳрларини чин дилдан чиқариб беринглар. Агар улар ундан бирор нарсани ўз розиликлари ила берсалар, бас, уни енглар, ош бўлсин», деган (Нисо, 4).

Шарҳ: Ушбу ояти карима эрнинг маҳр бериши вожиб эканини англатувчи тўртта ояти каримадан биридир. Ақди никоҳ бўлиши билан маҳр бериш вожиб бўлади. Агар қовушмай туриб ажрашадиган бўлсалар ҳам. Лекин маҳрни бериш никоҳнинг шарт ёки рукнларидан эмас. Усиз ҳам никоҳ бўлаверади, аммо олди-бердиси қачон бўлса, бўлаверади.

Ушбу оятда эр ўзига хотин бўлишга рози аёлга маҳрни оғриниб эмас, чин кўнгилдан чиқариб бериши лозимлиги уқтирилмоқда. Маҳр келиннинг ўз мулкига айланишига ҳам ишора қилинмоқда.

Аёл маҳрни олганидан кейин нима қилса, ўзи билади. Жумладан, ушбу оятда зикр қилинганидек, эрига қайтариб берса ҳам, ўзининг иши.

Агар келин ўз ихтиёри билан рози бўлиб, олган маҳрининг ҳаммасини ёки бир қисмини қайтариб берса, эр уни бемалол олиб, тасарруф қилса бўлаверади.

Абу Салама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Оиша розияллоҳу анҳодан:  «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг берган маҳрлари қанча эди?» деб сўрадим.

«У Зотнинг завжаларига берган маҳрлари ўн икки увқия ва нашш эди», дедилар ва «Нашш нималигини биласанми?» деб сўрадилар.

«Йўқ», дедим.

«Ярим увқия. Бас, ҳаммаси бўлиб беш юз дирҳам», дедилар».

Муслим, Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган.

Шарҳ: Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаларига берган маҳрлари беш юз кумуш танга миқдорига тенг экан.

 Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳуда сариқлик аломати кўриб:

«Бу нима?» дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, данак оғирлигидаги тиллога бир аёлга уйландим», деди у.

«Аллоҳ сенга барака берсин! Бир қўй сўйиб бўлса ҳам, тўй қилгин», дедилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Ўша вақтларда куёвлар тўйга ясаниш борасида ўзларига хушбўй нарсалар ҳам суртар эдилар. Ўша хушбўй нарсалар заъфарон аралашган бўлгани учун заъфароннинг сариғи кийимларга, у ер-бу ерга юқиб қолар эди. Ана ўша аломат кўринган одам нима учундир ясангани билиниб турар эди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳудан сариқлик ранг аломатини кўриб, нима учун ясанганларини сўрадилар. У киши бир аёлга уйланганлари, маҳрга бир данак вазнида тилло берганларини хабар қилдилар. Бу миқдордаги тилло чорак динор, яъни беш дирҳам кумуш пулга тенг келар эди. Демак, маҳр шу миқдорча бўлиши ҳам мумкин. Афтидан, Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳу тўй қилмай уйланганга ўхшайдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг у кишига нимага хушбўй суртдинг, бир қўй сўйиб бўлса ҳам, тўй қил, дейишлари шуни кўрсатади. Тўй ҳақида, иншааллоҳ, кейин батафсил сўз юритилади.

 Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У киши Убайдуллоҳ ибн Жаҳшнинг хотини эдилар. Бас, у Ҳабашистон ерида ўлди. Шунда Нажоший у(Умму Ҳабиба)ни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб берди. Маҳрига у Зотнинг номларидан тўрт минг дирҳам берди. Сўнг у кишини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига Шураҳбил ибн Ҳасана билан юборди».

Абу Довуд, Насаий ва Аҳмад ривоят қилишган.

Шарҳ: Умму Ҳабиба — Рамла бинти Абу Суфён розияллоҳу анҳо эрлари Убайдуллоҳ ибн Жаҳш билан мусулмон муҳожирлар қаторида Маккадан Ҳабашистонга ҳижрат қилган эдилар.

