Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ота-онанинг фарзанд олдидаги бурчи, отасиз қолган етим болага қилиниши лозим бўлган муомалалар баён қилиб бўлинганидан кейин, боласи вафот этган кишилар ўзларини қандай тутиши одоби-маданияти ҳақидаги ривоятлар тақдим этилмоқда. Албатта, фарзанд доғи қанчалар оғир бўлишини ҳар ким яхши тушунади.
Ота-онанинг фарзанд бу дунёга келгунча ва дунёга келганидан кейин чеккан машаққатлари, қилган орзу- умидлари қанчалар бўлишини ҳам яхши билади.
Ота-онага қўз қувончи бўлиб турган, умид ғунчаси бўлиб ўсаётган жигаргўшаси бу дунёни тарк этса, умид ғунчаси сўнса, ота-онанинг ҳоли нима бўлишини тасаввур қилиш қийин эмас. Бундай ҳолатда ҳар ким ўзини ҳар хил тутади. Бу иш ҳар кимнинг дунёқарашидан, олган таълимотидан келиб чиқади. Мўмин-мусулмон банда бундай пайтда ўзини қандай тутиши, одоби-маданияти ҳақидаги баъзи маълумотларни келаси ривоятларда ўрганамиз.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир мусулмоннинг учта боласи вафот этса, бу инсонга ҳеч қачон дўзах ўти тегмайди, фақат қасам бузилмаслиги учунгина тегади», дедилар». Шарҳ: Бу ерда қасам деб Аллоҳ таолонинг «Сизлардан бирортангиз йўқки, дўзахга тушмасин» деган қасами назарда тутилмоқда. Ана шу қасам адо бўлиши учун мўмин-мусулмонлар ҳам дўзахга киритилиб, унда куйдирилмай, азоб берилмай, қайтариб олинади. Ёш боласи вафот этган одамга ҳам дўзахнинг на иссиғи, на азоби тегмайди, фақат юқоридаги қасамнинг таҳилласи, яъни тасдиқланиши учунгина уни дўзахга яқинлаштирилади. Албатта, бу ҳадиси шариф уч боласи вафот этган ота-оналар учун улкан тасаллидир. Аллоҳ таоло ҳар бир бандани бу мусибатга учратмасин-у, аммо ҳаётда содир бўлиб қолса, сабр қилиш керак бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир аёл Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир гўдакни кўтариб келиб: «Бу боланинг ҳаққига дуо қилинг, мен ундан олдин учтасини дафн қилганман», деди. «Батаҳқиқ, сен дўзахдан жуда кучли тўсиқ билан тўсилибсан», дедилар». Шарҳ: Яъни учта боласини кўмган аёл тўртинчисини туққандан сўнг унга узоқ умр, хайр-барака тилаб, дуо олиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у аёлнинг кўнглини кўтариб, агар учта боланг ўлган бўлса, дўзахдан жуда қаттиқ, шиддатли тўсиқ билан тўсилган экансан, жаннати бўласан, деган башоратни айтган эканлар. Демак, бу ҳадисда Аллоҳнинг Ўзи сақласин, ҳеч бир бандани фарзанд доғига қўймасин, лекин мабодо Аллоҳнинг иродаси кетиб, шундай ҳолатлар бўлиб қолса, мўмин-мусулмон одам сабр қилишга чақирилмоқда. Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 1. Улуғларнинг олдига аёл киши боласини кўтариб келиб унга дуо олиши мумкинлиги. 2. Учта фарзандини дафн қилган ота-она уларнинг сабабидан дўзахдан кучли тўсиқ ила тўсилиши.
