Фарзанд тарбияси
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

КИЧКИНА БОЛАЧАНИ ЕЛКАГА КЎТАРИШ

Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим, қарасам, Ҳасан розияллоҳу анҳуни елкаларига кўтариб олибдилар. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳим! Мен буни яхши кўраман, сен ҳам яхши кўргин» деганларини эшитдим».

Шарҳ: Ҳақиқатда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жуда болажон Зот эдилар. Барча болаларни яхши кўрар ва эркалар эдилар. Ўз набиралари имом Ҳасанни ҳам жуда яхши кўрар эдилар. Ушбу ривоятда у Зот алайҳиссалом имом Ҳасанни елкаларида кўтарганлари ҳақида сўз бормоқда. Демак, болани елкага кўтариш мумкин экан. Шу билан бирга Аллоҳ таолодан ўз набиралари имом Ҳасанга муҳаббатини сўраб, дуо ҳам қилмоқдалар. Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг болажон Зот бўлганлари. 2. Боланинг елкада кўтариш мумкинлиги. 3. Боланинг яхши кўришни бошқалар олдида айтиш мумкинлиги. 4. Боласига Аллоҳ таолонинг муҳаббатини сўраб дуо қилиш мумкинлиги. 5. Имом Ҳасан розияллоҳу анҳунинг мақомлари улуғлиги. 6. Имом Ҳасан розияллоҳу анҳуга муҳаббат қилиш Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуоларига дохил бўлиш эканлиги.

47-БОБ БОЛА – КЎЗНИНГ ҚОРАЧИҒИ

Абдурроҳман ибн Жубайр ибн Нуфайр ўз оталаридан ривоят қилади: «Бир куни Миқдод ибн Асваднинг олдида ўтирган эдик. Бир киши ўтиб қолди ва: «Бу кўзлар қандай яхши кўзлар-а! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрган кўзлар бу!… Аллоҳга қасамки, бизнинг кўзларимиз ҳам шу кўзлар кўрган нарсани кўрган бўлса эди. Сен ҳозир бўлган нарсаларга биз ҳам ҳозир бўлсак эди», деди. Бундан у (Миқдод ибн Асвад) ғазабланди. Мен ажабланиб қолдим. Чунки яхши, чиройли гаплар айтилаётган эди. У ҳалиги одамга қараб: «Аллоҳ таоло кишига ғойиб қилган нарсани орзу қилиб нима қилади? Агар ўша пайтларда бўлганингда нима бўлишини ўзинг билмайсан. Аллоҳга қасамки! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида кўп одамлар бўлган. Лекин кўпини Аллоҳ таоло тумшуғидан тортиб жаҳаннамга туширди. Улар у кишининг даъватига ижобат қилмадилар ва тасдиқламадилар. Ундан кўра Аллоҳ азза ва жаллага Ўзини танитгани учун ва Набийингиз соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган нарсани тасдиқлайдиган қилиб қўйганига ҳамд айтмайсизларми?! Бошқалар туфайли балодан қутилдингиз. Аллоҳга қасамки! Ҳеч бир Пайғамбар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Пайғамбар қилиб юборилган вақтларидагидек шиддатли пайтда келмаган. Дин йўқ пайт эди. Жоҳилият даври эди. Одамлар бутларга чўқинишдан афзал ибодат йўқ, деган тасаввурда эдилар. Ана шу вақтда у Зот фурқон билан келиб, у билан ҳақ ва ботилнинг орасини ажратдилар. У ила ота билан бола орасини ажратдилар. Ҳатто одам отаси, боласи ака-укасини кофир ҳолда кўрарди. Аллоҳ таоло Ўзи ҳоҳлаган одамларнинг қалб қулфини иймон билан очди. У, агар ҳалок бўлсалар, уларнинг дўзахга тушишларини биларди. Кўзи қувончга тўлмас эди. У ўз маҳбубини дўзахдалигини биларди. У Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Эй Роббимиз! Бизга жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан кўз қорачиғимизни – кўзимизга қувонч бўладиган нарсани бергин», дегани шу эканини ҳам биларди» - деди». Шарҳ: Демак, жуфти ҳалоли ўзига мос бўлса, иймон-Исломда бўлса, тоат-ибодатли бўлса, бундай жуфти ҳалол мусулмон одамнинг кўз қувончи бўлади. Зурриётлар ҳам иймонли, ибодатли бўлса, тақволи бўлса, уларни кўриб мусулмон ота-онанинг кўзи қувнайди. Акс ҳолда, бу аҳволида дўзахга тушади, деб қайғураётган ота-она ҳеч қачон қувонмайди. Демак, бола кўзнинг қувончи бўлиши учун, иймонда, Исломда бўлиши, шариатда бўлиши керак экан. Бу ривоятдаги бобга боғлиқ жой боланинг кўз қорачиғи эканлиги ҳақидаги ояти каримадан келтирилган иқтибосдир. Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар: 1. Ўзи яшаб турган вақтдан олдин ўтган вақтда бўлишни орзу қилиш яхши эмаслиги. Чунки унда ҳоли нима бўлиши номаълум. 2. Аллоҳ таолога банда У Зот уни Ўзини танийдиган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган нарсаларни тасдиқлайдиганлардан қилиб қўйгани учун ҳамд айтиб туриши лозимлиги. 3. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам энг қийин ва мураккаб даврда Пайғамбар этиб юборилганлари. 4. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақни ботилдан ажратадиган Фурқон – фарқловчи билан келганлари. 5. Исломдан олдин мушриклар бутларга ибодат қилишдан афзал ибодат йўқ деб юрганлари. 6. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам янги Пайғамбар бўлганларида бир оилада биров мўмин бўлса, унинг отаси, боласи, ака-укаси кофир бўлган ҳоллари бўлгани. 7. Аллоҳ таоло қалби қулфини иймонга очган кишилар ўз яқинининг дўзахга тушишини билгани учун ташвишда бўлганлари. 8. Жуфти ҳалоллар кўз қорачиғи-қувончи бўлиши. 9. Зурриётлар кўз қорачиғи-қувончи бўлиши.

