Дадаларга ўрнак…
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир ёшга тўлганимда дадам бу оламдан риҳлат қилганлар. Мен вояга етгунимча «етим» ҳисобланишим керак бўлади . Сабаби «етим» деб, отаси ўлган, вояга етмаган болага айтиларкан. Ҳатто онаси вафот этса ҳам, етим ҳисобланмас экан. Умримнинг йигирма олти йили ўтибди, лекин мен ўзимни бирор марта ҳам «етим»дай ҳис қилмаганман, ҳатто ўйламаганман. Албатта, онажонимнинг меҳридарёликларию, бувижон-буважонларимнинг қайғуришларини эътироф этишим лозим.

Лекин буларнинг ҳеч бири менга иккинчи дадам берган нарсани бера олмаган. Дадам билан доим фахрланганман. Дадамнинг менга бўлган қайғуришлари, мени яхши кўришлари, менга берган меҳрлари ўзимни «етимман» дейишимга йўл қўймаган. Кичкиналигимда дугоналаримнинг дадаларидан нолиганлари эсимда, дадаларидан калтак еган, уйдан қочиб кетган дугоналарим эсимда... Мен ўзимни доим энг бахтли қиз ҳисоблашим эсимда… Дадамнинг, ўзининг асл ўғли (укам)дан ҳам мени кўпроқ яхши кўради, деб билишим эсимда…Сочимнинг нимжонлигидан қайғуриб, хина олиб келиб, онамга ҳам ишонмай, ўзлари бўяб қўйишлари эсимда… Мактабдан, лицейдан мақтов ёрлиқлари, ота-онаси учун бериладиган раҳматномалар олиб келсам, суюниб пешонамдан ўпиб қўйишлари эсимда… Бир гал лицейда ўқитувчим эътиборсизлик қилиб, раҳматномамга гувоҳномамда ёзилган (асл)дадамнинг исмларини ёзиб берган. Уни уйга олиб келмаганман, аксинча ўша раҳматномани беришгани учун йиғлаганман. Ҳеч ким менга «дадаси ўзиники эмас», «дадаси йўқ» демаган. Чунки дадам уларнинг «ҳақиқий» дадаларидан афзаллигини ҳамма биларди. Ҳозир ҳам онамдан кўра дадамни кўпроқ яхши кўраман. Аллоҳ бир қизга яхши дада бериши мумкин бўлса, ўша менман… Менга биринчи марта Аллоҳни танитган ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам ҳақларида ўргатган ҳам, биринчи марта намозни ўргатган ҳам, Қуръон ўқишга қизиқтирган ҳам, уни ўқишимда кўмаклашган ҳам дадам бўладилар. Улғайиб диний билимлардан хабар топганимдан кейин тушуниб етдимки, дадам менга суннатга мувофиқ тарбия берган эканлар, уни оқлаш эса ўзимда қолибди, холос…

Аллоҳим, дадамни ўз қизини чиройли тарбия қилганлар, етимларни бошини силаган, уни қарамоғига олганлар қаторида қилгин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам айтганларидек, у Зот алайҳиссалом билан кўрсаткич ва ўрта бармоқлар яқинлигидек яқин қилгин. Фарзандига бир марта кулиб қараган ҳам ибодат дегансан, бир марта эмас, йигирма йилдан бери меҳр билан менга қарайдилар, Ўзинг билган ададда ажру ҳасанотлар бергин. Дадамнинг қалбларига менга бўлган меҳрни, менинг қалбимга дадамга бўлган меҳрни солган буюк Зотга ҳамдлар бўлсин!

Умму Муҳаммад Амин

Мавзуга оид мақолалар
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим Бинту Содиқ канали рабиъул аввал ойи муносабати билан ҳар йилги анъанага давоми...

12:28 / 27.10.2019 2354
Бирор нарсанинг мазасини татиб кўриш ёки чайнаш макруҳдир. Фақатгина, ёш болага овқат чайнаб бериш, зарурат давоми...

15:05 / 18.11.2016 4388
Савол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ким энагалик қилган           Жавоб Расулуллоҳ давоми...

12:29 / 27.11.2017 3074
Кашфиёт «Ислам и наука» сайтидан Гўзал таржимаси РЎЗА  ИММУН ТИЗИМИНИ ТИКЛАЙДИ  Абу Зарр розияллоҳу давоми...

11:27 / 20.03.2017 22592