Ҳазратнинг Андижонга сафарлари
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

[gallery ids="6599,6601,6602,6604,6605,6606,6598,6595,6603"]   Бизнинг ичимиздан буюк алломаларни чиқарган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!  Бизларга илм аҳлини эъзозлашни ўргатган ҳабибимиз Расулуллоҳга беадад салавотлар бўлсин!   2014 йил 4 август. Ҳазратимизнинг ота уйларига ташриф буюришлари кутилаётган кун. Пешин намозидан сўнг укалари Муҳаммад Амин ҳожи акамга сим қоқдим. Ҳожи акам гўшакни олдилар-у, индамадилар. Бирдан ҳазратимизнинг бизлар соғинган муборак овозлари эшитилди:  Ким биландир «Бир соат бўлди келганимизга...» деб гаплашаётган эдилар. Сездимки, уйда меҳмонлар бор. Ҳожи акам суҳбатга халақит бермаслик учун ўзлари индамадилар-у, ҳазратимизнинг келганларини менга билдириб қўйдилар.        Муҳаммад Амин ҳожи акам асрдан бир  соат олдин қўнғироқ қилиб, аср намозини бизнинг масжидимизда ўқишларини айтдилар. Ҳазратни кутиб олдик. Бирга аср ўқидик. Хаққимизга чиройли дуолар қилдилар. Уларни кутиб олиш олдидан ҳужрада дастурхон безатмоқчи бўлиб тараддудланиб юрганимни кўрган  домламиз: «Фарходбек, ҳазрат ниҳоятда бетакаллуф ва  камтар одам, кўп уринманг», дедилар-да, у киши билан бирга бўлган бир учрашувларини гапириб бердилар: «Бундан бир неча йиллар муқаддам Тошкентдалигимда поччам бир жойга маросимга олиб бордилар. Борган хонадонимиз ғариброқ эди. Сомон сувоқ уй. Камтарона дастурхон. Ҳаво салқинроқ бўлгани учун уйнинг ичи совуқроқ эди. Мен ҳайрон бўлдим, ҳазрат келсалар, қандай бўларкин… Бир пайт ҳазрат келдилар. Барча билан очиқ чеҳра ила самимий салом-алик қилиб, кўришиб чиқдилар. У ерда йиғилганларнинг ҳаммалари яқин қадрдонлар эканини шунда билдим. Биродарлар кулишиб, дилдан самимий суҳбатлар қуриб ўтиришди. Бу орада ҳазрат хонадон эгасининг шаънига илиқ  гаплар айтиб, йиғилганларнинг юзига табассум ҳам улашдилар. Шом  бўлди. Айвонга чиқдик, қарасам, сажда кўп қилинганидан охори тўкилган эски жойнамоз солинган. Ҳазратни кузатдим, мутлақо ирганмадилар. Аксинча, ўзларини бемалол, самимий тутдилар. Ўшанда бу улуғ зотнинг камбағалларнинг уйида ўзларини эркин ҳис қилиб, уларни ўзларига яқин олишларига, ниҳоятда бетакаллуф зот эканликларига қойил қолгандим». Домламизнинг ҳикояларидан анчагача таъсирланиб юрдим. Ҳақиқатда ҳам,  шоҳона  уйларда ишлатилмай турган, оҳори тўкилмаган қимматбаҳо жойнамоздан мана шу эски сурп жойнамоз минг карра афзал эмасми?!  Ана шу арзимаган матони нима азиз қилди? Улуғ Раббига ибодат эмасми?! У Зот учун қилинган саждалар эмасми?! Жойнамозни янада табаррук қилган нарса улуғларнинг унга теккан пешоналари эмасми?! Намозсиз, Аллоҳнинг зикрисиз данғилллама, шоҳона уйлардан шу сомон сувоқли уй азиз эмасми?!  Ҳа, айнан шундай! Аср намозини ўқиб бўлиб, кутилаётган жойга ҳазратимизни олиб бордим. Хонадон соҳиби – юз ёшга қараб кетаётган ҳожи дада билан ҳазрат эски қадрдонлардек, бир-бирларини бағирларига босиб кўришдилар. Биз, андижонликлар, «Ҳазрат келар эканлар, пояндоз солинглар», дейилса, ўзимиз пояндоз бўладиган даражада қувониб кетардик. Борган хонадонимизда мингга яқин мухлислар тўпланган, ўртага узун гиламдан пояндоз солинган эди. Кейин видеотасвирда кўрдим: гилам устига солинган оқ матони одамлар табаррук қилиб бўлиб-бўлиб олишибди. Ҳа, биз, Андижон халқи,  ҳазратимизни ана шундай севардик.    Ҳазрат «Банданинг икки дунё бахт-саодат омиллари» ҳақида жуда таъсирли мавъиза қилдилар. Ҳамма аъзолар қулоққа айланган, нигоҳлар у зотга қаратилган. Гўё суҳбатни дов-дарахту қушлар ҳам тинглаётгандек эди. Ўшанда ўтирганларнинг қанчаси атрофларини фаришталар қуршаб олганини ҳис қилдилар экан, деб ўйлаб юрдим. Улуғларга қараб ўтиришнинг ўзи ҳам савоб эканлигини бу ўтирганларнинг қанчалари билар экан?  