Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Она вафот этганидан сўнг отанинг уйланиши: муаммо ва ечим
Шубҳасиз, онанинг вафот этиши катта йўқотиш, мусибатларнинг улкани, қайғуларнинг оғиридир. Бу ҳодиса оилага катта таъсир кўрсатади. Барча бирдек ғам-андуҳга берилади. Ота ҳам, фарзандлар ҳам энди нима бўлишини ўйлаб, ҳайрат гирдобида қолиб кетади. Она вафот этиши билан ота ўзининг бу ҳаёт йўлида бирга сафарга чиққан шериги, ҳаётнинг қийин кунларида кўнглига далда бериб турадиган суянчиғи – турмуш ўртоғидан айрилиб қолди. Ҳар доим бошига бир кулфат тушса ёки муаммога дуч келса, биринчи бўлиб хотини билан ўртоқлашиб, ундан тасалли олар эди. Аллоҳ таоло илоҳий аҳд билан уларни бир-бирига яқин қилганидан сўнг инсонлар ичида кўнгли ва руҳи талпинадиган киши эр учун, шубҳасиз, хотини ҳисобланади. Бу илоҳий аҳд ҳақида Аллоҳ шундай дейди: «Axир, бир-бирингиз билaн қoвушиб, у (xoтин)лaр сизлaрдaн қaтъий aҳд oлгaнлaридaн сўнг қaндaй қилиб у (мaҳр)ни (қaйтaриб) oлaсизлaр?!» (Нисо сураси, 21-оят). Фарзандларнинг онасидан айрилиб қолишига келсак, улар қалблари ва нафсларини озуқалантирадиган меҳрибон ва раҳмдил инсонни йўқотдилар. Фарзандлар ёшлигидан бошлаб, то ўзини эплайдиган бўлгунига қадар парваришлаган, кўмак берган ва кези келса, фарзандлари учун жонини ҳам фидо қилишга тайёр бўлган одамдан айрилдилар. Бу инсон фарзандларининг бошини силаб мурувват кўрсатар, биринчи навбатда, уларнинг қалбини ширин сўз билан овутар эди. Бу меҳрибон қўл соҳибаси узоқ вақт фарзандининг кўзидаги ёшни артиб, ҳаёт йўлларида дуч келган қийинчиликларини енгиллаштириб келар эди. Узоқ вақтдан бери туну кун фарзандларининг иқболини Яратгандан зорланиб илтижо қилиб сўрар эди. Қисқа қилиб айтганда, бу инсоннинг вафот этиши билан муҳаббат, меҳрибонлик, мурувват, ғамхўрлик каби тушунчалар ҳам тупроқ остига у билан кўмилиб кетгандек бўлади гўё. Она деган сўз мана шундай сермазмун ва улуғ маъноларни ўзида мужассам этади. Шубҳасиз, она вафот этган оила тақдирга иймон келтирган. Уларнинг ишончи шундайки, Аллоҳ таоло бир нарсани тақдир қилдими, унинг ортидан бошқа бир яхшиликни ҳам тақдир қилган. Шу тарзда бошларига тушган мусибат ва оғир жудоликни енгиб ўтадилар, ҳаёт давом этиши ва ўлим дунё ҳаётида инсониятнинг пешонасига ёзилган Аллоҳнинг қонуни эканини англайдилар. Бир оз муддат ўтгандан сўнг ҳаёт ўз ўрнига тушиб кетади, барчани қийнаган маҳзунлик ҳам унут бўлади. Отанинг гарданига фарзандларининг таъминоти учун керак бўлган маблағни топишдан ташқари, уй ишлари ва рўзғор учун лозим бўлган тадбирларни ҳам бажариш масъулияти тушади. Устига-устак жуда катта меҳнат ва узоқ вақтни талаб қиладиган уй ишлари, одатда эркак кишидан кўра аёл киши бажарадиган юмушлар ҳам отанинг вазифасига айланди. Аёл киши ёки она бўлганида ота ҳеч қачон бу ишларни бажармаган