Ота-онанинг одоби ва боласига яхшилиги
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Валид ибн Нумайр ибн Авсдан ривоят қилинади:

«У отасининг: «Улар: «Солиҳлик Аллоҳдан, одоб оталардан», дейишар эди», деганини эшитган экан». 

Шарҳ: Бу ривоятдан боланинг ким бўлиб етишиши, шубҳасиз, Аллоҳ таолонинг қадари ила бўлса ҳам, унинг одобли бўлишида ота-онанинг ўрни катта экани билиб олинади.

Аллоҳ таолонинг Ўзи ота-онага мана шу ишни юклаган ва уни адо этишни талаб қилган.

Аллоҳ таоло боланинг ким бўлиб етишишига ота-она томонидан бериладиган тарбияни сабаб қилиб қўйган. Бу дунёдаги барча жараёнларни сабабият қонуни асосида кечадиган қилиб қўйган Аллоҳ таоло инсон боласининг одобли бўлиб етишишини тарбияга боғлаб қўйган.

Шунинг учун, ҳар бир ота-она ўзининг ҳар бир фарзандининг тарбияси исломий бўлиши учун қўлидан келган барча чораларни кўриши матлубдир.

 «Солиҳлик Аллоҳдан, одоб оталардан» деган жумлани тўлиқроқ тушуниш учун уни бир оз шарҳ қилишга тўғри келади.

«Солиҳлик» кишидаги ахлоқий сифатлардан биридир. Яъни унинг яратилишидаги асл хилқатида мавжуд сифатлардан. Уламолар: ўша яратилишидаги асл хамиртуруш ўрнида бўлади, уни яхшилик ила давом эттирилса, ҳақиқий сифатга айланиб қолади, деганлар. Ана шунинг учун «солиҳлик Аллоҳдан» дейилмоқда.

 «Адаб» сўзининг асл маъноси «чақириш»дир. Шунинг учун таом тайёрлаб унга одамларни чақирилиши арабларда «маъдабатун» дейилади.

Кейинчалик бу сўз таълим беришга ишлатиладиган бўлди. Биров боласига ўзини қандай тутиш ҳақида таълим берса, «боласига адаб берди» дейиладиган бўлади. Зотан, таълим нафсни одобли, завқли бўлишга ва табиатни гўзал қилишга чақирувчи энг яхши омилдир.

Бировни содир қилган ёмонлиги учун жазолаш ҳам «адабини бериш» дейилади. Чунки бундай жазо уни одоб ҳақиқатига чорлайди.

 Истилоҳда эшитувчи ва ўқувчида кучли таъсир қолдирадиган ва ундаги нарсани қайта қилишга уриниш руҳини қолдирадиган чиройли каломга ҳам «адаб» дейилади. Бизда буни кўплик шаклида «адабиёт» шаклида ишлатиш одат бўлиб қолган.

Адабиёт билан шуғулланувчи шахсни «адиб» дейилиши эса унинг одамларни ўз ижоди ила адабга чақириши, яхшиликка ундаб, ёмонликдан қайтариши туфайлидир.

Бу ҳадисдаги одобдан мақсад, инсоннинг фазилатлардан бир фазилатга эришиш учун қиладиган мақтовга сазовор уринишидир. У – карамли ахлоқларга амал қилиш, бошқача қилиб айтганда, мақталган сўз ва ишларни амалга оширишдир.

Луғат илми олимлари: «адаб» бир малака бўлиб, у эгасини ўзига айб келтирадиган нарсалардан сақлайди, деганлар.

Одоб кейин ўрганиладиган ва ўз-ўзидан бўлмай, уриниш ила амалга ошадиган хислатдир. Шунинг учун ҳам ҳадисда «одоб оталардан» дейилмоқда.

 Нўъмон ибн Баширдан ривоят қилинади:

«Уни отаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кўтариб бориб:

«Ё Расулуллоҳ! Сизни гувоҳ қилиб айтаманки, мен Нўъмонга буни, буни бердим», – деди.

«Ҳамма болаларингга бердингми?» – дедилар.

«Йўқ», – деди.

«Мендан бошқани гувоҳ қил!» – дедилар ва сўнгра: «Уларнинг яхшиликда баробар бўлишлари сени масрур қилмайдими?!» – дедилар.

«Қилади», – деди.

«Ундоқ бўлса, ҳалигидай қилма!» – дедилар».

