Гулнинг гуллари
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Меҳрибон ва раҳимли Аллоҳ номи билан бошлайман

Буюк Аллоҳга ҳамд, коинот Сарварига ва саҳобаларга, тобеъинларга, уларнинг нурли йўлларини давом эттирганларга салот ва салом бўлсин. 1987 йилдан эътиборан жиддий иш олиб бораётган «Пайғамбаримиз аёллари, қизлари ва неваралари» номли тадқиқотимиз ҳар ўтган кун мобайнида ривожланиб, янги билим ва кайфиятлар билан бойиб бораётир. Шубҳасизки, тадқиқот устидаги изланишлар давом эттирилаверса, яна янгиликлар топилаверади.

Тадқиқот, асосан, ўрта таълим, қисман, олий таълим талабаларига дарс сифатида ўтилган, мамлакат ва хорижий давлатларда конференция, семинар, давра суҳбатлари ва йиғилишларида муҳокама этилган. Шу тариқа мавзуга қўл уриш фурсати келиб, уни йиллар мобайнида қуршаб келган руҳий оламга кириш ғайрати билан уларга етишишга ҳаракат қилинди. Маълумки, атиргул гўзаллик ва зарофат рамзи ҳисобланади. Атиргул ҳар нарсадан суюмли, бутун гўзалликлар унга нисбат берилади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом атиргул ва унинг хуш бўйини жуда севганлари учун Ислом адабиёти ва тасаввуфда бу гул Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рамзи бўлиб келади. Чунки у Зотнинг муборак терларидан ҳам атиргул ҳиди келарди. Атиргул севги билан бирга ишқ-муҳаббатни ҳам ифодалайди. Бу сифатларнинг барчаси Пайғамбаримиз алайҳиссаломда мавжуд бўлгани учун у Зотни «Атиргул» деб номлашга журъат қилдик, суюкли қизларини эса «ғунчалар» деб атадик. Шу тарзда «Атиргул ғунчалари» пайдо бўлди. Ва каттагина қисми турли номларда чоп этилиб, жамоатчиликда чуқур қизиқиш уйғотди. Энди эса қўлингизга китоб ҳолида етиб боряпти. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг аёллари ҳақида эса у Зотнинг ҳаётларини ёритган тарзда тадқиқ этишга уриндик. Иншааллоҳ, бу меҳнатимиз ҳам яқин орада қўлингизга тегади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини ёритар эканмиз, у Зот билан бирга бўлганларни ҳам шундай жиддият билан кузатиш лозимлиги аён бўлди. Биз уларни учга айирдик: биринчи гуруҳни Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суюмли умр йўлдошлари – «азвожи таҳират» ташкил этади. Иккинчи гуруҳни у Зотнинг севимли қизлари – «банотун-набий» ташкил қилади. Учинчи гуруҳ эса фазилатларига кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яқин дўстлари, яъни «саҳобаи киром»лардан иборатдир. Бундан кўринадики, дунёда ҳаёти энг кўп қаламга олинган инсон Пайғамбаримиз алайҳиссаломдирлар. У Зотнинг аёллари ҳақида ҳар хил мақсад ва воситалар билан асарлар битилган. Аммо суюкли қизлари ҳаёти, ҳазрат Фотима онамизни истисно қилганда, тадқиқ этилмаган. Мурожаат этганимиз манбаларда Пайғамбаримиз алайҳиссалом қизларининг таржимаи ҳоллари мавжуд, албатта. Аммо тўртталаси ҳам бирга яхлит оила тарзида тадқиқ этилган асар йўқ. Бу бўшлиқни кўрганимиз ва қиёматда шафоатларини, охиратда эса қўшни бўлишликни орзу қилганимиз боис шундай жиддий мавзуга қўл урдик. Ишимизда Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг қизлари билан бирга куёвлари ҳаётини ҳам текширишга уриндик. Аммо асосий мавзу қизлар бўлганидан уларга кўпроқ эътибор қаратдик. Уларнинг оилавий ҳаёти зерикарли тарзда эмас, балки сурурли оҳанг оғушида кечган. Чунки уларнинг кўнгил заминига маърифат гуллари экилганди. Шу сабабли уларга Аллоҳ ҳамиша ёр бўлган, Пайғамбар алайҳиссалом оталари ва оналаридан сўнг севимли турмуш ўртоқларига қалб эшикларини охиригача очганлар, «Ичкарига марҳамат қилинг», деганлар, чунки ўзлари ҳам ичкарига марҳамат этилганлардан эдилар. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нури покларини бир-биридан бўлиб қўлларидан олишган ва кўнгил шишасига соф ҳолича нақшлаб қўйишган. Шу сабабли фақат юзларигина эмас, кўзлари, кўнгиллари ҳам нурли эди. Шундай ибратли ҳаёт кечиришгандики, эрлари ҳам излаган ҳар нарсаларини завжаларидан топишар эди. Мавзуга доир манбаларнинг имкон қадар барчасига таянилган, қадимий қўлёзмалар билан бирга асримиздаги асарлар ҳам ўрганилган, тарихий воқеалардан озиқланган бу асар фақат Аллоҳ ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ризоси учунгина битилди. Ошиқнинг севгилисига интилишидаги ғайрати билан бунёд бўлган қўшиқдир бу. Асарда ўқувчи диққатини чалғитмаслик мақсадида сноска қўйилмади, қизиқтириши мумкин бўлган адабиётлар китоб охирида бетлари ҳам кўрсатилган ҳолда илова қилинди. Саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз алайҳиссалом нима қилсалар, шуни қилишга интилишарди. Бу ҳақда мулоҳаза юритишга эҳтиёж сезмай, у Зот қилганлари учунгина бажарардилар. Бу эътиқод масаласи эди, ишқ талаби эди. Ошиқнинг севгилисига мубталолик достони… Севгилиси мудом юрагида бўлган ошиқ севгилисига айланиб кетади. У билан бирга бир тану бир жон бўлади. Унинг розилиги, унинг хушнудлиги –ошиқнинг бош аъмоли. Бутун борлиғини Унга фидо этишининг сири шундадир. Сатрларга, саҳифаларга, китобларга, жилдларга сиғмас ҳаёт!.. Ҳар бири гул эмас, алоҳида гулшан… Ҳар бири охири йўқ чаманзор… Мана шундай боққа гул тергани кирдик. Аммо бир-иккита хазон билангина қаршингизга чиқа олдик. Айб уларда эмас, бизда эди. Аввало, уларнинг шафоатлари, сўнг сизларнинг марҳаматларингизни соғиниб асарни бошлаймиз. Ғайрат биздан, тавфиқ Аллоҳдандир.

Адам САРАЧ 2000 йил 27 ноябрь

* * *

Адам Сарач 1958 йилда туғилган. 1984 йилда Мармара университети илоҳиёт факультетини битирган. Турли таълим муассасаларида узоқ йиллар ўқитувчи бўлиб ишлаган. 1993 йили «Юзинчи йил» университетининг илоҳиёт факультетига ўқитувчи бўлиб ишга кирган ва ҳамон шу ерда ишламоқда. Оилали, 3 фарзанди бор. Нашр қилинган асарлари: «Биринчи ва охирги» (сайланма), «Китоб ва инсон» (шеърлар), «Устозим» (драма), «Меҳнатсевар нафақахўр» (драма), «Ғозикўй ғалабаси» (опера), «Биз ўқитувчимиз» (драма), «Қонаётган яра» (драма).