48-БОБ СОҲИБИГА МОЛИ, БОЛАСИ КЎПАЙИШИ ҲАҚИДА ДУО ҚИЛГАН КИШИ

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирдим. У ерда мен, онам ва Умму Ҳарам деган холам бор эдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимизга келиб: «Сизларга бир намоз ўқиб берайми?» дедилар. Ўша пайт намоз вақти эмас эди. Шу пайт қавмдан бир киши: «Анасни қаерга турғиздилар?» деди. «Уни ўнг томонларига турғаздилар» деб давомида «Сўнгра биз билан намоз ўқидилар. Кейин бизнинг аҳли байтимиз ҳақига Аллоҳдан жуда кўп яхшиликлар, икки дунёда хайр-баракани сўраб дуо қилдилар. Кейин онам: «Эй Аллоҳнинг Расули! Кичкина хизматчингизни ҳам бир дуо қилинг», дедилар. У Зот менга барча яхшиликларни тилаб дуо қилдилар ва дуоларининг охирида: «Аллоҳим! Бунинг молини ва бола-чақасини кўпайтиргин ва унга барака бергин», дедилар». Шарҳ: Бошқа ривоятларда ҳазрати Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг «ҳозир боласи мендан кўп, моли мендан кўп одам йўқ, бундан кейин ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари билан Аллоҳ уларга барака беради, деб ўйлайман» деганлари айтилган. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнингг дуолари билан ҳазрати Анас ибн Молик юз ёшдан ортиқ яшаганлар, у киши энг охирги вафот этган саҳобалардан бирларидир. Мол-дунёлари ҳам жуда кўп бўлган. Сиз билан бизнинг орамизда ҳам урф бўлган «ували-жували бўлсин, серфарзанд, сердавлат бўлсин» деб дуо қилиш ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мувофиқдир. Ёр-дўст, биродарлар, қавм-қариндошлар бир-биримизни дуо қиладиган бўлсак, «серфарзанд бўлсин, бадавлат бўлсин, барака берсин, бахт-саодатли бўлсин» деб дуо қилишимиз ниҳоятда яхши бўлар экан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир катта оилага, ҳазрати Анаснинг ўзларига, оналари - Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам энг яқин аёллардан бўлган, доимо хизматларида бўлган Умму Сулаймга, холалари Умму Ҳарамга хайр дуо қилишлари бизга жуда катта ибрат бўлиши керак. Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига номаҳрам аёллар ҳам кирганлари. Албатта, ёлғиз ҳолда эмас. 2. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Фарз намоз вақтидан бошқа пайтда ҳам жамоат ила намоз ўқиганлари. 3. Имом билан бир эр киши бўлса, у имомнинг ўнг тарафида туриши кераклиги. 4. Улуғ ва дуогўй кишилар намоздан кейин маъулм шахслар ҳақига дуои хайр қилишлари борлиги. 5. Баъзи кишиларга алоҳида дуо сўраш мумкинлиги. 6. Яхшилик сўраб, дуо қилиш жоизлиги. 7. Молу дунё сўраб, дуо қилиш жоизлиги. 8. Серфарзанд бўлишни сўраб, дуо қилиш жоизлиги. 9. Барака тилаб, дуо қилиш жоизлиги.

49-БОБ ВОЛИДАЛАР РАҲиМЛИДИРЛАР

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳузурига бир аёл келди. Бас, Оиша унга учта хурмо берди. У ҳар бир болага биттадан хурмо берди. Ўзи учун бир дона хурмони олиб қолди. Икки бола икки хурмони еб бўлиб, оналарига назар солдилар. У қолган хурмони иккига бўлиб, ҳар бир болага яримтадан хурмо берди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб қолдилар. Оиша хабарни айтди. У Зот: «Бунинг нимаси сени ажаблантирди? Аллоҳ икки боласига раҳим қилгани учун у аёлга раҳим қилди», дедилар». Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хонадонлари қанчалар содда ва камтарона бўлганини билиб оламиз. Бир аёл ёрдам сўраб келибди. Оиша онамиз розияллоҳу анҳода унга уч дона хурмодан бошқа берадиган нарса йўқ экан. Мазкура аёл ўзида оналик меҳрини тўла-тўкис мужассам қилган аёллардан экан. Уч хурмони олиши билан иккисини икки болачасига биттадан бўлиб берибди. Оч-наҳор бўлган болалар бир пасда хурмоларни еб бўлиб, оналаридаги бир дона хурмога кўз тика бошлабдилар. Шунда меҳрибон она ўзидан болаларини устун кўриб, ҳалиги хурмони иккига бўлиб, икки боласига бир бўлакдан берибди. Бу ҳолат Оиша онамиз розияллоҳу анҳони таажжубга солибди. Онанинг болаларига раҳмлилигидан ажабланибдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб келганларида бўлиб ўтган гапларни ва ўз ажабланишларини гапириб берибдилар. Шунда у Зот: «Бунинг нимаси сени ажаблантирди? Аллоҳ икки боласига раҳим қилгани учун у аёлга раҳим қилди», дедилар». Демак, болага раҳим қилиш, унга қараш, қорнини тўйғазиш ва бошқа ташвишларнинг барчаси, ота-оналик бурчини адо этиш бўлиб қолавермас экан. Балки ота-онага савоб ёзилар, Аллоҳ таолонинг раҳматига сазовор қилар экан. Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар: 1. Ёрдам сўраб келган одамга уч дона хурмо бўлса ҳам бериш кераклиги. 2. Оналар болаларга ўта меҳрибон бўлишлари. 3. Боласига раҳим қилганга Аллоҳ таоло раҳим қилиши.