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда ота-она болаларга нисбатан адолатли бўлиши зарурлиги таъкидланмоқда. Башир розияллоҳу анҳу ўз болаларидан фақат Нўъмонгагина молу мулкидан маълум миқдорни тақсимлабди. Эҳтимол, у кенжа фарзанди бўлгани учун шундай қилгандир? Бу ишни ҳужжатлаштириб қўйишни ҳам ирода қилибди. Ўзидан кейин кенжа фарзандга бошқалари томонидан зулм бўлишининг олдини олмоқчи бўлгандир?

Унинг фикрича, бу ишнинг энг тўғри йўли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни унга гувоҳ қилиш эди. Шунинг учун кичик Нўъмонни кўтариб у Зот алайҳиссаломнинг ҳузурларига олиб келди ва мақсадини айтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг қилган иши нотўғрилигини баён қилдилар ва тўғри йўлни кўрсатдилар.

  Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Ёш болани улуғ кишилар ҳузурига кўтариб олиб бориш мумкинлиги.

2. Улуғ кишиларни молиявий муомалаларга гувоҳ қилиш мумкинлиги.

3. Улуғ ва олим кишилар хатони тўғрилашлари лозимлиги.

4. Нотўғри молиявий муомаларга гувоҳ бўлишдан бош тортиш лозимлиги.

5. Ота-оналар молиявий муомалаларда ҳам болалари орасида адолатли бўлишлари шартлиги.

Отанинг боласига яхшилиги.

 Ибн Умардан ривоят қилинади:

«Аллоҳ уларни оталарига ва болаларига яхшилик қилганлари учунгина аброр(яхшилар) деб номлагандир. Худди ота-онангнинг сенда ҳаққи бўлганидек, болангнинг ҳам сенда ҳаққи бордир».

Шарҳ: Аллоҳ таоло Ўзи севган бандаларидан баъзиларини «аброр» деб номлаган. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу мазкур бандаларни Аллоҳ таоло нима сабабдан бу ном ила номлаганининг сабабини баён қилмоқдалар. Аллоҳ таоло мазкур бандаларини ота-оналарига ва болаларига яхшилик қилганлари учун «аброр»–«яхшилар» деб номлаган экан.

Демак, ота-онасига яхшилик қилиб, бола-чақасига яхшилик қилмаганлар аброр бўла олмас экан. Шунингдек, бола-чақага яхшилик қилиб, ота-онага яхшилик қилмаганлар ҳам аброр бўла олмайдилар.

Ота-онанинг болада қанчалик ҳаққи бўлса, бола-чақанинг ота-онада ҳам шунчалик ҳаққи бор экан. Афсуски, кўпчилигимиз ушбу ҳақиқатни кераклича тушуна олмаймиз. Болаларимизнинг биздаги ҳаққларини унутиб қўямиз. Кўпчилигимиз ҳатто болаларимизнинг биздаги ҳаққлари нимадан иборат эканини ҳам тузукроқ билмаймиз.

 Фарзанд ҳаққлари

Исломда фарзандларнинг ҳуқуқлари риоя қилинган бўлиб, булар уларнинг ота-оналари ёки яқин қариндошлари, яшаётган жамиятларига вазифа қилиб юклатилгандир. Бу ҳаққларни адо этиш вожиб бўлиб, унга амал қилиш мажбурийдир.

Фарзандларнинг қандай ҳуқуқлари бор? Уламоларимиз бу саволга жавоб тарзида, жумладан, қуйидагиларни зикр қиладилар:

  1. Насаб.

Никоҳнинг асл мақсадларидан бири ҳам наслу насабни сақлашдир. Бусиз оила ҳам, жамият ҳам бўлмайди. Ота-онаси никоҳдан ўтган, ҳалол-пок яшагандагина, фарзанднинг насаби аниқ ва пок бўлади.

 2. Бўлажак фарзандга муносиб она ва ота танлаш.

Исломда бола ҳали дунёга келмасдан анча олдин, оила қуришга тайёргарлик кўрилаётган пайтдан бошлабоқ у ҳақида ўйлашга, қайғуришга унга муносиб ота ва она танлашга тарғиб қилинади.

«Талхис» номли китобда Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Сизлар ўз нутфангизга муносиб жуфти ҳалолни ихтиёр қилинглар. Ўзингизга муносибларга никоҳланинг ва уларга никоҳлаб беринг».

