Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бугунги кунда фарзандига чиройли исм қўйишга уринишлар жуда гўзал даражада. Ҳеч ким бугун фарзандига «мода»дан қолган исмларни қўймаяпти. Ҳар ҳолда биз эшитмаяпмиз. Қизларга Наргиза, Назокат, ўғил болаларга Дилшод, Дилмуродлар бугунда урф эмас. Бугун Мубина, Мўмина, Муслима, Мадина, Мунаввара ва ҳоказо исмлар, ўғил болаларникидан эса бирор чиройли исмнинг олдига, албатта, «Муҳаммад» қўшиб айтиладигани «мода»да.
Мен ўз фарзандларимнинг дўстлари (мактабдаги) ёки гуруҳдошлари (боғчадаги)дан қиёс қиламан: Муҳаммад Саид, Муҳаммад Олим, Муҳаммад Али, Муҳаммад Юсуф. Ўзимнинг икки ўғлим ҳам: Муҳаммад Билол ва Муҳаммад Козим.
Бугунги кунда узоқ 80-йиллардаги исмлар умуман қўйилмайди, деган эътирофдан йироқмиз. Чунки бу соҳада махсус изланиш олиб борганимиз йўқ. Туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани бериш бўлинмаси ходимлари, менимча, бу ҳақида маълумот берувчи энг яхши кишилар бўлишса керак. Лекин ҳозир сиз билан бугунги кунда қайси исмлар урфдалиги ҳақида эмас, бугунги кунда қўйилаётган исмларнинг масъулияти ҳақида, аниқроғи, Мавлид ойи баҳонасида Муҳаммад исмининг масъулияти ҳақида сўз юритмоқчимиз. www.siyrat.uz сайтида бу исм ҳақида шу маълумотларни топдик: «Ҳар бир номнинг маъноси ва кўтарган юки бўлади. Хўш, биз севган «Муҳаммад» исмининг маъноси нима? «Муҳаммад»нинг маъноси – тўхтовсиз, тинимсиз, ҳамиша мақталадиган, яъни мақталаверади, мақталаверади ва яна мақталаверадиган. Мақтовга муносиб сифатлари, мақтовли хислатлари, мақтовга лойиқ амаллари ва тақдирланарли ишлари жуда ҳам кўп, бутун фазилатлар эгаси. Барча пайғамбарлар мақталадилар, аммо Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам тўхтовсиз мақталадилар. Барча пайғамбарларнинг мақтовга муносиб сифатлари, мақтовли хислатлари, мақтовга лойиқ амаллари ва тақдирланарли ишлари мавжуд, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламники эса ҳаммасиникидан кўра кўпроқдир. Барча пайғамбарлар фазилат эгалари бўлиб, умматларига намунавий, ибратли, комил инсонлар бўлишган, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эса ўзларида бутун фазилатларни жамлаган ва қиёматгача келадиган бутун инсоният учун энг мукаммал гўзал намунали Зотдирлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, менинг ва мендан олдинги пайғамбарларнинг мисоли худди бир уйни яхшилаб, чиройли қилиб қуриб, бир бурчагида бир ғиштнинг ўрнини қолдириб қўйган кишига ўхшайди. Одамлар уни айланиб кўриб қойил қолишади ва: «Мана шу ғишт ҳам ўрнига қўйилганида эди!» дейишади. Мен ўша ғиштман, мен пайғамбарларнинг сўнггисиман», дедилар». Аллоҳнинг энг суюкли Пайғамбарининг исмини ўз фарзандимизга қалбимизга эзгу тилакларни туккан ҳолда қўяр эканмиз, ўзимиз ҳам бу борадаги ҳеч бўлмаганда энг кичик илмга эга бўлмоғимиз лозимдир. Мини юбка кийиб олган она фарзандини чақиряпти: «Муҳаммад Саид!». Билмадим, негадир бу ҳолат бир неча кунгача кўз олдимдан кетмади. Ҳар ҳолда фарзандларимизнинг исмлари Муҳаммад бўлар экан, суюкли Пайғамбаримизнинг ҳеч бўлмаганда битта сифатларини уларда тарбиялаш назаримда оналар масъулиятидир. Аммо мини юбка кийган онада бундай масъулият бормикин? Ва бу «она» Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бирор бир сифатларини билармикан? Инсонларнинг энг яхшиси бўлган Зотга фарзандимизни нисбат берар эканмиз, уни бугунги кун