50-БОБ КИЧИК БОЛАЛАРНИ ЎПИШ

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Сизлар ёш болаларингизни ўпасизларми? Биз ўпмаймиз», деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ қалбингдан раҳматни суғуриб олган бўлса, мен нима ҳам қила олар эдим», дедилар». Шарҳ: Демак, жажжи болачаларни ўпиш кишининг қалбида раҳмат борлигининг аломати экан. Аксинча, ёш болаларни ўпмаслик, қалбда раҳматнинг йўқлиги аломати экан. Бола боқиш иши машаққатли бўлгани ва бола доимо меҳрга ва раҳм-шафқатга муҳтож бўлгани учун ҳам Исломда болага раҳимли бўлиш катта савобли иш даражасига кўтарилган. Ҳар бир ота-она бу улкан ҳақиқатни зинҳор унутмаслиги даркор. Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 1. Ёш болаларни ўпиш фазилат экани. 2. Ёш болаларни ўпиш раҳимли бўлиш белгиси экани. 3. Баъзи одамларнинг қалбидан Аллоҳ таоло раҳматни суғуриб олиши борлиги. 4. Болаларни ўпмаслик яхши эмаслиги.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳасан ибн Алини ўпдилар. У Зотнинг ҳузурларида Ақръа ибн Ҳобис Тамимий ўтирган эди. Бас, Ақръа: «Менинг ўнта болам бор. Улардан бирортасини ҳам ўпганим йўқ», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга назар солдилар ва: «Ким раҳим қилмаса, унга раҳим қилинмайди», дедилар». Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу гапларининг маъноси, ким бандага раҳим қилмаса, унга Аллоҳ таоло раҳим қилмайди, деганидир. Бандаларга раҳим қилишнинг энг олий намунаси ёш болаларга раҳим қилишдир. Чунки улар раҳимга энг муҳтож тоифадирлар. Шундай бўлганидан кейин ҳар бир ота-она ўз боласига меҳрибон бўлиши, уларга раҳим-шафқатли бўлиши зарур. Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 1. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам болаларни ўпганлари. 2. Ўша пайтда ўнта балосидан бирортасини ҳам ўпмаган шахс бўлганлиги. 3. Боласига раҳим кўрсатган ота-оналарга Аллоҳ таоло раҳим қилиш. 4. Боласига раҳимли бўлиш ота-онанинг вазифаси экани.

51-БОБ ОТА-ОНАНИНГ ОДОБИ ВА БОЛАСИГА ЯХШИЛИГИ

Валид ибн Намр ибн Авсдан ривоят қилинади: «У отасидан, улар «Солиҳлик Аллоҳдан, одоб оталардан», дейишар эдилар», деганини эшитган экан». Шарҳ: Бу ривоятдан боланинг ким бўлиб етишишида, асосан, Аллоҳ таолонинг бериши бош ўрин тутса ҳам, унинг одобли бўлишидан ота-онанинг ўрни катта экани билиб олинади. Аллоҳ таолонинг Ўзи ота-онага мана шу ишни юклаган ва уни адо этишни талаб қилган. Аллоҳ таоло боланинг ким бўлиб етишишига ота-она томонидан бериладиган тарбияни сабаб қилиб қўйган. Бу дунёдаги барча жараёнларни сабабият қонуни асосида кечадиган қилиб қўйган Аллоҳ таоло инсон боласининг одобли бўлиб етишишини тарбияга боғлаб қўйган. Шунинг учун ҳар бир ота-она ўзининг ҳар бир фарзандининг тарбияси исломий бўлиши учун қўлидан келган барча чораларни кўриши матлуб. «Солиҳлик Аллоҳдан, одоб оталардан» деган жумлани тўлиқроқ тушуниш учун уни бир оз шарҳ қилишга тўғри келади. «Солиҳлик» кишидаги ахлоқий сифатлардан биридир. Яъни унинг яратилишидаги асли хилқатида бор сифатлардан. Уламолар, ўша яратилишидаги асл хамиртуруш ўрнида бўлади. Уни яхшилик ила давом эттирилса, ҳақиқий сифатга айланиб қолади, деганлар. Ана шунинг учун «солиҳлик Аллоҳдан» дейилмоқда. «Адаб» сўзининг асл маъноси чақиришдир. Шунинг учун таом тайёрлаб унга одамларни чақирилиши арабларда «маъдабатун» дейилади. Кейинчалик бу сўзни таълим беришга ишлатиладиган бўлди. Биров боласига ўзини қандай тутиш ҳақида таълим берса, боласига адаб берди дейиладиган бўлади. Зотан таълим нафсни одобли бўлишга, завқли бўлишга ва табиатни гўзал қилишга чақирувчи энг яхши омилдир. Бировни ундан содир бўлган ёмонлик учун жазолашни ҳам адабини берди дейилади. Чунки бундай жазо уни одоб ҳақиқатига чорлайдир. Истилоҳда эшитувчи ва ўқувчида кучли таъсир қолдирадиган ва ундаги нарсани қайта қилишга уриниш руҳини қолдирадиган чиройли каломга ҳам адаб дейилади. Бизда буни кўплик шаклида «адабиёт» шаклида ишлатиш одат бўлиб қолган. Адабиёт билан шуғулланувчи шахсни «адиб» дейилиши эса, унинг одамларни ўз ижоди ила адабга чақириши, яхшиликка ундаб, ёмонликдан қайтариши туфайлидир. Бу ҳадисдаги одобдан мақсад, инсоннинг фазилатлардан бир фазилатга эришиш учун қиладиган мақтовга сазовор уринишидир. У карамли ахлоқларга амал қилиш, бошқача қилиб айтганда мақталган сўз ва ишларни амалга оширишдир. Луғат илми олимлари «адаб» бир малака бўлиб, у ўз эгасини ўзига айб келтирадиган нарсалардан сақлайди», деганлар. Одоб кейин ўрганиладиган ва ўз-ўзидан бўлмай, уриниш ила амалга ошадиган хислатдир. Шунинг учун ҳадисда «одоб оталардан» дейилмоқда.