Ибн Можа ва Дора Қутний ривоят қилинган.

Оила қурилар экан, ота-онанинг диндорлиги, ахлоқи, одобига, инсонийлигига алоҳида эътибор берилади. Сабаби, улардаги хислат, фазилатлар ҳам, ёмон одатлар ҳам болага кўчиши исбот талаб этилмайдиган ҳақиқатдир.

3. Эмизиш.

Туғилган фарзанд, аввало, эмизишга муҳтож бўлади. Бу эса онасининг вазифасидир. Шаръий узр сабабли она эмиза олмаса, эмизувчи топиш ва уни рози қилиш отанинг иши ҳисобланади.

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида:

«Ким эмизишни батамом қилишни ирода қилса, оналар фарзандларни тўлиқ икки йил эмизурлар», деган (233-оят).

Гўдакнинг ҳаққларидан бири ва оналарнинг энг мўътабар вазифаси фарзандни икки йил эмизишдир. Янги туғилган гўдак жисми ва руҳининг ўсишига онасининг сутидан афзал озуқа йўқ. Боланинг суяги она сути билан шаклланади, шунингдек, унинг бошқа тарафлари, руҳий ривожланишига ҳам она сути зарур озуқа ҳисобланади. Эмизишнинг муддати тўлиқ икки йил бўлиши керак. Бу Қуръоний ҳақиқатни адашган инсоният минг тўрт юз йилдан кейин тушуниб етди. Ҳозирги пайтда илмий текширишлардан сўнг: гўдак бола учун энг яхши озуқа онанинг сутидир ва уни тўлиқ икки йил эмизиш керак, деган гапни айтишмоқда.

Тарихдан маълумки, дунёга довруғ солган аксари буюк алломаларга, фозилу уламоларга болалик пайтида оталари ҳаром касб билан топилган бирор луқма ҳам таом едирмаган, оналари уларни бетаҳорат эмизишмаган.

4. Боланинг ота-онадаги ҳақларидан бири унга муносиб исм танлашларидир.

Ота-онанинг вазифаларидан бири фарзандга маънодор, чиройли исм қўйишдир.

Ҳусайн ибн Ҳасан Марвазий ўзининг «Китобул бирри вас-сила» номли асарида Абул Мўътамирдан келтирган ривоятда:

«Умар ибн Абдулазизнинг ҳузурида масалаларни эслашди. Бас, бир киши:

«Менга етиб келган хабарга қараганда, туғилган болага исм қўймай туриб ўлган бўлса, қиёмат куни отасига, мени исмсиз тарк қилдинг-ку!» дейди»,–деди».

Шунинг учун ҳар бир мусулмон ота-она бу муҳим ишга алоҳида эътибор ила ёндошмоғи лозимдир. Фарзанд катта бўлиб, оқ-қорани таниганда ўз исмидан уяладиган бўлмасин. Балки исми унга зийнат бўлиб турсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: исмларнинг яхшиси бандалик ва ҳамдни билдирувчисидир, деганлар. Шунинг учун Аллоҳ таолога бандалик маъносини англатувчи Абдуллоҳ, Абдурроҳман, Абдуссаттор ва Аллоҳ таолога ҳамд маъносини англатувчи, Ҳамидуллоҳ каби исмлар яхши исмлар ҳисобланади.

Шунингдек, Набийларнинг, саҳобаларнинг ва салафи солиҳларимизнинг исмлари яхши исмлар ҳисобланади.

Қизларга ҳам ўтган аҳли иймон момоларимиз, саҳобия аёллар номларини ва умуман, эзгулик маъносини англатувчи исмларни қўйиш керак.

  5. Ақиқа ҳам боланинг ота-онадаги ҳақларидандир.

«Ақиқа» луғатда «ёриш» маъносини англатиб, аслида, янги туғилган боланинг сочига айтилади.

Шариат таълимотларига мувофиқ, туғилишнинг еттинчи куни боланинг сочини олиб, ўша соч оғирлигида кумуш садақа қилиш тавсия этилади.

Ана ўша соч бошдан ажратиб олингани учун «ақиқа» дейилади.

Ўша муносабат ила сўйиладиган қўй ҳам «ақиқа» дейилади.

Истеъмолда шу маъно кўп ишлатилгани учун, «ақиқа» деганда фақат янги фарзанд туғилиши муносабати ила сўйиладиган қўй англанадиган бўлиб қолган.