Холид Абасий розияллоҳу анҳу айтади: «Менинг ўғлим вафот этди. Бундан жуда ҳам қаттиқ хафа бўлдим. «Эй Абу Ҳурайра! Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан бирор нарса эшитганмисан? Нафсларимизни ўлганларимиздан сахийлик билан кўтарадиган нарса борми?» деб сўрадим. «Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Кичкинтой болаларингиз жаннатнинг эркатойларидир» деганларини эшитганман», деди». Шарҳ: Бошқа ривоятда келган қўшимчада «Улардан бири отасини учратиб, кийимининг бир тарафидан тутиб, жаннатга киритгунча қўйиб юбормайди» дейилган. Демак, мўмин-мусулмон банданинг вояга етмаган, ёш боласи вафот этса, бу болалар жаннатнинг эркатойлари бўлар эканлар. Бошқа ривоятларга кўра, уларнинг жаннатдаги эркатойлиги шу эканки, қани жаннатга кир, дейилса, олдин отам кирсин, олдин онам кирсин, кейин мен кираман, дейишар экан. Демак, кичкина болалари вафот этган ота-оналар жуда катта умидворлик билан сабр қилишлари керак бўлар экан. Чунки вафот этган гўдаклари қиёматда жаннатнинг эркатойлари сифатида ота-оналарининг жаннатга киришларига сабабчи бўлиб қолсалар ажаб эрмас. Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар: 1. Мусибатга учраган шахс илмли одамдан ўзига тасалли берадиган нарсани сўраши мумкинлиги. 2. Мўминларнинг кичиклигида вафот этган болалари жаннатнинг эркатойлари бўлиши.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Кимнинг учта фарзанди вафот этса ва бунга савоб умидида сабр қилса, жаннатга киради» деганларини эшитдим», деди. «Эй Аллоҳнинг Расули! Икки фарзанди вафот этса ҳамми?» деб сўрадик. «Ҳа, иккитаси бўлса ҳам», дедилар. Жобир ибн Абдуллоҳга: «Аллоҳга қасамки, менимча, «Агар битта фарзанди вафот этса ҳамми? деб сўраганингларда, ҳа, деган бўлар эдилар», дедим. «Аллоҳга қасамки, мен ҳам шундай деб ўйлайман», деди». Шарҳ: Демак, учтами, иккитами, биттами фарзанди вафот этган мўмин-мусулмон одам бунга савоб умидида сабр қилса, жаннатга киритилар экан. Ушбу ҳадис Аллоҳ таолонинг иродаси билан фарзанд доғига учраган мўмин-мусулмон эркагу аёлларни сабрга чорловчи, бу мусибатлари эвазига жаннатдан хушхабар берувчи ҳадисдир. Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар: 1. Фарзанди вафот этган ота-она савоб умидида сабр қилиши лозим экани. 2. Учта фарзанди вафот этган ота-она савоб умидида сабр қилса, жаннатга кириши. 3. Иккита фарзанди вафот этган ота-она савоб умидида сабр қилса, жаннатга кириши. 4. Битта фарзанди вафот этган ота-она савоб умидида сабр қилса, жаннатга киришидан умидворлик борлиги.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир аёл Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир гўдакни кўтариб келиб: «Бу боланинг ҳаққига дуо қилинг, мен ундан олдин учтасини дафн қилганман», деди. «Батаҳқиқ, сен дўзахдан жуда кучли тўсиқ билан тўсилибсан», дедилар». Шарҳ: Ушбу ҳадиснинг мавзуси аввалроқ ҳам кўриб ўтилган эди. Яъни бир аёл янги туғилган гўдагини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кўтариб келиб, уни дуо қилиб қўйинг, деб сўрагани, бундан аввал учтасини кўмганман дейишлари, шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг у ҳолда дўзахдан катта бир тўсиқ билан тўсилибсан деганлари ҳақидаги ҳадиснинг такрори экан.