Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.
Алҳамдулиллаҳи роббил аъламин. Вассолату вассаламу аъла хойри холқиҳи Муҳаммад ва аъла алиҳи ва асҳабиҳи ажмаиъин. Ассаламу алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ.
Азизлар, сизларнинг барчангизга маълумки, бизнинг интернетдаги сайтимизда савол-жавоблар бўлими бор. Бу савол-жавобларга кўпчиликдан, мана, ўн йилга яқинлашиб қолди, ҳар куни саволлар келади. Қўлимиздан келганича жавоб бериб келяпмиз. Охирги пайтларда ўша саволларда аҳён-аҳёнда рус тилидаги ёзувлар ҳам келадиган бўлиб қолди. Бу рус тилида келаётган саволлар ўзбек тилини яхши билмайдиган мусулмон шахслардан бўлиб, улар динини кўпроқ тушуниб, ибодат қилмоқчи бўлишади. Биз ҳам уларга қўлимиздан келганича жавоб бериб турибмиз. иккита бир-бирига ўхшаш, ичида эътироз ва танқиди бор савол ўзига тортди. Бундан бир муддат илгари бир одам савол ёзибди. Саволида айтадики: «Сизнинг «Тасаввуф» ҳақидаги китобингизда «истиғоса» қилиш, яъни ёрдам сўрашда бошқа бир кишиларни восита қилиш маъносини «ширк» деб айтибсиз. Буни нимага асосланиб айтдингиз. Катта уламолар бу нарса жоиз деб айтишган-ку» деб имоми Нававийдан, имоми Рамлийдан ва яна бошқа кишилардан ана шу гапга ҳужжат, далилларни келтирибди. Мен бу саволни ўқиб, эътироз билан охиригача танишиб чиққанимдан кейин, дарров тушундимки, ўзимиздан бориб бошқа ерларда санғиб юрган бизларни ва хусусан, менинг мавқеимдаги кишиларни ёмон кўрадиган, имконини топганида бир зарар етказиш пайида юрган нусхалардан бири, шофеъий мазҳабидаги(менимча) кавказлик биродарларидан кимнингдир суҳбатини топганда, ўша ерда менинг «Тасаввуф ҳақида тасаввур» деган китобимда мана шу гап борлигини уларга жуда уқтириб тушунтирган. Улар бу китобни ўзбекча бўлганлиги учун ўқишни билишмайди. Ҳалиги одамнинг гапи билан менга мазкур савол аралаш эътирозномани ёзишган. Мен уларга «ўша китобнинг қаерида сиз айтган гапни ёзибман? деб ёзиб юборган эдим, бир муддатдан кейин «фалон бетида фалон гап» деб жавоб ёзишибди. Китобни очиб қарасам, ҳақиқатдан бу маънода гап бор экан. Яъни «бу масалани ширк деган олимлар ҳам бор деб туриб, орқасидан лекин , деб ҳақиқатни ёзган эканман. Кейин мен у кишига «менинг гапимдаги кейинги жумлаларни ҳам ўқинг» деб айтдим. Сиз битта жумлани узиб олиб, хулоса чиқарманг, орқасида баҳс давом этади, бошқа уламоларнинг гапи ҳам келади, кейин мулоҳаза ҳам чиқади» деган маънода мактуб ёздим. Нима бўлганини билмадим-у, мактуб ёзилгандан кейин бу одам жим бўлди.