Аввало, нубувват боғининг хос гулларига, сўнг эса уларнинг йўлини давом эттириш ниятидаги ҳар бир одамга бағишлаймиз.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом ва уларнинг қизларига мурожаат

Ё Расулуллоҳ!.. Уйингизга киришга, оила аъзоларингизни яқиндан танишга рухсат берасизми? Бизга эшикларни очасизми, «Марҳамат», дея ичкарига таклиф этасизми? Сўнг уйингизни бошдан-оёқ кезиб чиқиш, хафсала билан ўрганишга изн берасизми? Суюкли оналаримиз билан бирга севимли қизларингиз ва куёвларингиз-ла учрашишга рухсат этасизми? Бундай ишга қўл уришнинг қанчалар оғир масъулият эканлигини жуда яхши биламиз. Аммо сизларсиз Ислом мукаммал бўла олмайди. Эй, Пайғамбар алайҳиссалом қизлари! Сизларнинг нурли ва ибратли ҳаётингизни ёритишдек ишга киришдик. Фақат олдин сизлардан изн сўрамоқчимиз. Изн берсангиз, сизлар билан бирга бўлмоқчимиз. Сиз билан аввал бу дунёда, кўнгил ва руҳ оламида кўришмоқ истаймиз. Зотан, бу дунёда шундай учрашувга эриша олсак, охиратда ҳам шафоатингизга умид қилиб, қўшни бўлиш орзусига журъат қиламиз. Рухсатингиз билан Пайғамбар отангиз, оналарингиз ва қадрли эрларингиз – ҳаммангизнинг бир оила даврасидаги ҳаётингизни битиб,  сизларнинг нурли ва ибратли ҳаётингиздан баҳра олиш ниятидамиз. Уйингиз, бола-чақангиз ёнига келаётирмиз, ё Расулуллоҳ! Изнингизни такрор сўраймиз, эй Пайғамбар алайҳиссалом қизлари! Рухсатингиз билан!..

Уни севиш «Айтинг (эй Муҳаммад): «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади. Аллоҳ (гуноҳларни) мағфират қилгувчи, меҳрибондир» (Оли-Имрон сураси, 31-оят). Севиш… Аллоҳни севиш… Аллоҳ севганни севиш… Аммо уни қандай севамиз? Яна ҳам тўғрироғи, севгимизни қандай исботлаймиз? «Сени жуда севаман, Яратган Эгам! Сизни жуда яхши кўраман, эй Аллоҳнинг Расули!» деймизми? Бу даъво исбот талаб қилмайдими? Аллоҳ ва Расул нурига парвона ошиқлар каби бўлишимиз керак эмасми? Бу ишқ насими эсмаган кўнгиллар хазонга айланмайдими? Уни севиш… Ота-она, бола-чақа, мол-дунё ва ҳатто ўзимиздан ҳам ортиқроқ даражада севиш. Бу севги билан иймоннинг чўққисига эришмоқ ва коинот сарварига уммат бўлмоқ… Уни севиш… У севилгач, Унинг барча яратиқлари ҳам севилади. У севганлар ҳам севилади. Ва бу севги амал дафтаримизга ибодат бўлиб ёзилади… Уни севиш… Унга кўнгил бериш… Унда Уни топиш, Уни билиш ва Унда Унинг зарраси бўлиш… Менликдан воз кечиш… Иккилик йўлини тарк этиб, бирлашиш, бирлик йўлига равона бўлиш… Ишқдан телба бўлиш… Ёниб-қовжираш… Фақат У билангина мавжуд бўла олиш… У билан борлиқ моҳиятига етиш. Уни билиш… Уни англаш билан ҳамма нарсани англаш… Уни топиш… Уни топган ҳамон ҳамма нарса топилади. Усиз ҳеч нарса бўлмайди. У билан бутун борлиқ мавжуд. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам гулларининг гўзал ифорлари чўл иқлимида увол бўлмаслиги керак. Бу ифорни раҳмат шамоли олиб келиши керак. Шунда қовжироқ тиканлар ҳам жонланиб гуллаши, бу гуллар эса зулмат кўнгилларни чечакка айлантириши лозим. Севиш керак, севдириш керак… Зулматлар ойдинлашиб, ойдинлик ёрқин нурларга айланиши керак. Буларнинг ҳаммаси қандай содир бўлади? Кўнгиллар қандай туташади? Уларда ишқ қандай алангаланади? Кўнгилдан кўнгилга узалиб келаётган бу ишқ маёғи, севги назокати қандай бунёд бўлади? Ҳамма гап икки нарсада… Қолган нарсалар шу иккисига элтувчи рамздир. Қуръон ва суннат… Аллоҳнинг каломи, Пайғамбар алайҳиссаломнинг буйруқлари… Жон шу иккиси асосида жон бўлади. Кўнгиллар шу билан оловланади. Шунчалар олов оладики, ҳатто тошларни ҳам эритиб юборади. Қўлёзмалардан ўрнак олиш, ташвиқ қилиш ёки ўрнак олганимизни  айтиб мақтаниш жуда қулай. Аслида бутун маҳорат, маърифат шундай яшаганлардан ўрнак олишдир. Ва У каби яшаш… Улар каби… Пайғамбаримиз алайҳиссалом каби… Саҳобаи киромларимиз каби… Пайғамбаримиз алайҳиссалом оила аъзолари каби… Булар кимлар? Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уч ўғил, тўрт қиздан иборат етти фарзандлари бўлган. Ўғиллари (Қосим, Абдуллоҳ, Иброҳим) болалик чоғларидаёқ вафот этиб кетишган. Қизлари эса улғайиб, ўзларидан кўпайишган. Тўрт қиз гул, нодир чечак эди. Атиргулнинг ғунчалари эди улар. Атиргулнинг ғунчалари… Ҳазрат Зайнаб, ҳазрат Руқайя, ҳазрат Умму Кулсум ва ҳазрат Фотима… (Аллоҳ ҳаммаларидан рози бўлсин!) Раҳмат насими асрлар оша бу гулларнинг тароватли бўйини келтирмоқда. Буни ҳамма ҳам ҳис эта олмайди. Англаганлар сезади бу ифорни. Ва чуқур-чуқур нафас олиб, у билан ўзларини тўлдирадилар. У билан қайта жонланишади… Чечак бўлишади, гулга айланишади, кўнгил кўпригини қуришади ва… йўлга чиқишади. Йўлга чиқиш, уларнинг изидан кетиш. Эркак-аёл, ёш-қари – ҳаммага ибрат. Намунаи имтисол… Пайғамбаримиз алайҳиссалом қизлари ва куёвлари… Инжа ҳаёт. Бу гўзал ҳаётдан ола билганимиз далиллар дарёси… Қани ўша кунларга… Ўша кунларни бугунга қайтаришга… Ўрнак олиб, ўрнак бўлишга… «Мени ўранглар!» Уни Аллоҳ яратди. Аввал Унинг нурини яратди. Бутун олам У яралганидан сўнг олам бўлди. Ҳамма нарса У учун. У Аллоҳ учун. Буларнинг барчаси эса биз учун. Уни буюк Аллоҳ  яратди. Уни «Ҳабибим!» деди. Уни севди, Уни севишимизни буюрди. У гўзал эди. Ҳар соҳада гўзаллар гўзали эди. Бутун гўзаллик Унинг нурли жамолидан таралди, шаклланди. Бу олам Унинг юзи каби гул кўрмади. Неча-неча булбуллар Унинг гул юзи қаршисида ўзларидан кетган. У билан бутун олам мазмунга эга бўлди. У билан бор бўлди. Унда Уни топди, Уни таниди, У бўлди. Атиргул… Атиргуллар… Атиргул ғунчалари! Ундан таралган ифорлар… Жаҳон тупроғига тушган инжулар. Ислом боғининг ноёб чечаклари… Атиргул ғунчалари! 