Салмон ибн Омир аз-Зоббий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ғулом ила ақиқа бордир. Бас, унинг учун қон чиқаринг ва ундаги нопокликни кетказинг», дедилар».

Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.

Ҳадисдаги бу жумла «янги туғилган боланинг ақиқаси ўзи билан», деб тушунилади. Яъни ҳар бир янги туғилган болага ақиқа лозим, деганидир.

«Бас, унинг учун қон чиқаринг.»

Яъни янги фарзанд туғилгани шарафига жонлиқ сўйинг. Бу муносабат ила қон чиқариш қандай бўлишини келаси ҳадиси шарифлар баён қилади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумога биттадан қўчқор сўйиб ақиқа қилдилар».

Сунан эгалари ривоят қилишган.

  6. Янги туғилган боланинг қулоғига азон ва такбир айтиш.

Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Фотима розияллоҳу анҳонинг туққан боласи Ҳасан ибн Алининг қулоғига азон айтаётганларини кўрдим».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Ушбу ҳадиси шарифга биноан, янги туғилган фарзанднинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига иқома айтмоқ мандубдир. Аллоҳнинг зикри янги туғилган боланинг қулоғига кирган биринчи нарса бўлиши қандай ҳам яхши. Албатта, бу улуғ нарсанинг ўзига яраша баракаси бўлади.

Ривоятлардан бирида:

«Кимнинг боласи туғилса-ю, унинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига иқома айтса, унга Умму Сибён зарар етказа олмас», дейилган.

Умму Сибён болаларга зиён етказадиган жин тоифасидир.

  7. Янги туғилган боланинг танглайини кўтариш.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Менинг ўғлим туғилганида уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бордим. Ул зот уни Иброҳим деб номладилар, хурмо ила танглайини кўтардилар ва унга барака тилаб, дуо қилиб, менга тутқаздилар. У болаларимнинг каттаси эди».

Икки Шайх ривоят қилишган.

Кўпчилик саҳобалар ўзларининг янги туғилган фарзандларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб боришар эди. Ул зот алайҳиссалом ёш болаларни кўрсалар, ўта хурсанд бўлар эдилар. Янги туғилганларга Абу Мусо розияллоҳу анҳунинг ўғлига қилган муносабатни қилар эдилар.

Ана шу ишга тақлид қилиб, янги туғилган фарзандни солиҳ кишилар ҳузурига олиб бориш мусулмонлар ичида доимий одатга айланган.

«Ул зот уни Иброҳим деб номладилар...»

Демак, аҳли фазл, олим ва муқтадо кишилар томонидан янги туғилган фарзандларга исм танланиши ҳам яхши иш. Чунки, ундоқ кишилар бунга ўхшаш ишларга боғлиқ масалаларни, шаръий ҳукмларни яхши биладилар ва тўғри тасарруф қиладилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абу Мусо розияллоҳу анҳунинг ўғилларига Иброҳим номини қўйганлари ҳам бунинг бир мисоли.

«...хурмо ила танглайини кўтардилар...»

Ёш боланинг танглайини кўтариш катта одам бир нарсани олдин ўзи чайнаб туриб боланинг оғзига қўли билан солиб қўйишидир. Бу нарса мева бўлгани афзалдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам деярли доимо болаларнинг танглайини хурмо билан кўтарганлар. Бу ҳам яхши ният аломатидир. Аҳли солиҳ, фазилатли кишиларнинг бу ишни қилишлари марғубдир.

«...ва унга барака тилаб, дуо қилиб, менга тутқаздилар.»

Бу иш энг марғуб ишдир. Аҳли солиҳ, дуогўй кишиларнинг янги туғилган болалар учун дуо қилишлари, айниқса, барака тилаб дуо қилишлари жуда яхши ишдир. Барча ота-оналар бунга катта эътибор бермоқлари керак.

  8. Ҳомийлик.

Бола етти ёшга киргунча бировнинг ҳимоясига муҳтож. Яъни, овқатланиш, кийиниш, ювиниш ва бошқа ҳолатларда доимо катталарнинг ёрдамига муҳтож. Бу ишларни унинг ота-онаси, улар бўлмаса, яқин қариндошлари амалга оширишлари вожибдир.

 9. Валийлик.

