Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло инсонни ер юзида Ўзига ўринбосар қилиб яратар экан, унинг жуфтликдан иборат бўлишини ирода қилди ва Ўзининг чексиз ҳикмати ила бу жуфтликни бир жондан пайдо қилди. У Зот бу ҳақиқатни Ўзининг сўнги каломи Қуръони Каримда бир неча ўринда алоҳида таъкидлайди.
Нисо сурасининг биринчи ояти ушбу калималар билан бошланади:
«Эй одамлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини яратиб, икковларидан кўплаб эркагу аёллар таратган Роббингиздан қўрқинглар!»
Зумар сурасида:
«У сизларни бир жондан яратди. Сўнгра ундан жуфтини қилди» (6‑оят).
Инсоннинг бир жондан яратилгани ҳақида келган оятларда аввал эркак яралиб, кейин ундан аёл яралганми ёки аксинчами – очиқ айтилмаган. Аммо бошқа оятларда илк бор эркак – Одам алайҳиссалом яратилгани баён қилинган. Бинобарин, оятларнинг қоришмасидан ва бошқа далиллар асосида муфассирларимиз аввал эркак яратилиб, сўнг ундан аёл – Ҳавво она яратилганини тушуниш лозим, дейдилар.
Ҳа, Аллоҳ инсониятни бир жондан яратди, яратганда ҳам Ўз қўли билан яратди. Инсон қандайдир бошқа жонзотдан бино бўлган махлуқ эмас! У қайсидир ҳайвоннинг ривожланган шакли ҳам эмас! Балки у Буюк Яратувчининг энг буюк санъат асари, махлуқотларининг гултожи. Шунинг учун ҳам у ҲАЗРАТИ ИНСОНДИР!
Чексиз илму ҳикмат соҳиби бўлган Аллоҳ инсонни жуфтликдан иборат қилиб яратар экан, уларни бир жондан пайдо қилишни, бирини иккинчисидан яратишни ирода қилди. Бу буюк неъматни Аллоҳ Ўзининг бир нечта оятларида алоҳида уқтиради ва миннат ҳам қилади.
Аллоҳ таоло Анъом сурасида шундай марҳамат этади:
«У сизларни бир жондан пайдо қилган Зотдир» (98‑оят).
«У сизларни бир жондан яратган ва сокинлик топсин учун жуфтини унинг ўзидан қилган Зотдир» (189‑оят).
Рум сурасида эса шундай дейилади:
«Сокинлик топишингиз учун сизга ўзингиздан жуфтлар яратгани ҳамда ораларингизга меҳр‑муҳаббат ва раҳим‑шафқат солиб қўйгани ҳам Унинг оят-белгиларидандир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган одамлар учун оят-белгилар бордир» (21‑оят).
Демак, Аллоҳнинг инсон зоти учун жуфтни унинг ўзидан яратишидан кўзлаган асосий мақсади – инсоннинг сокинлик топиши, ҳузур-ҳаловат оғушида бўлиши экан.
Инсоннинг жуфти қандайдир бошқа жонзот ё махлуқ эмас, балки айнан инсон бўлишининг ўзи катта бир неъмат. Шунингдек, инсонни уч, тўрт ёки бир неча жинсдан иборат қилиб эмас, айнан икки жинс – эркак ва аёлдан иборат қилиб яратилишининг ўзи яна бир катта мўъжиза. Агар у тасодифан вужудга келиб қолган борлиқ бўлганида, бир неча жинсли бўлиши ҳам мумкин эди. Айнан икки жинсдан иборат қилиб, жуфт қилиб яратилибдими, демак, уни КИМДИР шундай яратган. Энди шу икки жинснинг биридан иккинчисини пайдо қилиниши эса яна бир мўъжиза ва буюк неъматдир. Келинг, биз ҳозир айнан ушбу ҳақиқатни англаш учун бироз фикр юритиб кўрайлик.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло аввал Одамни яратиб, жуфтини унинг ўзидан халқ қилди. Одамни тупроқдан яратган Аллоҳ унинг жуфтини ҳам худди шундай қилиб тупроқдан, алоҳида бир жонзот қилиб яратса бўлмасмиди? Нега шундай қилмади? У бунга қодир эди‑ку? Мазкур оятларда Аллоҳ нега шундай қилмаганини, инсоннинг жуфтини унинг ўзидан пайдо қилганининг ҳикматини бир жумла билан уқтириб қўйган: «…ва сокинлик топсин учун жуфтини унинг ўзидан қилган Зотдир». Ҳа, инсон ўз жуфти бошқа бир жонзот бўлмай, айнан инсон зоти бўлгани, бир жондан вужудга келгани учун мана шу сокинликка мушарраф бўлган. Рум сурасидаги оятда эса бу жуфтликнинг ўртасидаги меҳр‑муҳаббатга ҳам айнан шу яратиш асос эканига ишора қилинади.