610 йил эди… Коинот Сарвари. Макканинг Муҳаммад ул-Амин узлатга чекингандилар. Кам сўзлар, кўп ўйлардилар. У Зот ҳамиша шундай эдилар, зотан. Отаси тез-тез узлатга чекинаётган кунларнинг бирида Зайнаб онаси ва сингилларини кўришга келди. У турмушга чиққан, уйи бўлак эди. Руқайя ва Умму Кулсум унаштирилган, Фотима эса 4-5 яшар эди. Оналарнинг энг улуғи, султони суюкли қизини бағрига босиб кўришди. Ўтириб муҳаббат боғидан гул тера – сўзлаша бошладилар. Суҳбат қизиган маҳал эшик назокат ила оҳиста чертилди. Эшикни оналар султони очди – коинот сарвари, шафқат ва марҳамат боғининг нодир гули келганди. Фақат бу сафарги келиш, бу боқиш, аҳвол бутунлай ўзгача эди. Шунчаликки, ҳатто ҳазрат Хадича ҳам бир он шошиб қолдилар. — Мени ўранглар, мени ўранглар, – дедилар Сарвари коинот. Иффат ва исмат, шафқат ва муҳаббат манбаи бўлмиш Хадича онамиз дарҳол бажардилар. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг устларини ёпиб, ўраб майин овозда дедилар: — Ота-онам сизга фидо бўлсин! Юзингиздан шу пайтгача кўрилмаган нур, ўзингиздан шу пайтгача сезилмаган хуш бўй таралмоқда. — Мени ўранглар, мени ўранглар, – дердилар кўнгиллар султони. Ҳазрат Хадича онамиз буюк муҳаббат билан Пайғамбаримиз алайҳиссалом устларини яна ўрадилар ва қизлари ёнига қайтдилар. Тик туриб оналарини қарши олган қизлар ниманидир сўрашга ботинолмай туришарди. Оталарига нима бўлди?  У  Зотни биринчи марта шу аҳволда кўришлари. Ҳар қандай ҳолат, вазиятда ҳам оталарининг юзидан табассум аримасди. Қизлари билан қизғин кўришиб, суҳбатлашарди доим. Аммо бугун ундай бўлмади… Ҳатто Зайнаб келганига ҳам эътибор қилмадилар. Ҳазрат Хадича қизларга қўли билан «ўтиринглар!» ишорасини қилдилар. Зайнабнинг  «Нима гап, она?» деган саволига жавоб бермадилар. — Отамга нима бўлди, сўрамадингизми, она? — Сўрамадим, – дедилар, – сўролмадим, сўрамаслигим керак эди. — Бирор нарса дегандирлар? — «Мени ўранглар», дедилар, холос. Мен устларини ёпиб чиқдим. — !.. Ҳа, коинот Сарвари фақат «Мени ўранглар!» деганлар ва ҳазрат Хадича итоат этгандилар. Шошмаслик, сабр қилиш, сукут сақлаш жозибасининг энг гўзал намунаси эди бу. Уларнинг маъноли сукутларида бир олам сўроқ, ўй бор эди. «Мени ўранглар» сўзини англашга интилиш бор эди. Ўраш нима ўзи? Чарчоқ, совқотишми фақат? Бундай пайтда эр қандай ўралади? Аёл қандай йўл тутади? Ва биз бу масалада қандаймиз? Бу уммат пайғамбарининг қизи бўлиш! Коинот сарвари устидаги қат-қат кўрпалар остида ҳар бир зарраси нурдан иборат бўлган «Ўқи!» буйруғини мушоҳада этиб ётарди. Бутун вужудининг ҳужайраларигача илоҳий жараённи ҳис этган афандимиз муқаддас севги титроғида эдилар. Шу пайтгача бирор инсон туймаган, ҳатто тасаввур ҳам қила олмаган лаззат оғушида сузарди. «(Эй Муҳаммад, барча мавжудотни) яратган Зот бўлмиш Парвардигорингиз номи билан (бошлаб) ўқинг! У инсонни лахта қондан яратган (Зотдир). Ўқинг! Сизнинг Парвардигорингиз (инсониятга) қаламни (яъни, ёзишни – хатни) ўргатган ўта карамли Зотдир. У Зот инсонга унинг билмаган нарсаларини ўргатди» (Алақ сураси, 1–5-оятлар). Ой юзли, қуёш боқишли, юлдуз табассумли башарият Афандиси бироздан сўнг ўрниларидан турдилар. Ҳазрат Ҳадича дарҳол у зотнинг ёнларига бордилар, не ҳол рўй берганини англашга интилдилар. Коинот сарвари барча воқеани бирма-бир айтиб бериб, охирида шундай дедилар: – Менга бирор нарса бўлишидан хавотирдаман! – Хавотирланманг, Аллоҳга қасамки, буюк Аллоҳ сизни ҳеч қачон уялтирмайди, маҳзун ҳам этмайди. «Сизга шу ишингизни қўйинг, дегандим-а! Бошингизга бало орттирасиз, деб огоҳлантирдим-а!» дея эрларини ношудга чиқарадиган аёлларга намуна қилиб кўрсатиш лозим буни. Аёлига бундай ишонишни ҳам эрларга ибрат қилиш керак. Бани башар тожига берган бу таскинидан кўнгли тўлмаган Ҳадича онамиз у зот билан амакиваччалари Варақа ҳузурига бордилар. Афандимиз айтганларига диққат билан қулоқ тутган кекса Варақа жойида ўтира олмай қолди. – Субҳаналлоҳ, субҳаналлоҳ! Қуддус, қуддус! Хушхабар! Бу ҳазрат Жаброилдир, ваҳий келтирувчи фаришта. Отилиб чиққан бу сўзлардан сўнг Варақа жим қолди. Кейин деди: – Оҳ, қани эди, сен даъват эта бошлайдиган кунларингни кўрадиган даражада ёш бўлсам-да, қавминг сени бу ерлардан ҳайдайдиган маҳал ёнингда туриб ёрдам берсам… – Қавмим мени юртимдан ҳайдайдими? – Ҳа, қавминг сенга ишонмайди, озор етказади, зулм ўтказади, сени юртингдан ҳайдайди ва ҳатто сен билан жанг қилади! Чунки одам, айниқса, ўз миллати қарши чиқмаган, жанг қилмаган бирор пайғамбар йўқ!.. Иккисидан ҳам садо чиқмади. Улар бир-бирларига савол назари билан қарашарди. Варақанинг сўзлари юрагига ханжардай ботиб, чуқур жароҳатлаган, жароҳатдан қон силқий бошлаган эди. Ҳазрат Ҳадича яна у зот билан бирга эдилар. Оғир, саросимали, мавҳум бир онда у зотни қўллаб, англаб турардилар… Тўрт гулдаста, тўрт нодир чечак, нафис гул изғирин шамолда сўлий бошлади. Зайнаб тўнғич қиз сифатида сингилларини юпатиши, кўнгилларини кўтариши лозим эди. Аммо у ҳам оғиз очолмас, ўзига кела олмас эди. «Бундай бўлиши мумкин эмас!» дегандек боқар, Варақанинг сўзларига ишонгиси