Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аллоҳ таоло: ادْعُوهُمْ لِآبَائِهِمْ هُوَ أَقْسَطُ عِندَ اللَّهِ فَإِن لَّمْ تَعْلَمُوا آبَاءهُمْ فَإِخْوَانُكُمْ فِي الدِّينِ وَمَوَالِيكُمْ
«Уларни ўз оталари номи билан чақиринглар. Ана шу Аллоҳнинг наздида тўғридир. Агар оталарини билмасангиз, улар сизнинг дин қардошларингиз ва дўстларингиздир», деган (Аҳзоб, 5).
Бу оят нозил бўлгунча одамлар бировнинг боласини ўғил қилиб олиб юрганлар. Инсонлар жамиятдаги мавжуд тушунча, урф-одатлар ила иш тутишган. Энди эса оят нозил бўлиб, бу одатни ботил қилди. «Ўз-ўзидан одамларда нима қилиш керак? Аввал асраб олинган фарзанд хусусида нима қиламиз? Олдинги ишларимиз учун ҳам жавоб берамизми?» каби саволлар пайдо бўлади. Ушбу ояти карима ана шу саволларга жавоб бермоқда.
«Уларни ўз оталари номи билан чақиринглар. Ана шу Аллоҳнинг наздида тўғридир».
Яъни асраб олинган фарзандларни асраб олган одамнинг исми билан эмас, ўзининг ҳақиқий отаси исми билан чақиринглар.
Имом Бухорий ва имом Муслим ўз китобларида Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳнинг мавло – дўстлари Зайд ибн Ҳорисани фақат «Зайд ибн Муҳаммад» деб чақирар эдик. Қуръони Каримнинг «Уларни ўз оталари исми билан чақиринглар. Ана шу Аллоҳнинг наздида тўғридир» ояти нозил бўлганидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайдга:
;«Сен Зайд ибн Ҳориса ибн Шарҳабийлсан», дедилар».
«Агар оталарини билмасангиз, улар сизнинг дин қардошларингиз ва дўстларингиздир».
Мабодо асраб олинган боланинг ҳақиқий отаси ким эканлиги маълум бўлмаса, улар сизга Ислом дини бўйича қардош бўладилар. Дин қардошим, деб мурожаат қилинглар. Ёки дўстларинг бўладилар. Эй дўстим, деб мурожаат қилинглар. Аммо зинҳор, ўғлим, фарзандим, деб мурожаат қилманглар.
Демак, ҳар кимни ўз исми ва ўз отасининг исми билан аташ керак.
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, сизлар қиёмат куни исмларингиз ва оталарингизнинг исми ила чақирилурсизлар. Бас, исмларингизни гўзал қилинг», дедилар».
Абу Довуд ривоят қилган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу:
«Албатта, Аллоҳ қиёмат куни ўз бандаларини сатр қилиш учун одамларни оналарининг исми ила чақирур», деди».
Тобароний ривоят қилган.
Шарҳ: Баъзи бир тоифа одамларни айбини беркитиш учун онасининг исми билан чақирилиши ҳам мумкин экан. Шунинг учун оналарнинг исмлари ҳам гўзал бўлиши яхшидир.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Аллоҳ учун исмларингизнинг энг маҳбублари Абдуллоҳ ва Абдурроҳмандир», дедилар».
Муслим, Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган.
Абу Ваҳб ал-Жушаъий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Анбиёларнинг исмлари ила номланинглар.
Аллоҳ учун исмларингизнинг энг маҳбублари Абдуллоҳ ва Абдурроҳмандир. Энг содиқ исмлар Ҳорис ва Ҳаммомдир. Исмларнинг энг қабиҳи Ҳарб ва Муррадир», дедилар».
Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган.
Шарҳ: Ҳорис – касб қилувчи, ҳаммом – аҳамият берувчи бўлиб, ҳарб – уруш, мурра – аччиқ дегани.
Ўтган ҳадиси шарафлардан яхши исмлар уч даражага бўлиниши аён бўлмоқда:
1. Абдуллоҳ, Абдурроҳман ва шунга ўхшаш Аллоҳ таолога бандалик ва ҳамд маъносини англатувчи Абдурроҳим, Абдуссалом, Ҳамидуллоҳ, Азизуллоҳ каби исмлар.
2. Анбиёларнинг исмлари. Муҳаммад, Аҳмад, Иброҳим, Исҳоқ, Юсуф кабилар.
3. Эзгуликни акс эттирувчи ҳамда ўтган азизлардан қолган яхши исмлар. Саҳобаи киромлар, машҳур имомлар ва Ҳорис, Ҳаммом каби исмлар.