Агар инсоннинг жуфти ўзидан яратилган бўлмаганида, улар ўртасидаги биз кўриб турган меҳр‑муҳаббат, раҳим‑шафқат бўлмас эди. Буни англаш учун узоққа бормай, ҳаётдан мисол келтирайлик. Ота‑она билан фарзанд ўртасидаги риштага назар солайлик.
Фарзандингизга бўлган меҳрни бир ўйланг! Сиз ўзингизда унга бўлган меҳрнинг ўрнини босадиган бошқа бирор меҳрни биласизми? Фарзанд бир умр сизга машаққат, юк бўлса ҳам сиз уни, барибир, севасиз. Уни ҳидлаб тўймайсиз, қараб зерикмайсиз. Бутун борлиқдаги барча бойликлар олдингизга қўйилса, сиз беихтиёр фарзандингизни танлайсиз. Фарзандингиз сизни қанча ранжитмасин, уни кечириб юборишга ҳар қачон тайёрсиз. Унинг ёқимсиз қилиқлари ҳам сизга эркалик бўлиб кўринади, дағал гаплари эса мардлик бўлиб туюлади. Унинг оёғига санчилган зирапча бевосита сизнинг юрагингизга қадалади. Фарзандингиз келтирган бир бурда нон сиз учун дунёдаги барча ноз-неъматлардан тотли, шундай эмасми? Шогирдингиздир, қариндош ё жиянингиздир, ҳарчанд ҳаракат қилмасин, барибир, фарзандингизнинг ўрнини боса олмайди, нимадир етишмай тураверади. Хўш, нега шундай? Нима сир бор бу ерда? Гап шундаки, фарзанд сизнинг жигаргўшангиз! У сиздан бинога келган. У сизнинг бир бўлагингиз. Сиз – у, у – сиз.
Қалбингиздаги ота‑онангизга бўлган боғлиқликни ҳеч тасаввур қилганмисиз? Бегоналар ҳар қанча бошингизни силамасин, отангизнинг меҳр билан боқиши, онангизнинг шафқат билан қилган ним табассуми олдида ҳеч нарса бўлмай қолаверади. Отангизнинг пойига, онангизнинг қучоғига бошингизни қўйганингизда қалбингиз қанчалар тўлиб-тошганини илғаганмисиз? Ота‑онангиз сиздан кечиб юборган тақдирда ҳам қалбингизда уларга нисбатан қандайдир меҳр, боғлиқлик тураверади. «Нима қилса ҳам отам-да», «Нима бўлса ҳам онам‑ку», дейсиз. Хўш, нега шундай? Чунки сиз унинг жигаргўшасисиз‑да! Сиз ундан бинога келгансиз. Сиз унинг бир бўлагисиз. У – сиз, сиз – у.
Ақли тўлганда отаси ёки онасини топган болани бир кўз олдингизга келтиринг. Уни отаси ёки онасининг қучоғига ўзини отишидан нима тўса олади? Уни боқиб катта қилган, ундириб‑ўстирган тарбия кунандалари бир ёқда қолиб, беихтиёр ота‑онасининг бағрига талпинади, уларнинг бўйини искаб тўймайди. Унга буни биров ўргатмайди ҳам, балки қалби, бутун борлиғи, шуури уни шунга ундайди, шундагина у таскин топади. Нега шундай? Чунки у ўша ота‑онанинг жигаргўшаси‑да! У ўшалардан бинога келган. У ўшаларнинг бир бўлаги. У – ўшалар, ўшалар – у.