бўларди. Аёл киши бу ишларни жуда ҳам сифатли қилиб бажаради. Қолаверса, унинг маҳорати эркакларнинг маҳоратидан анча юқори. Инсоний табиат жиҳатидан ҳам Аллоҳ таоло уй ишларини бажариш ва ёш болаларга қараш борасида аёл кишини эркак кишидан кўра маҳоратли қилиб яратган. Мана шу ўринда ота ҳаётни ўз маромида давом эттириш учун қайта уйланиш ҳақида ўйлай бошлайди. Лекин баъзи ижтимоий ва шахсий муаммолар бу ишни амалга оширишдан тўсиб туради. Бу муаммоларни тўғри ва соғлом йўл билан ҳал қилиш долзарб мавзудир. Бу муаммога шаръий ҳукмларга мувофиқ, ижтимоъий ҳолатларга ҳамоҳанг ва фарзандларнинг ички кечинмаларига риоя қилган ҳолда ёндашиш лозим. Аввало, шуни эътироф этишимиз лозимки, шубҳасиз, она вафот этганидан сўнг отанинг уйланиши шариатга мувофиқ келадиган ишдир. Фарзандлар кичик бўлса ҳам, катта бўлса ҳам. Агар фарзандлар кичик бўлса, отанинг уйланиши вожиб ҳам бўлади. Фарзандларнинг парвариши ҳақидаги муаммони отанинг уйланиши билан ҳал этишимиз энг тўғри йўл бўлади. Бу борада уйланмоқчи бўлган отанинг ёши қандай бўлиши аҳамиятсиздир. Она вафот этганидан сўнг отанинг уйланишида содир бўладиган муаммоларга тўхталсак, шубҳасиз, олти ёки етти ёшдан ошмаган фарзандлари бор оила ва балоғат ёшига етган ёки ўспирин фарзанди бор оилаларда вужудга келадиган муаммолар ўртасида фарқ бор. Она вафот этганидан сўнг дастлабки босқичда ота фарзандларни бағрига олиб, ҳам ота, ҳам она вазифасини бажариши лозим. Табиийки, бу иш осон эмас. Уларга бор меҳри ва шафқатини кўрсатади. Чунки психологларнинг маълум қилишича, ёш болалар айнан мана шу даврда оналари вафот этишидан қаттиқ таъсирланадилар. Агар ота она меҳрининг ўрнини боса олса ва уларнинг кўнглини ўкситмаса, кейинчалик бу иш бошқа аёлга уйланишга тайёргарлик вазифасини ўтайди. Бу босқичдан ўтиб бўлганидан сўнг ота фарзандларининг кўнглига яқин аёллар ичидан жуфти ҳалол танлаши мақсадга мувофиқ бўлади. Бунинг учун фарзандларини яхши кўрадиган ва оналарининг ўрнини боса оладиган аёлни қариндошлари орасидан танлагани ёки уйланмоқчи бўлган аёлини босқичма-босқич фарзандларига яқинлаштириш орқали уларнинг меҳрини қозониши яхши натижага олиб боради. Ана шунда ота уйланишини эълон қилганида фарзандлар буни илиқ қабул қилади. Шубҳасиз, ота янги уйланган хотини ва фарзандлари ўртасида юзага келадиган зиддиятларни бартараф этишда чуқур мулоҳаза ва ҳикмат билан иш тутиши лозим. Хусусан, тўй бошланиш арафасида. Ёш бола онасининг ўрнини бегона аёл эгаллашини осонлик билан қабул қилмайди. Бола қанча ёш бўлса, янги ҳолатга кўникиш шунча тез бўлиб бораверади. Янги она аста-аста яқинлашиб, барча ҳолатларда бола билан бирга бўлади. Ўгай она боланинг ҳақиқий онасидек бўла олмаса ҳам, ҳеч бўлмаганда оиланинг тинчлиги ва осойишталигини таъминлаб берувчи меҳр ва муҳаббатни олиб келади. Энг катта муаммо