келмас эди. Руқийя, Умму Гулсумлар ҳам шу аҳволда эдилар. Фотиманинг эса кўзлари порлаб турар, ичида бир ўт жилваланарди. Бирдан жўшиб гапирди: – Бу уммат пайғамбарининг қизи бўлиш сизларни хурсанд қилмаяптими? – !.. Жавоб бўлмади. Унга нима ҳам дейишарди? Энди 4-5 ёшга кирган бўлса. Қақажон, суюкли, шўх-шодон қизалоқ эди. Отасига жуда ҳам ўхшаши билан ажралиб турарди. Фақат Зайнабгина журъат топа олиб деди: – Албатта, хурсандмиз, Фотима. Лекин Варақанинг гапларини сен ҳам эшитдинг-ку! – Эшитишга эшитдиму, аммо онамнинг гаплари ҳам ёдимда. Бу сўзларни яхшилаб эшитиб, яхши тушуниб олинг. Сизларга дона-дона қилиб ҳаммасини такрорлайман: «Аллоҳга қасамки, буюк Аллоҳ сизни ҳеч қачон уялтирмайди, чунки сиз яқинларимизга ғамхўрлик қиласиз. Ожизлар дардини тинглаб, ёрдам берасиз. Фақир, ғариб кишиларни пастга урмай, уларни ўзингиз ила тенг кўриб суҳбатлашасиз, чоғингиз етгани қадар мадад берасиз. Меҳмон кутиш ва уларга иззат кўрсатиш баҳрингизни очади. Катта-кичик демай ҳар кимга ёндашасиз. Ҳийла, ёлғон-яшиқ нималигини билмайсиз. Ҳамиша фақат рост гапирасиз. Бутун фазилатлар сизда жам… Шундай экан, қўрқманг, хавотирланманг, Аллоҳ бизни Ўз паноҳида асрайди!» Ҳа, опажонларим, Аллоҳ отамизни ҳам, бизни ҳам асрайди. Фотима 4-5 яшар қизалоқ бўлишига қарамай, масалани жуда нозик тушунган ва опаларига ҳам тушунтирмоқни истаган эди. «Бу уммат Пайғамбарининг қизи бўлиш!» тушунчаси юклайдиган бутун масъулият Бу – тушунча ва масъулият бирга келадиган оғир юк! Ва атиргулнинг гулларидаги барқарорлик... «Аллоҳни севсангиз, менга эргашингларки, Аллоҳ ҳам сизларни севсин!» сирининг инкишофи атиргул гулларида… Ишқ чақмоғи кўнгил осмонида шундай чақдики, «иқро» каломи ила қуёш чиқди. Бутун олам нурланди, ёришди. Зулматлар маҳв бўлди, қора кўнгиллиларнинг ўзлари қоронғу амалларини олиб ортга чекиндилар. Варақа айтган сўзлар, Хадича онамизнинг айтган инжа лутфлари ва «Бу уммат Пайғамбарининг қизи бўлиш». Ва Аллоҳни, Пайғамбар алайҳиссаломни севиш… Севги… Яратган ва яралган орасидаги муштарак оҳанг. Севган, ишқ нелигини билган одам бу туйғуни баҳам кўрадиган кимсани ҳам топа олади. Биргаликда баҳам кўриш ишқнинг энг юксак изҳори, тимсолидир. Баҳам кўрилган ишқ кўпаяди, бўлишилгани сайин қор уюмидек катталашиб боради. Севган Севгилисига итоат этади, Унга қарши боришдан ўзини олиб қочади. Бутун олам Ундан иборат бўлади. У бўлсагина, инсоният бирор нарсага эришади, бошқаларга ҳам бу имконни беради. Ва бу нурли йўлга тушиб равона бўлади… Биринчиларнинг биринчиси Ислом… Ҳазрат Одам алайҳиссаломдан бери келаётган илоҳий диннинг номи. Яратганнинг яралмишларга юборган тизими. Пайғамбар… Аллоҳнинг амр ва таъқиқларини бандаларига етказувчи элчи. Бу амр ва таъқиқлар асосида яшаб, ўрнак кўрсатган Расул, Набий, ибрат ва етакчи. Мусулмон… Иймон келтирган, иймон келтирган қарашлари асосида яшаган, Ҳаққа бўйин эккан, Ислом динини танлаб, мусулмон деган шарафли номни олган одам. Ҳар бир одам қутқарувчи, даъватчи ва қутқарилувчи энди… Қизлар тириклайин ерга кўмилмас, нарса каби олиб-сотилмас энди. Лойиқ бўлган шарафли ўринларига эга бўлишади энди. Кўрпаларга ўралган Афандимиз тобора ажойиб оламга кириб борардилар. Бутун зийраклиги, нозик фаҳмлари билан Хадича онамиз шошиб қолдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўқиётгандай эдилар. Бир нималарни пичирлаб ўқирканлар, ўрниларидан турдилар. — Нега турдингиз, ҳали дам олганингиз йўқ-ку? — Энди дам олиш вақти ўтди, – дея марҳамат қилиб ўқий бошладилар: «Эй (либосларига) бурканиб олган зот, туринг-да, (инсонларни охират азобидан) огоҳлантиринг! Ёлғиз Парвардигорингизни улуғланг! Либосларингизни пок тутинг! Бутлардан йироқ бўлинг!» (Муддассир сураси, 1–5-оятлар). Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўзларига диққат билан қулоқ тутиб ўтирган ҳазрат Ҳадичага одамларни Исломга даъват қилиш вазифаси билан мукофотланганини айтиб дедилар: — Мен бу ҳақиқатни кимга айта оламан? Ким буларни тасдиқлайди? — Эй Аллоҳнинг элчиси! Мен сизни қабул қиламан ва тасдиқлайман… Аллоҳ йўлига мени чақиринг!.. Бу сўзлар Пайғамбаримизни жуда хурсанд қилди, даъватни тугатар-тугатмас Хадича онамиз дедилар: — Ашҳаду анла илаҳа иллаллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва Расулуҳ!.. Шу тарзда биринчи уммат бўлдилар ҳазрат Хадича. Биринчиларнинг биринчиси бўлдилар ва бу билан кифояланмай, иймонларини исбот этишни истардилар. Аммо қандай исботлаш кераклигини билмас эдилар. Савол билан Аафандимизга юзландилар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳазрат Жаброил ўргатганлари каби таҳорат қилдирдилар ва илк намозни бирга ўқидилар. Уларнинг дил бирликлари бу намоз воситасида янада мустаҳкамланди. Бу икки муборак банданинг фаришталар ҳавасини келтирувчи манзараси ҳар биримизни ўйлаш, сабоқ олиш, хулоса чиқариш, улардан ўрнак олишга ундайди. Намоз…  Эрта тонг ва оқшомда, ўша пайт учун фақат икки маҳалгина. Ҳазрат Хадичадан сўнг қизлари ҳам ҳеч иккиланишсиз мусулмон бўлдилар. Исломни қабул қилиш билангина чекланмай, Аллоҳ буйруқларига итоат этишга, Ислом қонунлари билан яшашга, таъқиқларга бўйсунишга интилишди. Ислом тарихи тилга олинганда бу илк тўрт мусулмон нақл этилмайди. Фақат илк мусулмонлардан бўлишганига шубҳа қилинмайди. Атиргулнинг гуллари Ислом булбулларига