Она сути – мўъжиза
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


Албатта, Аллоҳ таоло Ўзи яратган ҳар бир тирик жонзот ҳаётининг ҳар бир босқичи учун муносиб озиқ манбасини ҳам яратган. Жумладан, Роббимиз она организмида боланинг ўсиши ва тўлақонли ҳаёт кечириши учун керакли бўлган озуқани бериб қўйган.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

*«Ким эмизишни батамом қилишни ирода этса, оналар фарзандларни тўлиқ икки йил эмизадилар» (Бақара сураси, 233-оят);

*«Инсонга ота-онаси ҳақида тавсия қилдик: онаси уни заифлик устига заифлик билан кўтарди; уни сутдан ажратиш икки йилдадир. Менга ва ота-онангга шукр қилгин. Ва қайтиш фақат Менгадир» (Луқмон сураси, 14-оят).

Боланинг она сути билан озиқланишининг оятларда тасдиқлангани каби аниқ муддати замонавий тадқиқотлардан сўнггина илмий факт сифатида эътироф этилди. Маълумки, боланинг касалликларга етарлича даражада қаршилик кўрсатишни таъминлай оладиган тўлақонли иммун тизими икки ёшларга бориб батамом шаклланади. Икки ёшгача эса боланинг организми она сути таркибида мавжуд бўлган антителалар ва озуқа моддаларига муҳтож бўлади. Шифокорлар болани, айниқса, унинг илк ойларида кўкрак сути билан эмизишни бир овоздан тавсия қиладилар. Сунъий болалар озуқаси эса фақатгина она соғлигида муаммолар юзага келгандагина бола рационига киритилади.

Хўш, она сути ўзи нима?

Она сути ўзида кўплаб фойдали моддаларни жамлаган тўлақонли озуқа маҳсулотидир. Унда витаминлар, гормонлар ва антителалар каби ҳаёт учун муҳим бўлган моддалар айнан керакли миқдорда мавжуд бўлиб, улар кичкинтойнинг иммун тизими ривожланишида, турли касалликларга нисбатан чидамли бўлишида муҳим аҳамиятга эга. Унда, шунингдек, оқсил, глюкоза, ёғ ва фосфор сингари нормал инсон озуқасининг ажралмас қисми бўлган муҳим моддалар ҳам бор. Ушбу фойдали моддалар сутда бола организми талаб қиладиган даражадаги нисбат ва миқдорда мавжуд. Бу каби аниқлик Яратган Зотгагина хосдир.

Она сутининг энг ажабланарли жиҳати шундаки, унинг таркиби боланинг ривожланиш даврига кўра ўзгариб қолади. Маълумки, боланинг ҳар бир ривожланиш босқичи озуқа моддаларининг ўзига хос турлича нисбатларини талаб қилади. Она сути ҳам шунга мувофиқ тушунтириб бўлмас тарзда таркибини ўзгартириб боради.

Сутдаги озуқа моддаларининг ўзаро нисбатлари ва калория миқдорлари бола ўз вақтида ёки муддатидан аввал туғилганига ҳам боғлиқ равишда турлича бўлади. Агар бола муддатидан аввал туғилса, она сути таркибидаги ёғ, оқсил, натрий, хлор ва темир каби моддаларнинг миқдори кўпроқ бўлади. Чунки эрта туғилган боланинг организми кўпроқ калорияга муҳтож бўлади. Яна бир муҳим нуқта шуки, она сути ҳамиша янги, истеъмол учун тайёр ва озиқланиш учун идеал ҳароратда бўлади. Она сутида мўл бўлган глюкоза ва ёғлар бола миясининг ривожланишида асосий ролни ўйнаса, кальций ва бошқа муҳим минераллар бола суякларининг тўғри ўсишини таъминлайди.

Бола озиқланиш билан бирга кўп миқдордаги сувга ҳам муҳтождир. Биз ичадиган одатий сув эса боланинг ҳали заиф ва ҳимоясиз бўлган организми учун номақбул, гигиеник жиҳатдан тоза бўлмаслиги мумкин. Янги она сутининг эса 90% қисми сувдан иборат бўлиб, бу чақалоқни мукаммал даражадаги тоза ва соғлом сув билан керакли миқдорда таъминлайди.

Кўп йиллик тадқиқот натижаларига кўра, ҳаттоки муддатидан аввалги болалар ҳам кўкрак сути билан озиқлантирилганда сунъий озуқа билан катта бўлаётган болага нисбатан тезроқ ривожланади. Изланишларга биноан қуйидагича хулосага келинди: она сути билан озиқланган болалар ўзларининг илк 6 ойида бошқаларга нисбатан анча тез ривожланади. Фақат 8 ҳафтадан оз муддат кўкрак сути билан озиқланган болаларда эса сутнинг ақлий ривожланишга нисбатан ҳеч қандай таъсири кузатилмаган.

Она сути таркиби борасида олиб борилган тадқиқотлар давомида унинг болани онкологик касалликлардан ҳимояловчи хусусияти ҳам борлиги аниқланди. Лунда (Швеция) университетидан бир гуруҳ мутахассислар ўтказган тажрибада онкологик клиника иммунологлари она сутининг саратон ҳужайраларини зарарланиш ўчоғидаёқ йўқ қилганини кузатишди. Она сути таркибидаги саратонга қарши курашувчи оқсил моддаси альфа-лакт (alphalactalbumin) деб аталади. Альфа-лакт (alphalactalbumin) она сутидаги лактоза ишлаб чиқарилишига жавоб берадиган оқсил томонидан ишлаб чиқарилади. Бу борада юзлаб мақолалар чоп этилди, бироқ она сутининг саратонга қарши эффекти қандай ишлаши ҳануз аниқланмади.

Илм-фан бугун ҳам она сути ва унинг бола организми учун аҳамиятини ўрганишда давом этмоқда. Дунёнинг энг яхши лобараториялари эса сунъий озуқа сифатида янгидан-янги маҳсулот (смесь)ларни ишлаб чиқишга ҳаракат қилмоқда. Бироқ она сутининг замонавий технологиялар ёрдамида ишлаб чиқилган маҳсулотдан афзаллиги ҳамон долзарб.

Мавзуга оид мақолалар
 Бурятиянинг УстОрдин тумани Оса қишлоғининг мусулмонлари ўз кучлари ила икки йил давомида масжид қуришди. давоми...

16:11 / 07.02.2017 4714
ҲАЁТИМ ГЎЗАЛ БЎЛСИН, ДЕСАНГИЗ     Отам раҳматли доим «Қизим, ер юзи ҳали бундай тўкинсочинликни кўрмаган», давоми...

15:12 / 20.07.2017 5044
2 октябрь куни GOOGLE компанияси вакиллари маълум қиладики, суд қарорини олиши биланоқ, You TUBE Россия ҳудудидан давоми...

11:15 / 02.12.2016 3402