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Унинг отаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кўтариб бориб: «Эй Аллоҳнинг Расули! Сизни гувоҳ қилиб айтаманки, мен Нўъмонга буни, буни бердим», деди. «Ҳамма болаларингга бердингми?» дедилар. «Йўқ», деди. «Мендан бошқани гувоҳ қил! Уларнинг яхшиликда баробар бўлишлари сени масрур қилмайдими?!» дедилар. «Қилади», деди. «Ундоқ бўлса, ҳалигиндай қилма!» дедилар». Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда ота-она болаларга нисбатан адолатли бўлиши зарурлиги таъкидланмоқда. Башир розияллоҳу анҳу ўз болаларидан фақат Нўъмонгагина молу мулкидан маълум миқдорни тақсимлабди. Эҳтимол, у кенжа фарзанди бўлгани учун шундай қилган бўлса керак. Бу ишни ҳужжатлаштириб қўйишни ҳам ирода қилибди. Ўзидан кейин кенжа фарзандга бошқалари томонидан зулм бўлишини олдини олмоқчи ҳам бўлгандир. Унинг фикрича, бу ишнинг энг тўғри йўли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни унга гувоҳ қилиш эди. Шунинг учун ҳақ эгаси кичик Нўъмонни кўтариб у Зот алайҳиссаломнинг ҳузурларига олиб келди ва мақсадини айтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг қилган иши нотўғрилигини баён қилдилар ва тўғри йўлни кўрсатдилар. Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар: 1. Ёш болани улуғ кишилар ҳузурига кўтариб олиб бориш мумкинлиги. 2. Катта кишиларни молиявий муомалаларга гувоҳ қилиш мумкинлиги. 3. Улуғ ва олим кишилар хатони тўғрилашлари лозимлиги. 4. Нотўғри молиявий муомаларга гувоҳ бўлишдан бош тортиш лозимлиги. 5. Ота-оналар молиявий муомулаларда ҳам болалари орасида адолатли бўлишлари шартлиги.

52-БОБ ОТАНИНГ БОЛАСИГА ЯХШИЛИГИ

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Аллоҳ уларни оталарига ва болаларига яхшилик қилганлари учунгина аброр – яхшилар деб номлагандир. Худди ота-онангнинг сенда ҳақи бўлганидек, болангнинг ҳам сенда ҳақи бордир». Шарҳ: Аллоҳ таоло Ўз севган бандаларидан баъзиларини аброр деб номлаган. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу мазкур бандаларни Аллоҳ таоло нима сабабдан бу ном ила номлаганининг сабабини баён қилмоқдалар. Аллоҳ таоло мазкур бандаларини ҳам ота-оналарига, ҳам болаларига яхшилик қилганлари учун аброр – яхшилар деб номлаган экан. Бундан ота-онасига яхшилик қилиб, бола-чақасига яхшилик қилмаганлар аброр бўла олмасликлари чиқади. Худди шундай, бола-чақага яхшилик қилиб, ота-онага яхшилик қилмаганлар ҳам аброр бўла олмайдилар. Ота-онанинг болада қанчалик ҳақи бўлса, бола-чақанинг ота-онадан ҳам шунчалик ҳақи бор экан. Афсуски, кўпчилигимиз ушбу ҳақиқатни кераклигича тушуна олмаймиз. Болаларимизнинг биздаги ҳақларини унутиб қўямиз. Кўпчилигимиз ҳатто болаларимизнинг биздаги ҳақлари нимадан иборат эканини ҳам тузукроқ билмаймиз.