айланишди… Янги давр бошланаётганди… Тўрт қиз тўрт гул каби очилган… Тенги йўқ гуллар – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гуллари… Ҳаёт ўзгача мазмун касб этган, иймон яшаш мезонига айланган эди. Ҳар бир сўз, ҳар бир ҳаракати иймон назоратига ўтди одамларнинг… Зайнаб ҳазрат Зайнаб бўлди… Ҳазрат Зайнаб розияллоҳу анҳо. Отасини кўргани келиб, неъматларнинг энг юксагига эришди. Борлиғини чулғаган нурдан хўжайинини ҳам воқиф этиш орзусида эди. Фазилатлар соҳиби бўлган Абул Осс иймон келтирармикин? Қайнотасига ишонармикин? Аввал ҳазрат Хадича… Сўнг ҳазрат Абу Бакр… Ҳазрат Али… Ҳазрат Зайд… Буларнинг барчаси дастлабки мусулмонлар бошида эди. Аёл-эркак, қул, болалардан олдинда, биринчилардан эди. Ва Банотун Набий… Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари… Атиргул ғунчалари!.. Мен ишондим, сиз ҳам ишонасизми? Биринчилар ортидан бошқалар ҳам иймон келтира бошладилар. Аёллардан ҳазрат Хадича ва унинг қизларидан сўнг ҳазрат Сумайё, ҳазрат Умму Фазл, ҳазрат Асмо, ҳазрат Умарнинг синглиси ҳазрат Фотима ва бошқалар… Эркаклардан ҳазрат Абу Бакр, ҳазрат Али ва ҳазрат Зайддан сўнг ҳазрат Усмон, ҳазрат Абдуллоҳ ибн Масъуд, ҳазрат Зубайр, ҳазрат Абу Зарр, ҳазрат Аммор, ҳазрат Ёсир… Бу сара инсонларда маъно илмининг калити ниҳон эди. Асрор пардасини булар излаяжак эди. * * * Маккага кириб келган карвонни доимгидай одамлар ўраб олди. Ҳаммаси одатдагидай кечаётганди. Фақат янги хабар тарқалгунча: «Абдуллоҳнинг етими Муҳаммадул-Амин Пайғамбар бўлди-и!» Одамлар бир зум қотиб қолдилар. Сўнг дарҳол уйларига шошилдилар. * * * Абул Оссни Зайнаб ҳовлида кутиб олди, аввалгидек қизаринқираб «Хуш келибсиз!» деди-да, қўлидагиларни олиб «Ичкарига марҳамат!» деди. Абул Осс кайфи чоғ бўлиб уйга кирди. Тўйларидан бери шунақа: яхши кийимлар кийиб, хушбўйлар суриб, ширин сўзлар билан кутиб олади Зайнаб. Зотан, буни ота-онаси орасидаги муносабатлардан ўрганган. Ҳазрат Хадича каби йўл тутган эди. Шу билан бирга Зайнабда ўзгариш сезди Абул Осс. Маккада нелар бўлганини сўради. «Аввал эгнингизни алмаштириб, дам олинг», дея Зайнаб сочиқ келтирди. Ювиниб, кийимларини ўзгартирган Абул Осс овқатга ўтирди. Бирпас у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтиргач, Абул Осс сўради: — Отанг Пайғамбар бўлганмиш? — Аллоҳ унга охирги Пайғамбар вазифасини юклади. Аёлига диққат билан тикилиб, кўнглидагини уқиб олмоқчи бўлган Абул Осс ундаги ўзгариш нимадан иборатлигини топди. Зайнабнинг юзлари ички нурдан ёришиб, кўзлари порлаб турарди. Отасининг Пайғамбар бўлгани, илк ваҳий келгани, онаси ва сингиллари Исломни қабул қилганларини бирма-бир ҳикоя қилиб, охирида секин деди: — Мен ҳам мусулмон бўлдим!.. — Мусулмон бўлдинг? — Ҳа. — !.. — Ўзингиз ҳам биласиз, отам – жуда тўғрисўз, ишончли одам. Бекорга гапирмайди. Унинг ростгўйлигини бутун Макка аҳли билади. Онам, сингилларим, Абу Бакр, Али, Зайдлар мусулмон бўлишди. Қариндошларингиздан Усмон ва Зубайрлар ҳам. Мен сизни ҳам Исломга олдин кирганлардан бири бўлишингизни истайман. Мен ишондим, сиз ҳам ишонасизми?.. Абул Осс бир он нима дейишни билмай, аёлига боқди. Нурли юзидаги порлоқ кўзлари икки йўл каби «кўнглимга киринг, ичкарига» деяётгандек эди. Бундай даъватга қарши туриб бўлармиди? «Мен ишондим, сиз ҳам ишонасизми?» Ишониш!.. Бу қанақа туйғу экан ўзи? Хотиржам нигоҳ билан Зайнабга боқди. Унинг «Албатта ишонаман! Сенинг отангга ишонмай бўладими?» дейишини кутаётган аёл кўзларига ғарқ бўлди. Кутилаётган жавобни бера олмаганидан ўнғайсизланиб, бошини эгди. Зайнаб ғалати бўлиб кетди. Кўнглидаги ғалаён бўронга айланиб, кўзларидан ёш томчилай бошлади. Абул Осс бундан янада ўнғайсизланди. Зайнабни ҳеч қачон хафа қилмаган, қилмоқчи ҳам эмасди. Эзгин, маъюс ҳолда ташқарига чиқиб кетди. * * * Турли хаёллар оғушида қолган Зайнаб эшик очилишидан ўзига келди. Эри уйга қайтганди. — Каъбада отангни кўрдим. Мени ҳам Исломга даъват этди, – дея жим қолди-да, бошини хам қилди. Зайнаб хўжайинининг ичкарига кириши, бирор нарса дейишини кутиб турди. Шундай интиқ бўлдики, ҳаяжондан тиззалари тиззаларига тегиб титради. Умид билан боқди… * * * Севиш… Севилиш… Севгига лойиқ бўлиш… Севган севгилисининг йўлидан юради. Унинг севганларини ҳам севади. Бу ёлғон дунёда севгидан – ишқдан кучлироқ нима бор? Тушунганлар ва севганлар учун ишқ энг буюк қувватдир. Ишқ-муҳаббат енга олмайдиган бирор нарса борми? Абул Осс деди: — Худо ҳаққи, отангни ёмон ҳисобламайман. У бекорга «Муҳаммадул-Амин» деб аталмайди-ку. Бемалол ишониш мумкин бўлган одам. Ҳатто ҳазиллашиб ҳам ёлғон гапирмайди. Зайнабим, сен билан ҳамфикр эканлигимни, барча яхши нарсаларни сен билан баҳам кўришимни биласан. Зайнаб эри «Мусулмон бўламан!» деяётгандек қувониб кетди. «Сен билан ҳамфикрман», дегани шунга ишора эмасми, ахир? «Иймон келтираман», деса бўлди-да. — Лекин мен «Хотини учунгина қавмини тарк этиб, оталарининг динини инкор этди», дейишларини истамайман! Эшикнинг олдигача келган одам ичкарига кирмай, остонадан қайтди. Ранжиган Зайнаб «Яратгандан сизга ҳидоят тилайман!» дея унинг юзига маҳзун боқди. — Сен тўғри иш қиляпсан, Зайнаб. Сен унинг қизисан. Мени тушун, кечир… Гул атрофида парвона булбул каби эди Абул Осс. Гулининг синиши, сарғайиб-сўлишига тоқат қила олмасди. Аммо ота динидан ҳам қайта олмасди. Бу динга