Ҳа, ота‑онанинг фарзандга, фарзандни ота‑онага боғлаб турган бу кўринмас ришта – уларнинг вужудларидаги ўзаро боғлиқлик, алоқадорликдир. Бу ерда бошқа нарса йўқ. Шунинг учун ҳам, Ўзи яратган инсондаги ушбу хусусиятни яхши билган Зот унинг жуфтини бир жондан яратди. Шу боис, бу жуфтликнинг икки бўлаги – эркак ва аёл доимо бир‑бирига талпинади, бир‑бирига меҳр қўяди, бир‑бирига суяниб ҳаёт кечиради, бирга бўлгандагина ҳақиқий ором топади, ҳатто бир‑бирининг машаққатларини ўз инон‑ихтиёрлари билан, ҳеч малолланмай кўтара олади. Дунёдаги барча ноз-неъматни муҳайё қилинг, агар жуфти бўлмаса, эркак ҳам, аёл ҳам, барибир, сокинлик топа олмайди, бахтиёр бўла олмайди. Агар уларнинг ўртасида вужудларидаги ўша азалий алоқадорлик бўлмаганида, мазкурларнинг бирортаси юзага чиқмаган бўлар эди.
Энди аввал эркак яратилиб, ундан аёл яратилишига келсак, аввало, бу Буюк Яратувчининг иродаси, хоҳиши эканини таъкидлаш лозим. Қолаверса, бунда ҳам юқоридагига ўхшаш ҳикматлар беҳад кўп. Модомики, эркак ва аёл бир жондан – бир‑бирларидан яратилар экан, бу қайси биридир олдин яратилишини тақозо қилади. Бу худди «олдин товуқ пайдо бўлганми ёки тухумми?» деган гапга ўхшайди. Қайси бири олдин яратилмасин, уларнинг бардавомлиги, албатта, иккинчисига боғлиқ. Биринчи эркак тупроқдан яратилган бўлса ҳам, ундан кейинги барча эркаклар аёлдан дунёга келади. Аёл бўлмаса инсоният ҳаёти давом этмайди. Аввал эркакнинг яратилиши эса унинг ушбу инсоний жамиятга мутасадди, раҳбар этиб тайинланганини билдиради ва унда аёлга нисбатан ғамхўрлик, меҳр‑шафқат кўпроқ бўлишини таъминлайди. Фарзанднинг ота‑онага меҳри қанчалик кучли бўлмасин, барибир, ота‑онанинг фарзандга бўлган муҳаббатига тенг кела олмайди. Чунки ота‑она фарзанддан эмас, балки фарзанд ота‑онадан дунёга келган. Шунинг учун ҳам одатда аёлнинг эркакка мойиллигидан кўра эркакнинг аёлга интилиши кучли бўлади. Аллоҳ эркакни олдин яратиб, сўнг ундан аёлни яратиш билан эркакни аёлга кўпроқ эҳтиёж сезишини таъминлаб қўйган. Бу ўз навбатида заиф тарафнинг ҳимояда, шафқат қаноти остида бўлишини ҳам таъминлайди.
Аллоҳ таоло эркакни тупроқдан яратди, шунинг учун у ҳамиша ерни обод қилишга интилади: экин экади, боғ‑роғ қилади, уй‑жой қуради ва ҳоказо. Аёлни эса ўз жуфтидан яратди, токи у эрига ўшандай меҳр бериб, уни парваришласин.