ФАРЗАНДНИНГ ҲАҚЛАРИ

Исломда фарзандларнинг ҳуқуқлари риоя қилинган бўлиб, булар уларнинг ота-оналари ёки яқин қариндошлари, яшаётган жамиятларига вазифа қилиб юклатилгандир. Бу ҳақларни адо этиш вожиб бўлиб, унга амал қилмоқлик мажбурийдир. Фарзандларнинг қандай ҳуқуқлари бор? Уламоларимиз бу саволга жавоб тарзда, жумладан, қуйидагиларни зикр қиладилар: 1. Насаб. Никоҳнинг асл мақсадларидан бири ҳам наслу насабни сақлашдир. Бусиз оила ҳам, жамият ҳам бўлмайди. Фарзанднинг ота-онаси никоҳдан ўтган, ҳалол-пок яшагандагина насаби аниқ ва пок бўлади. 2. Бўлажак фарзандга муносиб она ва ота танлаш. Ислом бола ҳақида у ҳали дунёга келмасдан анча олдин, оила қуришга тайёргарлик кўрилаётган пайтдан бошлаб қайғура бошлайди. «Талхийс» номли китобда Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Сизлар ўз нутфангизга муносиб жуфти ҳалолни ихтиёр қилинглар. Ўзингизга муносибларга никоҳланинг ва уларга никоҳлаб беринг». Ибн Можа ва Дора Қутний ривоят қилган. Оила қурилар экан, ота-онанинг диндорлиги, ахлоқи, одобига, инсонийлигига алоҳида эътибор берилади. Сабаби улардаги хислат, фазилатлар ҳам, ёмон одатлар ҳам болага кўчиши – исбот талаб этилмайдиган ҳақиқатдир. 3. Эмизиш. Туғилган фарзанд, аввало, эмизишга муҳтож. Бу эса онасининг вазифаси. Шаръий узр сабабли она эмиза олмаса, эмизувчи топиш ва уни рози қилиш отанинг иши ҳисобланади. Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида: «Ким эмизишни батамом қилишни ирода қилса, оналар фарзандларни тўлиқ икки йил эмизурлар», деган (233 - оят). Гўдакнинг ҳақларидан бири ва оналарнинг энг мўътабар вазифаси фарзандни икки йил эмизишдир. Янги туғилган гўдак жисми ва руҳининг ўсишига онасининг сутидан афзал озуқа йўқ. Боланинг суяги онанинг сути билан шаклланади, шунингдек, унинг бошқа тарафлари, руҳий ровожланишига ҳам она сути зарур озуқа ҳисобланади. Ушбу озуқанинг муддати тўлиқ икки йил бўлиши керак. Бу қуръоний ҳақиқатни адашган инсоният минг тўрт юз йилдан кейин тушуниб етди. Ҳозирги пайтда илмий текширишлардан сўнг гўдак бола учун энг яхши озуқа онанинг сути ва уни тўлиқ икки йил эмизиш керак, деган гапни айтишмоқда. Тарихдан маълумки, дунёга довруғ солган аксари буюк алломаларга, фозилу уламоларга болалик пайтида оталари ҳаром касб билан топилган бирор луқма ҳам таом едирмаган, оналари уларни бетаҳорат эмизишмаган. 4. Боланинг ота – онадаги ҳақларидан бири унга муносиб исм танлашларидир. Ота-онанинг вазифаларидан бири фарзандга маънодор, чиройли исм қўйишдир. Ҳусайн ибн Ҳасан Марвазий ўзининг «Китобул бирри вас силати»сида Абул Мўътамирдан келтирган ривоятда: «Умар ибн Абдулазизнинг ҳузурида масалаларни эслашди. Бас, бир киши: «Менга етиб келган хабарга қараганда, туғилган болага исм қўймай туриб ўлган бўлса, қиёмат куни отасига, мени исмсиз тарк қилдинг – ку!» дейди», деди. Шунинг учун ҳар бир мусулмон ота-она бу муҳим ишга алоҳида эътибор ила ёндашмоғи лозимдир. Фарзанд катта бўлиб, оқ-қорани таниганда ўз исмидан уяладиган бўлмасин. Балки исми унга зийнат бўлиб турсин. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, исмларнинг яхшиси, бандалик ва ҳамдни билдирувчисидир, деганлар. Шунинг учун, Аллоҳ таолога бандалик маъносини англатувчи, Абдуллоҳ, Абдурроҳман, Абдуссаттор ва Аллоҳ таолога ҳамд маъносини англатувчи, Ҳамидуллоҳ каби исмлар яхши исмлар ҳисобланади. Шунингдек, Пайғамбарларнинг, саҳобаларнинг ва салафи солиҳларимизнинг исмлари яхши исмлари ҳисобланади. Қизларга ҳам ўтган аҳли иймон момоларимиз, саҳобия аёллар ва эзгулик маъносини англатувчи исмлар қўймоқ керак. 5. Ақиқа ҳам боланинг ота – онадаги ҳақларидандир. «Ақиқа» луғатда ёрди маъносини англатиб, аслида янги туғилган боланинг сочига айтилади. Шариат таълимотларига мувофиқ туғилишнинг еттинчи куни боланинг сочини олиб, ўша соч оғирлигида кумуш садақа қилмоқ тавсия қилинади. Ана ўша соч бошдан ажратиб олингани учун «ақиқа» дейилади. Ўша муносабат ила сўйиладиган қўй ҳам «ақиқа» дейилади. Истеъмолда шу маънода кўп ишлатилгани учун «ақиқа» деганда фақат янги фарзанд туғилиши муносабати ила сўйиладиган қўй англанадиган бўлиб қолган.

Салмон ибн Омир аз-Зоббий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ғулом ила ақиқа бордир. Бас, унинг учун қон чиқаринг ва ундаги нопокликни кетказинг»-дедилар». Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган. Ҳадисдаги бу жумлани, янги туғилган боланинг ақиқаси ўзи билан, деб тушунилади. Яъни ҳар бир янги туғилган болага ақиқа лозим, деганидир. «Бас, унинг учун қон чиқаринг». Яъни янги фарзанд туғилгани шарафига сўйиш сўйинг. Бу муносабат ила қон чиқариш қандоқ бўлишини келаси ҳадиси шарифлар баён қилади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумоларга биттадан қўчқор сўйиб ақиқа қилдилар». Сунан эгалари ривоят қилган.

6. Янги туғилган боланинг қулоғига азон ва такбир айтиш. Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Фотима розияллоҳу анҳонинг туққан боласи Ҳасан ибн Алининг қулоғига азон айтаётганларини кўрдим». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган. Ушбу ҳадиси шарифга биноан янги туғилган фарзанднинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига иқома айтмоқ мандубдир. Аллоҳнинг зикри янги туғилган боланинг қулоғига кирган биринчи нарса бўлиши қандоқ ҳам яхши. Албатта, бу улуғ нарсанинг ўзига яраша баракаси бўлади. Ривоятлардан бирида: «Кимнинг боласи туғилса-ю, унинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига иқома айтса, унга Умму Сибён зарар етказа олмас», дейилган. Умму Сибён болаларга зиён етказадиган жин тоифасидир.