Убайдуллоҳ ибн Жаҳш у ерда Исломни тарк этиб, масиҳий динига киради.

Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо Исломда собит қоладилар. Кейин Убайдуллоҳ ибн Жаҳш ўлади. Бу хабар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб келганда Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳонинг сабот-матонатларини тақдирлаб, мусибатларини енгиллаштириш мақсадида у кишига уйланишга қарор қиладилар.

Шу мақсад билан Амр ибн Умайя аз-Заммарийни Ҳабашистонга юборадилар. У киши орқали Ҳабашистоннинг мусулмон бўлган подшоҳи Нажошийни Умму Ҳабиба онамизга уйланишда ўз вакиллари этиб тайинлаганларини билдирадилар. Ҳабашистондаги муҳожир мусулмонлар ичида Холид ибн Саъид номли Абу Суфённинг амакисининг ўғли бор эди. У киши Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳунинг валийлари бўлди. Нажоший ҳаммани тўплаб, ишдан хабардор қилди. Кўпчиликнинг олдида Холид ибн Саъиднинг олдига маҳрга аталган тўрт минг дирҳам кумуш тангани тўкдирди.

Олдин Нажоший розияллоҳу анҳу, кейин Холид ибн Саъид розияллоҳу анҳу хутба қилдилар. Ўша ердаги мусулмонларнинг гувоҳлигида никоҳ ўқилди. Кейин тўй маросими бўлиб ўтди.

Тўйдан кейин Нажоший розияллоҳу анҳу Умму Ҳабиба онамизни Шураҳбил ибн Ҳасана розияллоҳу анҳу билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига юбордилар.

Бу ҳодисадан маҳрни эрнинг вакили берса ҳам, хотиннинг валийи олса жоизлиги кўриниб турибди.

Аммо маҳрни валий қабул қилиб олгани билан ҳеч қачон унинг мулкига айланиб қолмайди. Маҳр доимо келиннинг мулки бўлади.

 Абул Ажфаъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Умар розияллоҳу анҳу бизга хутба қилиб:

«Огоҳ бўлинглар! Аёлларнинг маҳрини ошириб юборманглар! Агар у нарса бу дунёда ҳурмат-икром, Аллоҳнинг ҳузурида тақво бўладиган бўлса, ичингизда унга энг ҳақли киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлур эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хотинларидан бирор аёлга ўн икки увқиядан кўп маҳр берганлари йўқ. У Зотнинг қизларидан бирортасига ҳам бундан кўп берилгани йўқ», деди».

Шарҳ: Ҳазрати Умар мазкур хутбани халифалик вақтларида қилганлар. Шундан Ислом ҳукумати маҳр масаласида кишиларга тушунтириш ишлари олиб бориб туриши келиб чиқади. Чунки маҳрнинг кўпайиб кетиши ҳеч кимнинг қадр-қийматини оширмайди. Одамлар қизларнинг қадрини маҳрнинг миқдори билан ўлчашлари мумкин эмас.

Шунингдек, маҳр кишининг тақвосига ўлчов бўлиши ҳам мумкин эмас. Агар маҳр қадр-қиймат ўлчови бўладиган бўлса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёдаги энг кўп маҳрни беришлари керак эди. Дунёда у зотдек қадрли ва тақводор одам йўқ. Дунёда у Зотнинг завжаи мутоҳҳароларидек, қизларидек қадрли ва тақволи аёл ҳам йўқ. Шундоқ бўлса ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз завжаи мутоҳҳароларидан бирортасига ўн икки увқиядан ортиқ маҳр бермаганлар. У оналаримиз розияллоҳу анҳумолардан бирорталари ҳам бундан ортиқ маҳр сўрамаганлар.

Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари, жигарбандларидан бирортасига ҳам ўн икки увқиядан ортиқ маҳр берилмаган.

