Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Биз билимлар асрида яшаяпмиз. Ҳар тарафимиздан бизни турли кўринишларда (тасвирли, овозли, ёзма...) ва турли манбалар шаклида (телефон, компьютер, газета, интернет) маълумотлар ўраб олган. Шундай бўлса-да, бизда илм ортидан қувишга на хоҳиш, на ғайрат ва на сабр бор. Тарихда эса бунинг акси бўлган. Бирор бир саволга жавоб олиш мақсадида илм толиби минглаб чақирим йўлни босишга мажбур бўлган. Биргина савол учун бир неча йил умрини сарфлаганлар. Мана, сизга матонат, илмга бўлган иштиёқ! Умид қиламизки, қуйидаги ибратли ҳикоялар сиздаги илм олишга бўлган эҳтирос учқунини уйғотиб, ғайратингизга яна ғайрат, хоҳишингизга эса хоҳиш қўшади. Имом Заъфар айтади: «Биз Имом Али ибн ал-Мадинининг маърузасини тинглаш учун ўзимизга қулай жой олиш мақсадида аср намозидан кейин ўз ўрнимизда қолар эдик. Унинг маърузаси эса, эртаси куни бошланар эди. Агар кетиб, эртаси куни келсак, суҳбатни эшитиш учун ўзимизга маъқул жой топа олмаймиз, деган ҳадикда аср намозидан сўнг туни билан ўтириб чиқар эдик». (Субҳаналлоҳ, ҳозирги кунда одамлар бирор-бир дунёвий матоҳга эришиш учун туни билан супермаркет ва дўконда навбатга туришади, автосалонларнинг олдида-ку йиллаб навбат кутишади). Салаба айтадики, «Мен Иброҳим Ҳарбийнинг «Араб тили ва грамматикаси»ни ўрганиш учун 50 йил ҳеч қолдирмасдан дарсга келганининг гувоҳиман. (Демак, Салабанинг ўзи ҳам 50 йил давомида бирорта дарсни қолдирмаган ва ҳар бир дарсда Иброҳим Ҳарбийнинг келганини кўрган.) Бир киши Абдур Раҳмон ибн Абу Ҳатимдан унинг ўз отасидан олган билими ҳақида сўради, шунда ибн Абу Ҳатим: «Отам таомланиб ўтирар эди, мен эса ўқиб берар эдим, у юрганида ҳам мен ёнида юриб, унга ўқиб берар эдим, агар у уйнинг ичига бирор нарса қидириб кириб кетса ҳам, мен ёнида туриб унга ўқиб берар эдим». Шундан кейин Абдур Раҳмон ўзи ҳақидаги ҳикояни айтиб берди: «Биз Мисрга таълим олгани борган эдик. Етти ой ичида оғзимизга бирорта иссиқ таом кирмаган эди. Кундуз куни биз бир шайхдан чиқиб, иккинчи шайх суҳбатига ошиқар, кечаси эса талабалар билан ўтириб, кундузи олган билимларимиз билан ўртоқлашар эдик. Бир куни шайхлардан бирининг суҳбатига борганимизда, бизга шайхимизнинг хаста эканини айтишди. Ортга қайтаётганимизда, йўлимизда балиқ сотувчисини кўрдик ва ундан балиқ олдик. Уйимизга қайтиб келганимизда, бошқа маъруза бошланадиган вақт бўлиб қолган эди, шу боис балиқни уйда қолдириб, ўзимиз дарсга кетдик. Балиқ эса уйда шу тарзда уч кун қолиб кетди. Биз эса шу кетганча, уч кун деганда қайтиб келибмиз».
Ибн Ҳожар Бухорий ҳадисларини 40 соат давомида, Саҳиҳи Муслимни эса, тўрт соат-тўрт соат қилиб, жами ўн олти соат ичида ўқиб тугатганини айтади.
Интернет маълумотлари асосида тайёрланди.