Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Muslimaat.uz сайтида эълон қилинган йиллик танловдан
Турмушда бахтли бўлишни хоҳлайсизми?
Турмушдаги энг устувор омил ишончдир. Истанбул шаҳри Ускудар Университети шифохонаси мутахассиси, психолог Иҳсан Ўзтекин ишонч туйғуси бахтли турмушнинг асоси эканлигини таъкидлади.
Турмуш ўртоғингизга бефарқ эмаслигингизни ва уни севишингизни ҳис қилдиринг. Бунинг учун кўп нарса талаб қилинмайди. Кун давомида қиладиган илтифотларингиз, чиройли муомалангиз унга ўзини бошқача ҳис қилиши учун етарлидир.
Турмуш ўртоғингизга эътиборли бўлинг. Унинг сочини бўяганини, озганлигини, сиз учун қилган арзимас ишларини ҳам эътиборга олинг ва тақдирланг.
Яхши тингловчи бўлинг. Муваффақиятли турмуш йўли яхши суҳбатлардан ўтади. Қўшилмасангиз ҳам, унинг фикрларига ҳурмат кўрсатинг ва охиригача тингланг. Айтмоқчи бўлганларингизни бошқа томонга бурмасдан, очиқ ва равон ифода қилинг.
Ўзаро яқин дўст бўлинг. Турмуш фақатгина бирга яшашдан иборат эмас. Орангизда масофа бўлса ҳам, ҳар қандай қийин пайтларида руҳан ёнида бўлинг. Шунда у қаерда бўлса, сиз ҳам ўша ерда бўласиз. Дунёдаги ҳеч бир нарса сиз учун турмуш ўртоғингиздан кўра қадрлироқ бўла олмайди.
Оилавий янгиликлар қилиб туринг. Турмушингизни бир хилликдан қутқариш учун вақтни мазмунли ўтказиш жуда муҳимдир. Бунинг учун имкониятларингиз устида изланиб кўринг. Кутилмаган кичик совғалар тайёрланг. Икковингиз учун ҳам қизиқ бўлган ишларни биргаликда бажаринг.
Жаҳлингиз чиққанида ғазабингизга енгилманг. Тин олинг, турган жойингизни тарк этинг, ювининг ёки мизғиб олинг. Жанжалларни бузғунчиликка эмас, яхшиликка йўйинг. Ўзингизни унинг ўрнига қўйинг ва муаммога яхши томондан қаранг. Турмуш ўртоғингизга қилган салбий муносабатингиз келтирган зарар аслида оилангиз учун бўлишини унутманг. Тушунмовчиликларни бартараф этиш эмас, уларни ҳал этиш жараёнидаги муносабатнинг энг зарарсиз усулини қўллаш муҳим эканини ёдда тутинг.
Бир-бирингизга нисбатан бўлган эътиборсизликнинг сабабларини изланг. Рашк, доимо бирга бўлиш, моддий муаммолар, фарзандларга кўпроқ эътибор қаратилиши, турмушдаги масъулиятларнинг кўпайиши ва турли машаққатли кутишлар жуфтларнинг бир-бирига бўлган эътиборини камайтириши мумкин.
Ҳаётингизни фарзандлар учун ўзгартириб, чегараламанг. Жуфтлардан бири фарзандларини ҳаддан ортиқ яхши кўрса, турмушнинг мувозанати бузилиши мумкин.
Ўзингизга ҳам вақт ажратинг. Муносабатларда шахсларнинг ўзига вақт ажратиши ҳам жуда муҳимдир. Аммо биргаликда ва алоҳида-алоҳида ўтказадиган вақтларингиз борасида ҳамфикр бўлинг.
Турмуш ўртоғингизнинг оиласи билан бўлган муносабатига аралашманг. Уларни бориб кўриши, уларга вақт ажратиши керак бўлганида буни тушунишга ҳаракат қилинг. Оила аъзоларингизнинг ёнида бир-бирингизни муҳокама қилманг, айбламанг. Турмуш ўртоғингизнинг оиласи билан орангизда муаммолар бор деб ҳисобласангиз, оиласини айблайдиган, ҳақорат қиладиган сўзлар ишлатмасдан, бу муаммони турмуш ўртоғингиз билан муҳокама қилинг. Муаммоларни биргаликда ҳал қилишга ҳаракат қилинг ёки турмуш ўртоғингиз ҳал қилиши учун имкон беринг.
Оилангиз билан турмушингиз орасига чегара қўйинг. Сизнинг оила аъзоларингизнинг турмушингизга аралашишларига, сизнинг номингиздан қарор қабул қилишларига йўл қўйманг.
Турмуш ўртоғингизнинг ўтмиши билан боғлиқ муаммоларни, хатоларни дам-бадам юзига солиб, ҳаётини сўроқлаб, турмушингизни заҳарламанг.
Руҳий ва жисмоний саломатлигингиз ҳақида гаплашинг. Бошингиздан ўтган тушкунлик, воз кечолмаган (сигарет, спиртли ичимлик, қимор) ёмон одатларингиз борасида ростгўй бўлинг. (Бундай мавзуларда турмуш қуришдан аввал гаплашган маъқул, чунки кейинроқ юзага чиқса, кўп дилхираликларга сабаб бўлиши мумкин).
Турмушингиздаги муаммоларни ҳал қилишга қийналсангиз, мутахассисга мурожаат қилишдан ва оилавий психологик муолажа олишдан уялманг. Муаммоларингизни бирга ҳал қилолмаслигингизга кўзингиз етган вақтда бундай ёрдам олишингиз фойдалироқ бўлади.
Турк тилидан Атабаева Наргиза таржимаси.