Бугунги кундаги маҳрфурушлар ушбу ҳақиқатни яхшилаб тушуниб олишлари керак. Маҳрнинг кўплиги турли муаммолар келтириб чиқариши мумкин, холос. Қизларни эр олмай уйда ўтириб қолишлари, йигитлар маҳр тўплаш учун қийналишлари, иккала томон ҳам ҳаром йўлга кириб кетиши ёки ўша ишнинг хавфи кучайиши, маҳр топишга имкони йўқлар ғайридин аёлларга уйланиб олиши ва бошқа кўпгина муаммолар шулар жумласидандир.

 Бани Фазоралик бир аёл бир жуфт кавушга эрга теккан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:

«Ўз нафсингни ва молингни бир жуфт кавушга бағишладингми?» дедилар.

«Ҳа», деди.

Бас, у Зот буни жоиз санадилар».

Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Шунга биноан, эру хотин ўзаро келишиб, рози бўлган миқдордаги мол маҳр бўлаверади.

Ҳанафий мазҳабида кишилар ихтилоф қилиб юрмасликлари учун гапни бир жойга қўйиш мақсадида маҳрнинг ози ўн дирҳам бўлса яхши, дейилган. Чунки шариатда бир нарсага арзигулик энг оз молнинг миқдори шудир.

Шунингдек, маҳрнинг кўпининг ҳам чегараси йўқ. Бу ҳам эру хотин рози бўлган миқдоргача чўзилавериши мумкин. Аммо уламоларимиз маҳрнинг кўпи ўн икки увқиядан ошмагани маъқул, деганлар.

 Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишига: 

«Сени фалонага уйлантирсам, розимисан?» дедилар.

«Ҳа», деди у.

У Зот аёлга:

«Сени фалончига никоҳлаб қўйсам, розимисан!» дедилар.

«Ҳа», деди у.

Шунда у Зот икковларини никоҳлаб қўйдилар. У эркак аёл билан яшаб кетди. Маҳр беришини айтмади ҳам, бирор нарса бермади ҳам. У Ҳудайбияда иштирок этганлардан эди. Ким Ҳудайбияда иштирок этса, унга Хайбардан улуш теккан эди. Унинг вафоти яқинлашганда «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени фалонага уйлантириб қўйган эдилар. Мен унга маҳр атамаган ҳам, бирор нарса бермаган ҳам эдим. Сизларни гувоҳ қилиб айтаманки, мен унинг маҳрига Хайбардаги улушимни бердим», деди.

Бас, аёл ўша улушни олди ва юз минг(дирҳам)га сотди».

Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи Мунавварадан саҳобалар билан умра қилиш ниятида Маккаи Мукаррама томон борганларида Ҳудайбия номли жойда мушриклар томонидан тўсилганлари маълум ва машҳур. Ўша ерда уруш хавфи туғилди. Саҳобаи киромлар жонларини фидо қилишга тайёр эканликларини билдириб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилдилар.

Шунинг учун ҳам Ҳудайбия ғазот ҳисобланди. Одатда, ғазотда қатнашган ғозийлар ўлжа оладилар. Ҳудайбияда сулҳ тузилганлиги учун ўлжа бўлмади. Кейинчалик Аллоҳнинг инояти ила Хайбар ерлари урушсиз ўлжага тушди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳудайбияда иштирок этган саҳобаларнинг фидокорликларини тақдирлаб, Хайбар ерларидан уларга улуш бердилар.

Ушбу ҳадисда ана ўша бахтиёр кишилардан бирларининг уйланиши ва маҳр масаласи ҳақида сўз кетмоқда. У киши розияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Сени фалонага уйлантириб қўйсам розимисан?» деб сўраганлар, розилик жавобини олганларидан кейин аёлдан «Сени фалончига никоҳлаб қўяйми?» деб сўраганлар, у ҳам розилигини баён қилганидан кейин икковларини никоҳлаб қўйганлар. Маҳр ҳақида гап-сўз, келишув бўлмаган. Шундай тарзда никоҳ бўлса жоиз.

 Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқа ҳеч ким бир ўзи икки томонга валий бўла олмайди. Шунингдек, ақди никоҳ пайтида маҳр белгиланмаслиги маҳр берилмайди, дегани эмас. Ундоқ пайтда никоҳдан кейин маҳр масаласи қўзғалса, томонлар унинг миқдорида келиша олмай қоладилар, маҳри мисл берилади. Яъни келинга ўхшаш бошқа келинларга ўша юртда, ўша замонда одат бўйича қанча маҳр бериш жорий бўлиб турган бўлса, ўша миқдорда маҳр берилади.

Аммо ҳамма келин-куёв ва эру хотин ушбу ривоятда зикр этилган икки саҳобий эру хотин савияси ва имкониятига эга бўлмагани учун, келажакда келиб чиқадиган келишмовчиликларнинг олдини олиш учун ақди никоҳ пайтида маҳр масаласини очиқ-ойдин қилиб олиш урф бўлган. Бундоқ қилиш мустаҳаб бўлиб, икки томоннинг кўнгли тўлиши, ўзаро ҳурматни жойига қўйиш масаласида ҳам яхши бўлади. Маҳр масаласини тушунган ҳолда олдиндан ҳал қилиб олиш яхшидир.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Али Фотимага уйланган пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: 

«Сен унга бир нарса бер», дедилар.

«Менинг ҳеч нарсам йўқ», деди у.

«Ҳутомийя совутинг қани?» дедилар.

«Ўзимда турибди», деди.

«Унда ўшани бер», дедилар».

Насаий, Абу Довуд ва Ҳоким ривоят қилишган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Ислом тарихидаги энг машҳур ва энг бахтли никоҳлардан бирининг маҳр масаласи ҳақида сўз кетмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жигаргўшалари, севикли қизлари, аҳли жаннатнинг саййидалари Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳонинг тўртинчи халифа, улуғ саҳобий Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу билан никоҳланиш пайтларида Сарвари олам соллаллоҳу алайҳи васаллам куёвларидан қизларига маҳр учун бир нарса беришни сўраган эканлар. Аммо куёвда ҳеч нарса йўқ экан. Лекин маҳрга нима бўлса ҳам бериш керак. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Али каррамаллоҳу важҳаҳуга мулк бўлган бирдан бир нарса урушга киядиган совутлари қаерда эканлигини сўрадилар. Яхши, совут Ҳазрати Алининг ўзларида турган экан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша совутни Фотима розияллоҳу анҳога маҳр қилиб беришни Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳудан сўрадилар. Шундоқ бўлди ҳам.

 Бу ҳол ўша пайтда мусулмонлар қанчалар содда ва фақирона ҳаёт кечирганларини кўрсатади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг соддаликлари, камтарликларини кўрсатади. Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг қанчалик камбағал эканликларини кўрсатади. Фотима розияллоҳу анҳонинг қанчалар камтар, қанчалар зоҳида эканликларини кўрсатади. Шунчалик соддалик билан, дабдабасиз бўлган никоҳ уларнинг энг бахтли оила соҳиблари, энг гўзал ва ажойиб фарзандларга волиду волида бўлишларига тўсиқ бўлмади. Ҳаммамиз бу ишдан ўзимиз учун ўрнак олишимиз лозим.

Мавзуга оид мақолалар
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим «Етимларни то никоҳёшига етгунларича синаб туринглар. Агар уларнинг эсҳуши давоми...

11:26 / 29.11.2016 3492
 Инсон соғлиғини асраш, касалликларнинг олдини олишда табиат неъматлари ичида оддийгина наъматак давоми...

19:03 / 06.12.2016 40863
Қазо. Қилиниши лозим нарсани белгиланган вақтидан кейин қилишни «қазо» дейилади. Имом Бухорий ва давоми...

12:32 / 21.04.2017 4701