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, биз мажлисингизга доим келишга қодир эмасмиз. Шунинг учун бир кунни белгилаб беринг, ўша кунларда ҳузурингизга келайлик», деди. «Ундай бўлса, ваъда жойингиз фалончининг уйи», дедилар. Ўша куни у ерга ваъдага биноан келиб, аёлларга жуда кўп гапларни айтдилар, ўша гапларнинг ичида: «Қайси бир аёлнинг учта фарзанди вафот этса, ўша аёл уларнинг фироқига савоб умидида сабр қилса, албатта ва албатта, жаннатга киради» деган гап ҳам бор эди. Шунда бир аёл: «Эй Аллоҳнинг Расули, иккита фарзанди вафот этса ҳамми?» деб сўради. «Ҳа, иккита бўлса ҳам», дедилар». Шарҳ: Бу жуда ҳам ибратли бир ҳолатдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида мўмина, муслима аёллар, саҳобияларнинг илмга бўлган, динларини ўрганишга бўлган иштиёқлари бизга ўрнакдир. Демак, саҳобия аёллардан бири туриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга «Бизда эркаклар сингари Сизнинг мажлисингизда доим ҳозир бўлишга имконимиз йўқ, бизга алоҳида мажлис ўтказинг» деб талаб қилишлари ҳақиқатдан ҳам катта бир шижоатдир. Шу ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бағрикенгликлари, бунга осонлик билан рози бўлишлари, аёлларнинг илтимосига алоҳида эътибор беришлари, фалон жойга боринглар дейишлари, ўша ваъда қилинган жойга боришлари, аёлларнинг таълими билан машғул бўлишлари, уларга дин, диёнат, эътиқод масалаларини ўргатганлари ҳам кўринади. Айни пайтда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу мажлисларда аёлларга хос гапларни ҳам гапирганлар. Жумладан, юқоридаги гап эркаклар ҳақида айтилмаган, «қайси бир аёлнинг учта фарзанди вафот этса» деб алоҳида таъкид билан айтилмоқда, бу улкан синовга савоб умидида сабр қилган муслималарга жаннат ваъда қилинмоқда. Мўмина, муслима аёлларимиз бундай ҳадислардан ниҳоятда катта ибрат олишлари, динимизни ўрганишга ҳаракат қилишлари ва Аллоҳ асрасин, бундай мусибат бошларига тушиб қолса, жаннат умидида сабр қилишлари керак бўлади. Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 1. Муслима аёлларнинг олим ва раҳбар шахслардан ўзлари учун алоҳида мажлис қуришни талаб қилишга ҳақлари борлиги. 2. Раҳбар ва олим кишилар аёллар учун алоҳида мажлис таъйин қилишлари яхши эканлиги. 3. Уч ёки икки боласинининг ўлимида сабр қилиб савоб истаган аёл жаннатга ҳақдор бўлиши.
Умму Сулайм розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдим. У Зот менга: «Эй Умму Сулайм, икки мусулмоннинг учта фарзанди вафот этса, албатта ва албатта, Аллоҳ таоло Ўзининг фазли ва раҳмати ила бу ота-онани жаннатга киритади», дедилар. «Иккита бўлса-чи?» дедим. «Иккита бўлса ҳам», дедилар». Шарҳ: Умму Сулайм розияллоҳу анҳонинг ҳам ёш боласи ўлган эди. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига тасалли беришни ирода қилган бўлсалар, ажаб эмас.
Саъсаъа ибн Муовиядан ривоят қилинади: «У Абу Зарр розияллоҳу анҳунинг бир идишни кўтариб кетаётганларини кўрди ва: «Эй Абу Зарр, бола ҳақида нима дейсан?» дебдилар. «Айтиб берайми, сенга?» деди. «Ҳа», дедим. «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Қай бир муслимнинг балоғатга етмаган, норасида учта боласи ўлса, албатта, Аллоҳ таоло у бандани ўша вафот этган болаларига раҳмати фазли туфайли жаннатга киритади. Қай бир мусулмон қулни озод қилса, албатта, Аллоҳ Азза ва Жалла ўша қулнинг ҳар бир аъзоси эвазига уни озод қилган кишининг ҳар бир аъзосини дўзахдан қутқаради» деганларини эшитганман», деди». Шарҳ: Вояга етмаган, кичик ёшдаги болаларнинг ўлимига сабр қилган ота-оналарга жаннатга кириш ваъда қилинмоқда бу ҳадиси шарифда. Яна қул озод қилиш канчалик яхши иш экани ҳам баён қилинмоқда. Қул озод қилиш жаннат калитларидан бири экан. Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 1. Олим кишиларни учратиб қолганда уларнинг илмидан фойдалаиб қолишга уриниш жоизлиги. 2. Норасида болаларнинг ўлимига сабр қилиш жаннатга киришга сабаб бўладиган ишлардан бири экани. 3. Қул озод қилган киши дўзахдан озод бўлиши.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг вояга етмаган учта боласи ўлса, Аллоҳ таоло уни ҳам, вафот этган болаларни ҳам ўз фазли ва марҳамати билан жаннатга киритади», дедилар». Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда аввалги ривоятларда келган маъноларни таъкидлаш билан бирга ўлган болалар ҳам жаннатга кириши зиёда қилинмоқда.