Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Улуғликка эришишнинг энг қисқа йўли – бу, албатта, иффатдир. Иффат – бу, энг юқори одоб ва олий даражадаги хулқ бўлиб, бу билан халқлар шон-шуҳратга эришади ва юксалади. Қайси бир халқ иффатини йўқотса, у халқ тезда қалқиб кетади, беқарорлашади ва инқирозга юз тутади. Бу гўзал хулқ, софдил ва ақлли киши билан табиати бузилган ва ақлдан озган кишининг орасини ажратиб беради. Иффат аёлларгагина хос бўлган хулқ эмас. Балки эркаклар ҳам иффатли бўлишга буюрилганлар. Лекин бу хулққа эркаклардан кўра аёллар кўпроқ тарғиб қилинади.
Имом Табароний Абдуллоҳ ибн Саломдан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аёлларнинг энг яхшиси – назар солганингда сени хурсанд қиладиган, буюрганингда сенга итоат қиладиган ва сен йўғингда ўз нафсини ва сенинг молингни муҳофаза қиладиган аёлдир», деганлар. Бу ҳадисда «сен йўғингда ўз нафсини ва сенинг молингни муҳофаза қиладиган аёл» деган сўз билан эркакларга аёл танлашда иффатли аёлни танлаш тарғиб қилинмоқда. Чунки аёллар иффати билан таққосланади. Уларнинг ўзга аёллардан ортиқлиги ҳам иффатидадир.
Қуръони каримда айтилади: «Солиҳа аёллар – (эрларига) итоаткор, (эрлари) йўқлигида Аллоҳнинг ҳифзи-ҳимояси бўйича (уларнинг ҳақларини) сақловчилардир» (Нисо, 34) Муфассирлар бундан мурод аёл киши эри йўқ вақтда ҳам ўз нафсини ва эрининг мол-мулкини сақлаши лозимлигидир ва бунда иффатга ишора бордир, дейишган. Бу эса юксак ахлоқ соҳибаси бўлган пок, софдил ва иффатли аёлнинг мақоми иффатини йўқотган, ёмон хулқли аёллардан қанчалар юқори эканига далолатдир.
Эътибор беринг, қизларни эрмак қилиб, улар билан ўйнашиб, гаплашиб юрадиган йигитлар уйланиш вақти келганда қалби хотиржам бўлиши учун диёнатли, иффатли, шарм-ҳаёли аёлни қидириб қолишади. Ўзлари гаплашиб юрган ёки ўзгалар билан гаплашиб юрган қизларга уйлангиси келмайди. Нима учун? Чунки ундай қизларга нисбатан уларнинг қалби хотиржам бўлмайди. Уларга шубҳа билан қарайди. Ғурури йўл бермайди. Шунинг учун аёлларни юксак чўққига олиб чиқадиган энг қисқа йўл – бу, иффатдир.
Қуръони каримда ҳам жаннатнинг аёллари ва ҳурлари иффат билан васф қилинган: «Олдиларида кўзларини (бегоналардан) тийгувчи шаҳло кўзлилар бордир.» (Соффат, 48) «Уларда (яъни ўша жаннатларда) кўзлари тийилган, аввал инс ҳам, жин ҳам тегмаган (ҳур)лар бор». (Ар-Роҳман, 56) «Чодирларни лозим тутган ҳурлар бор». (Ар-Роҳман, 72)
Демак, жаннатдаги гўзал ҳурларни ўз хожаларидан бошқалар кўришмайди. Мазкур ҳурлар ҳам эрларидан ўзгаларга кўз тикмайдилар. Улар ўз зийнатларини бегоналарга кўз-кўз қилиб намойиш қилишмайди, аксинча, ўзларининг ҳурматини сақлашади. Улар тилло, кумуш, луълу-маржон, ёқут ва зумрадлар билан безалган чодирларда бўлишади. Демак, иффатли, диёнатли ва шарм-ҳаёли бўлиш аёлларнинг юксак ахлоқли ва покиза эканидан далолат беради. Азизлар, инсон иффатли, диёнатли, шарм-ҳаёли бўлса, улуғлик чўққисини энг қисқа йўл билан забт этади.
Қудратуллоҳ Сиддиқметов