Икки жинснинг бир жондан яратилганини эслатишда уларнинг бир‑бири билан аҳил, иноқ, ўзаро меҳр‑муҳаббатли, иззат‑икромли бўлишига чақириқ ҳам бор. Аёлнинг эркакдан яратилганини айтиш билан гўё уларга шундай хитоб қилинмоқда: Эй эркак! Аёлга раҳим‑шафқатли, меҳрли бўл, чунки у сенинг бир бўлагинг. Уни ҳамиша ҳимоя қил, асраб‑авайла, чунки у сенинг жисмингдандир! Эй аёл! Эрингга итоат қил, уни иззат‑икром эт, чунки сен ундан яралгансан! Унга муҳаббатли бўл, уни асрагинки, бу ўзингни севишинг ва асрашинг бўлади, чунки сен унинг бир бўлагисан!
Хулоса қилиб айтганда, аёлнинг эркакдан яралиши айримлар ўзича тахмин қилгандек, аёл зотига таҳқир, камситиш эмас, балки айни ҳақиқат, шон‑шараф ва чексиз ҳикматдир. Бу инсон зотининг ўз жуфти билан бахтиёр, тинч-тотув, осуда ҳаёт кечиришини таъминловчи илоҳий тадбирнинг асос нуқтасидир, инсон жуфтлигини бир‑бирига мустаҳкам боғлаб турадиган риштанинг марказий тугунидир, уларнинг бир‑бирига талпиниб, суяниб, бир‑биридан паноҳ олиб яшашларини таъминлаган муҳим омилдир.
Аллоҳ таоло Одамни тупроқдан, Ҳаввони Одамдан яратиш билан Ўз қудратини яна бир бор намойиш этган: Унинг қудрати чексиз, истаса жонсиз нарсадан жонзот яратади. Истаса, ҳар бир инсонни ота‑онасиз ҳам яратишга қодир. Хоҳласа, Одамдан Ҳаввони яратганидек, инсонни онасиз ҳам вужудга келтириши мумкин. Агар хоҳласа, инсон наслини отасиз ҳам бардавом этиши ҳеч гап эмас, худди Марямдан Ийсони дунёга келтирганидек (алайҳимассалом). Бироқ, У Зот Ўзининг азалий ва чексиз ҳикмати билан инсон зотини ота‑онадан бинога келишини тақдир қилган.
Шу ўринда бир қизиқ саволга ҳам тўхталсак. Одам нега бу номни олган? Ҳавво нега шундай аталган? Луғатшунос олимларнинг таъкидлашича, «Одам» сўзи сомий тилга, яъни араб ва унга қардош тилларнинг асоси бўлган ўзак тилга мансуб сўз бўлиб, «ернинг қобиғи», «қорамтир», «буғдой ранг» деган маъноларни англатади. Одам алайҳиссалом қора тупроқдан, ернинг қобиғидан яратилгани учун шундай номланган. Умуман олганда, унинг исми ер билан, тупроқ билан боғлиқ. «Ҳавво» эса «ҳаёт», «қизғиш‑қора», «бағрига олувчи» деган маъноларни билдиради. Ушбу сўзнинг келиб чиқиши, ўзаги хусусидаги қарашнинг турлилига кўра унинг маъноси турлича берилади:
Демак, инсониятнинг онаси – биринчи аёлнинг исми ҳам рамзий равишда, аёл зотининг дунёдаги асосий вазифасига кўра белгиланган экан. Унинг исмидаёқ аёлнинг ўз жуфти учун ором манбаи бўлиши ифода топган экан.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бу ерда билдирилган фикр‑мулоҳазалар, талқинлар бир ожиз банданинг ожизона ўрганган, билган ва ўйлаган нарсалари, холос. Аёлнинг эркакдан яратилишида яна бошқа ҳикмат ва мақсадлар кўп, албатта. Бироқ, бу ҳақдаги тугал илм Буюк Яратувчимиз Аллоҳ таолонинг Ўзигагина хос. Биз бандалар уммондан ўз ҳовучимизга яраша сув олиб, чанқоғимизни қондиришга ҳаракат қилдик, холос. Аллоҳ таолодан ушбу ўрганган ва билганларимиздан яхши фойда олишимизни насиб этишини сўраймиз!
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
08.03.15