Аллоҳнинг раҳмати устиларидан ёғилиб турганини ҳис қилдилармикан? Ўшанда улуғларнинг қадамлари эвазига хонадонларига, маҳалласига келган файз-баракотни маҳалла аҳли ҳис қилдимикин, деб ўйланиб юрдим. Ҳазратнинг ёшлар хаққига (у ердагиларнинг  аксари ёшлар эди) қилган дуолари эвазига қанчалари бахт топган бўлсалар, бунинг сабаб-моҳияти ҳазратнинг дуоларидандир, деб мушоҳада қилиб кўрдилармикин? Ўша дуолар баракотидан ишларида ривож, яхшилик топган бўлсалар, бу ўша дуолардандир, деб  ўйладилармикин? Ақли бор инсон учун тафаккур қилиш у даражада қийин эмас. Ўйлагандирлар, мулоҳаза қилгандирлар, билгандирлар. Лекин ўшанда у ерда ўтирганларнинг бирортасининг хаёлига ҳам келмаган, аччиқ ҳақиқат бор. Эслаганда дилларни йиғлатадиган, юракни ҳўрсинтириб юборадиган аянчли айрилиқ бор. Ўша учрашув – ҳазратимизни сўнгги бор кўриб туришимиз эди. Бу дуолар ҳазратнинг бизлар учун қилган сўнгги дуолари эди. Бу у зоти муборак билан бир дастурхон атрофида, бир даврада суҳбатларидан охирги бор манфаат олиб турган сўнгги учрашув эди. Бу ҳазрат билан бирга Андижонга кириб келадиган файз-баракотларнинг cўнгиларидан бири эди.  Оҳ, юрак! Йиғламай бўлурми ахир?!  Энди сизларга ушбу мақоланинг ёзилиш тарихи ҳақида сўзлаб берсам. Яқин биродаримнинг дадалари бор: Маҳмудий ҳожи дада.  Болалик пайтларимдан эслайман, қачон уйларига борсам, китоб ўқиб ўтирган бўлардилар. Ёшлик қилибми, ўша пайтларда гап-сўзларига эътибор бермаган эканмиз. Йиллар ўтиб, улғайдик, оқ-қорани ажратдик. Ўн беш йиллар муқаддам «Дебонабой» масжиди олдида ҳар пайшанба куни китоб бозори бўлар эди. Ўша ерда ҳожи дада билан учрашиб қолардик. Мендан қандай китоблар олганимни сўрар ва ўзлари харид қилган китобларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириб берардилар. Кейин билсам, нафақа пулларининг ҳаммасига доим китоб сотиб олар эканлар. Ўша пайтларда Ҳожи даданинг китобга, аҳли илмларга бўлган муҳаббатлари қанчалик баланд эканини сезгандим. Дўстимдан Тошкентга кетаётганимни эшитиб қолсалар, «Менга китоб олиб келсин», деб айтиб юборардилар. Охирги боришимда ҳазратимизнинг «Муфассал намоз китоби» ва «Самарқанднинг сара уламолари» номли китобларини олиб, зиёратларига келдим. Уйларида йўқ эканлар. Вақтим тиғизлиги учун кутиб ўтирмасдан, набираларига бериб, изимга қайтдим. Китобни олиб, ниҳоятда хурсанд бўлибдилар. Бир саволга ҳеч жавоб тополмай юрган эканлар. «Муфассал намоз китоби»дан ўша саволларига жавоб топганлари учун янада ўзларига сиғмай кетибдилар. Мени бир неча марта чақиртирдилар. Боролмадим. Оғайним сим қоқиб: «Дадам қаттиқ тайинладилар, икки минутга бўлса ҳам келиб кетмасангиз бўлмас экан»,  деди. Мен «Китобнинг пулини бермоқчи бўлсалар керак-да, айтиб қўйинг, у қитоблар ҳадя», дедим. Йўқ, яна чақиртирдилар. Ўшанда бормасдан, қанчалар одобсизлик қилганимни, улуғ ёшдаги фариштали, нуроний зотнинг биринчи чорловидаёқ бориб, дуоларини олиб, суҳбатларидан баҳраманд бўлмаганимдан уялиб кетдим. Бир куни бордим. Хурсанд бўлдилар. Икки соатча суҳбат қилдик, лекин кетгим келмасди. Насиҳатлари мисоли шифобахш чашма сувидек тотли эди. Неча йиллар ўтиб кетибди. Ўтириб, суҳбатларини олмаган эканман. Кутубхоналарига кирдик. Бир уй китоб. Аксари диний мавзуда. Шайх ҳазратларининг ҳамма китоблари, «Тафсири Ҳилол»дан тортиб «Ҳадис ва Ҳаёт»нинг ҳамма жузлари бор. Китобларни варақладим, китоб ҳошияларидаги ёзувларга кўзим тушди: «Аллоҳ! Аллоҳ!», «Болаларим, ўқинглар!», «Ёд