Энди яқинда яна шу маънода хат келди. Хатда айтиляптики: «сиз «Тасаввуфга тасаввур» деган китобингизда мана шу масалани бундоқ дебсиз, буни қандай айтдингиз? Ҳанафий уламолардан имоми Кавсарий, ибни Абидин фалончи фистончилар бу иш бўлади, жоиз деганлар, шофеъийлардан имоми Рамлий ва бошқалар бу деб» улардан иқтибослар келтириб узоқ хат ёзган. Кейин мен яна тушундимки, бу ўша аввалги фитна қилиб юрган шахс. «Яна бошқаларга ҳам бориб, бу нарсани васвасасини қилаётган бўлса, яна бирор одам гапига кирган ва менга шу маънода хат ёзибди» деб ўйлаб, мен ҳам жавоб ёздим. Жавобда айтдимки: Сиз бир жумлани ўқиб, ўша жумла ҳақида мен ва менинг китобим ҳақида ҳукм чиқарганингиз яхши эмас. Сиз ўзбекчани билмайсиз, бунинг устига китобни ҳам номини «Тасаввуфга тасаввур» деб нотўғри ёзганингиздан билдимки, ўзбекчани яхшигина билмас экансиз. Ўша сиз номини нотўғри ёзган «Тасаввуф ҳақида тасаввур» деган китобда мен, бу масалани аввал фалон сўзни келтириб, сиз келтираётган сўзни баҳсдан кейин давом эттиргандим. Сиз уни яхшилаб ўрганиб чиқинг! Аслида мен бу китобни тасаввуфга ҳужум қилганларга раддия сифатида, тасаввуфнинг ҳақиқатини баён қилиш учун ёзгандим. Сиз бўлсангиз, бунақа гапларни айтиб ёзяпсиз. Мени энг қаттиқ ёмон кўрган душманларим ҳам, ҳозиргача бу гапни айтишмаган. Чунки улар ўзбекчани билишади, ўқишади, ўқиб билганидан кейин, бу гапни айтишни ўзларига эп кўрмайди, деб ёздим.
Тезда бу ёзувга жавоб келди:«Мен сизнинг маслаҳатингиз билан айтган мавзуни яхшилаб ўргандим, мен жоҳил эканман, қаттиқ афсус қилдим( деб ўзини бир ҳайвонга ҳам ўхшатган бечора) . Мен қўйга ўхшаб иш қилиб юборибман, нотўғри иш қилибман. Аллоҳга тавба қиламан, кечирасиз, мен иложини топиб ўша ёзганларингиздан яхшилаб ўрганишга муяссар бўлдим. Сиз ҳақиқатдан тасаввуфни тўғри ёзган экансиз, мен сиздан минг марта узр сўрайман, мени кечиринг, ҳаққимга дуо қилинг. Бундан кейин бунақа ишлар бўлмайди. Мен, очиғини айтсам, сизга дўст бўлмаган одамнинг иғвоси билан бу ишни қилгандим» деяпти. Одобли одам экан, «сизнинг душманингиз» демаяпти, «сизга дўст бўлмаган одамни» деб ёзяпти.
Кейин мен ҳам: «Аллоҳ хайрингизни берсин, саломат бўлинг, сиз ҳақиқий мусулмон экансиз, сизга Аллоҳ таоло соғлик-саломатлик берсин, доим тинч бўлайлик. Сизни адаштирган, бу иғволарни қилган оғайнимизга ҳам Аллоҳ инсоф берсин, бунақа иғволарини ташлаб Ислом ва мусулмонлар учун фойдалироқ иш қилишга ўтсин» деган маънода жавобни ёздим ва у кишининг ҳақларига дуо қилдим. Бизни мана шундай мактублар ўйлантиради. Қайси бир мўминман, мусулмонман деб юрган инсон тилни тушунмайдиган илмли одамларнинг олдига бориб, ўзи ёмон кўрган одам тўғрисида маълумот бериш билан бирга, «Китобида фалон хато бор, бундоқ деган», деб йўқ нарсани тўқиб, бир жумланинг ўзини кўрсатиб, орқасида нима гап борлигини айтмасдан иғво қилиши мумкин. Бу мусулмончилик одобининг қайси рисоласига ва қайси бандига тўғри келади? Наҳотки, мана шундай ишларни қилишга одамларимиз қўл урадиган бўлсалар.
Майли, бировга биров ёқмасдир, бировни биров ёмон кўрар, яна қандайдир ораларида келишмовчиликлар бўлиши мумкин, лекин бу даражага бормаслик керак-ку! Бўҳтон қилмаслик керак-ку! Бошқа беайб одамларни адаштириб, уларни кейинчалик афсусланиб юрадиган ҳолатга тушириб қўймаслик керак-ку! Ўзи ихтилофнинг нима кераги бор? Бундай ишларни қилишнинг мўминларга нима фойдаси бор? Ким бундан манфаат олади? Ким бундан савоб олади? Мана шу тарафларни ўйлашимиз, фикрлашимиз, инсоф қилишимиз керак ва Аллоҳдан қўрқишимиз керак! Минг афсус бўлсинки, баъзи бирларимиз ана шу ҳолатни унутиб қўйиб, ўзимизга қарши бўлган шахсни нима қилиб бўлса ҳам, қоралаш, умуман, бу одамдан хабари йўқ бегона ўлкаларда ҳам орқасидан иғво қилиб юриш, айтмаган сўзларини айтди деб бўҳтон қилиш – ҳаммаси мусулмончиликка мутлақо тўғри келмайди. Ихтилоф қилибди, келишмовчилиги бор экан, кимнингдир гапи, ўзини тутиши, ёзган нарсаси ёқмас экан, нега энди ўзига келиб айтилмайди бу гап? Нимага агар шунақа ҳолат бўладиган бўлса. ўзи ёзмайди? Бировларга бориб, кимларнидир овора қилиб, уларни ҳам адаштириши керак? Ҳозир чет эллардаги баъзи бир ибодатхона, масжидларда фаоллик кўрсатиб, ўзини билиб ибодатини қилиб юрган одамларнинг ҳам ташвиши – шу!