ишқ билан кириларди. Ҳамма гап асл севгини топиш, севиш ва севилишда эди. Шундан сўнг одам тўғри йўлга тушарди. Жон берарди у учун… «Ўзингизни оловдан асранг!» Илоҳий муждалар уч йил давомида ишонганларнинг кўнглидан кўнглига кўчиб юрди. Муждани эшитишга мушарраф бўлганлар биродарларини ҳам шарафлантириш учун қизғин, аммо ўта махфий фаолият юритишарди. Шундай оғир, яширин шароитда Исломни қабул қилганлар сони қирқтага яқинлашиб қолди. «Бас, сиз ўзингизга буюрилган ишни (яъни Ҳақ динга даъват қилишни) юзага чиқаринг ва мушриклардан юз ўгиринг!» (Ҳижр сураси, 94-оят) ояти билан Ислом тарихида янги давр бошланди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг буйруғини айнан бажарувчи солиҳ банда эдилар. Буюк Аллоҳ нимани қандай буюрган бўлса, Пайғамбаримиз алайҳиссалом худди шундай қилиб бажо келтирардилар. Бу ояти каримада очиқ даъват қилиш буюрилган эди. Яна бошларини ёрар даражада!.. Уйда иш қизғин эди. Ҳазрат Хадича қизлари билан таом ҳозирлаётган эди. Одатдаги овқатланиш эмасди бу. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам яқинларини овқатга таклиф этган, уларни даъват қилмоқчи эдилар. Меҳмонлар келишгач, овқат тортилди. Улар таомдан татиб кўришаркан, бу зиёфат сабабини тушуна олмай ҳайрон эдилар. Айниқса, Абу Лаҳаб. Зиёфат сўнггида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўринларидан туриб, биринчи марта очиқ даъват қилдилар: «Мен сизларга дунё ва охиратнинг энг хайрли динини келтирдим. Аллоҳ менга сизларни Исломга даъват этишимни буюрди. Бу ишда ким менга ёрдам беради?» Бирдан гап-сўз кесилиб, орага жимлик чўкди. Нима деб тахмин қилишган бўлса-да, бундай даъватни сира кутмаганлари аниқ эди. Савол назари-ла қарашди – йўқ, Муҳаммадул-Амин ҳазиллашмаётган эди. Нима дейишни билмай жим қолишди. Ишонмасликка асос йўқ, аммо ишониш, яъни «Сенга ёрдам бераман», дейиш ҳам қийин. Амакиси Абу Лаҳабнинг қўпол сўзлари, дағдағаларидан сўнг, айниқса, вазият таранглашди. Шу пайт кутилмаганда 12-13 яшар Али ўртага отилди: — Эй Аллоҳнинг Расули! Мен сизга ишонаман ва ёрдам бераман! Кичкина Алининг бу гапларига кулганлар ҳам бўлди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса унинг бошини силаб дедилар: — Тингланг ва шоҳид бўлингки, менинг ёрдамчим – шу! Алининг гапига кулганлари етмагандек, йиғилганлар илоҳий муждадан ҳам бенасиб  қолишди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом яна бир бор уриниб кўрдилар – уларни йиғиб, яна меҳмон қилдилар. «Ҳамма ёлғиз Аллоҳгагина хосдир. Мен ҳам Унга ҳамд айтаман. Ёрдамни фақат Ундан кутаман. Унгагина ишонаман ва Унгагина сиғинаман. Ҳеч шак-шубҳасиз билиш билан бирга сизларга ҳам маълум қиламанки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир, У ягонадир, шериги йўқдир… Сизни ёлғиз Аллоҳга иймон келтиришга чақираман. Мен эса Унинг қисман сизларга, умуман, инсониятга юборган Пайғамбариман…» Аммо насибасизлар бу гал ҳам улуғ шарафга ноил бўлмадилар. Уларнинг қалб гавҳари вужуд қутисининг шунчалар тубида жойлашган эдики, ҳис деган улвий туйғу ҳам йўқ эди. Мужда етказилган, тақдир ва ҳидоят Аллоҳдан эди. * * * Энг яқинларини даъват этиб ўзларига эргаштира олган Пайғамбаримиз алайҳиссалом Сафо тепалигига чиқиб, бор овозда Макка аҳлини даъват эта бошладилар. Одамларнинг ҳаммаси кўчага чиқди. Ёш-қари, эркак-аёл, бола-чақа Сафо тепалигига сел каби оқди. Боролмаганлар нима гаплигини сўраб-суриштирарди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом даъватдан сўнг тўпланганларга қабиласининг номи билан мурожаат этдилар: — Эй аҳли Қурайш! Ўзингизни жаҳаннам оловидан қутқаринг! — Эй бани Абдулмутталиб, ўзингизни жаҳаннам оловидан қутқаринг! — Эй бани Ҳошим, ўзингизни жаҳаннам оловидан қутқаринг! — Эй Абдулмутталибнинг қизи Софийя! Ўзингни жаҳаннам оловидан қутқар! — Эй Муҳаммаднинг қизи Фотима! Ўзингни жаҳаннам оловидан қутқар! Сизлар иймон келтириб, амал қилмагунларингизча Аллоҳ ҳузурида сизлар учун ҳеч нарса қила олмайман!.. Бу даҳшатли эълон, даҳшатли бир буйруқ эди… Барча маккаликлар қатори Фотима ҳам ўша ерда эди. Онаси ва опалари кела олишмаган эди. Отасининг бундай даҳшатли эълонидан дир-дир титради, тирноғининг учигача музлаб кетди. Иймон келтириб, амал қилмоқ! Ҳақиқат шунда эди. Инсонни дўзахдан қутқарадиган воситалар: иймон ва амал… Ишонгани ҳолда амал қилмаган одам кимнинг фарзанди, невараси эканлигидан қатъи назар жаҳаннамга мустаҳиқ эди. Ҳатто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз яқинларини дўзахдан қутқара олмагандан кейин бизни ким қутқара оларди? Шундай бўлгач, қутулиш йўлларини танлаш керак. Бу йўл – ишониш ва ишонганига амал қилиш. Фотима отаси айтганларини идрок этаркан, ваҳимали ҳайқириқ хаёлини бузиб юборди: — Балога йўлиққур, бизни шунинг учун чақирганмидинг?! Қўлга илинган нарсани отганича Абу Лаҳаб қичқирарди… Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ўз амакилари!.. Бир ёндан Муҳаммадул-Аминнинг қўрқинчли эълони, иккинчи томондан амакиси Абу Лаҳабнинг бундай тутуми нима қилишни билмай турганларни ҳуркитиб, тарқатиб юборди. Фотиманинг ақли бовар қилмасди. Энди етти ёшга кираётган бўлса-да, амакисининг бундай қилаётганига ишонгиси келмасди. Отаси мол-дунё, пул истагани йўқ-ку улардан. Фақат ишонишлари ва амал қилишларини, шу йўл билан жаҳаннамдан қутулишларини