Нақд пулдан олинадиган закот
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маълумки, қадим замонларда одамлар савдо ва иқтисодий муомалаларини қўлларидаги мулк бўлган нарсаларни бир-бирига алмаштириш билан қилганлар. Кейинроқ молнинг ўзини эмас, молни бошқа бир қимматли нарсага алмаштирадиган бўлишган. Охири келиб иш энг қимматли ва қулай бўлган маъданлар-тилло ва кумушни пул бирлиги қилиб ишлатишга тўхтаган. Аллоҳ таоло ер юзини Ислом нури билан мунаввар қилган пайтда, ўша нурнинг бошланиш нуқтаси ёғду сочган Арабистон ярим оролида пул бирлиги шаклида олтин ва кумуш тангалар ишлатилар эди.

Тилло тангалар «динор» деб, кумуш тангалар «дирҳам» деб аталар эди. Динор воситасида, асосан, Рум томони билан савдо-сотиқ ишлари олиб борилар, дирҳам ёрдамида эса Форс томон билан савдо-сотиқ ишлари олиб борилар эди. Шунинг учун ҳам пул бирлиги билан ўлчанадиган бойликлардан чиқариладиган закотнинг нисоби ҳам, бериладиган миқдори ҳам динор ва дирҳам билан белгиланган. Уларни юқорида ўрганган ҳадисларимизда кўриб чиқдик. Пуллардан закот чиқариш фарз эканлиги Қуръон, Суннат ва Ижмоъ ила собит бўлгандир: 1. Қуръони Каримнинг «Тавба» сурасида: «Тилло ва кумушни тўплаб, инфоқ қилмайдиганларга аламли азобнинг башоратини бер...» оятини олдин ўргандик. Ушбу оят олтин ва кумуш пулларнинг закотини бериш фарз эканлигига далилдир. 2. Тилло ва кумуш пуллардан закот бериш фарзлиги, нисоби ва закот миқдорига тегишли ҳадисларни юқорида яхшилаб ўргандик. 3. Ҳамма асрларда ҳамда мисрларда – шаҳарларда тилло ва кумуш пуллардан закот бериш фарз эканлигига ҳамма мусулмонлар бир овоздан иттифоқ қилиб келганлар.

Пулдан закот фарз қилишнинг ҳикмати

Пул бирлиги, аниқроғи нақд пул оқими ҳар бир жамият иқтисодининг асоси экани ҳаммага маълум. Қайси жамиятда ўша оқим тўғри йўлга солинса, иқтисод ривож топади. Тўғри йўлга солинмаган нақд пул оқими эса иқтисоднинг касодга учрашига сабаб бўлади. Пулнинг айланмай бир жойда туриб қолиши эса иқтисоддаги бош мушкулликлардан биридир. Ҳозирда ҳамма иқтисодчиларнинг асосий ғам-ташвиши нақд пулнинг туриб қолишига йўл қўймаслик. Бунинг учун турли-туман чора-тадбирлар кўрилади. Кишилар пулни ўзларида ушлаб турмасликка тарғиб қилинади. Тушунтириш ишлари фойда бермаса, одамларни қизиқтириш учун бошқа чоралар ўйлаб чиқилади, қарз қоғозлари ва бошқа қимматбаҳо қоғозлар, деб номланган қоғозлар ҳамда бошқа нарсалар муомалага чиқарилади. Исломда эса бу муаммо жуда осонлик билан ҳал қилинган. Ҳар бир пул жамлаб, ушлаб туришга қодир кишига ўзидаги пулнинг икки ярим фоизини ўз ихтиёри билан камбағалларга бериши ибодат қилиб қўйилган. Пули нисобга етган киши мажбур бўлиб эмас, ибодат тариқасида, савоб умидида пулни ушлаб туришни тарк қилади. Уни ишлатадиган одамга, камбағалга беради. Бу ҳол уни пулнинг келажагини ўйлашга мажбур ҳам қилади. Ҳар йили пулнинг икки ярим фоизини закотга бераверса, у тугаб қолиши, камайиши турган гап. Демак, пулни ишлаб чиқаришга қўйиш керак. Имом Шофеъий Юсуф ибн Моҳакдан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Етимнинг молида (зиёда) талаб қилинг, уни садақа тугатиб қўймасин», деганлар. Табароний Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Етимларнинг молларида тижорат қилинг, уни закот еб битирмасин», дедилар. Ана шунинг учун ҳам пулдан закот жорий қилинган. Бутун жамиятдаги туриб қолган пулнинг икки ярим фоизи ўз-ўзидан юриб кетади. Ҳамма ўзида туриб қолган маблағни ўстиришга уриниб қолади. Пулнинг нисоби ва ундан чиқариладиган закот миқдори ҳақида ушбу бобнинг ҳадисларидан ўргандик. Тилло пулдан йигирма динор, кумуш пулдан икки юз дирҳам. закотга чиқариладиган миқдор эса ўндан бирнинг тўртдан бири, яъни, икки ярим фоиз. Ўша вақтдаги бир динор бир мисқол бўлган, демак йигирма динор йигирма мисқолга тенг. Йигирма мисқол эса саксон беш грамм бўлади. Икки юз дирҳам эса 595 грамм кумушга тенг бўлар экан. Демак, саксон беш грамм тилло ёки беш юз тўқсон беш грамм кумушга эга бўлган одам нисобга етган молга эга бўлган киши ҳисобланади ва закот бериш фарз бўлади. Ҳозирги пайтда тилло ҳам, кумуш ҳам пул бирлиги сифатида ишлатилмай қолди. Ҳаммаёқда қоғоз пул ишлатилмоқда. Қоғоз пуллар янги чиққан пайтда, бу пуллардан закот чиқариладими-йўқми? - деган савол пайдо бўлди. Моликийлар Шайх Алиш тилидан, қоғоз пулдан закот чиқарилмайди, деб айтдилар. Баъзилари эса закот чиқарилади, дедилар. Шофеъийлар ҳам, қоғоз пулдан закот чиқарилмайди, дейишди. Ҳанбалийлар ҳам, нақд қоғоз пулдан закот чиқарилмайди, дедилар. Ҳанафийлар, дарҳол закот чиқариш керак, дейишди. Вақт ўтиши билан ҳамма Ҳанафий мазҳабига юришга мажбур бўлди. Чунки дунё бўйича фақат қоғоз пул билан муомала қилинадиган бўлди. Бунинг устига ҳар бир давлат ўзи чиқарган пулни тилло билан қоплайдиган бўлиши халқаро таомулга киритилди.

Мавзуга оид мақолалар
 Абу Бакр розияллоҳу анҳудан «Роббингизни қандай танидингиз», дея сўралганида шундай жавоб қилган эканлар давоми...

06:24 / 12.12.2016 4996
29. . .29. Мужоҳид .Уятчан одам ҳам, димоғдор одам ҳам илм ўргана олмайди,, деганлар.Оиша розияллоҳу давоми...

23:23 / 20.02.2023 2780
embedhttpswww.youtube.comwatchvNZwt2QIKI4featureyoutu.beembed

11:14 / 15.02.2018 3272
Ўзимнинг қилган ишим ёки бошқа бирор нарсам билан атрофдагиларга мақтаниш одатим йўқ. Мақтанчоқлик фазилат давоми...

07:00 / 26.05.2020 3360