Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Қачонлардир ер юзида бадбўйлиги, хавфли ва даҳшати билан машҳур бўлган бир ботқоқлик бор эди. Унда жуда кўп жониворлар, ўт-ўлан, янтоқ ва тиканаклар ўсар, балчиқ уларни бирма-бир ютиб юборарди. Натижада ботқоқ шунчалар тўлиб-тошиб ҳиди тарқаб кетдики, бундан бутун атроф зарар кўра бошлади. Кунларнинг бирида қаердандир ёқимли, танни яйратадиган шабада эсиб, ботқоқнинг ҳиди бир лаҳзага йўқолгандек бўлди. Аммо бу эпкин қандоқ кутилмаганда келган бўлса, шундай тезлик билан ўтиб кетди. Балчиқ ўсимликлари бундан ўкиндилар, анча вақтгача ўша нурли кун, ёқимли сабоҳ ҳақида гапириб юрдилар. Афсуски, уни қайтаришнинг имкони йўқ эди. Аммо шамол ўзи билан аллақандай гулнинг уруғини учириб келиб, уни балчиқдаги ягона, тангадек покиза тупроққа ташлаган эди. Кўп ўтмай ботқоқда ажиб бир ўсимлик уна бошлади. Танаси ялтироқ, гулбарглари кўзни қамаштирадиган даражада нурли эди. Ниҳолча касаллик ва доғларсиз ўсди. Уни ботқоқ ўсимликлари, қушлар ҳатто тиканак ва қурбақалар ҳам севар, ардоқлашар эди. Унинг қандоқ гул бўлиб очилиши, ҳиди тўғрисида ўзаро шивирлашиб юрар эдилар. Ниҳоят ўша кун келди…
Файзли бир тонгда ғунча катта, қип-қизил бўлиб очилди. Гулбаргига тушган шудринг қуёшда шундоқ товланар эдики, қараганда ақллар шошарди. Йўқ, унинг на суратини ва на ҳидини таърифлашнинг сира имкони йўқ! Гул тезда оғизга тушди, бошқа ботқоқлар вакиллари уни кўриш учун келар, ҳидидан маст, сурати, одоби ва гўзаллигига ошиқ бўлиб, жойларига қайтиб кетар эдилар. Бундан балчиқдан бир қарич ҳам кўтарила олмаган ажриқлар, бўтана сув ва пашшалардан бошқа нарсани билмайдиган қурбақалар, тиканларнинг ҳасади келиб, ғайирлик қилар эди.
Тиканлар мунаввар гулпояга нишини санчар, ажриқлар уни ўраб йиқитишга уринар, қурбақалар ўзларича маломат билан вақиллашарди. Аммо ниҳол мағрур ва тенги йўқ камтарин эди…
Кунлар ўтди. Гул ҳаддан зиёд гўзаллашиб, тенгсиз муаттар бўлди. Ҳидини бир туйган киши унга мухлис бўлар, жонини, бутун мол-давлатини пойига тўшар эди. Унинг атри аста-секин атрофдаги ғаламисларни ҳам элита олди. Улар ўзлари билмаган ҳолда гулнинг қаршисида ожизланиб, сўлиб-сарғайиб, охири йўқолиб кетишди. Балчиқ эса… Воажаб, балчиқ ўрнида қуруқ, унумдор ер пайдо бўлган, атроф тўла гул-чечаклардан иборат эди.
Мана, Гулнинг унганига ўн беш аср бўлибди. Унинг муаттар бўйи, ёрқин хотиралари ҳамон қушлар ва чечакларнинг қалбини яшнатиб, тиканак ва қурбақаларни нолали сайрашларига сабаб бўлмоқда.
Гулим, Сизга Аллоҳ таолонинг салоти, умматингизнинг беҳад саломи бўлсин.
Зебуннисо Қутбиддинхон қизи