Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Мусулмон киши Aллоҳнинг Каломи ‒ Қуръонга, жумладан, Мусҳафга алоҳида ҳурмат ва эҳтиром билан муносабатда бўлади. Қуръони Каримга нисбатан мўминнинг одоб-ахлоқи поклик ва хавфсизликка мукаммал риоя қилишни талаб қилади.
Лекин вақт ўтиб, ҳамма китоблар каби Мусҳафнинг ҳам саҳифалари, муқовалари эскиради ва ўқиб бўлмайдиган ҳолга келиши мумкин. Бундан ташқари, бошқа исломий китобларда ҳам Қуръон оятлари мавжуд. Aлбатта, Мусҳафни ахлат қутисига ёки бошқа номуносиб жойларга ташлаб юбориш мумкин эмас. Қуръон оятлари мукаррам бўлгани учун унга номуносиб муносабатда бўлиш куфрга олиб келиши мумкин.
Қуръонда ҳам, суннатда ҳам эскирган мусҳафларни йўқ қилиш бўйича аниқ тавсиялар мавжуд эмас. Шунинг учун Исломда ўқишга яроқсиз ҳолга келган Қуръон матнларини бартараф этишнинг қуйидаги учта усули мақбул деб ҳисобланади: ерга кўмиш, сувда ивитиб парчалаб юбориш ва ёқиш.
Ерга кўмиш
Ушбу усул энг осон ва қулай усулдир. Aгар эскирган Мусҳафни ва бошқа диний китобларни кўмиб юбормоқчи бўлсангиз, унда кўмиладиган нарсалар тупроққа тўғридан-тўғри тегмаслиги учун китобларни тоза мато билан ўрашингиз керак. Кейин одатда одамлар босмайдиган жойга чуқурроқ қилиб ўрача қазилади ва унга тоза матога ўралган китоб ёки саҳифалар жойлаштириб кўмилади. Бунинг учун масжидлар ҳудудидаги ерлар муносиб ҳисобланади.
Сувда эритиш
Оқаётган сув остида саҳифадаги матнни ювиб юбориш ҳам жоиздир. Сув сиёҳни ювади ва қоғозни эритади. Баъзи уламолар диний китоблар ва мусҳафларнинг эскирган варақларини бирор қопчага солиб, оғирроқ нарса билан дарё ёки денгиз тубига чўктиришни ҳам тавсия этадилар. Бунда вақт ўтиши билан китоблар табиий равишда сувда эрийди.
Ёқиш
Мусҳафларни, исломий китобларни, шунингдек, диний тусдаги ҳар қандай ёзувларни йўқ қилишнинг энг кенг тарқалган усули ёқишдир. Ўқишга яроқсиз ҳолатга келган китобларни ёқиладиган жой пок бўлиши керак. Эски ва яроқсиз китобларни ёқишда, саҳифалар охирига қадар чириганлигига ва ёзувларни ўқиб бўлмаслигига ишонч ҳосил қилиш керак. Бундан ташқари, уларни турли ахлатлар билан ёқиш мумкин эмас. Куйган китоблардан қолган кул муқаддас ҳисобланмайди.
Ўқишга яроқсиз ҳолдаги мусҳафни йўқотишнинг бу усули Усмон ибн Aффон розияллоҳу анҳу даврларидан бери мавжуд. Битта Мусҳаф тўплангандан сўнг, Қуръон оятларининг барча эски ёзувлари йиғилиб, зарурат юзасидан ёқиб юборилган.
Бошқа усуллар:
Парчалаш. Бугунги кунда муқаддас матнларни йўқ қилишнинг бу усули жуда кенг қўлланилади. Саҳифаларни махсус асбобда (шредер) парчалашда, улар яхшилаб майдаланиб, матн Қуръон деб тан олинмайдиган ҳолатда эканига ишонч ҳосил қилиш керак бўлади. Шу билан бирга, майдаланган массани кўмиш, сувда эритиш ёки ёқиш ҳам тавсия этилади.
Сақлаш. Диний матнларни йўқ қилиш муаммосига дуч келмасликнинг яна бир усули уларни доимий сақлаш учун бирон бир махсус жойга жойлаштирилишидир. Баъзи мусулмонлар диний битикларни матога ўраб, хавфсиз жойда сақлашади. Покистонда матога ўралган Мусҳафлар ғорларга олиб бориб қўйилади. Яман, Сурия ва Тунисда қадимги масжидларни таъмирлаш пайтида энг қадимги мусҳафлар топилган, уларнинг энг қадимийлари VII асрга тўғри келади.
Қандай усулни танлашингиздан қатъи назар, бу ҳолат билан боғлиқ маросимлар йўқлигини ёдда тутиш керак. Имом ёки аҳли илм инсонларни бу жараёнга таклиф қилишнинг ҳожати йўқ. Бирдан-бир шарт шуки, бу ишлар диний китобларни ҳурматлаган, улуғлаган ҳолда бажарилиши керак.
Қоидага кўра, яроқсиз ҳолдаги диний адабиётларни қабул қилиш билан масжидлар шуғулланади. Aгар сизда эски диний китоблар ва диний хусусиятга эга ёзувлар бўлса ва уларни нима қилишни билмаётган бўлсангиз, уларни масжидга олиб бориб, у ердаги ходимларга топширишингиз мумкин. Шуни таъкидлаш керакки, юқоридаги усулларнинг барчаси фақат Қуръоннинг араб ёзувидаги матнига тегишли.
Қуръон маъноларининг бошқа тиллардаги таржимаси Aллоҳнинг Каломи ҳисобланмайди. Шунинг учун, агар араб тилидаги матн бўлмаса, ушбу китобларни бирон бир махсус усулда бартараф этишнинг ҳожати йўқ. Лекин бундай китоблар ҳам эъзозланиши керак.
Islam-today маълумоти асосида Оиша тайёрлади.