инсонларининг энг яхшиси қилиб тарбиялашга интилмоғимиз мантиқан тўғри бўлар эди. Албатта, бир инсонда жами яхши сифатлар жамланмоғи даргумон. Аммо ҳеч бўлмаганда бир нечтасини уларда тарбиялаш бизнинг, оналарнинг вазифасидир. Агар фарзандингизнинг исми Муҳаммад бўлса, бир эслаб кўрингчи, қачон унга сиз Пайғамбаримиз ҳақларида айтиб бердингиз? Нега исмини бундай қўйганингизни ўғлингиз биладими? Ҳабибимизнинг сифатлари билан танишми? Бу сифатлар унга келажак ҳаётида қандай таъсир этиши мумкинлигидан хабардорми? Агар жавобларимизнинг барчаси йўқ бўлса, унда бу бизнинг тарбия соҳасидаги энг катта хатомиз, қолдирган бўшлиғимиздир. Тезда бу хатони ўнглаш, бўшлиқни тўлдириш зарур! «Британиядаги аҳолини ҳисоб-китоб қилиб борадиган идора шуни маълум қиладики, ўтган йилдан буён Британия пойтахти Лондонда туғилаётган болаларнинг кўпи «Муҳаммад» исми билан номланмоқда. Аслида бу исм билан номланганлар дунёда кенг тарқалган, аниқроғи ўртача 150 млн одам «Муҳаммад» исми билан номланган. Бунинг сабаби «Муҳаммад» исми мусулмонлар учун фазилатли исм ҳисобланади. Шунингдек, ҳозирги кунда Европада ҳам ушбу исм билан номланаётганларнинг сони ортиб бормоқда. Хусусан, Францияда туғилаётган чақалоқларнинг орасида машҳурдир. «Муҳаммад» исми билан номланганлар Британия ва Испанияда энг кўп номланадиган исмлар орасида олтинчи ўринда туради». (Манба: www.iqraa.com) Пайғамбарларнинг сўнггиси бўлган бу улуғ Зотнинг исмини ўз фарзандига қўйган киши қандай катта масъулият унинг бўйнига тушганини билармикан? Ёки бугунги кунда кўпчилик қўяётгани учун шу исмни танладимикан? Бу либосларнинг ўзгариб турувчи модаси эмас, балки улуғ бахт ва шафоат умиди эканини билармикан? Албатта, ота-оналар қиёматда ўз фарзандларига қўйган исмлари учун жавоб берадилар ва инсонлар ўз исмлари ҳамда оталарининг исми билан чақириладилар. Бугун фарзандига Муҳаммад исмини қўйиб, сал катта бўлгач, шўхлик қилган боласини қарғаётган оналар бундан қайтариқ борлигини билишармикан? Ўғлига шу гўзал исмни қўйиб, катта бўлиб қолган фарзандларидан уялмай, уйга ширакайф қайтаётган ва ўғлини шу исм билан чақира туриб, уни сўкаётган оталар бу ишнинг ҳисоби қандай бўлишини билишармикан? Кимгадир ақл ўргатиш фикридан мутлақо йироқман, аммо агар фарзандингизга Муҳаммад исмини қўйган бўлсангиз, демак, бунинг шартларига ҳам «чидашингиз» керак бўлади. Яъни ҳадисда айтилишича, «Муҳаммад исмли фарзандларингизни сўкмангиз!» Бу қўлингиздан келадими? Агар «ҳа» бўлса, нур устига нур, жавоб «йўқ» бўлса, илтимос, бошқа исм танлай қолинг.
Лекин бу фарзандга тарбия бериш маъносида сал қаттиқ гапириш ёки ёмон иш қилганда уришиш мумкин эмас, деган маънони англатмайди. Шунингдек, фарзанд балоғатга етганда, (ўғил болалар 12 ёшда) намозга буюриладилар. Агар улар бундан бош тортсалар, ота-оналарга уларга азоб бермасдан, тарбия мақсадида уришга рухсат этилган. Фарзандимнинг исми Муҳаммад деб, уни ўта эркалатиб юбориш ҳам ярамайди. Аммо яна бир нарсани унутмайликки, агар Муҳаммад исмини қўйишнинг ўзи ота ва бола учун жаннатга киришга кифоя бўлганда, жами мусулмонларнинг исмлари фақат Муҳаммад исмидан иборат бўлган бўларди, холос. Биз шафоатни ва унинг оқибатида жаннатни орзу қиламиз, аммо ҳаракатни ҳам тўхтатмаймиз. Аллоҳ таоло барчаларимизга, хусусан, исми Муҳаммад бўлган фарзандларимизга ҳам Ўзи иймон ва гўзал тақвони насиб этсин! Омин!Умму Муҳаммад Билол