олинг!», «Дод, Аллоҳ!», «Шу бетини кўп ўқинг!», «Китоб ўқинглар!», «Аллоҳдан қўрқинглар!», «Тақво қилинглар!» Ҳожи дада китобдан таъсирланиб, йиғлаганларида ана шундай ибораларни ёзиб қўйган эдилар. Суҳбатимиз фақат икки дунё саодати, ҳалоллик, умрни ғанимат билиш, аҳли илмларни эъзозлаш ҳақидаги насиҳатлар ила кечди. Ёнларидаги бир нечта дафтарлар, қаламларни кўриб, ҳайратландим. У киши китобларни ўқиш давомида муҳим жойларини ёзиб ҳам борар эканлар. Излаб юрмаслик ва бировларга таълим  учун баъзи дуоларни, мўътабар калималарни  қоғозга ёзиб, чўнтакларига ҳам солиб олганлар. Буни кўриб ниҳоятда таъсирландим. Ўзимни китобхонман, деб юрганимдан уялиб кетдим. Беш юз варақли китобни ўн кунда қайта ўқиб тугатиб, юзга  қараб кетаётган ҳожи дада адашмасдан, «Фалон бетини очинг, шундай ҳадис бор», деяптилар. Ҳайҳот! Насиҳатларини тинглар эканман, беихтиёр домла Ҳиндистоний алайҳи раҳманинг насиҳатларини эсладим. Насиҳатларидан ҳазратнинг муаттар ислари келарди. Суҳбатлари давомида аҳли илмларни эъзозлаш борасида гапириб, амакиси илмли зот бўлгани сабабли хонадонларига кўп-кўп улуғлар келганлигини, уларнинг хизматларини қилиб, дуоларини олганликларини эслаб, Эшон Бобоҳон алайҳи раҳманинг ўғли Зиёуддин Бобохонни Ҳожи дада билан  қиёматли ака-ука қилиб кўйганликлари, Алихонтўра Соғунийнинг дуоларини олиб, назарларига тушганликларини гапирганда, ҳожи дададаги ақл-заковат ва китобга муҳаббат, илм аҳлига эъзоз бежиз эмаслигини тушуниб етдим. Мубин қори дадалар ва бошқа қатор улуғларнинг номларини эслаб ўтдилар. «Бадруддин қори дада алайҳи раҳма ва Сирожидин қорилар бизнинг уйимизда камолга етганлар», дедилар. Бирор маросим қилсалар, шаҳардаги жами қорилар йиғилиб, у кишининг хонадонларида хатмни якунлаб, бағишлаб кетардилар. Ҳожи даданинг бир оғиз таклифларини узрсиз қабул қилишарди. Мана сизга илм аҳлига иззат ва икром! Мана сизга илмга ва китобга бўлган муҳаббат меваси! Ҳожи даданинг олдиларидан чиқар эканман, у киши менга бир китоб бериб, «Ўн кунда қайтарасиз», дедилар. Мен яна келишим учун имкон туғилганидан хурсанд бўлиб, йўлга тушдим. Эй нафсим! Қара, юз билан юзлашиб турган бу нурли сиймо соҳиби  ҳали ҳам илм пайида, ёрдамсиз юришга қийналиб турган бу фариштали инсон саволига жавоб излаб китоб титкиласа, жавоб  тополмаса, аҳли илмларни излаб уйларигача борса. Эй нафсим! Илм олиш учун  ёш ўтди, дема! Кўрдинг-ку, кўзларининг қуввати кетиб, танасидан мадор кетиб ҳам китобга, илмга талпинган инсонни.   Эй кўнгил, бу манзараларни кўриб, ўзингга раҳминг келмайдими? Сен ҳам одамман, деб юрибсанми?! Ҳаёт довонларидан ошиб, манзилга оз қолган сиймога қара! Ибрат ол! Кўзингни оч! Аллоҳнинг дўстларининг ҳар бир ишларида ҳикмат борлигига яна бир бор иқрор бўлдим. Ҳожи дада «Ҳазратни тўйга олиб келинглар, бир кўриб қолай», деб хотиржамлик билмадилар. Ҳайҳот!!! Кўнгиллар қаерда учрашди эканлар?! Ё Раб!!! Бизларни ғафлатда қолганлардан қилмагин!  

Фарҳодбек Жўраев.

 
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло айтади «Либосларингизни пок тутинг» Муддассир сураси, 4. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят давоми...

09:40 / 29.11.2016 3814
Бугун 18 апрель 2019 йил санасида Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратлари Ҳилолнашр нашриётига ҳам ўз давоми...

21:24 / 18.04.2019 2001
Бир нарсанинг мавжудлик ва йўқликдан, мавжудлик эса содир бўлишлик ёки азалийликдан холи бўлмаслиги, икки давоми...

06:53 / 15.12.2016 3695
Ҳусайн тоға шаҳардан қишлоққа хурсанд бўлиб қайтаётган эди. Чунки у бозорга ўзи билан олиб борган ҳамма давоми...

10:24 / 24.01.2017 5676