фарзандлар катта, ақлини таниган ва балоғат ёшига етган бўлса туғилади. Умрнинг бу даври хатарли босқичлардан бири ҳисобланади. Ота уйланиш масаласида фарзандларини кўндиришга қийналади. Бунинг бир нечта сабаблари мавжуд: 1. Руҳий ҳолат. Фарзандлар оилада онасининг ўрнини бегона аёл эгаллашига узоқ вақт қарши чиқиб келади. Улар бу билан марҳум онасининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилаётгандек бўлади. Чунки улар ёш бола эмаски, бир-икки чиройли ва ширин гапга овуниб қолсалар. Улар бу масалада оталарига қарши чиқишга куч топа оладиган ёшга етиб улгурганлар. 2. Стереотиплар (Ғоявий сабаб). Психологик нуқтаи назардан ва жамиятда ўгай оналар доимо золим, бераҳм ва зуғум ўтказадиган ҳолатда тасаввур қилингани учун фарзандлар ҳам ўгай онани ана шундай тасаввур қиладилар. Жамиятда мана шундай қарашлар мавжуд бўлгани туфайли бу тушунча ўзгармас қонундек қабул қилинган. Бу тўсиқлар олдида барча юкни ота ўз зиммасига олади. Ўгай она ва фарзандларини муроса қилишга ундашда ҳикмат билан ёндашиши лозим. Оилада тинч ва тотув ҳаётни қуриш учун бажариш лозим бўлган ишларнинг муҳимлари қуйидагилар бўлса ажаб эмас: 1. Ота ўзи ва фарзандлар ўртасида меҳр-мурувват ва садоқат кўпригини ўрнатиши, фарзандларига турли ижтимоий ва ҳаётий муаммолар олдида уй ишларини аёлсиз бошқариш мушкул эканини ётиқлик билан тушунтириш. 2. Эр фарзандларига она танлашида фақат унинг дини ва хулқ-атворини ўзигагина эътибор бериши кифоя қилмайди. Балки оиласи ва фарзандларининг ижтимоий ҳолатига муносиб аёлни танлаши лозим. Фарзандларини яхши кўрадиган қариндош аёл болаларга бегона узоқ аёлдан афзалдир. Фарзандларни тарбия қилишга уқуви бўлган турмуш кўрган аёлга уйланиш болалар билан муомала қилиш у ёқда турсин, ҳали эри билан муомала қилишга уқуви бўлмаган кичик, турмуш кўрмаган бокира қиздан афзалдир. Бу борада улуғ саҳобий Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу бизга ўрнак бўладилар. У зот ҳали ёш йигит эдилар. Шаҳид оталаридан сўнг еттита қизга ғамхўрлик қилиш масъулиятини зиммаларига оладилар. Бу зот уларга ғамхўрлик қилиши учун турмуш кўрган аёлга уйланишни ихтиёр этадилар. Бу воқеа Имом Аҳмад ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда айтиб ўтилган. Жобир розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Жобир, уйланганмисан», деб сўрадилар. Мен: «Ҳа, ё Аллоҳнинг Расули!» деб жавоб бердим. У Зот: «Турмуш кўрганми ёки кўрмаганми?» дедилар. Мен: «Турмуш кўрган!» дедим. У Зот: «Турмуш кўрмагани йўқ эканми? Бир-бирингиз билан ўйин-кулгу қилар эдингиз!» дедилар. Мен: «Отам Уҳуд жангида шаҳид бўлдилар. Еттита қизларини менга ташлаб кетдилар. Уларнинг бошини бирлаштирадиган, тарбиялайдиган бир аёлга уйландим», дедим. Шунда у Зот: «Ундай бўлса, иншааллоҳ, тўғри қилибсан!» дедилар». Бўйдоқ ўспирин йигит еттита синглисини тарбиялай оладиган турмуш кўрган аёлни ўзига жуфти ҳалолликка танлаганини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мақтадилар. Бундан кўриниб турибдики, хотини вафот этган эр фарзандларини тарбиялаб, парваришлайдиган аёлга уйланиши афзалдир. 