истаганди, холос. Шундай ўйлар гирдобида уйга қайтган Фотима онаси ва опаси Зайнабнинг суҳбатлари устидан чиқди. Қизчасининг маъюс юзи, савол тўла нигоҳларидан нимадир юз берганлигини сезган онаси ўрнидан илкис туриб сўради: — Нима бўлди, қизим?! Фотима Сафо тепалигида бўлган воқеаларни сўзлаб, охирида деди: — Жаҳаннам олови, Аллоҳ ғазабидан бандани банда қутқара олмайди. У ҳатто Пайғамбарнинг қизи Фотима ёки аммаси Софийя бўлса ҳам! Ҳеч ким ҳеч кимни қутқара олмайди! — Бизни қўрқитма, Фотима! — Албатта қўрқиш керак, опажон. Аммо биз учун қўрқинчли ҳеч нарса йўқдир. — Топишмоқ қилиб гапирма. — Биз иймон келтирганимиз учун қўрқинчли нарса йўқдир. Аммо Абу Лаҳабнинг бундай қилмишига нима дейиш мумкин? —Ҳа, Абу Лаҳаб… Ич-ичларидан зил кетган ҳазрат Хадича қизлари Руқайя ва Умму Кулсумга қаради. Улар ҳам аччиқ ўйлар оғушида эдилар. Бу икки ғунча Абу Лаҳабнинг ўғиллари Утба ва Утайбаларга унаштирилган, тўйлари кутилаётган эди… Абу Лаҳаб ва унинг аёли Умму Жамил Ислом дини ва Пайғамбаримиз алайҳиссаломга тўсқинлик қилиш, қарши курашишда шу даражага етдиларки, улар ҳақида махсус Масад сураси нозил бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўйсунмаслик оқибати эди бу. Ҳатто туғишган амакиси ҳам Аллоҳ ва Унинг Расули амрига итоат этмагани учун жаҳаннам аҳлига айланди. «Ўзингизни оловдан асранг!» буйруғи жуда тез ёйилаётган, фақат қулф кўнгилларгина бундан бебаҳра эди. Кўнгил дарвозаларини илоҳий муждага ёпган касларни нима дейиш мумкин?.. Унинг қизидан воз кеч! Абу Лаҳаб ғазабдан ёрилгудай бўлиб уйига қайтди. Аёли Умму Жамил ундан баттар эди. Оёқ остида турган чойдишни олиб улоқтирди. — Болалар қани? — Ҳозир келишади. Болалар уйга кирар-кирмас Абу Лаҳаб қичқирди: — Қаерда юрибсанлар? — Нима гап? — Ўзини Пайғамбар деб эълон қилган одамнинг қизларидан воз кечасизлар!.. Акс ҳолда норози бўламан. Утба, Утайба, эшитдиларингми?! — Ота, тўхтанг, бўлмаса, бизни ўлдирасизми? — Керак бўлса, ўлдираман ҳам. Унинг қизидан воз кеч, дедим. — Бўпти, шунга шунча бақириб, ёқа бўғиш шарт эмас-ку! — Ҳозироқ… Унаштириш бекор қилингач, қизлари билан овора бўлиб, кўкдан хабар келяпти, демай қолар. Мен билан тенглашишнинг оқибати қандай бўлишини ҳам билиб қўйсин. — Мен воз кечдим! – деди Утайба. — Мен ҳам, – деди Утба. — Бу кифоя эмас, уйига бориб юзига тупуринглар! — Ҳа, ақлини киритиб қўяман! – отилди Утба. — Унга кўрсатиб қўй, ўғлим! — Жоним билан! Қанақа ишга қўл ураётганини билмасди Утба муҳим иш бажараётганига ишониб Пайғамбар алайҳиссаломникига шошиларди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйда эдилар. Атрофларида хотинлари, суюкли қизлари. Фақат Зайнабгина йўқ, у ҳали бироздан сўнг келадиган эди. Оҳиста сўзлашиб ўтиришганида эшик тарақлаб очилди. Чўчиб кетган қизлар ота-оналари пинжига суқилишди. Ичкарига бостириб кирган Утба Пайғамбаримиз алайҳиссаломга ўшқирди: — Менга қара, мен сенга ҳам, сенинг динингга ҳам ишонмайман! Сени ёқтирмайман, қизингни ҳам ёқтирмайман ва уйланмайман. Унашув бекор қилинади. Қизинг ўзингга буюрсин! Тфу!.. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзларига тупуриб, шарт бурилиб кетди. — Ё Раббим! Унга ваҳший жониворингни йўлиқтир! Утба остонада қотиб қолди. У бекорга гапирмаслиги, айтгани ҳамиша юз беришини яхши биларди. Қандай кўчага чиққани, уйга йўлни қандай топганини билмайди. Уйига келгачгина, бироз ҳушини йиғди. — Нима бўлди? Сенга нима қилди?! — Мени дуоибад қилди, – дея амаллаб тушунтирди. — У бекорга гапирмайди, – ҳовлиқди Абу Лаҳаб. — Утбага кўз-қулоқ бўлинглар. Умуман, ёлғиз қолмасин. Тили наштар Умму Жамил Пайғамбаримиз алайҳиссаломни хўп қарғади, лаънатлади. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, жуда кучли ҳимоя остида савдогарлар карвонига қўшилиб кетган Утба йўлда арслонга ем бўлди. Ҳеч кимнинг қўлидан ҳеч нарса келмади… * * * — Отамни кўриб келсам, майлими? — Бу нима деганинг? Албатта, бор, Зайнабим. Аммо мени куттириб қўйма. — Узоқ қолмайман. Руқайя ва Умму Кулсумни шундай иймонсиз, одамгарчиликдан йироқ оилага келин бўлиш офатидан қутулганликлари билан табриклаб келаман. Абул Оссга «Сиз қачон иймон келтирасиз?» дегандай боқди. У кўзларини олиб қочди. Зайнаб кўчада кетаркан, бир томондан бундай оиладан қутулган сингиллари учун қувонар, иккинчи томондан ҳамон иймон келтирмаган хўжайини учун қайғурарди. Дили, тутумлари, гап-сўзлари Исломга шунчалар яқин бўлган эри қачон саодатли йўлга кирар экан? Қачон иймон келтириб мусулмон бўлар экан? Хўжайини ҳаққига дуо қилиб кетиб борар экан, ортида нелар бўлаётганидан бехабар эди… Макканинг кўзга кўринган одамлари Абул Оссникига келишган эди. Улар орасида Абу Лаҳаб, Абу Жаҳл, Валид ибн Муғийра, Осс ибн Воил, ҳатто Умму Жамил ҳам бор эди. Абул Осс ҳовлида дарахт соясида ўтирарди. У келган меҳмонларни хушламаса ҳамки, ичкарига таклиф қилди. Абу Лаҳаб ва Умму Жамил сўз бошлашди: — Менга қара, Абул Осс. Сен ақлли одамсан. Оталари динидан қайтмайдиган даражада диёнатлисан. Муҳаммадул-Аминга сен ҳам бизлар каби ишонмадинг. Аммо хотининг динимизни тарк этиб, мусулмон бўлди. Сен эса ҳамон у билан никоҳдасан, ажрашганинг йўқ. Бу қанақаси? Отасини Пайғамбар, деган қиз билан қандай яшайсан? Унинг қизи билан ажраш дарҳол! — Йўқ, – деди Абул Осс. – У билан ажрашмайман. Ажраша олмайман. — Нега? — Сизга