Етти ёшдан балоғат ёшига етгунча болалар валийга, ўзидан катта раҳбарга муҳтождирлар. Бу ҳам ота-онага, улар бўлмаса, яқин қариндошларига юклатилади.

 10. Нафақа.

Болаларнинг нафақаси, яъни уларни озиқ-овқат, кийим-кечак, турар жой билан таъмин этиш отанинг бурчидир. Бу нарсалар ҳалол-пок бўлиши шартдир.

Фақир ёш боланинг нафақаси отасига вожиб бўлади.

Бу ҳукмнинг далили қуйидаги ояти каримадир.

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида:

«У(она)ларни яхшилаб едириб, кийинтириш отанинг зиммасидадир», деган (233-оят).

Боланинг сабабидан онага нафақа бериш вожиб бўлганидан кейин боланинг ўзига нафақа бериш вожиб бўлишига ҳеч шубҳа қолмайди.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Ҳинд бинти Утба:

«Ё Расулуллоҳ, Абу Суфён ўта бахил одам, менга ва боламга кифоя қиладиган нарсани бермайди. Фақат, унга билдирмай олсамгина бўлур»,–деди.

«Ўзингга ва болангга етарлисини тўғриликча ол»,–дедилар у зот.

Икки Шайх ривоят қилишган.

Унга бу ишда худди ота-онаси ва хотинининг нафақасидаги каби бирор киши шерик бўлмайди.

Яъни, боланинг нафақаси фақат отага, ота-онанинг нафақаси фақат ўғилга ва хотиннинг нафақаси фақат эрга вожиб бўлади. Унга бу нафақада ҳеч ким шерик бўлмайди.

 11. Болага меҳрибонлик кўрсатиш ҳам ота-онанинг вазифасидир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳузурларида Ақраъ ибн Ҳобис Тамиймий ўтирганда Ҳасан ибн Алини ўптилар. Шунда у:

«Менинг ўнта болам бор. Улардан бирортасини ўпганим йўқ»,–деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга назар солдилар ва:

«Раҳим қилмаганга раҳим қилинмас»,–дедилар».

Бухорий, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўта болажон зот эдилар. У киши болалар ичида набиралари имом Ҳасан ва имом Ҳусайнларни жуда яхши кўрар ва уларга меҳрибонлик кўрсатар эдилар. Ушбу ривоятда у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг имом Ҳасан розияллоҳу анҳуга кўрсатган меҳрлари, саҳобалардан бирларининг бунга бўлган муносабатлари ва бу муносабатнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонлардан баҳоланиши ҳақида сўз кетмоқда.

Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени олиб сонларига ўтқазар эдилар. Ҳасанни эса, бошқа сонларига ўтқазар эдилар. Сўнгра сонларини бир-бирига қўшиб туриб:

«Аллоҳим! Иккисига раҳим қилгин, мен уларга раҳим қилурман»,–дер эдилар».

Бухорий ривоят қилган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди ва:

«Сизлар болаларни ўпасизларми? Биз уларни ўпмаймиз»,–деди.

Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ қалбингдан раҳматни суғуриб олган бўлса мен нима ҳам қила олар эдим»,–дедилар».

Икки Шайх ривоят қилишган.

Қизларга алоҳида ҳурмат ва меҳр билан муносабатда бўлиш ҳақида Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг кўрсатмалари ҳам бор. Сабаби, қизлар меҳрга муҳтож, ўзлари ожиза бўлишади. Шу боис, улар тарбиясида кўпроқ эътибор ва меҳр, эҳтиёткорлик зарур бўлади.

 12. Болалари орасида адолат қилиш ҳам ота-онанинг вазифасидир.

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Отам мени кўтариб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бордилар ва:

«Ё Расулуллоҳ, гувоҳ бўлинг, мен Нўъмонга ўз молимдан буни, буни, бердим»,–деди.

«Ҳамма ўғилларингга шунга ўхшаш бердингми?»–дедилар у зот.

«Йўқ»,–деди.

«Бунга мендан бошқани гувоҳ қил»,–дедилар ва сўнгра:

«Уларнинг барчаси сенга бирдек яхшилик қилиши сени хурсанд қиладими?»–дедилар.

«Ҳа»,–деди.

«Ундоқ бўлса, йўқ!»–дедилар».

Бошқа бир ривоятда:

«Аллоҳга тақво қилинглар ва фарзандларингиз орасида адолатли бўлинглар», дейилган.