3. Бу ишларни бажаришда ота ҳикмат ва сабр билан иш тутиши лозим. Ана шунда янги уйланган хотини ва фарзандлари ўртасида алоқа боғланади. Ота бор эътиборини янги уйланган хотинига қаратиб фарзандларини унутиб юбормаслиги ёки фарзандларини деб янги уйланган хотинининг ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилмаслиги лозим. Отанинг уйланиши балоғатга етган болалари билан гўзал ва чиройли алоқани ўрнатишга қаратилган бўлиши лозим. Одатда янги уйланилган хотинга эътибор берилиб, фарзандлар қолиб кетади. Фарзандлар кичик бўлса, уларнинг меҳри ва муҳаббатини қозониш осон кечмайди. Бу муаммоларнинг устига эрнинг хотини ва оиласи олдидаги вазифаларни қўшсак, чигаллик янада қийинлашади. Эътибор қаратилиши лозим бўлган яна бир жиҳат мавжуд бўлиб, бу мавзуда сўз юритишимизга мана шу нарса бош омил бўлса ажаб эмас. Бу – биз, фарзандларимиз ва жамиятимизнинг онгига ўрнашиб қолган табиий муҳитдир. Бу муҳитга шунчалар ўрганиб қолганмизки, ҳар томонга қараманг унинг аксини кўрасиз. Бундан бир неча асрлар илгари инсонлар тўғри тарбия ва исломий қарашлар билан яшаган даврда хотини ўлган эр биз дуч келаётган муаммоларсиз бошқа аёлга уйланган. Бу барча инсонлар учун оддий ҳол бўлган. Агар эр бошқа аёлга уйланмаса, ҳар хил гап-сўзлар тарқалган. Буларнинг барчаси улар тўғри тушунчага эга бўлганларини кўрсатади. Улар уйланишга хотинидан айрилган ҳар қайси эркак қайси ёшда бўлишидан қатъи назар эҳтиёж сезадиган табиий иш деб қараган. Уйланиш бу ғарбликлар қаричи билан ўлчаганда жинсий майлни қондиришнинг ўзи эмас. Балки шахсий, ижтимоий ва соф табиат талаб этган ҳожатдир. Афсуски, ҳозирги кунга келиб уйланишга лаззат олиш ва шаҳватни қондириш деб қаралмоқда. Отанинг бошқа аёлга уйланиши барчанинг фикрида ўз фарзандларини золим ва қаҳри қаттиқ ўгай онага топшириш деб баҳоланади. Ҳар қадамда бу тушунчага ундайдиган сабабларни кўришимиз мумкин. Ҳамма ўгай оналар ҳам бизнинг қарашимиздаги золим оналарга ўхшамайди-ку! Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, она вафот этди дегани ҳаёт ҳам тугади дегани эмас. Одатда, эр хотини вафот этгандан сўнг дабдурустдан янги ҳаёт қуриш фикрида эканини ошкор қила олмайди. Шу ўринда яқин қариндошлар ташаббус кўрсатиб, биринчи бўлиб эрга янги турмуш қуриш таклифини беришлари ва бу ишда ўзлари бош-қош бўлишлари лозим. Ана шунда етим қолган фарзандларнинг синган кўнгли тез бутун бўлади ва оиладаги бўшлиқ ёпилади. Аллоҳ барчамизни тўғри йўлидан адаштирмасин.
Тошкент вилояти Қибрай тумани «Саъдулла ота» жоме масжиди имом-хатиби Мирҳамидов Обид