Мен билан бўлган суҳбатларида баъзилар «кўпчилик бўлиб масжид қурганмиз, масжидни иложи борича хизматини қилиб турамиз, турли тоифа ва мазҳаблардаги одамлар келади, кириб ибодатини қилади, ташаккур айтиб дуо қилиб чиқиб кетади. Биз бундан хурсандмиз. Турли мазҳабдаги, турли тушунчадаги, турли савиядаги одамлар бор. Ҳаммаси масжидга келгандан кейин бошқа нарса билан иши йўқ. Таҳоратини қилади, намозини ўқийди, Қуръон ўқийди, дуо қилади, ташаккур қилиб чиқиб кетади. Лекин ўзимиздан бўлганлар узоқдан келишидан билиниб туради. Қараб туриб «ана келяпти, ҳозир кўрасан» деб бир-биримизга имлаб ўтирамиз. Кириб, намоз тугаши билан сакраб туради-да, имомнинг олдига ўтиб, «фалон нарсани нимага бундоқ қилдингиз, фистон нарсани нимага мундоқ қилдингиз» деб ихтилофни бошлайди. Уларнинг касби тортишув, жанжал чиқариш, одамларни мулзам қилиш ва шунга ўхшаш нохуш ҳолатларни келтириш, холос», дейди. Савол бериши ҳам шу маънода, мана бу одам қорими? Ҳа қори. Қани фалон рақамли сурани фистон рақамли оятини ўқисин-чи? Бунақа гап йўқ, қорилар бунақа қилиб ёдламайди, ўқиёлмаса, ана, бу қори эмас. Мақсади нима, мақсади – қори одамни мулзам қилиш, илмлик одамни ҳижолат қилиш. Бу дард бўлиб, чипқон бўлиб қолган, ўзи билан юради, буни қилмаса туролмайди. Мана шунинг орқасидан уруш-жанжаллар чиқади. Биз ҳам имконини қилолмай уларни икки қўлидан судраб эшикка олиб чиқиб қўйиб, «қайтиб келмайсан масжидимизга» дейишга мажбур бўляпмиз, дейдилар. Бунақа нарсаларни қўйиш керак, ҳар ким ўзини билсин, ибодатини қилсин, ихтилоф қилмасин, жанжал чиқармасин, бировларнинг устидан иғво, бўҳтон, ғийбат қилмасин. Буларнинг ҳаммаси шариатимизда ҳаром қилинган нарсалар. Бировни, ўзи йўқ одамни орқасидан гапириш ғийбат! Ўзи йўқ одамни орқасидан қилмаган ишини гапириш туҳмат! Буларни ҳаммаси катта гуноҳлар! Гуноҳи кабиралар! Гуноҳлардан тийилиш керак! Ўзини ўнглаш керак. Динни яхши ўрганиб, унга амал қилиш, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони розилигини топиш учун ҳаракатда бўлиш керак. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло барчаларимизни Ўзининг солиҳ бандаларидан бўлишни, Расули Акрам алайҳиссолату васалламга содиқ уммат бўлишни насиб қилсин. Турли ихтилофлардан, иғволардан, ғийбат ва туҳматлардан Ўзи асрасин! Доимо яхшиликда юриб, яхшиликда туришимизни, хайр- баракада бардавом бўлишимизни Ўзи таъминлаган бўлсин! Ва ахири даъваунал ҳамдуллилаҳи Роббил аъламин. Ва салоллоҳу аъла хойри холқиҳи Муҳаммад ва аъла алиҳи ва асҳабиҳи ажмаиън.Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф