Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Тарих китобларида унинг исми битилмаган, лекин унинг қилган иши сақланиб қолган. У бир солиҳа аёл бўлиб, эри билан биргаликда Фиръавн ҳукмронлиги остида ҳаёт кечирарди. Унинг эри Фиръавнга яқин кишилардан бўлиб, ўзи Фиръавннинг қизларига мураббия эди. Аллоҳ уларга иймонни инъом этди. Кўп ўтмай, Фиръавн унинг эри иймон келтирганидан хабар топиб, қатл қилди. Бечора аёл эса Фиръавннинг уйида ишлаб, унинг қизларини парваришлашга мажбур эди, чунки унинг қарамоғида беш нафар фарзанди бўлиб, уларни полапонларини боққан қушдек боқар эди.
Бир куни аёл Фиръавннинг қизининг сочини тараётган эди, қўлидаги тароқ ерга тушиб кетди. Тароқни олиш учун энгашиб, беихтиёр овозини чиқариб, «Бисмиллаҳ» деб юборди. Фиръавннинг қизи: «Аллоҳ дедингми? Отамни айтяпсанми?» деди. Ходима: «Йўқ, Аллоҳ менинг ҳам, сенинг ҳам, отангнинг ҳам Роббидир», деди. Қиз отасидан бошқага ибодат қилинаётганидан таажжубга тушиб, отасини бундан хабардор қилди. Фиръавн ҳам қасрида ўзидан бошқага ибодат қиладиган одам борлигидан ҳайратланди. Ходимани чақиртириб, унга: «Роббинг ким?» деди. У: «Менинг роббим ҳам, сенинг роббинг ҳам Аллоҳдир», деб жавоб берди. Фиръавн дарғазаб бўлиб, уни динидан қайтишга буюрди. Аёл кўнмагач, зиндонга ташлаб, калтаклашга буюрди. Аёл динидан қайтмади. Шунда Фиръавн мис қозонни ёққа тўлдириб, қиздиришни буюрди. Бироздан сўнг қозондаги ёғ қизиб, қайнай бошлади. Аёлни қозоннинг ёнига олиб келишди. У буни кўргач, биргина жони танасидан чиқиб, Роббига йўлиқишини тушуниб етди. Фиръавн аёл учун энг суюкли нарса унинг бешта етим болалари эканини биларди. Азобни янада орттириш учун етимчаларини олиб келтирди. Бечора болаларнинг кўзлари мўлтираб, қаерга олиб кетилаётганларини билишмас эди. Оналарини кўриб, унга талпиниб йиғлай бошлашди. Аёл ўзини улар томон отиб, йиғлаганча уларни ўпа кетди. Энг кичик фарзандини эса бағрига босиб, эмиза бошлади. Бу ҳолни кўрган Фиръавн аскарларига аёлнинг тўнғич фарзандини келтиришни буюрди. Аскарлар уни ушлаб, қайнаб турган ёғ томон судрай бошладилар. Бола онасидан ёрдам сўраб қичқирар, аскарлардан раҳим қилишларини сўрар, Фиръавнга қараб, ялиниб-ёлборарди. Бечора бола уларнинг қўлларидан чиқиб, қочиб кетишга уринар, укаларини ёрдамга чақирар, нозик қўлчалари билан аскарларни урар эди. Онаизор ҳам боласи томон интилар, лекин қўлидан ҳеч нарса келмаслигини кўриб, кўзлари жовдираганча у билан видолашар эди. Бир неча лаҳза ичида болакай ёққа ташланди. Она бу даҳшатга қараганча дод солиб йиғлар, укалари эса қўрқувдан кўзларини қўлчалари билан яшириб олишган эди. Боланинг гўшти қизиб турган ёғда унинг нозиккина жасадидан тезгина ажраб, оппоқ суяклари ёғнинг устига қалқиб чиққач, Фиръавн ходимага юзланиб, ундан Аллоҳга куфр келтиришини талаб қилди. Бироқ аёл бундан бош тортди. Фиръавн баттар ғазабланиб, иккинчи болани ҳам келтиришни буюрди. Иккинчи бола ҳам онанинг йиғлаб ёлборишига қарамай, тортиб олинди ва ҳеч қанча вақт ўтмай ўша қозонга отилди. Бечора она бу боласининг оппоқ суяклари ҳам ёғ устига қалқиб чиқиб, акасининг суякларига аралашиб кетганини кўриб турар, бироқ ҳамон динида собит турар, Аллоҳга бўлган иймони мустаҳкам эди. Бунга чидай олмаган Фиръавн унинг учинчи фарзандини ҳам ёққа ташлашни буюрди. Уни ҳам олиб келиб, қозонга отишди. Мурғак бола ҳам акалари каби ёғ ичида ғойиб бўлди. Бироқ муслима она шунда ҳам динидан қайтмади. Ғазаб туфайли ақлдан озаётган Фиръавн тўртинчи болани ҳам олиб келишни буюрди. Болакай жуда кичкина эди, қўрқувдан онасининг кийимларига маҳкам осилиб олди. Аскарлар келиб, уни ўзларига тортишар, бола эса онасининг оёқлари остига ўзини ташлаб йиғлар, кўз ёшлари онанинг оёқлари узра оқиб тушар эди. Она уни ҳам укаси билан бирга қучоғига олишга интилар, муқаррар айрилиқдан олдин у билан видолашиб, юзларидан ўпиб, тўйиб-тўйиб ҳидлаб олишга уринарди. Ниҳоят, онани боладан куч билан айирдилар… Болакай тинмай йиғлар, чучук тили атрофдагилардан ёрдам сўраб ялинарди. Бироқ бераҳим аскарлар бунга парво қилишмасди. Кўз юмиб очгунча, у ҳам қайноқ ёққа ғарқ бўлиб кетди. Жасад қозонда ғойиб бўлди, боланинг овози узилди, онаизор фарзандларининг гўштидан келаётган жизғанак ҳидни туйди. Қозон устида боланинг майда, оппоқ суякчалари ёғ билан бирга қайнай бошлади. Она болаларининг суякларига қараганча қонли кўз ёши тўкар, жигаргўшаларининг айрилиқ доғидан жони узилай дерди. Қандай қилиб онанинг жони узилмасин? Ахир жигаргўшасини бағрига босиб, эмизиб, катта қилди, тунларни бирга бедор ўтказди, йиғласа йиғлаб, кулса кулди. Кечагина мана шу болажонлар унинг қучоғида ухлар, онасига эркаланиб, унинг узун сочларини ўйнаб ётишар эди…
Қалби иймонга тўлган, метин иродали она мана шу даҳшатли қийноқни ҳам енгиб, динида маҳкам тураверди, Роббига куфр келтирмади. Аёлнинг мислсиз сабрини кўрган ёвуз Фиръавн бешикдаги гўдакни ҳам онанинг қўлидан тортиб олди. Чақалоқ ҳали онасини эмиб улгурмаган эди, уни онанинг қучоғидан юлиб олишгач, чинқира бошлади. Ноилож қолган бечора она ҳам хўрлиги келиб, дод солиб йиғлаб юборди…
Шу он буюк мўжиза юз берди! Аллоҳ таоло хўрланган, ночор аҳволда қолган мазлумага гўзал башорат ато этди – ҳозиргина бешикда ётган, ҳали эмизикли гўдакни гапиртирди. Мурғак бола онасига: «Онажон! Сабр қилинг! Албатта, сиз ҳақ йўлдасиз», деди. Ҳайратдан саросимага тушган аскарлар уни ҳам шоша-пиша қозонга отишди, бир зумдан сўнг боланинг овози ҳам узилди. У ҳам акалари каби қозон ичида кўринмай кетди. Қозонга отилган пайтида оғзида онасининг сути, қўлчаларида онасининг соч толалари, кийимчасида эса унинг кўз ёш томчилари қолиб кетган эди…
Бир неча дақиқа ичида бешта фарзандидан ажралиб қолган онаизорнинг кўз ўнгида уларнинг суяклари жизғинак бўлиб қолган гўштларига қўшилиб, ёғда қовурилиб ётарди. Нақадар даҳшат?!!! Бу қандай суяклар? Болаларининг, кечагина уйини қувончу шодликка тўлдириб турган жигаргўшаларининг, кўз қорачиқларининг суяклари... Онанинг юраги жойидан отилиб чиққудек бўларди.
Тўғри, она ўз жигаргўшаларини бундай даҳшатли азобдан қутқариб қолиши мумкин эди. Бунинг учун Фиръавн талаб қилаётган биргина куфр калимасини айтса, кифоя эди. Лекин мўмина аёл бундай қилмади, чунки Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги ажру мукофот бу дунёнинг барча неъматларидан афзал ва боқий эканига иймони комил эди.
Даҳшатли азоб эридан, фарзандларидан айрилиб, ёлғиз қолган онаизорнинг ўзини ҳам кутиб турарди, Фиръавннинг аскарлари унга худди ваҳший итдек ташланиб, ёниб турган қозон томон судрадилар. Қозонга ташлаш учун кўтаришган эди, аёл болаларининг суякларини кўриб, улар билан бирга кечирган бахтли ҳаётини бир зум эслади ва Фиръавнга юзланиб, «Сендан бир илтимосим бор», деди.
«Қандай илтимос?» қичқирди Фиръавн. Аёл золимнинг башарасига тик қараб, «Суякларимизни бир қабрга дафн қилишингни сўрайман» деди-да, кўзларини чирт юмиб, ўзини қозонга отди. Ёниб турган ёғ нозик жасадни бир зумда куйдириб, суякларини гўштидан ажратиб ташлади. Одам гўшти ва суякларига тўлган қозон тўлиб-тоша бошлади.
Нақадар мустаҳкам бардош! Нақадар ажру мукофот! Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Исро ва Меърож кечаси жаннатда уларга ато этилган неъматлардан бирини кўриб, саҳобаларига сўзлаб бердилар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Исро қилинганимда олдимдан бир хушбўй ҳид таралди. Шунда «Бу қандай ҳид?» дедим. «Бу Фиръавн қизининг ходимаси ва болаларининг ҳиди...», дейилди», дедилар» (Байҳақий «Шуъабул иймон»да ривоят қилган).
Араб тилидан Умму Билол таржимаси