Амира – борлиғимни қирқ икки ой кезган рўё (давоми).
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Амира! Эй борлиғимни қирқ икки ой қамраб турган ширин рўём!

Эй ҳаётимда юрак узра ялт этган ёрқин чақмоғим!

Амира! Эй қақшаган воҳамда, қуп-қуруқ боғимда мен эга бўлган охирги гулга айланган сиймо!

Эй ортда қолган фаровонлигим ниҳояси!

Эй ғуж боғу роғим хотираси!

Эй мағриб ўз қаърига кўмган қуёш шафақи!

Амира! Мана, ўлим сен билан иккимиз орамизга парда тортган кундан олти ой ўтган бўлса-да, ҳали ҳам юзимда, юрагим атрофида қайғу-алам ўшандоқ турибди. Ғам менга эшигини ёпмади, унс олдимга ўзи томон йўл ҳам очмади!

Сен кетгандан буён одамлар дунёси мен учун ҳамон бегона. Унинг шовқин-суронлари эрмакчиларнинг қаҳқаҳаси каби юрагимни ҳануз чақмоқда! Ҳали ҳам қалбим жароҳати оғриқли қонамоқда, лов-лов оловга кўмилган! Тонгларнинг қайталаниши, кунларнинг ўтиши уни ўчира олмади! Умидсизлик тепкиси ҳам, оғриқлар бўрони ҳам, тушлар ҳаяжони ҳам унинг алангасини пастлата олмади! Сендан кейин дунё ўз айланишида айланмоқда, ўз йўлидан кетмоқда, худди ҳеч нарса бўлмагандек! Қуёш ҳар куни ҳовлимиз ортидан илгаргидек мўраламоқда. Ҳали ҳам дераза тирқичидан худди ўша шуълаларини рўпарадаги деворга сочяпти. Ботар томонига муйиларкан, одатдагидек, бир бурчакда сарғайиб туради. Кейин бўлса нурли этакларини йиғиб, тепаликлар ортига яширинмоқда! Сендан кейин осмон саҳифаси ҳам аввалгидай. Сочилган ҳисобсиз юлдузларнинг ёғдулари зимистон тун қоронғусида гўзал майранг кўйлагинг попукларида тебраниб турган олмослар каби чақнамоқда! Баҳор.... Баҳор ҳам сендан кейин ўтган йилдаги баҳордан ҳеч қандай фарқсиз қайта келди. Ҳа, кичик уйимиз олдидан чўзилган бўстондаги ўрик ва шафтоли гуллари остида баҳор шойиси устида юрган кунларимиздагидек, Лозуқия йўлида денгиз соҳили бўйлаб ёзилган баҳор гиламлари бўйларидан бирга ҳидлаган кунларимиздагидек. Буларнинг бари ҳам йиғим узун бўлгани билан ўзгариб қолгани йўқ. Қайғуларим ёлқинларидан бирорта гул сўлиб ҳам қолмади. Сайроқи қушлар тамоман сенинг пайтингдагидек, сайрашлари узилмади, нағмалари ўзгармади. Уларнинг сен билган хонишларида, сайроқларида менинг ғамларимдан сезиларли бирор таъсир кўринмади ҳам. Сен севган бинафшалар, Касаб ўрмонларидан мен учун гулдаста қилиб берганинг гулсапсарлар ҳам бекаму кўст, ўзгаришсиз айни бўйларни таратиб ётибди. Қўшни ариқдаги қурбақаларнинг қуриллашлари ҳам янги баҳор билан қайтиб келди. Улар, ўзинг билганингдек, хўр бўлиб шовқин солишиб, уйқудаги одамни тонг хушхабарлари билан уйғотишмоқда. Одамлар эса.... Мусийбатимга қайғурган ва мени деб юзларига маҳзун сиймо кийган одамлар, дўстлар эса бир неча соатлардан кейин сиймоларини ечиб юбордилар. Ҳаммаси атрофимдан тизғираб кетишди. Ҳар бири ўз иши ва дунёсига қараб йўл олди. Ҳаттоки сенинг оилангдан бўлган қариндошлар менга бир муддат йиғлаб ёки ўзларини йиғлаганга солиб туришди-ю, сўнгра хотира саҳифалари ғамли, аламли иборалардан бўшамай туриб, тиллари бу лафзларни такрорлашдан малолланмай турибоқ, улар ҳам ўз дилхушликлари ва қувончларига қайтишди. Уларнинг кечалари аввалгидек мазали емаклар, гап-гаштаклар билан фаровон! Аммо сен ҳақингдаги суҳбатлар кўнгил ҳузури, вақт ўтказувчи суҳбатлар рўйхатидан бирига айланди қолди. Сендан кейин замон аввалгидек ўз йўлини давом эттирди. Одамлар ҳам унга қўшилиб ҳаёт бўйлаб ғала-ғовурли саёҳатларида давом этмоқдалар. Ёлғиз мен уларнинг орасида карвондан қолган, йўлини йўқотган бир ғарибман. Қуёш порлайди-ю, мен уни мендан юз ўгирган, кўзимдан тўсилган кўраман. У ботар экан, вужудим қаърида ўлим торини чертади, унсиз куй чалиб мен билан видолашади. Бу куй энтиккан нафасларим хирқироғи билан қоришиб кетади. Баҳор ўзининг ям-яшил кўклами билан гулу райҳон бўйларини таратиб келар экан, сен билан ўтказган кунларим баҳорини эслатади, холос. У мени нафасларингдан анқиган хушбўйлик дунёсига қайтаради, мовий кўзларинг оламидаги мафтункор шойи соҳиллар бўйлаб саёҳат қилдиради! Ер юзи бўйлаб бориб келаётган, ўйин-кулгуларига шўнғиган, бениҳоя орзу ва мақсадлари кетидан қучоқлашиб елиб-югуриб юрган инсониятни кўрар эканман, ўзимни уларнинг орасида увол бўлган, уларнинг аҳволларидан бегона кўраман. Уларнинг қий-чувлари орасида ўзимни атрофида эрмакчиларнинг қийқириқларидан азобланаётган кишидек ҳис қиламан! Одамлар юрган йўлдан улар билан бирга бораман, йиғинларида, ўтиришларида уларга аралашиб юраман, бироқ, даҳшатли бўрон оғушидаги ёзги булут парчасидек ёки денгизни қоплаган мавжлар тўлқинида сузиб кетаётган кузги қуруқ чўплар каби бораман. Дунё куладими, қовоқ уядими, барибир, у атрофимда ғам-ташвиш ва зулматларга чўккан кўринаверади. Гўё у мен сени тобутга солиб, дўнг тупроқ остига қўяроқ орзу умидларимни дафн қилган кунимда қотиб қолгандек.

(давоми бор)

Муҳаммад Саид Рамазон Бутий

Араб тилидан Одинахон Муҳаммад Юсуф таржимаси

Мавзуга оид мақолалар
Америкалик бир инглиз қиз шундай ҳикоя қилади «Мен Амерка Қўшма Штатларининг Арканзас штатида христиан давоми...

15:15 / 22.11.2016 5039
Бир бева аёл айтади quotҚайнонам билан яхшими, ёмонми беш йил яшаб, бўлак бўлиб чиқдик. Қайинукам уйланди. давоми...

21:02 / 12.09.2023 2249
embedhttpswww.youtube.comwatchvkmwtOyKHBAfeatureyoutu.beembed

12:25 / 20.08.2018 2766
Мен Саудия Арабистони пойтахти АрРиёд шаҳрида инглиз тилидан таржимонлик қилар эдим. Америкадан Сурияга давоми...

14:01 / 06.03.2017 8002