Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал ахлоқларини, инсонлар билан бўладиган муомалаларини, у Зотнинг яқинларидан ва у Зотга эргашган асҳоби киромлардан ворид бўлган манбалардан ўрганиб келмоқдамиз. Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламни энг яхши биладиганлар Оналаримиз розияллоҳу анҳумлар, асҳоблари ва энг яқин дўстлари ҳисобланади.
Нубувватдан ўн беш йил олдин, рисолатдан ўн йил кейин жами бўлиб йигирма беш йил давомида у муборак Зот билан бирга умр кечирган вафодор ва фидокор Хадича онамиздан Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларидан баъзи саҳифаларни ўрганамиз. Расуллуллоҳга илк ваҳий нозил бўлганида ҳеч тараддудсиз ишонган ва ўша онда Набийимиздаги қўрқинчни, титроқни кўриб, у Зотга таскин берган ҳам Хадича онамиз ҳисобланадилар. Хадича онамиз розияллоҳу анҳо Оламларнинг сарварига шундай таскин берардилар: «Аллоҳ сизни ҳеч қачон уялтирмайди. Чунки сиз қариндош-уруғчиликка риоя қиладиган, бечоралар ёрдамига ошиқадиган, камбағални ҳимоя қиладиган, мазлумнинг қўлидан тутадиган, мусофирларга эҳсон-икром улашадиган, ҳақ йўлида қийинчиликларга дучор бўлганларга ёрдам берадиган инсонсиз».
Шунингдек, Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга тўққиз йил яшаган ва Хадича онамиздан кейинги аёлларининг энг суюклиси Ойша онамиз розияллоҳу анҳодан у Зотнинг оилавий ҳаётлари, шахсиятлари ҳақидаги маълумотларни ўрганайлик.
Ойша онамиз Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқларини қуйидагича таъриф этадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқлари Қуръон эди. Расулуллоҳ ҳеч кимга қалбларида гина-адоват сақламас ва ҳеч кимдан интиқом (қасос) ҳам олмас эдилар. Бир нарсага жаҳллари чиқса, у Қуръонга зид бўлгани учун жаҳллари чиқарди. Бирор бир нарсани ёқтирсалар, уни Қуръонга зид бўлмагани учун ёқтирар эдилар. Расулуллоҳ иккисидан бирини танлайдиган вазиятга тушсалар, энг осон ва қулайини танлар эдилар. Агар ўша иш гуноҳга етаклайдиган бўлса, ҳаммадан олдин сақланган инсон ҳам ўзлари бўлар эдилар. На ёмон гап гапирар ва на бирор бир кимсага ёмонликни раво кўрардилар. Расулуллоҳ гапирганларида алғов-далғов гапирмас эдилар. Балки дона-дона, тушунарли, эшитганларнинг баҳри диллари очиладиган тарзда гапирар эдилар. Бирор бир муҳим нарсани тушунтирмоқчи бўлсалар, сўзларини дона-дона қилиб гапирар, бу тарзлари шунчалик эдики, гапларини эшитаётганлар санай олар, ҳатто ёдлаб ҳам олишар эди.
Кичиклик пайтидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тарбияларини олган ҳамда у Зотнинг насабларини давом этишига васила бўлган Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу Муҳаммад алайҳиссаломнинг ахлоқий гўзалликларини шундай таърифлайдилар: «Набийимиз ҳар доим очиқ юзли, юмшоқ сўзли ва кенг қалбли эдилар. Асло баджаҳл, қаттиққўл, урушқоқ, алдоқчи, айб қидирувчи, лаганбардор ёки бахил эмас эдилар. Ёқтирмаган нарсаларига эътибор бермас, ўзларини кутганлар, ошиққанларни хафа қилмас ва уларнинг сўровларига ҳар доим «лаббай» деб жавоб берар эдилар.
У Зот уч нарсадан жуда ҳам сақланар эдилар: ёмон муомала, сергаплик ва бефойда нарсалар ва яна уч нарса хусусида жуда қатъий эдилар: бировни ёмонламас, айбламас ва ҳеч кимнинг айби ва яширин томонларига қизиқиб юрмас эдилар. Фақатгина фойдали бўлишини умид қилган мавзуларида гаплашар эдилар. Расулимиз гапирганларида мажлисдаги тингловчилар гўё бошларига қуш қўнгандек қимирламасдан ўтириб қулоқ солишар эди. У Зот сўзларини тугатгандан сўнг гапирмоқчи бўлган киши сўз олар эди. Саҳобалар у Зотнинг ҳузурларида суҳбатлашишганида асло хунук гаплар, номақбул гаплар гаплашмас эдилар. Агар ичларидан бирор киши Расулуллоҳнинг ҳузурларида гапирса, унинг гапини тугатгунига қадар диққат билан тинглар эдилар.
Пайғамбаримиз ҳузурида уларнинг барча гап-сўзлари илк маротаба айтилаётган гапдек эътиборли эди. Саҳобаларининг севинчларига шерик, уларнинг ҳайратларига ўзларининг ҳайратларини ҳам ифода қилиб қўяр эдилар. Ҳузурларига келган ғарибларнинг алғов-далғов гапларига, ноўрин саволларига сабр қилар эдилар. Саҳобалар эса ўшаларнинг келиб савол беришларига жуда ошиқар эдилар. (Чунки баъзи саволларни беришдан ҳаё қилишар эди) Пайғамбаримиз асҳобларига «Учратган эҳтиёжманд кишингизга ёрдам беринг» деб тайинлар эдилар. Пайғамбаримиз яхшиликка мос, чегарадан чиқмайдиган мадҳлардангина қайтармас эдилар.
Бирор кишининг гапи ҳаддан ошиб кетмагунича гапини бўлмас эдилар. Қачонки ҳузурларида ҳаддидан ошадиган шаклда гап бўладиган бўлса, шу пайтни ўзидаёқ мутакаллимни тўхтатар ёки мажлисдан чиқиб кетиб бунга тўсиқ бўлар эдилар».
Турк тилидан Абдуллоҳ Раҳимбоев таржимаси
давоми бор...