7. Янги туғилган боланинг танглайини кўтариш. Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Менинг ўғлим туғилганда уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бордим. У Зот уни Иброҳим, деб номладилар, хурмо ила танглайини кўтардилар ва унга барака тилаб дуо қилиб, менга тутқаздилар. У болаларимнинг каттаси эди». Икки шайх ривоят қилган. Кўпчилик саҳобалар ўзларининг янги туғилган фарзандларини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб борар эдилар. У Зот алайҳиссалом ёш болаларни кўрсалар, ўта хурсанд бўлар эдилар. Янги туғилганларга Абу Мусо розияллоҳу анҳунинг ўғлига қилган муносабатни қилар эдилар. Ана шу ишга тақлид қилиб янги туғилган фарзандни аҳли солиҳ кишилар ҳузурига олиб бориш мусулмонлар ичида доимий одатга айланган. «У Зот уни Иброҳим, деб номладилар» Демак, аҳли фазл, олим ва муқтадо кишилар томонидан янги туғилган фарзандларга исм танланиши ҳам яхши иш. Чунки ундоқ кишилар бунга ўхшаш ишларга боғлиқ масалаларни, шаръий ҳукмларни яхши биладилар ва тўғри тасарруф қиладилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абу Мусо розияллоҳу анҳунинг ўғилларига Иброҳим номини қўйганлари ҳам бунинг бир мисоли. «хурмо ила танглайини кўтардилар» Ёш боланинг танглайини кўтариш, катта одам бир нарсани олдин ўзи чайнаб туриб боланинг оғзига қўли билан солиб қўйишидир. Бу нарса мева бўлгани афзалдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, деярли, доимо болаларнинг танглайини хурмо билан кўтарганлар. Бу ҳам яхши ният аломатидир. Аҳли солиҳ, фазилатли кишиларнинг бу ишни қилишлари марғубдир. «ва унга барака тилаб дуо қилиб, менга тутқаздилар» Бу иш энг марғуб ишдир. Аҳли солиҳ, дуогўй кишиларнинг янги туғилган болалар учун дуо қилишлари, айниқса, барака тилаб дуо қилишлари жуда ҳам яхши ишдир. Барча ота-оналар бунга катта эътибор бермоқлари керак.

8. Ҳомийлик. Бола етти ёшга киргунча бировнинг ҳимоясига муҳтож. Яъни доимо овқатланиш, кийиниш, ювиниш ва бошқа ҳолатларда катталарнинг ёрдамига муҳтож. Бу ишларни унинг ота-онаси, улар бўлмаса, яқин қариндошлари амалга оширишлари вожибдир.

9. Валийлик. Етти ёшдан балоғат ёшига етгунча бўлган болалар валийга, ўзидан катта раҳбарга муҳтождирлар. Бу ҳам ота-она бўлмаса, яқин қариндошларига юклатилади.

10. Нафақа. Болаларнинг нафақаси. Уларни озиқ-овқат, кийим кечак, турар-жой билан таъмин этиш отанинг бурчидир. Бу нарсалар ҳалол пок бўлиши матлубдир. Фақир ёш боланинг нақафаси отасига вожиб бўлади. Бу ҳукмнинг далили. Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида: «У(она)ларни яхшилаб едириб, кийинтириш отанинг зиммасидадир», деган (233-оят). Боланинг сабабидан онага нафақа бериш вожиб бўлганидан кейин боланинг ўзига нафақа бериш вожиб бўлишида ҳеч шубҳа қолмайди. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Ҳинд бинти Утба: «Эй Аллоҳнинг Расули, Абу Суфён – ўта бахил одам, менга ва боламга кифоя қиладиган нарсани бермайди. Магар унга билдирмай олсамгина бўлур», деди. «Ўзингга ва болангга етарлисини тўғриликча ол», дедилар у Зот. Икки Шайх ривоят қилишган. Унга бу ишда худди ота-онаси ва хотинининг нафақасидаги каби бирор киши шерик бўлмайди. Яъни боланинг нафақси фақат отага, ота-онанинг нафақаси фақат ўғилга ва хотиннинг нафақаси фақат эрга вожиб бўлади. Унга бу нафақада ҳеч ким шерик бўлмайди.

11. Болага меҳрибонлик кўрсатиш ҳам ота-онанинг вазифаси. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳузурларида ал-Ақраъ ибн Ҳобис Таймий ўтирганда Ҳасан ибн Алини ўптилар. Шунда у: «Менинг ўнта болам бор. Улардан бирортасини ўпганим йўқ», деди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга назар солдилар ва: «Раҳим қилмаганга раҳим қилинмас», дедилар». Бухорий, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўта болажон Зот эдилар. У Зот болалар ичида ўз набиралари имом Ҳасан ва имом Ҳусайнларни жуда ҳам яхши кўрар ва уларга меҳибонлик кўрсатар эдилар. Ушбу ривоятда у Зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг имом Ҳасан розияллоҳу анҳуга кўрсатган меҳрлари, саҳобалардан бирларининг бунга бўлган муносабатлари ва бу муносабатни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан баҳоланиши ҳақида сўз кетмоқда. Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени олиб сонларига ўтқазар эдилар. Ҳасанни эса бошқа сонларига ўтқазар эдилар. Сўнгра сонларини бир-бирига қўшиб туриб: «Эй Аллоҳим! Иккисини раҳим қилгин, мен уларга раҳим қилурман», дер эдилар». Бухорий ривоят қилган. Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди ва: «Сизлар болаларни ўпасизларми? Биз уларни ўпмаймиз», деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ қалбингдан раҳматни суғуриб олган бўлса, мен нима ҳам қила олар эдим», дедилар». Икки шайх ривоят қилган. Қизларга алоҳида ҳурмат ва меҳр билан муносабатда бўлиш ҳақида Расулуллоҳнинг кўрсатмалари ҳам бор. Сабаби қизлар меҳрга муҳтож, ўзлари ожиза бўлишади. Шу боис улар тарбиясида кўпроқ эътибор ва меҳр, эҳтиёткорлик зарур бўлади.