Бешовлари ривоят қилишган.

Ушбу ҳадисга биноан, мусулмон инсон молиявий масалаларда фарзандларининг барчасини баробар кўриши керак бўлади. Агар тенг имкониятли фарзандларнинг бирига мол бериб, бошқасига бермаса ёки бирига оз, иккинчисига кўп берса, адолатсизлик бўлади. Болалари орасида ҳиқду ҳасад, фитна кучаяди.

Агар шаръий узр бўлса, ота-она ўз болаларидан бирига кўпроқ, бошқасига озроқ мол берса, бўлади.

Мисол учун, бири бемор, иккинчиси соғ, бири камбағал, иккинчиси бой, бирининг болалари кўп, иккинчисиники оз.

 13. Балоғатга етгандан сўнг уйлантириб, оилали қилиб қўйиш ва бошқалар.

Кўриниб турибдики, оилада фарзандларнинг алоҳида ҳуқуқлари бўлиб, унга амал қилиш шарт этиб қўйилмоқда.

Шу ўринда оила раҳбари зиммасига катта масъулият юклатилишини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчимиз. Маълумки, фарзандларининг, аҳли-аёлининг ахлоқи, хулқ-атвори, юриш-туриши учун оила бошлиғи масъулдир.

 14. Тарбия ҳаққи ҳам фарзандлик ҳаққларидандир.

Аллоҳ таоло «Таҳрим» сурасида:

«Эй, иймон келтирганлар, ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлар ва тошлардан бўлган ўтдан қўрқитинг. Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмайдилар ва нима буюрилса, шуни бажарадилар», деган (6-оят).

Аҳли-аёлини, фарзандларини диндор қилиб тарбиялаш оила бошлиғининг Аллоҳ таолонинг олдидаги бурчи эканига юқоридаги ояти карима ёрқин далилдир. Одамлар орасида «Ўзингни бил, ўзгани қўй», деган номаъқул гап юради. Лекин шариат бўйича, эр хотин учун, ота болалар учун масъулдир. Қиёматда Аллоҳ таолонинг ҳузурида жавоб беради.

Ушбу оят маъносида ҳадиси шарифлар ҳам бор.

Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ёш болани етти ёшида намоз ўқишга буюринг, ўн ёшга етганда ҳам ўқимаса, уринг», деганлар.

Ҳазрати Умар юқорида зикр қилинган ояти карима нозил бўлгандан сўнг:

«Ё Расулуллоҳ! Ўз нафсимизни-ку сақлаймиз, аҳлимизни қандай сақлаймиз?» деб сўраган эканлар.

Шунда Набий алайҳиссалом:

«Аллоҳ сизларни нимадан қайтарган бўлса, уларни ҳам қайтарасизлар. Аллоҳ сизларни нимага буюрса, уларни ҳам буюрасизлар», деб жавоб берган эканлар.

Ҳазрати Али: «Ўзингизга ва аҳлингизга яхшиликни таълим беринглар ва уларни одобли қилинглар», деб айтганлар.

Демак, ҳар биримиз ўғил-қизимизни, оила аъзоларимизнинг барчаларини динга даъват қилишимиз, диний аҳкомларни доимо бажаришларини қатъият билан талаб қилиб, иймон-эътиқоди, одоб-ахлоқи ва бошқа жиҳатлари тарбиясига аҳамият бериб туришимиз керак.

 Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:

1. Аллоҳ таоло ота-онага ва фарзандга бирдек яхшилик қилган бандаларини «аброрлар» деб атагани.

2. Мўмин бандада ота-онасининг ҳаққи бўлганидек, фарзандининг ҳам ҳаққи борлиги.

Мавзуга оид мақолалар
Саломатлик дарсларини бошлаганимизда соғлом турмуш тарзининг бир қатор омиллари тўғрисида тўхталган эдик. давоми...

21:01 / 02.01.2017 4611
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ Муҳтарама опа сингиллар, биз давоми...

08:38 / 09.02.2017 3662
Бугун Тошкент шаҳридаги Шайх Зайниддин Кўкча масжидида Қуръон мусобақаси 2018 танловининг Республика давоми...

21:32 / 07.04.2018 3598
Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам эрталаб бомдоддан сўнг аҳли оилалари билан бироз вақтларини давоми...

17:15 / 25.09.2018 3547