сабабини айтмайман, айтсам ҳам, тушунмайсиз. Зайнабдан ажрашмайман. — Қўрқма, Зайнаб сенга зиён етказа олмайди. — Мени бу қўрқитаётгани йўқ. — Отасидан чўчияпсанми? — Мени у ҳам қўрқитмайди. — Бўлмаса нима, ахир?! Ажраш, вассалом. — Йўқ! Мен Зайнаб билан ажрашмайман. — Қариндошлигинг учунми? Зайнаб холангнинг қизи бўлгани учунми? Агар гап шунда бўлса, мен Муҳаммаднинг амакиси бўламан, бу эса янгаси. Аммо иш бошида биз турибмиз, айнан биз. — Гапим – шу, Зайнаб билан ажрашмайман! — Бунақа кескин жавоб бермагин-да. Аввал ўйлаб кўр. Агар ажрашсанг, Макканинг энг гўзал қизларидан истаганингни олиб берамиз. — Зайнабдан бошқаси керакмас! — Бу қиз сени жодулаб олганми? — Сизлар менга яхшилик қилмоқчимисиз ёки ёмонлик? — Бошқа одам таклифимизни катта хурсандчилик билан аллақачон қабул қилган бўларди. Сен бўлсанг… Менга қара, агар ажрашсанг, истаган қизингни олиб бериш билан бирга ўзимизга бош этиб ҳам сайлаймиз. — Йўқ! — Бўпти, Макканинг энг бой одамидан ҳам бадавлатроқ бўласан. — Буларнинг ҳеч бири менга керакмас! — Бўлмаса нима керак? — Зайнаб керак, мени ундан ажратманглар, ажрата олмайсизлар ҳам. — Бу қиз сени жодулаб қўйибди. У ҳам отаси каби афсунгар экан-да. — Йўқ, туҳмат қилманг! Ишонмасангиз, ишонманг, аммо туҳмат қилишга ҳаққингиз йўқ. Зайнаб ҳам, унинг отаси ҳам афсунгар эмас. Улар фақат рост гапиришади. — Унга ишонганингдан гапиряпсан. Ажраш-ей шу қиздан! Нима десанг, қиламан, ажраш! — Менга бутун дунёни берсангиз ҳам, Зайнабдан ажрашмайман. Бекорга оғзингизни оғритманг. — Шўринг қурсин сенинг. Бир қиз учун бизни хафа қиляпсан. — Бир қиз деганингиз менинг умр йўлдошимдир. — Бошқа олиб берамиз, дедик-ку сенга, хоҳлаганингча яна! — Бошқа қиз топа оласиз. Аммо менга бошқа рафиқа, бошқа Зайнаб топа олмайсиз. Кўз очиб кўрганим Зайнаб билан кўз юмишни ҳам хоҳлайман. Энди мени ўз ҳолимга қўйинглар. Уйимдан кетинглар. — Тушунарли, сен ё бутлар ғазабига учрагансан, ё Зайнаб сени иссиқ-совуқ қилган. Қандай бостириб келишган бўлса, шундай такаллуфсиз чиқиб кетишди. Фақат ғазаблари янада ортган эди. Зайнаб тиккага келган офтобнинг қайноқ нурлари остида уйга келиб-кетаётган эди. Иссиқдан ҳаво жимирлар, ҳатто баъзан эсаётган шамол ҳам юзини куйдирарди… — Зайнаб, Зайнаб! Бирор нарса эшитадиган аҳволда эмасди. Руқаийя ва Умму Кулсумлар қутулганидан севинса-да, эрини куттириб қўймаслик учун тушки жазирамага ҳам қарамай йўлга чиққанди. — Ҳой Зайнаб. — Мени чақиряпсизми? – деб овоз чиққан ёққа қаради. — Мунча хомушсан? Сени кўрган одам чўлда туясини йўқотган йўловчига ўхшатади. Бу иссиқда юриб нима зарур? Ундан кўра сояга кел, у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтирамиз. — Онамникидан қайтаётгандим. Кечикиб қолдим, уйга шошяпман, бошқа сафар гаплашамиз, иншааллоҳ. — Нега шошасан, эринг қочиб кетармиди? — Куттиргим келмаяпти, узр. — Тўхта, сенда гапимиз бор эди. — Нима гап? – қизиқди Зайнаб. — Эрингни нима қилдинг? — Тушунмадим. — Эрингни нима қилганингни сўрадик, бунинг нимаси тушунарсиз? — Нима қилибман? — Пайғамбарнинг қизи бўлсанг, нима қилганинг аниқмас. Ё эрингни сеҳрладингми? — Нима демоқчисиз, очиқ гапиринг?! — Сен кетганингдан кейин нималар бўлганини биласанми? Макканинг манаман деган одамлари уйингга келишди. Эрингга нималар дейишганини билсанг эди! — Билсанг эди, дегунча айтинг. — Қизиқиб қолдинг-а?! Қўрқма, ёмонлик бўлмади. Эрингга сен билан ажраш деб зуғум қилишди. Бир дунё нарсалар таклиф қилишди, аммо у қулоқ солмади. Сен билан ажрашса, Макканинг энг гўзал қизларини олиб беришлари, бунинг устига ўзларига бош этиб сайлашлари, Макканинг энг бой кишисига айлантиришлари мумкин эди. Биласанми, эринг нима деди? — Нима?! — «Менга бутун дунёни берсангиз ҳам, Зайнабдан ажрашмайман!» деди. Хўш, қандай қилиб эрингни бунчалик боғлаб олгансан ўзингга? Бизникиларга шу таклифнинг мингдан бири қилинса ҳам, бизни дарров кўчага ҳайдашади. Бир нарса қилгансанки, эринг сенга шунчалик боғланиб қолган. Бизга ҳам ўргатсанг-чи! Зайнаб ортиқ уларни эшитмасди. «Менга бутун дунёни берсангиз ҳам, Зайнабдан ажрашмайман!» деган жумла қулоғида жарангларкан, Яратганга шукурлар қилди… Уйига қушдай учиб келди. У Абул Оссдан ўта миннатдор, бутун қалби билан севарди. У томондан ҳам ҳурмат кўрар, севиларди. Мусулмон бўлса эди эри, оҳ мусулмон бўлса эди! Дуо елканида учди Зайнаб… Жаҳон тупроғида бошоқ етиштирган гўзал!.. Кўнгил водийсига инжу ёмғири ёғдирган малак!.. Шарафли атиргулнинг ғунчаси… Энг ёрқин нурнинг зиёси… Нур бор ерда, қоронғулик ҳукм сура олмайди… Бизларни ҳам нурлантир, нурингдан баҳраманд бўлишни истаймиз. Бутун ҳаётинг билан «Севги талаб этилмайди, у қозонилади», дединг. Қанчалар бахтлисан… Сени севганлар қанчалар бахтли!..

давоми бор

Мавзуга оид мақолалар
Асаларилардан ўрганишимиз мумкин бўлган 6 ҳаётий сабоқ. Аллоҳ таолонинг ожиз, митти ва мўъжиз махлуқи давоми...

17:37 / 24.02.2017 8895
Маст қилувчи ичимликларни истеъмол қилишлик ҳомила бўлажак фарзанд учун жуда хавфли. Вашингтон давоми...

10:53 / 29.11.2016 3495
.Ўғлим иккинчи синфда ўқир эди. Бир куни мактабдан бошқачароқ бўлиб келди. Сўрасам, қаламини йўқотиб қўйибди. давоми...

21:30 / 04.05.2023 1561
Қаноат инсоний фазилатларнинг энг олийсидир. Бундай хислатга эга бўлган киши бахиллик, ҳасад, кўра давоми...

09:28 / 19.03.2017 4692