Биродарингизнинг гўштини ейишни яхши кўрасизми?
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ғийбатнинг луғавий маъноси, бир нарсанинг кўздан тўсилишидир. Уламолар ғийбатни қуйидагича таърифлайдилар: Журжоний: «Ғийбат инсоннинг бор айбларини унинг йўқлигида зикр қилишдир», деган.

Муновий: «Ғойибнинг айбини зикр қилиш», деган.

Аллоҳ таоло «Ҳужурот» сурасида қуйидагиларни айтади: «Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳимлидир», деган (12-оят).

«Ҳужурот» сурасидаги бу оятда Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларни ғийбатчиликдан қайтармоқда. Ғийбатнинг ҳаром, гуноҳи кабиралардан эканлигини ҳамма уламолар бир овоздан таъкидлаганлар.  Бу иш нақадар қабиҳ ва нақадар ёмондир. Ўликнинг гўштини тановул қилишни кўнглингиз қандоқ кўтармаса, бировни ғийбат қилишни ҳам шундоқ кўтармасин.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўз ҳадисларидан бирида: «Эй тили билан иймон келтириб, дилида иймон келтирмаганлар, мусулмонларни ғийбат қилманг ва уларнинг камчиликларини қидирманг. Кимки, уларнинг камчилигини қидирса, Аллоҳ таоло ўша одамнинг камчилигини қидиради. Аллоҳ кимнингки камчилигини қидирса, уни уйидан шарманда қилган ҳолда чиқаради», деганлар. Охиратда ҳам ғийбатчилар жазосиз қолмайдилар.

Расули Акрам алайҳиссолату вассалом: «Меърожга чиққанимда мисдан бўлган тирноқлар билан юзларию кўксиларини тирнаётган бир қавмнинг олдидан ўтдим. Мен: «Эй Жаброил, улар ким?» деб сўрадим. «Булар у дунёда одамларнинг гўштини еб, обрўларини тўкканлар», деб жавоб берди», дея кўрганларини ҳикоя қилиб берганлар.

Кимки билмасдан ёки унутиб ғийбат қилиб қўйган бўлса, тезда ўтган ишга қаттиқ афсус қилиб, дилидан надомат қилиб, иккинчи бор бу ишни қилмасликка аҳд қилиши ва аҳдига вафо қилиши лозим. Аммо ғийбатчининг тавбаси бу билан тугамайди. Уламолар унинг тавбаси тўлиқ бўлиши учун яна бир муҳим шарт қўйишган. У ҳам бўлса, қаерда, қайси мажлисда ғийбат қилган бўлса, ўша ерда, ўша мажлисда ғийбат қилинган киши ҳақида яхши гапларни гапириши керак.

Мўмин-мусулмонлар ғийбатдан четланибгина қолмасдан, бошқа ғийбатчиларнинг оғзига уриб, ғийбатга йўл қўймасликка ҳаракат қилишлари матлубдир. Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: «Кимки, бир мўминни ғийбатчи мунофиқдан ҳимоя қилса, қиёмат куни Аллох таоло унинг гўштини дўзах ўтидан ҳимоя қилувчи фаришта юборади. Кимки бир мўминни сўкмоқчи бўлиб, уни ғийбат қилса, Аллоҳ таоло уни гапидан қайтмагунича жаҳаннам кўприги устида ушлаб туради», деганлар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга:  «София ундоқ-бундоқ», дедим. Яъни пакана, дедим. Шунда у Зот: «Батаҳқиқ, бир гап айтдингки, агар уни денгиз сувига аралаштирилса, уни бузиб юборар эди», дедилар. У Зотга бир инсонни таҳқирлаб гапирдим. Шунда у Зот: «Бир инсонни таҳқирлаб гапирганим учун менга бунча, бунча дунё берилишини хоҳламайман», дедилар. Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда ғийбатчиликнинг ёмонлиги икки хил йўл билан қораланмоқда. Ғийбатчилик шунчалар ёмон нарса эканки, агар уни денгизга аралаштирилса, денгизнинг суви қорайиб кетар ва унинг суви сассиққа айланар экан. Бир одам ҳақида ғийбатдан ўзини сақлаш эса бу дунёнинг кўпгина бойликларига эга бўлгандан кўра яхширок экан.  Бас, шундоқ экан, бировни зинҳор ғийбат қилмайлик.

Мавзуга оид мақолалар
Оппоқ қорлар Беҳиштлардан даракмиди, Поёндозлар тўшаб, сизни олиб кетди. Аҳли Ислом, қулади бир тоғинг давоми...

06:22 / 03.02.2017 8802
ЁҒЛИ ТЕРИЛАР УЧУН «Геркулес» ниқоби Бир дона тухум оқини бир чой қошиқ асал билан аралаштириб олинг. давоми...

08:34 / 27.11.2016 7403
Аллоҳ таоло «Одамлардан йўлини топганларига Аллоҳ учун байтни Ҳаж қилмоқ бурчдир. Кимки куфр келтирса, давоми...

15:17 / 10.11.2016 4039