12. Болалари орасида адолат қилиш ҳам ота-онанинг вазифасидир. Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Отам мени кўтариб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бордилар ва: «Эй Аллоҳнинг Расули, гувоҳ бўлинг, мен Нўъмонга ўз молимдан бу-буни, бердим», деди. «Ҳамма ўғилларингга шунга ўхшаш бердингми?» дедилар у Зот. «Йўқ», деди. «Бунга мендан бошқани гувоҳ қил», дедилар ва сўнгра: «Сени уларнинг барчаси сенга бирдек яхшилик қилиши хурсанд қиладими?» дедилар. «Ҳа», деди. «Ундоқ бўлса, йўқ!» дедилар». Бошқа бир ривоятда: «Аллоҳга тақво қилинглар ва фарзандларингиз орасида адолатли бўлинглар», дейилган. Бешовлари ривоят қилган. Ушбу ҳадисга биноан мусулмон инсон молиявий масалаларда ўз фарзандларининг барчасини баробар кўриши керак бўлади. Агар тенг имкониятли фарзандларнинг бирига мол бериб, бошқасига бермаса ёки бирига оз, иккинчисига кўп берса адолатсизлик бўлади. Болалари орасида ҳиқду-ҳасад, фитна кучаяди. Агар шаръий узр ила, сабаб бўлса, ота-она ўз болаларидан бирига кўпроқ бошқасига озроқ мол берса бўлади. Мисол учун, бири бемор, иккинчиси соғ, бири камбағал, иккинчиси бой, бирининг болалари кўп, иккинчисиники оз.

13. Балоғатга етгандан сўнг уйлантириб, оилалик қилиб қўйиш ва бошқалар. Кўриниб турибдики, оилада фарзандларнинг алоҳида ҳуқуқлари бўлиб, унга амал қилиш шарт этиб қўйилмоқда. Шу ўринда оила раҳбари зиммасига катта масъулият юклатилишини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Маълумки, ўз фарзандларининг, аҳли-аёлининг ахлоқи, хулқ-атвори, юриш-туриши учун оила бошлиғи масъулдир.

14. Тарбия ҳақи ҳам фарзандлик ҳақларидандир. Аллоҳ таоло «Таҳрим» сурасида: «Эй иймон келтирганлар, ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлар ва тошлардан бўлган ўтдан қўрқитинг. Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмайдилар ва нима буюрилса, шуни бажарадилар», деган (6-оят). Аҳли аёлини, фарзандларини диндор қилиб тарбиялаш оила бошлиғининг Аллоҳнинг олдидаги бурчи эканлигига юқоридаги ояти Карима ёрқин далилдир. Одамлар орасида ўзингни бил, ўзгани қўй, деган номаъқул гап юради. Лекин шариат бўйича, эр хотин учун, ота болалар учун масъулдир. Қиёматда Аллоҳнинг ҳузурида жавоб беради. Ушбу оят маъносида ҳадиси шарифлар ҳам бор. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ёш болани етти ёшида намоз ўқишга буюринг, ўн ёшга етганда ҳам ўқимаса, уринг», деганлар. Ҳазрати Умар юқорида зикр қилинган ояти Карима нозил бўлгандан сўнг: «Эй Расулуллоҳ! Ўз нафсимизни-ку сақлаймиз, аҳлимизни қандай сақлаймиз?» деб сўраган эканлар. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: «Аллоҳ сизларни нимадан қайтарган бўлса, уларни ҳам қайтарасизлар. Аллоҳ сизларни нимага буюрса, уларни ҳам буюрасизлар», деб жавоб берган эканлар. Ҳазрати Али: «Ўзингизга ва аҳлингизга яхшиликни таълим беринглар ва уларни одобли қилинглар», деб айтганлар. Демак, ҳар биримиз ўғил-қизимизни, оила аъзоларимизнинг барчаларини динга даъват қилишимиз, диний аҳкомларни доимо бажаришларини қатъият билан талаб қилиб, иймон-эътиқоди, одоб-ахлоқи ва бошқа жиҳатларини тарбиясига аҳамият бериб туришимиз керак. Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар: 1. Аллоҳ ота-она ва фарзандга бирдек яхшилик қилган бандаларини аброрлар деб атагани. 2. Мўмин бандада ота-онанинг ҳақи бўлганидек, фарзанднинг ҳам ҳақи борлиги.

53-БОБ РАҲИМ ҚИЛМАГАНГА РАҲИМ ҚИЛИНМАЙДИ

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Раҳим қилмаганга, раҳим қилинмайди», дедилар». Шарҳ: Бу ҳадиснинг маъноси аввалда ҳам шарҳлаб ўтилди. Албатта, ушбу ҳадиси шарифни бу бобда келтирилишидан мақсад болага раҳим қилишни таъкидлаш учундир. Демак, боласига раҳим қилмаган ота-онага Аллоҳ таоло раҳим қилмайди.

Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ одамларга раҳим қилмайдиган одамга раҳим қилмайди», дедилар». Шарҳ: Ким одамларга раҳим қилмаса, Аллоҳ таоло ҳам унга раҳим қилмайди. Бу гап ота-оналарга ҳам, болаларга ҳам тааллуқлидир. Шунинг учун мусулмонлар доим бир-бирларига, хусусан, оила аъзоларига ўта раҳмдил бўлишлари керак. Мусулмон ота-она ва болалар бир-биларига раҳм-шафқат кўрсатиш орқали Аллоҳ таолонинг раҳматига сазовор бўладилар. Агар иш тескарисига айланиб қолса, Аллоҳ таолонинг раҳматидан айрилиб қоладилар.

Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларга раҳим қилмайдиганга Аллоҳ раҳим қилмайди», дедилар». Шарҳ: Бу ҳадиси шариф аввалги ҳадисни бироз бошқача шаклда такрорлаб, таъкидлаб келган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Бир неча аъробийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келдилар. Улардан бири: «Эй Расулуллоҳ! Сизлар ёш болаларни ўпасизларми? Биз ўпмаймиз», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ азза ва жалла сенинг қалбингдан раҳматни суғуриб олган бўлса, мен нима қилай?» дедилар». Шарҳ: Бу ҳадиснинг маъноси ҳам аввалгиларини таъкидлаб келган.

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У киши бир одамни ишга олди. У: «Менинг фалонча болам бор, биттасиниям ўпмаганман», деди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: «Аллоҳ азза ва жалла бандаларидан фақатгина бировга яхшилик қилган одамга раҳим қилади», деди». Шарҳ: Яъни ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ўзлари мансаб берган одамдан шу камчиликни топган эканлар. Мазкур одамнинг боласини ўпмагани шахсий камчилик сифатида баҳоланган экан. Мўмин-мусулмон ота-оналар мазкур камчиликдан йироқда бўлишлари матлубдир.

54-БОБ РАҲМАТ ЮЗ БЎЛАКДИР

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Аллоҳ азза ва жалла раҳматни юз бўлакка бўлди. Шундан тўқсон тўққиз бўлагини Ўз ҳузурида ушлаб қолди ва биргина бўлагини ер юзига нозил қилди. Ана шу бир бўлак раҳмат туфайли барча махлуқот бир-бирига раҳим қилади. Ҳатто от ўз боласини босиб олмаслик учун туёғини кўтариб қолиши ҳам ўша раҳматдан», деганларни эшитдим». Шарҳ: Демак, ҳар қандай ваҳший ҳайвон ҳам раҳимли бўлади. Масалан, от ҳатто чопиб кетаётганда ҳам боласи оёғининг тагидан чиқиб қолса, ҳар қандай қийин ҳолатда ҳам уни босиб олмасликка ҳаракат қилади. Бошқа ҳайвонлар ҳам шундай. Демак, бутун халойиқ – инсонлар ҳам, ҳайвонлар ҳам – Аллоҳ таоло нозил қилган юздан бир бўлак раҳмат туфайли раҳим қилар экан. Албатта, одам болалари бир-бирларига раҳим қилишда ўрнак бўлишлари лозим. Айниқса, ота-оналар болаларига раҳимли бўлишлари керак. Ҳайвонлар болаларига раҳимли бўлганда, инсонлар болаларига раҳимсиз бўлиши ақл бовар қилмайдиган ҳолдир. Бу ердаги нозик бир нуқта шуки, раҳматнинг тўқсон тўққиз бўлаги Аллоҳ таолонинг ҳузурида қолган. Аллоҳ таолонинг раҳматининг чеки йўқ. Бандаларнинг умидвор бўлиши ҳам шундандир. Аллоҳнинг раҳмати бўлмаса, ҳозирги кунда содир бўлаётган гуноҳларимиз, нобакорликларимиз учун, Аллоҳ Азза ва Жаллага нисбатан бўлаётган беодобликлар учун муносиб жазо берилса, аллақачон ҳаммани ер ютиб кетган бўлиши керак эди. Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 1. Аллоҳ таоло раҳматни юз бўлакка бўлганлиги. 2. Раҳматнинг тўқсон тўққиз бўлаги Аллоҳ таолода экани. 3. Раҳматнинг бир бўлаги махлуқотларда экани. 4. Ҳайвонларнинг боласига раҳим кўрсатиши ҳам Аллоҳ таоло берган раҳматдан экани.

ХУЛОСА

Албатта, ота-онанинг болага нисбатан ўзини тутиш маданиятига оид юқоридаги бобларда келган ривоятларда ўрганган таълимотлар динимизнинг бу борадаги мукаммал кўрсатмаларидан баъзи намуналар, холос. Аммо шу намуналар ҳам олам-олам маъноларни ўзида мужассам қилганига ўзимиз шоҳид бўлдик. Мусулмон уммати ўзининг шонли тарихи давомида динимизнинг бошқа таълимотлари қатори бу борадаги таълимотларини ҳам ихлос билан ҳаётига татбиқ қилиб келгани ҳаммага маълум. Бугунги кунимизда ҳам мусулмонлар бу борада бошқаларга ўрнак бўлиб келаётганида шубҳа йўқ. Шу билан бирга, нуқсон ва хатолар ҳам йўқ эмас. Баъзи ҳолатларда боланинг моддий тарбиясига эътиборни кўпроқ бериб, маънавий тарбия оқсаб қолаётгани ҳам сир эмас. Албатта, бу борадаги хато ва камчиликларимиз диндан умумий узоқлашиш оқибатида пайдо бўлган десак бўлаверади. Динимизни ўрганиш жараёнида бола тарбияси масаласига, улар ила олиб бориладиган алоқа маданиятига, шунингдек, бола ўрнига ўтадиган шахсларга оид масалаларга ҳам алоҳида эътибор бериб бу ишни ҳам ўз ўрнига қўйишимиз керак.

 
Мавзуга оид мақолалар
Диний таҳсилимни эндигина тамомлаган кунларим эди. Муҳтарам отам муфтий Муҳаммад Шофеъ роҳимаҳуллоҳ билан давоми...

21:32 / 10.09.2023 1516
Савол Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуссалари қандай бўлган           Жавоб Пайғамбар давоми...

18:06 / 05.12.2017 2750
 Мусулмонларнинг Лондондаги гуруҳи «Шариат» лойиҳаси жума куни Брик Лайн кўчаси бўйлаб ичкиликнинг тунги давоми...

21:02 / 19.01.2017 3224
Мусулмон инсон учун жуфт сифатида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан яхшироқ, мукаммалроқ намуна йўқ. давоми...

10:56 / 02.03.2017 8320